Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Туризм ривожланиши молиявий жараёнлар фаоллашишига ўзига хос тарзда ижобий таъсир кўрсатади. Инвестор қайсидир жиҳатдан мазкур давлатга ташриф буюраётган туристлар оқимига ва турли манбаларга асосланиб қарор қилади. Демак, туристларни ижтимоий-иқтисодий вазиятга холисона баҳо берувчи барометрлар, дейиш мумкин. Халқаро туризм самарадорлигини оширишда тинчлик, хавфсизлик, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорлик муҳим ўрин тутади. Бу борада ички салоҳиятимизни намоён этиш – тарихий обидалар, улуғларимиз қадамжоларини обод қилиш, табиий ландшафт, моддий-маданий ва меъморчилик намуналарини дунё андозалари даражасига етказиш, туристик фирмалар фаолиятини, меҳмонхона ҳамда бошқа коммуникация тармоқларини, транспорт инфратузилмаларини, умумий овқатланиш ва кўнгилочар объектлар имкониятларини ошириш, даволаш ва спорт йўналишларини фаоллаштириш яхши самара беради. Шу билан бирга, республикамиз ҳудудларидаги мавжуд ресурсларни ҳар тарафлама юқори даражада намоён этувчи турдош ташкилотларнинг бирлашган хўжалик-ташкилий мажмуаларини, яъни туризм кластерлари ишини самарали ташкил этиш лозим.
Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2016 йил 2 декабрдаги фармони мазкур соҳада дастурий лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди. Қайд этилган вазифалар кенг кўламлилиги шундан иборатки, туризм салоҳиятига эришиш республикамизнинг ижтимоий-иқтисодий, молиявий имкониятларини янги поғонага чиқаришда муҳим роль ўйнайди.
Мазкур фармонда туризм салоҳиятидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, анъанавий туризмга қўшимча тарзда – зиёрат қилиш, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик, спорт, даволаш-соғломлаштириш турларини ижтимоий ишлаб чиқариш фаолиятига татбиқ этиш назарда тутилган. Айниқса, болалар, ўсмир ва ёшлар, оилавий, кексалар учун ижтимоий туризм йўналишини очиш ҳамда комплекс ривожлантириш миллий ва ҳудудий дастурларни амалга ошириш билан боғлиқ.
Жорий йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч халқаро аэропортларида хорижий туристлар учун «яшил йўлак»нинг соддалаштирилган тартиб-таомилига, аэропортлар ва темир йўл вокзалларида навигация тизимларига, йўналиш белгилари ўрнатишга, турли хил тадбирларни ташкил этиш ва ривожлантиришга, бепул асосдаги хизматлар кўрсатишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Айниқса, туризм операторларини хорижий валютани мажбурий сотишдан, юридик шахслар камида тўрт юлдузли меҳмонхона ва мотелларни фойдаланишга топширганда фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк солиғи, ягона солиқ тўловидан беш йилга озод қилиниши республикамизда туризмнинг ҳар жиҳатдан равнақ топишини таъминлашга хизмат қилади.
Мамлакатимизда сайёҳлик инфратузилмасини мустаҳкамлаш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда сайёҳлик маркетинги, менежменти йўлга қўйилиши халқаро туризм ривожланишига, меҳмонхона бошқарувини дунё андозаларига ўтказиш имконини беради. Шунингдек, меъморий обидаларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, экотуризмни оммавийлаштириш, кадрлар салоҳиятини талаблар даражасига етказиш ва асосий йўналишларини белгилаб олиш, самарадорлик омилларини чуқур таҳлил қилиш, тизим ривожланишини таъминловчи воситаларни татбиқ этиш туристик хизматлар ҳажмига ҳамда улуши ўсишига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатади.
Айни пайтда сайёҳларни республикамизга жалб қилиш ҳақида фикр юритганимизда, энг аввало, ички имкониятимизга холисона баҳо бериш ҳамда мавжуд салоҳият айнан қандай омилларга боғлиқ эканлигини ҳар тарафлама ўрганиш зарур. Ҳеч шубҳасиз, юртимизда сайёҳлар эътиборига ҳавола этадиган, ҳали тўла-тўкис ўрганилмаган жуда катта захиралар мавжуд, улардан бугунги тезкор тараққиёт даврида фойдаланмаслик ёки ушбу қувватларни ишга солмаслик ҳеч қачон ўзини оқламайди. Ўзбекистон – ер юзидаги жаннат деймиз, аммо изоҳлашни ўрнига қўйишда, таърифни асослашда катта меҳнат ва ижодий изланиш талаб қилинишини унутиб қўямиз. Яхши хабаримиз бор, ҳар бир ҳудуднинг бу борадаги карталари ишлаб чиқилиб, маршрутлари белгилаб олинган. Лекин, бераётган таклифимизга ҳақиқий қизиқиш уйғотиш, ишонтириш ва намоён этиш – талабни орттириш ва ҳажмини кўпайтириш шунчаки оддий иш эмас. Демак, ҳали кўп тер тўкишга, жиддий мулоҳаза юритиб амалий жиҳатдан асослашга тўғри келади.
