Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимиз кимё саноатидаги йирик қувватлардан бири – Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи фойдаланишга топширилганидан сўнг Ўзбекистон дунёдаги азот, фосфор ва калий ишлаб чиқарувчи 11 давлат қаторидан жой олди. Бу алоҳида эътироф этишга, мақтанишга арзигулик кўрсаткич, шундай эмасми?! Янада эътиборлиси, ўтган ўн йилда ушбу корхона барқарор ўсиш суръати билан нафақат «қаддини тиклаб» олди, балки импорт ўрнини босувчи, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини кўпайтиришда ҳам жаҳондаги мана-ман деган турдош компанияларга намуна бўлмоқда.
Рақамларга аҳамият берайлик. Мазкур завод ўтган ўн йиллик фаолияти давомида 30 дан ортиқ хорижий мамлакатга 300 миллион долларлик калий ўғитини экспорт қилган. 2010 йил август ойида ўз фаолиятини бошлаган завод айни кунга қадар 1,5 миллион тоннадан ортиқ калий хлорид сотган. Экспорт ҳажмининг 50 фоизи Жануби-Шарқий Осиё мамлакатларига тўғри келади.
Айтгандай, яқинда, яъни 2020 йилнинг июнь ойида Индонезияда бўлиб ўтган тендерда Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи ушбу мамлакатга 70,0 минг тонна калийли ўғитларни экспорт қилиш бўйича ғолиб бўлди. Бугунги кунда маҳсулотни юклаш ишлари бошланган.
Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган калий хлоридга хорижда талаб кўпаймоқда ва, табиийки, заводнинг экспорт географияси ҳам кенгаймоқда. Шу йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб маҳсулотлар Европа мамлакатлари – Украина, Латвия, Литва, Грузия, шунингдек, Япония бозорига чиқарилмоқда.
ЗАВОД ТАРИХИ ҲАҚИДА ҚИСҚАЧА
«Деҳқонобод калий заводи» акциядорлик жамияти Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2007 йил 17 декабрдаги «Тепақўтон калийли тузлар кони негизида Деҳқонобод калийли ўғитлар заводини қуриш» тўғрисидаги қарорига асосан қуриб битказилди.
Заводнинг қайта ишлаш мажмуасини бунёд этишда Хитойнинг «СИТИК» ва тоғ-кон мажмуасини қуришда эса Россиянинг «ЗУМК-ИНЖИНИРИНГ» компаниялари билан ҳамкорликда иш олиб борилди.
«Деҳқонобод калий заводи» АЖнинг 1-босқич қурилиши лойиҳа қиймати 126,4 млн. АҚШ доллари бўлиб (ташқи инфратузилмалардан ташқари), шундан 61,74 млн. АҚШ доллари «Тикланиш ва тараққиёт» жамғармаси, 41,7 млн АҚШ доллари Хитойнинг «Эксимбанк»и ҳамда 22,96 млн. АҚШ доллари «Кимё саноати корхоналарини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш» жамғармаси ҳиссасига тўғри келади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 6 июлдаги заводни фойдаланишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясини тузиш тўғрисидаги 432-Ф-сонли ва 2011 йил 27 октябрдаги «Давлат комиссияси актини тасдиқлаш ҳақида»ги 684-Ф-сонли фармойишларига асосан «Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи» унитар корхонаси мақомини олиб, 1 минг 321 та янги иш ўрни билан расман фаолиятини бошлади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2011 йил 17 ноябрдаги қарорига асосан «Деҳқонобод калий заводи» АЖда ишлаб чиқариш қуввати йиллик 400 000 тонна, лойиҳа қиймати 116,3 млн. АҚШ доллар бўлган 2-босқич қайта ишлаш мажмуаси Хитойнинг «СИТИК» компанияси томонидан қурилиб, 2015 йилда фойдаланишга топширилди.
Шунингдек, 2-босқич тоғ-кон мажмуасини кенгайтириш, «Осмаюкли канат йўли» ва ВЛ-110 кВ юқори кучланишли ташқи электр таъминоти объектларини қуриш бўйича умумий қиймати 122,3 млн. АҚШ доллари бўлган 3 та йирик объектни бунёд этиш ишлари давом эттирилмоқда.
«Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи» унитар корхонаси «Ўзкимёсаноат» АЖнинг 2018 йил 1 мартдаги қарорига асосан мулкчилик шакли ўзгариб, «Деҳқонобод калий заводи» масъулияти чекланган жамиятига айлантирилди ҳамда ягона таъсисчисининг қарорига асосан 2019 йил март ойидан акциядорлик жамиятига ўзгартирилди.
Корхона тоғ-кон ва қайта ишлаш мажмуаларидан иборат бўлиб, тоғ-кон мажмуасидан 2,1 млн. тонна руда қазиб олинади ва қайта ишлаш мажмуасида бойитилиб, 600,0 минг тонна тайёр калий хлорид ишлаб чиқарилади.
ТОҒ-КОН МАЖМУАСИ
«Деҳқонобод калий заводи» АЖнинг тоғ-кон мажмуаси қурилиши 2008 йилда Тепақўтон калийли тузлар конини очиш ва тайёрлаш ишларидан бошланган ва дастлаб асосий пудратчи ташкилот – «ЗУМК-Инжиниринг» МЧЖ томонидан 1- ва 2- қия стволлар очилиб, руда қазиб чиқариш ишлари учун панеллар тайёрланган.
Шу тариқа Тепақўтон конида панелли қазиб олиш тизими йўлга қўйилган. 2010 йил апрель-май ойларидан сильвинит рудасини қазиб чиқариш амалга ошириб келинмоқда.
Ҳозирги кунда калий минерал ўғитининг муҳим хомашёси ҳисобланган сильвинит рудаси ишлаб чиқариш мажмуасидан 42 км узоқликдаги Тепақўтон калийли тузлар кони негизида шахта усулида қазиб олинмоқда. Таъкидлаб ўтиш жоизки, у тоғ-кон мажмуасида сильвинит рудасини қазиб олиш бўйича Марказий Осиёдаги энг тез ишга туширилган шахта ҳисобланади.
Асосий ишлаб чиқариш тажриба панелида юқори унумдорликка эга бўлган «Урал-20Р» ва «Урал-10Р» типдаги лаҳм ўтиш комбайнлари ёрдамида бажарилади. Қазилган рудаларни ер юзасига чиқаришда КЛ-1000 ва КЛК-1000 типдаги лентали конвейерлардан фойдаланилади.
2011 йилда тажриба панелида руда қазиш ишлари олиб борилиб, тўлиқ қувват билан ишлаш имкониятига эришилган. Жумладан, 1-босқич бўйича тўлиқ қувват режаси йилига 700 минг тонна қилиб белгиланган бўлиб, амалда 742,5 минг тонна сильвинит рудаси қазиб чиқарилган. Тепақўтон конини очиш ва тайёрлаш ишларида техник туз ва сильвинит рудаси қазиб чиқариш кўзда тутилган (1-жадвал).