(O´zbek) Turizmni rivojlantirish – katta imkoniyatlarga yo‘l!

3/2017

Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Туризм ривожланиши молиявий жараёнлар фаоллашишига ўзига хос тарз­да ижобий таъсир кўрсатади. Инвестор қайси­дир жиҳатдан мазкур давлатга ташриф буюраётган туристлар оқимига ва турли манбаларга асосланиб қарор қилади. Демак, туристларни ижтимоий-иқтисодий вазиятга холисона баҳо берувчи барометрлар, дейиш мумкин. Халқаро туризм самарадорлигини оширишда тинчлик, хавфсизлик, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий барқарорлик муҳим ўрин тутади. Бу борада ички салоҳиятимизни намоён этиш – тари­хий обидалар, улуғларимиз қадам­жоларини обод қилиш, табиий ланд­шафт, моддий-маданий ва меъморчилик намуналарини дунё андозалари даражасига етказиш, туристик фирмалар фаолиятини, меҳмонхона ҳамда бошқа коммуникация тармоқ­ларини, транспорт инфратузилмаларини, умумий овқатланиш ва кўнгил­очар объектлар имкониятларини оши­риш, даволаш ва спорт йўналишларини фаоллаштириш яхши самара бе­ради. Шу билан бирга, республикамиз ҳудудларидаги мавжуд ресурс­ларни ҳар тарафлама юқори даража­да намоён этувчи турдош ташкилотларнинг бирлашган хўжалик-ташкилий мажмуаларини, яъни туризм клас­терлари ишини самарали ташкил этиш лозим.
     Президентимиз Ш.Мирзиёевнинг «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2016 йил 2 декабрдаги фармони мазкур соҳада дастурий лойиҳаларни амалга ошириш имконини берди. Қайд этилган вазифалар кенг кўламлилиги шундан иборатки, туризм салоҳиятига эришиш респуб­ликамизнинг ижтимоий-иқтисодий, молиявий имкониятларини янги по­ғо­нага чиқаришда муҳим роль ўйнайди.
     Мазкур фармонда туризм салоҳия­тидан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, анъанавий туризмга қўшимча тарзда – зиёрат қилиш, экологик, маъ­рифий, этнографик, гастрономик, спорт, даво­лаш-соғломлаштириш тур­­ларини ижтимоий ишлаб чиқариш фаолиятига татбиқ этиш назарда тутилган. Айниқ­са, болалар, ўсмир ва ёшлар, оилавий, кексалар учун ижтимоий туризм йўналишини очиш ҳам­да комплекс ривожлантириш мил­­лий ва ҳудудий дас­турларни амал­­га ошириш билан боғлиқ.
     Жорий йилнинг иккинчи чорагидан бошлаб Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Урганч халқаро аэропорт­ларида хорижий туристлар учун «яшил йўлак»нинг соддалаштирилган тартиб-таомилига, аэропортлар ва те­мир йўл вокзалларида навигация тизимларига, йўналиш белгилари ўр­на­тишга, турли хил тадбирларни ташкил этиш ва ривожлантиришга, бепул асосдаги хизматлар кўрсатишга ало­ҳида эътибор берилмоқда.
     Айниқса, туризм операторларини хорижий валютани мажбурий со­тишдан, юридик шахслар камида тўрт юлдузли меҳмонхона ва мотелларни фойдаланишга топширганда фойда солиғи, ер солиғи ва мол-мулк соли­ғи, ягона солиқ тўловидан беш ­йилга озод қилиниши республикамизда ту­ризмнинг ҳар жиҳатдан рав­нақ то­пишини таъминлашга хизмат қилади.