Бугунги кунда туризм сердаромад ва барқарор ривожланаётган тармоқ сифатида жаҳон иқтисодиётидаги улуши 10,2 фоизни, йиллик ҳажми 7,6 трлн долларни, умумий бандликдаги улуши 9,2 фоизни ташкил этмоқда. Бу борада бандлик рақами республикамизда тахминан уч фоиз атрофида эканлиги муайян хулосалар чиқаришни талаб этади. Айни пайтда Ўзбекистон ЮНЕСКО рўйхатига киритилган объектлари бўйича Марказий Осиëда биринчи ўринда бўлишига қарамай, ташриф буюрувчи сайёҳларнинг 85 фоизи 50–60 ёшлилар эканлиги бу борада бажарилиши лозим бўлган ишлар салмоғининг нақадар катталигидан далолат беради.
Дунёда шундай давлатлар борки, бир қарашда ўзлари ибтидоий тузум даврида яшаётгандек таассурот уйғотади, аммо туристларни маҳлиё этувчи шундай воситаларни кўз-кўз қилишадики, ҳайратдан ёқа ушлайсан, топқирлигига қойил қоласан, худди мана шу жиҳатлар сайёҳларни ўзига оҳанрабодек жалб этади. Бу билан, биз ҳам айнан шундай йўлни танлашимиз керак, деган фикрдан йироқмиз. Аксинча, ҳудудларда туризмни ривожлантириш имконини берадиган барча мезонлар – миллий анъана ва урф-одатларимиз билан боғлиқ жиҳатлар, ижтимоий тараққиёт босқичларидан ҳикоя қилувчи ёзуву, ёдгорликлар, осориатиқалар, сиру синоатга тўла зиёратгоҳларга йўл очиш ва профессионал даражада таништириш табиат мўъжизалари, миллий маданиятимизнинг бошқа халқлардан ажралиб турувчи қирраларини, бир-биридан фарқ қилувчи маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи ва ўзига хослигини намойиш қилиш кўзланган мақсадларга эришишда катта самара беради.
Қадим тамаддун бешиклари – Бухорои Шариф, Ер юзи сайқали Самарқанд, «Очиқ осмон остидаги музей» Хиванинг бетакрорлигини дунё аҳли бир бор кўришни орзу қилади. Бу шаҳарлар халқимизнинг узоқ ўтмиши, ҳаёт тарзи, маданияти, азалий қадриятларини дунёга кўз-кўз қилиб тургани бор ҳақиқат. Яна қанчадан-қанча тарихий шаҳарларимиз бор-ки, улар ҳақида дунё аҳли қисман хабардор, холос. Бугун асрлар оша жумлаи жаҳонни, бани-башарни осориатиқалари, ноёб тарихий-маданий обидалари билан ҳайратга солиб келаётган бу кўҳна шаҳарларга келувчи ички ва ташқи сайёҳлар оқимини қониқарли даражада, деб бўлмайди. Бу нимадан далолат беради, демак, бу – ижтимоий ва табиий ресурслардан самарали фойдаланишни ўрганишимиз зарурлигини кўрсатади.
Бундан ташқари, Бўстонлиқ, Паркент ва Пискент туманларининг сўлим гўшалари – Тяньшан тоғ тизмалари ён-бағри, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи, Белдирсой каби ўнлаб беқиёс масканларга таърифу ташбиҳ беришга ҳожат бор-ми? Ёки, Фарғона водийсининг қайси ҳудудида туризмни ривожлантириш мумкин эмас… Бу каби саволларнинг адоғи йўқ!
Сирдарё вилоятидаги зиёратгоҳлар юртдошларимиз учун муқаддас қадамжоларга айланмоқда.
