Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Қизилқум бағридаги мўъжизавий шаҳар – Учқудуқда сўнгги йилларда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий инфратузилмани ривожлантириш йўлида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Бугун шаҳар остонасидаги уч қудуқ тимсолига ўрнатилган муҳташам монумент пойига қадам ранжида қилишингиз билан қалбингизда ёруғ ва кўтаринки ҳислар уйғонади. Бу бежизга эмас. Шаҳарга кираверишда ўнг томондаги дов-дарахтларга бурканган «Орзу» истироҳат боғи, 10 гектарлик майдонни эгаллаган «Олтинкўл» дам олиш маскани кишига ана шундай ёрқин таассуротлар бахш этади.
Айниқса, истиқлолимизнинг 28 йиллиги арафасида фойдаланишга топширилган «Олтинкўл» учқудуқликлар ҳаётида катта воқеа бўлди. Кўлда катамаран ва елканли қайиқларда сузиш, ложувард соҳил бўйлаб сайр қилиш мумкин. Шунингдек, кўкаламзорлаштирилган ҳордиқ маскани, мусиқали фонтан, умумий овқатланиш нуқталари, волейбол, теннис, болалар майдончалари, чўмилиш учун пляж ташкил этилган. Ушбу кўл ҳудуд микроиқлимининг яхшиланишига имкон яратаяпти. Мана шу ердаги тепаликдан шаҳарнинг янгиланган маъмурий, тураржой, маданий-маиший биноларини кўриб, бунёдкор халқимизнинг азму ғайратига таҳсин айтасиз. Айниқса, тунда шаҳар ранг-баранг товланувчи электр чироқлари оғушида янада ажойиб, бетакрор манзара касб этади.
Учқудуқликлар ҳаётини яхшилаш, бугунги кундан розилик ҳисси билан яшашларини таъминлаш ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунда Навоий кон-металлургия комбинати, хусусан, Шимолий кон бошқармаси жамоасининг ҳиссаси беқиёс, албатта.
Учқудуқдаги «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси Шимолий кон бошқармасига қарашли 3-гидрометаллургия заводи мамлакатимиз мустақиллигининг дастлабки йилларида фойдаланишга топширилган биринчи йирик саноат объектларидан бири ҳисобланади.
Эндигина мустақилликка эришган, иқтисоди доимо марказ билан ҳисоблашиб келган, ускуналар бор-у, мутахассислар ёппасига олиб кетилган бир пайтда ёш мамлакат учун бундай корхонани ишга тушириш ўта оғир масала эди. Аммо қанчалик машаққатли бўлмасин, 1995 йилда бу завод қад ростлаб, ишга туширилди.
Айни пайтда барқарор ўсиш суръатларини қўлга киритаётган 3-гидрометаллургия заводининг ривожланиш йўлини тўртта асосий босқичга бўлиш мумкин. Тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш динамикасида технологик жараёнларни такомиллаштириш, замонавий инновацион лойиҳаларни жорий қилиш ва илғор муҳандислик-техник ечимларини қўллаш муҳим рол ўйнади.
Биринчи босқичда 3-гидрометаллургия заводида оксидланган маъданларни қайта ишлаш кўзда тутилган эди ва шу сабабли 1995 йилдан 2008 йилгача, яъни заводнинг дастлабки 13 йиллик фаолияти давомида фақат оксидланган маъданлар қайта ишланди. «Кўкпатас» конлари маъданларини майдалаш учун учта майдалаш тегирмонлари, бўтанани қуюлтириш тиндиргичлари ҳамда сорбцион – сианлаш жараёнида тўйинган сорбент сифатида ионлашувчи қатрондан фойдаланилган.
Иккинчи босқич 2008-2011 йилларни ўз ичига олиб, бу даврда оксидланган маъданлар захираларининг камайиши сабабли сульфид маъданларини қайта ишлаш имконини берадиган янги технологик мажмуалар барпо этилди. Яъни сульфид маъданларини флотацион бойитиш, флотацион концентратни биооксидлаш ва биооксидлаш жараёнининг тайёр маҳсулотини сорбсиялашдан иборат биринчи навбати ишга туширилди. Булар билан бир қаторда янги компрессор станцияси қурилди ва амалдагиси кенгайтирилди. Янги биооксидлаш технологияси барпо этилиши – олтинни ишлаб чиқариш учун капитал маблағ ва электр энергия сарфини камайтиришга ҳамда экологик жиҳатдан атроф-муҳитга зарар етказмасликка имкон берди.
2009 йилда БИОКС маҳсулотини сорбциялаш учун янги ва замонавий «КЕМИКС» технологияси фойдаланишга топширилди. Кейинчалик амалдаги флотация бўлими модернизация қилинди.
Ушбу мажмуанинг иккинчи босқичи 2011 йилда муваффақиятли уддаланди ва завод тарихида янги саҳифа очилди. 2011 йилда икки йил олдинги кўрсаткичларга таққослаганда, заводда сульфид маъданларни қайта ишлаш 27 фоизга, тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш 35 фоизга ошди.
Шуҳрат НОРБАДАЛОВ,
НКМК Шимолий кон бошқармаси 3-гидрометаллургия заводи директори