     Мамлакатимизда сайёҳлик ин­фратузилмасини мустаҳкамлаш, ма­ла­кали кадрлар тайёрлаш ҳамда сайёҳ­лик мар­кетинги, менежменти йўлга қўйилиши халқаро туризм ривожланишига, меҳмонхона бошқарувини дунё андозаларига ўтказиш имконини беради. Шунингдек, меъморий обидаларни таъмирлаш ва ободон­лаш­тириш, экотуризмни оммавийлаштириш, кадрлар салоҳиятини та­лаблар даражасига етказиш ва асосий йўна­лишларини белгилаб олиш, самарадорлик омилларини чуқур таҳлил қи­лиш, тизим ривожланишини таъминловчи воситаларни татбиқ этиш туристик хизматлар ҳажмига ҳамда улуши ўсишига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатади.
     Айни пайтда сайёҳларни респуб­ликамизга жалб қилиш ҳақида фикр юритганимизда, энг аввало, ички им­кониятимизга холисона баҳо бериш ҳамда мавжуд салоҳият айнан қандай омил­ларга боғлиқ эканлигини ҳар та­рафлама ўрганиш зарур. Ҳеч шубҳа­сиз, юртимизда сайёҳлар эътиборига ҳавола этадиган, ҳали тўла-тўкис ўрганилмаган жуда катта захиралар мавжуд, улардан бугунги тезкор та­раққиёт даврида фойдаланмаслик ёки ушбу қувватларни ишга солмас­лик ҳеч қачон ўзини оқламайди. Ўзбекис­тон – ер юзидаги жаннат деймиз, ­аммо изоҳлашни ўрнига қўйиш­да, таърифни асослашда катта меҳнат ва ижодий изланиш талаб қилини­шини унутиб қўямиз. Яхши хабаримиз бор, ҳар бир ҳудуднинг бу борадаги карталари иш­лаб чи­қилиб, маршрутлари белгилаб олинган. Лекин, бераётган таклифимизга ҳақиқий қи­зиқиш уйғо­тиш, ишон­тириш ва намоён этиш – талабни орттириш ва ҳажмини кўпайтириш шунчаки оддий иш эмас. Демак, ҳали кўп тер тў­кишга, жиддий мулоҳаза юритиб амалий жиҳатдан асослашга тўғри келади.
     Бугунги кунда туризм сердаромад ва барқарор ривожланаётган тармоқ сифатида жаҳон иқтисодиётидаги улуши 10,2 фоизни, йиллик ҳажми 7,6 трлн долларни, умумий бандликдаги улуши 9,2 фоизни ташкил этмоқда. Бу борада бандлик рақами респуб­ликамизда тахминан уч фоиз атрофи­да эканлиги муайян хулосалар чиқа­ришни талаб этади. Айни пайтда Ўзбекистон ЮНЕСКО рўйхатига киритилган объектлари бўйича Марказий Осиëда биринчи ўринда бўлишига қарамай, ташриф буюрувчи сайёҳ­ларнинг 85 фоизи 50–60 ёшлилар эканлиги бу борада бажарилиши ло­зим бўлган ишлар салмоғининг нақа­дар катталигидан далолат беради.
     Дунёда шундай давлатлар борки, бир қарашда ўзлари ибтидоий тузум даврида яшаётгандек таассурот уйғо­тади, аммо туристларни маҳлиё этувчи шундай воситаларни кўз-кўз қи­ли­шадики, ҳайратдан ёқа ушлайсан, топқирлигига қойил қоласан, худди мана шу жиҳатлар сайёҳларни ўзига оҳанрабодек жалб этади. Бу билан, биз ҳам айнан шундай йўлни танлашимиз керак, деган фикрдан йироқ­миз. Аксинча, ҳудудларда туризмни ривожлантириш имконини берадиган барча мезонлар – миллий анъана ва урф-одатларимиз билан боғлиқ жиҳатлар, ижтимоий тараққиёт бос­қич­ларидан ҳикоя қилувчи ёзуву, ёдгорликлар, осориатиқалар, сиру си­ноатга тўла зиёратгоҳларга йўл очиш ва профессионал даражада таништириш табиат мўъжизалари, миллий ма­даниятимизнинг бошқа халқлар­дан ажралиб турувчи қирра­ларини, бир-биридан фарқ қилувчи маҳаллий аҳолининг турмуш тарзи ва ўзига хос­лигини намойиш қилиш кўзланган мақсадларга эришишда катта самара беради.