Жиззах вилоятининг бетакрор тоғли ҳудудлари – Зомин, Бахмал ва Фориш туманлари ҳамда Самарқанд вилоятининг Ургут, Каттақўрғон ва Қўшработ туманлари ҳудудида энг муҳташам туристик базалар қуриш имкони катта. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Китоб ва Деҳқонобод туманларида, Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудлари ва Бойсунда, Бухоро, Навоий, Хоразм вилоятларининг чўлли зоналарида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасининг қадимий қалъалари харобаларига яқин жойларда миллийлигимизга хос барча ресурслардан фойдаланиб, ҳамёнбоп дам олиш масканлари бунёд этилиши мамлакатимизнинг туризм соҳасидаги қудратини намоён қилади.
Энг аввало, республикамизнинг табиий захираларидан самарали фойдаланишда экологик хавфсизликни, атроф-муҳит муҳофаза қилинишини дунё андозалари даражасига етказиш, табиий ресурсларни асраб-авайлашда давлат сиёсатини юритиш ҳамда манфаатдор идоралар зиммасига алоҳида масъулият юклаш, тармоқлараро комплекс бошқарувни йўлга қўйишга жиддий эътибор бериш лозим. Мазкур омиллар иқтисодиётимизнинг устувор вазифаларини, экологик сиёсатни қўллаб-қувватлашга, бебаҳо неъмат атроф-муҳит мусаффолигига, ҳудудларимиз гўзаллигини тўлиқ сақлашга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси хилма-хиллигига, булоқлар, сою дарёлар ён-атрофини табиий ҳолича келгуси авлодга қолдиришга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, туризм соҳасининг бир-неча турларини бевосита ва билвосита ривожлантириш имконини беради.
Ўзбекистон Марказий Осиёда табиий кўллари ва денгизни эслатувчи сунъий сув омборлари кўплиги билан ажралиб туриши эса республикамизда туризмнинг яна бир муҳим йўналишини барқарор ривожлантиришга асос бўлиши мумкин. Тўғри, турли таклифлар беришдан осони йўқ, лекин, ушбу таклифни амалга оширишда энг самарали, энг ҳамёнбоп механизмни, воситаларни, молиялаш манбаларини қидириб топиш жиддий вазифа эканлигини яхши тасаввур қиламиз. Шу сабабли, бу борада жамоатчилик фикрини уйғотиш, мақсадни амалга ошириш кўзда тутилаётган ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини эътиборга олиш, маҳаллий аҳолининг, мутахассислар, тадбиркорлик субъектларининг муносабатларини ўрганиб чиқиш, шу соҳада етарли тажрибага эга экспертлар фикрига қулоқ тутиш, манфаатдор идораларнинг мутахассислари иштирокида якуний хулоса чиқариш режалаштирилаётган лойиҳалар ҳаётийлигини, ҳеч шубҳасиз, самарадорлигини таъминлайди.
Мамлакатимиз ҳудудлари аҳолиси тумуш тарзининг ўзига хослигини эътиборга олган ҳолда, баъзи ноодатий лойиҳаларни синаб кўриш талаб этилади. Масалан, туризм кластери тушунчасига кенгроқ урғу бериб, жойларда «кластер маркази» яқинида беш ёки олти хонадондан иборат кичик посёлка бунёд этиш ва ҳар тарафлама ибратли, намунали оилаларни жойлаштириш лозим. Бундан кўзланган асосий мақсад – чет эллик сайёҳларни маҳаллий аҳолига янада яқинлаштириш, яъни, бир-неча кунлик меҳмоннавозлик давомида миллий қадриятларимизга қизиқиш уйғотиш ва ушбу бебаҳо меросдан баҳраманд қилишдан иборат. Шу билан бирга, жойларнинг табиий гўзаллиги, урф-одатлари ҳамда анъаналари билан таништиришни маҳаллий аҳолидан яхшироқ уддалайдиган биронта мутахассисни топиш қийин. Тўғри, ушбу таклиф ўз-ўзидан осон битадиган оддий ишлар эмас, балки махсус тайёргарликдан ўтиш ва молиявий маблағлар билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.
Айни пайтда Ўзбекистонда яшаётган миллат ва элатларнинг ўзига хос урф-одатлари, маросим ва анъаналари, табиат билан уйғун ҳаёт кечиришлари миллий менталитетимизнинг умумбашарий қадриятларга дахлдор эканлигидан далолат беради. Ушбу қадриятларнинг минтақавий шакллари эса, мавжуд имкониятларни янада оширишга хизмат қилади. Демак, мазкур омиллар минтақавий туризмни намоён этувчи – «кластер маркази» яқинида махсус кичик посёлка бунёд этишга ва қайд этилган жиҳатларни умумлаштиришга асос бўлади. Бу эса ҳудудларнинг мавжуд хусусиятларини тўлиқ қамраб олиш имконини беради.
