Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон тўқимачилик ва енгил саноатида энг замонавий ускуналар билан жиҳозланган янги қувватларни ишга тушириш, мавжуд корхоналарни техник ва технологик янгилаш, ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, экспорт ҳажмини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар ўз натижаларини бера бошлади.
Қолаверса, мамлакатимизда қулай сармоявий ва бизнес муҳитини яратишда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳам ўз навбатида тўқимачилик ва енгил саноатни изчил тараққий эттиришга катта ҳисса қўшяпти. Айниқса, мамлакатимиз раҳбарининг «2015–2019 йилларда ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификациялаш, таркибий ўзгаришларни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги фармони муҳим омил бўлмоқда. Ушбу дастурга мувофиқ умумий қиймати 40,8 млрд АҚШ долларидан зиёд 846 та инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, хусусан, тўқимачилик саноатида 900 млн доллардан зиёд 77 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Мазкур дастурнинг ҳаётга татбиқ этилиши республикамиз енгил саноатининг экспорт салоҳиятини янада юксалтиришга кенг йўл очиб беради.
Президентимизнинг «2011–2015 йилларда Ўзбекистон Республикаси саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари тўғрисида»ги қарорига кўра Наманган вилояти саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича ҳудудий дастур белгиланиб, унда саноатни барқарор, жадал ва мутаносиб ривожлантириш, асосий тармоқларни диверсификациялаш ва экспорт салоҳиятини ўстиришнинг таркибий ўзгаришларини чуқурлаштириш, саноат тармоқлари ва комплексларини модернизациялаш ҳамда техник ва технологик янгилаш асосида самарадорлик ва рақобатбардошликни ошириш мўлжалланган.
Қайд этилганидек, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш, техник-технологик жиҳатдан янгилашни жадаллаштириш ва кенгайтириш, ишлаб чиқаришни диверсификациялаш, фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш, зарур ишбилармонлик муҳитини яратиш, аҳолининг ҳаёт даражаси сифатини изчил оширилишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижасида Наманган вилоятида 2014 йилда 2010 йилга нисбатан ЯҲМ ҳажмининг ўсиш суръати 154 фоизга, саноат ишлаб чиқариш ҳажми 135,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти 147,4 фоизга, асосий капиталга киритилган инвестициялар 192,4 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 172,3 фоизга, чакана савдо айланмаси 165,8 фоизга ва пулли хизмат кўрсатиш ҳажми 219,4 фоизга ўсди. Шу даврда иқтисодиётдаги ишсизлик даражаси 1,9 фоизга камайди, яратилган иш ўринлари сони 6,4 фоизга ошди, ундан саноатда ишчи ўринлар сони 3,7 бараварга, қишлоқ хўжалигида 1,5 бараварга, хизмат кўрсатиш соҳасида 133,7 фоиз ўсишига эришилди.
Айниқса, Президентимизнинг «Тўқимачилик саноати корхоналарини жадал ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чоралар тўғрисида»ги қарори мамлакатимиз енгил саноати тармоғида жуда кенг имкониятлар эшигини очиб берди. Шу асосда республикамиз ҳудудларида умумий қиймати 1,7 млрд долл.га тенг бўлган 55 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш, якуний ишлаб чиқариш қувватига эга интеграциялашган тўқимачилик мажмуаларини ташкил этиш кўзда тутилган.
Наманган вилоятида ҳам тўқимачилик саноати салоҳиятини ошириш, тайёр маҳсулотлар рақобатбардошлигига эришиш, замонавий юқори технологияларга асосланган ишлаб чиқаришларни кенг жорий этиш бўйича мақсадли дастурлар қабул қилиниб, босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда вилоятда 795 та енгил саноат корхонаси фаолият юритаётган бўлиб, қайд этилаётган йил якуни билан 753,9 млрд сўмлик (ўсиш суръати 111 %) маҳсулот ишлаб чиқарилиб, умумий саноат ишлаб чиқариш ҳажмидаги улуши 38,3 фоизни ташкил этди. Масалан, фаолият юритаётган тикувчилик, трикотаж ва пойабзал корхоналарининг тайёр маҳсулотлар экспорт ҳажми ҳамда жуғрофияси кенгайиб бормоқда. «Пап-Фен», «Иснам интер текс», «Тошбулоқ-текс», «Verigrow Ipagi», «Golden hello trade» ва «Ҳақ-текс» корхоналари юқори даражадаги экспорт амалиётларини бажармоқда.
Бундан ташқари, вилоятда истеъмол товарлари ишлаб чиқариш таркибини таҳлил қилганимизда ҳам 2010–2014 йиллар давомида ушбу маҳсулотларни ишлаб чиқариш 2,7 мартага, шу жумладан, озиқ-овқат маҳсулотлари 2,1 мартага, ноозиқ- овқат маҳсулотлари 2,7 мартага, енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш эса 3,9 мартага ошгани маълум бўлади.