     Қадим тамаддун бешиклари – Бухорои Шариф, Ер юзи сайқали Самар­қанд, «Очиқ осмон остидаги музей» Хиванинг бетакрорлигини дунё аҳли бир бор кўришни орзу қилади. Бу ша­ҳарлар халқимизнинг узоқ ўтмиши, ҳаёт тарзи, маданияти, азалий қадриятларини дунёга кўз-кўз қилиб тургани бор ҳақиқат. Яна қанчадан-қанча тарихий шаҳарларимиз бор-ки, улар ҳақида дунё аҳли қисман хабар­дор, холос. Бугун асрлар оша жум­лаи жаҳонни, бани-башарни осориати­қалари, ноёб тарихий-маданий обидалари билан ҳайратга солиб келаётган бу кўҳна шаҳарларга келувчи ич­ки ва таш­қи сайёҳлар оқимини қо­ниқар­ли даражада, деб бўлмайди. Бу нимадан далолат беради, демак, бу – ижтимоий ва табиий ресурслардан самарали фойдаланишни ўрганишимиз зарурлигини кўрсатади.
     Бундан ташқари, Бўстонлиқ, Паркент ва Пискент туманларининг сўлим гўшалари – Тяньшан тоғ тизмалари ён-бағри, Угом-Чотқол давлат миллий табиат боғи, Белдирсой каби ўнлаб беқиёс масканларга таъ­рифу ташбиҳ беришга ҳожат бор-ми? Ёки, Фарғона водийсининг қайси ҳудуди­да туризмни ривожлантириш мумкин эмас… Бу каби саволларнинг адоғи йўқ!
     Сирдарё вилоятидаги зиёратгоҳ­лар юртдошларимиз учун муқаддас қадамжоларга айланмоқда.
     Жиззах вилоятининг бетакрор тоғли ҳудудлари – Зомин, Бахмал ва Фориш туманлари ҳамда Самарқанд вилоятининг Ургут, Каттақўрғон ва Қўшработ туманлари ҳудудида энг муҳташам туристик базалар қуриш имкони катта. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз, Китоб ва Деҳқон­обод туманларида, Сурхондарё вилоятининг тоғли ҳудудлари ва Бойсунда, Бухоро, Навоий, Хоразм вило­ятларининг чўлли зоналарида ҳам­да Қорақалпоғистон Республика­сининг қадимий қалъалари харобаларига яқин жойларда миллийлигимизга хос барча ресурслардан фойдаланиб, ҳам­ёнбоп дам олиш масканлари бунёд этилиши мамлакатимизнинг ту­ризм соҳасидаги қудратини намоён қи­лади.
     Энг аввало, республикамизнинг табиий захираларидан самарали фой­даланишда экологик хавфсизликни, атроф-муҳит муҳофаза қилини­шини дунё андозалари даражасига етказиш, табиий ресурсларни асраб-авай­лашда давлат сиёсатини юритиш ҳам­да манфаатдор идоралар зиммасига алоҳида масъулият юклаш, тармоқ­лараро комплекс бошқарувни йўлга қўйишга жиддий эътибор бериш лозим. Мазкур омиллар иқтисо­диёти­мизнинг устувор вазифаларини, экологик сиёсатни қўллаб-қувват­лашга, бебаҳо неъмат атроф-муҳит мусаффолигига, ҳудудларимиз гўзаллигини тўлиқ сақлашга, ҳайвонот ва ўсимлик дунёси хилма-хиллигига, бу­лоқлар, сою дарёлар ён-атрофини табиий ҳолича келгуси ав­лодга қол­диришга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, туризм соҳасининг бир-неча турларини бевосита ва билво­сита ривож­лантириш имконини беради.