Масалан, бетакрор тоғли, ўзига хос чўлли ва ғаройиб дашту қирли ҳудудларда экотуризмни, сайёҳларни жалб этишга мослаштирилган алоҳида зоналарни бунёд этиш ҳам, албатта, келажакда ўз самарасини беради. Холва деган билан оғиз чучимас дейди, доно халқимиз. Лекин, аниқ мақсад сари қўйилган дастлабки қадам бу борада муҳим роль ўйнайди. Яъни, аҳолиси сийрак жойлашган мазкур ҳудудларда туризмни шакллантиришнинг истиқболлари катта. Деҳқончилик, чорвачилик ҳамда боғдорчилик билан шуғулланадиган масканларда миллий турмуш тарзимизнинг ўзига хос анъана ва қадриятлари яхши сақланиб қолган. Шу сабабли ҳам, маҳаллий аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, замон билан ҳамнафас яшашини шакллантиришда туризм инфратузилмаси ва сервис хизматлари йўлга қўйилиши муҳим аҳамиятга эга. Мазкур бандлик ҳисобига қишлоқда ижтимоий меҳнатнинг характери даврий тус олади, миллий ишлаб чиқариш турлари ривожланади, энг муҳими, замонавий хизмат кўрсатишнинг илғор усуллари яратилади.
Мамлакатимизнинг исталган ҳудудида туризмнинг бирон-бир йўналишини ривожлантириш мумкин, яъни, шу жойнинг ўзига хос ишлаб чиқариш кўникмаларини эътиборга олиш ва табиий ихтисослашувига қараб режалар тузиш, амалга ошириш лойиҳаларини тайёрлашда ҳаётийлигини таъминлаш, барча параметрлар, тартиб-қоидаларни экспертизадан ўтказиш ҳам мақсаду муддаони рўёбга чиқаришга хизмат қилади. Бу борада бир-неча мисолларни келтириш фикримизга аниқлик киритади, масалан: Тўрақўрғон, Қува, Денов ва Бахмал – мевачилиги; Каттақўрғон, Олтиариқ ва Марғилон – узумчилиги; Риштон, Самарқанд, Тошкент ҳамда Қарши – кулолчилиги; Марғилон, Наманган, Шаҳрисабз – ипакчилиги; Чуст пичоқчилиги, Шаҳрихон ҳунармандчилиги, Бухоро зардўзлиги каби касбу-кор турларини барча минтақаларимиз мисолида бирма-бир санаб ўтиш мумкин. Хўш, ривожланган тармоқларни номма-ном санашдан муддао нима? Гап шундаки, «кластер маркази»ни ташкил этишда мазкур омилларга ҳам эътибор бериш – асосий мақсадни, туризм йўналишларини белгилашда ва амалга оширишда муҳим роль ўйнайди.
Ушбу мисол халқимизнинг ижтимоий фаолиятига дахлдор бўлган бир қиррасини кўрсатишга асос бўлди, холос. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Айтмоқчи бўлган фикримиз таг-замирида сайёҳлар қизиқишини ошириш, «жамлаш маркази» орқали намунали урф-одатларимиз, анъана-ю, турмуш тарзимизга, турли касбу-корларга боғлиқ тажрибаларимизни намойиш қилишда қулайлик яратиш ва бу борада маҳаллий аҳолининг ижодий ёндашувини шакллантириш мақсади мужассамлашган. Бу каби жиддий таклифларни умумлаштириб жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш ҳамда аниқ бир хулоса чиқаришда фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
Қайд этиб ўтилган мулоҳазалар республикамизнинг ички ва ташқи салоҳиятини, иқтисодий ва интеллектуал куч-қудратини, ўз касбу коримизга маҳорат билан ёндашувимизни намоён этишда тўғри танланган стратегик йўлнинг аҳамияти катта эканлигини англатади. Бу йўл – буюк келажак пойдеворига, дунё ҳамжамиятидаги ўрнимизни мустаҳкамлашга, улуғ мақсадларимиз манзилига яқинлашишни яна бир поғонага кўтаришга хизмат қилади!
Анвархон САЙДАХМЕДОВ,
«O‘zIA» махсус мухбири