Вилоятда енгил саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 2014 йилда 753,9 млрд сўмни ташкил қилди, бу эса 2010 йилга нисбатан 126,2 фоизга кўп демакдир. Енгил саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш жараёнини таҳлил қилар эканмиз, вилоятда пахта толасини етиштириш 2014 йилда 73186 тоннани ташкил қилган бўлса, шундан 13545 тоннаси қайта ишланиб, калава ип ҳолига келтирилган, холос. Ип газламалар ишлаб чиқариш 7846 минг п/метрни ташкил этган бўлса, 2014 йилга келиб бу кўрсаткич 9985 минг п/метр (127,2 %)га етди. 2014 йилда трикотаж мато 852,1 тонна ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич 2010 йилга нисбатан 135,6 фоизни, жун газламалари 138,4 фоизни, нотўқима матолари 103,4 фоизни, трикотаж буюмлари 138,7 фоизни, тикувчилик маҳсулотлари эса 2,3 бараварни ташкил қилди.
2011 йилда ип мато ишлаб чиқарувчи корхоналар 64 тани ташкил қилган бўлса, 2014 йилга келиб 93 тага етди ва 17411 минг кв/метр ип мато ишлаб чиқарилди, ўсиш 41,1 фоиздан юқори бўлди. «Яннам текстиль», «Тубо текстиль», «Файз УММ», «Дегрез текс ЛТД» корхоналари ишлаб чиқариш ҳажми бўйича бошқа корхоналардан ажралиб турибди. «Зуҳро юлдуз дизайн» корхонасининг ип мато ишлаб чиқариш қуввати 50 минг кв/метрни ташкил қилади, у 2011 йилда 1,6 минг кв/метр, ҳисобот йилига келиб эса 49 минг кв/метр мато ишлаб чиқарган (қувватнинг 99 фоизи ишга солинган). Ип мато ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг фаолиятини таҳлил қилганимизда, улар калава ип ишлаб чиқарувчи корхоналарга нисбатан ўз қувватидан 80–92 фоизга қадар фойдаланаётгани маълум бўлди. Жумладан, «Дегрез текс ЛТД» 10,6 тонна, «Супер парафин» 33 тонна, «Рислиқхон–Шарифжон–Исмоилжон текстиль» 53 тонна, «Зара текстиль» 42 тонна трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариб нисбатан юқори кўрсаткичга эришган.
Мазкур корхоналар ишлаб чиқариш қувватидан фойдаланиш даражаларини таҳлил қилар эканмиз, қуйидаги манзара ҳосил бўлди. Яъни, 2013 йилда калава ип ишлаб чиқарувчи корхоналар йиллик қуввати 7302 тоннани, ундан фойдаланиш даражаси 45,6 фоизни ҳамда 2014 йилга келиб 57,6 фоизни ташкил қилди. Умумий тарзда ҳисоблаганимизда эса, уларнинг мавжуд қувватдан фойдаланиш даражаси 100,6 фоизга тенг бўлган.
Ўзбекистонда саноатни диверсификациялаш, нотекис ривожланишига барҳам бериш, анъанавий ишлаб чиқариш соҳаларида фойда меъёри пасайиши туфайли капитални бошқа тармоқларга самарали тақсимлаш, фан-техника ютуқларини кенг кўламли татбиқ этиш, иқтисодий ва молиявий барқарорлигини таъминлаш, рақобатбардошлигини оширишни жаҳон талаблари даражасига етказиш учун қатъий ҳаракат қилинмоқда. Бунга эришиш учун эса, албатта, диверсификация жараёнларини амалга оширишнинг маъмурий ва иқтисодий усулларидан оқилона фойдаланиш зарур.
Тўқимачилик корхоналарида ишлаб чиқаришни диверсификациялашдан кўзланган асосий муддао – ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ёки кўрсатилаётган хизматлар ассортиментини кўпайтириш назарда тутилади. Бу ўринда корхонанинг турли фаолият соҳалари билан шуғулланиши шарт эмас. Яъни, биз келтирган мисолда тўқимачилик маҳсулотлари турларини кўпайтириш ҳисобига корхона фаолиятини такомиллаштиришга эришиш мумкин. Бозор иқтисодиёти шароитида фақат битта маҳсулот турини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарнинг барқарорлиги хавф-хатарнинг юқори даражаси билан тавсифланади. Чунки, ушбу маҳсулот бозоридаги конъюнктуранинг кутилмаганда салбий томонга ўзгариши корхона фаолиятига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Шунга кўра, корхона анъанавий тарзда ишлаб чиқараётган маҳсулотлари таркибини бозорда янги талаблар шаклланган ва изчил равишда ўсиб бораётган маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳисобига кенгайтириши мақсадга мувофиқ ҳисобланади. Бундай ҳолларда бозордаги у ёки бу маҳсулотга бўлган талабнинг қисқариши ёки нархнинг пасайиши таъсирида пайдо бўлган йўқотишлар бошқа маҳсулотларга бўлган талаб ёки нархнинг ўсиши ҳисобига қопланади.