     Ўзбекистон Марказий Осиёда табиий кўллари ва денгизни эслатувчи сунъий сув омборлари кўплиги билан ажралиб туриши эса республикамиз­да туризмнинг яна бир муҳим йўна­лишини барқарор ривожлантиришга асос бўлиши мумкин. Тўғри, турли таклифлар беришдан осони йўқ, лекин, ушбу таклифни амалга ошириш­да энг самарали, энг ҳамён­боп меха­низмни, воситаларни, молиялаш ман­баларини қидириб топиш жиддий ва­зифа эканлигини яхши тасаввур қиламиз. Шу сабабли, бу борада жамоатчилик фикрини уйғотиш, мақ­садни амалга ошириш кўзда тутила­ётган ҳудуднинг ижтимоий-иқтисо­дий аҳволини эътиборга олиш, ма­ҳал­лий аҳолининг, мутахассислар, тадбиркорлик субъектларининг муносабатларини ўрганиб чиқиш, шу соҳада етарли тажрибага эга эксперт­лар фикрига қулоқ тутиш, манфаатдор идораларнинг мутахассислари иштирокида якуний хулоса чиқариш режалаштирилаётган лойиҳалар ҳаё­тийлигини, ҳеч шубҳасиз, самарадорлигини таъминлайди.
     Мамлакатимиз ҳудудлари аҳоли­си тумуш тарзининг ўзига хослигини эътиборга олган ҳолда, баъзи ноодатий лойиҳаларни синаб кўриш талаб этилади. Масалан, туризм клас­тери тушунчасига кенгроқ урғу бериб, жой­ларда «кластер маркази» яқи­нида беш ёки олти хонадондан иборат кичик посёлка бунёд этиш ва ҳар тарафлама ибратли, намунали оилаларни жойлаштириш лозим. Бун­дан кўзланган асосий мақсад – чет эл­лик сайёҳ­ларни маҳаллий аҳо­ли­га янада яқин­лаш­тириш, яъни, бир-неча кунлик меҳ­моннавозлик давомида миллий қад­ри­ятларимизга қизи­қиш уйғотиш ва ушбу бебаҳо меросдан баҳраманд қи­лишдан иборат. Шу билан бирга, жойларнинг та­биий гў­заллиги, урф-одатлари ҳам­да анъаналари билан та­ништиришни маҳал­лий аҳолидан яхшироқ уддалайдиган биронта мутахассисни топиш қийин. Тўғри, ушбу таклиф ўз-ўзидан осон битадиган оддий ишлар эмас, балки махсус тайёргарликдан ўтиш ва молиявий маблағ­лар билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишни тақозо этади.
     Айни пайтда Ўзбекистонда яшаётган миллат ва элатларнинг ўзига хос урф-одатлари, маросим ва анъаналари, табиат билан уйғун ҳаёт кечиришлари миллий менталитетимизнинг умумбашарий қадриятларга дахлдор эканлигидан далолат беради. Ушбу қадриятларнинг минтақавий шакллари эса, мавжуд имкониятларни янада оширишга хизмат қилади. Демак, мазкур омиллар минтақавий туризмни намоён этувчи – «кластер маркази» яқинида махсус кичик пос­ёлка бунёд этишга ва қайд этилган жиҳатларни умумлаштиришга асос бўлади. Бу эса ҳудудларнинг мавжуд хусусиятларини тўлиқ қамраб олиш имконини беради.
     Масалан, бетакрор тоғли, ўзига хос чўлли ва ғаройиб дашту қирли ҳудудларда экотуризмни, сайёҳларни жалб этишга мослаштирилган алоҳи­да зоналарни бунёд этиш ҳам, албатта, келажакда ўз самарасини беради. Холва деган билан оғиз чучимас дейди, доно халқимиз. Лекин, аниқ мақ­сад сари қўйилган дастлабки қадам бу борада муҳим роль ўйнайди. Яъни, аҳолиси сийрак жойлашган мазкур ҳудудларда туризмни шакллантиришнинг истиқболлари катта. Деҳ­қончилик, чорвачилик ҳамда боғдор­чилик билан шуғулланадиган масканларда миллий турмуш тарзимизнинг ўзига хос анъана ва қадриятлари ях­ши сақланиб қолган. Шу сабабли ҳам, маҳаллий аҳолининг ижтимоий фаоллигини ошириш, замон билан ҳам­нафас яшашини шакллантиришда ту­ризм инфратузилмаси ва сервис хизматлари йўлга қўйилиши муҳим аҳа­миятга эга. Мазкур бандлик ҳисо­бига қишлоқда ижтимоий меҳнатнинг характери даврий тус олади, миллий ишлаб чиқариш турлари ривожланади, энг муҳими, замонавий хизмат кўрсатишнинг илғор усуллари яратилади.
     Мамлакатимизнинг исталган ҳу­дудида туризмнинг бирон-бир йўналишини ривожлантириш мумкин, яъни, шу жойнинг ўзига хос ишлаб чиқариш кўникмаларини эътиборга олиш ва табиий ихтисослашувига қараб режалар тузиш, амалга ошириш лойиҳаларини тайёрлашда ҳаё­тийлигини таъминлаш, барча параметрлар, тартиб-қоидаларни экспертизадан ўтказиш ҳам мақсаду муддаони рўёбга чиқаришга хизмат қи­лади. Бу борада бир-неча мисолларни келтириш фикримизга аниқлик киритади, масалан: Тўрақўрғон, Қува, Денов ва Бахмал – мевачилиги; Катта­қўрғон, Олтиариқ ва Марғилон – узум­чилиги; Риштон, Самарқанд, Тош­кент ҳамда Қарши – кулолчилиги; Марғилон, Наманган, Шаҳрисабз – ипакчилиги; Чуст пичоқчилиги, Шаҳ­ри­хон ҳунармандчилиги, Бухоро зар­дўзлиги каби касбу-кор турларини барча минтақаларимиз мисолида бирма-бир санаб ўтиш мумкин. Хўш, ривожланган тармоқларни номма-ном санашдан муддао нима? Гап шундаки, «кластер маркази»ни ташкил этишда мазкур омилларга ҳам эътибор бериш – асосий мақсадни, туризм йўналишларини белгилашда ва амалга оширишда му­ҳим роль ўйнайди.
     Ушбу мисол халқимизнинг ижтимоий фаолиятига дахлдор бўлган бир қиррасини кўрсатишга асос бўлди, холос. Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Айтмоқчи бўлган фикримиз таг-замирида сайёҳлар қи­зиқишини ошириш, «жамлаш маркази» орқали намунали урф-одатларимиз, анъана-ю, турмуш тарзимизга, турли касбу-корларга боғлиқ таж­рибаларимизни намойиш қилишда қулайлик яратиш ва бу борада ма­ҳаллий аҳолининг ижодий ёндашувини шакллантириш мақсади мужассамлашган. Бу каби жиддий таклифларни умумлаштириб жамоатчилик эътиборига ҳавола этиш ҳамда аниқ бир хулоса чиқаришда фойдаланиш мақсадга мувофиқ.
     Қайд этиб ўтилган мулоҳазалар республикамизнинг ички ва ташқи салоҳиятини, иқтисодий ва интеллектуал куч-қудратини, ўз касбу коримизга маҳорат билан ёндашувимизни намоён этишда тўғри танланган стратегик йўлнинг аҳамияти катта эканлигини англатади. Бу йўл – буюк келажак пойдеворига, дунё ҳам­жа­миятидаги ўрнимизни мустаҳкам­лаш­га, улуғ мақсадларимиз манзилига яқинлашишни яна бир поғонага кўтаришга хизмат қилади!
 
 
Анвархон САЙДАХМЕДОВ,
«O‘zIA» махсус мухбири

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.