Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Истиқлол туфайли юртимизда иқтисодиётни янада эркинлаштириш, тадбиркорлик соҳасини ривожлантириш, шунингдек, хорижий инвестицияларни кенг кўламда жалб қилишга қаратилган чора-тадбирлар ва амалга оширилаётган самарали ислоҳотлар боис, Наманган вилоятида ҳам ўзига хос ва мос бўлган қулай инвестициявий муҳит юзага келтирилди. Бунинг натижасида вилоят иқтисодиёти йилдан-йилга юксалиб, ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми жадал ўса бошлади.
Биргина кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка яратиб берилаётган қулайликлар, соҳага кредит ресурсларини жалб қилиш ва хорижий сармоялар киритиш учун яратилган шарт-шароитлар туфайли, «Наманган момиқ сочиқлари» МЧЖ каби саноат корхоналари тез суръатларда ривожланиб, иқтисодий салоҳияти юксала бошлади. Қолаверса, Наманган тадбиркорлик ва оилавий бизнес яхши йўлга қўйилган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Айниқса, маҳаллий ишбилармонлар томонидан ишлаб чиқарилаётган замонавий енгил саноат маҳсулотлари сифати, ҳамёнбоплиги жиҳатидан хорижникидан устун бўлса устун, асло кам эмас.
Дарҳақиқат, Наманган шаҳридаги мазкур «Наманган момиқ сочиқлари» масъулияти чекланган жамияти ишлаб чиқариш салоҳияти ривожланаётган, экспорт имкониятлари кенгаяётган корхоналардан бири ҳисобланади. 2009 йилда фаолият бошлаган корхонада айни пайтда тўқимачилик маҳсулотлари: ҳар хил ўлчамдаги момиқ сочиқлар, катталар ва болалар момиқ халатлари, шунингдек, момиқ чойшаблар каби 350 турдан зиёд бежирим маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда ва экспорт қилинмоқда. Мазкур корхонани тараққиёт йўлига тушиб олган ва ходимларнинг самарали меҳнати муносиб рағбат топаётган саноат мўъжизасига қиёслаш мумкин. Бунинг сабаби шундаки, корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар матоси ҳар қандай намни ёки сувни ўзига тўла шимиб олиш хусусиятига эга. Шунинг учун ҳам, маҳсулотларга бўлган талаб ортиб, экспорт бўйича таклифлар ҳам доимий равишда кўпайиб бормоқда. Маҳсулотларнинг салмоқли қисми асосан хорижлик буюртмачиларга жўнатилмоқда. Шунингдек, экспорт жуғрофиясини янада кенгайтириш мақсадида бир қатор давлатлар улгуржи савдо компаниялари билан музокаралар ташкил этилиб, маҳсулот етказиб бериш бўйича келишувларга эришилмоқда.
Корхонада ишлаб чиқаришга янги, илғор ва замонавий технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини кучайтириш энг муҳим вазифалар сифатида белгилангани боис 2014 йилда 2,8 млн доллар миқдоридаги сармоя киритилди ва 996 минг долларга тенг бўлган экспорт амаллари бажарилишига эришилди.Ана шундай юқори суръатлардаги саъй-ҳаракатлар натижасида 2015 йилга келиб 37,4 млрд сўмлик тайёр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 5,2 млн доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинди. Маҳсулотлар сифати юқори даражада бўлганлиги харидорлар сони кўпайишига ҳамда буюртмалар ҳажмининг ортишига сабаб бўлмоқда. Масалан, жорий йилнинг биринчи ярмида 27,6 млрд сўмлик иш бажарилиб, 3,9 млн доллар миқдоридаги маҳсулот экспорт қилинишига эришилди.
– Аслида, мазкур йирик корхонамиз ишга туширилганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ, бироқ, ўтган қисқа вақт ичида ишлаб чиқаришда зарур бўладиган тажрибани орттиришга муваффақ бўлдик, – дейди биз билан бўлган суҳбатда «Наманган момиқ сочиқлари» МЧЖ раҳбари Ғиёсиддин Бобохонов. – Биз иқтисодий кўрсаткичлар салмоғини янада ошириш ва бозор талаб-эҳтиёжларидан бироз олдинда юриш учун доимий равишда изланамиз, аниқ режалар тузиб оламиз. Шу боис ҳам, корхона хорижга экспорт қилаётган маҳсулот турларини мунтазам кўпайтириб бормоқда. Негаки, ишлаб чиқариш цехларимиз юқори даражада модернизация қилингани, техник ва технологик жиҳатдан буткул янгилангани учун жаҳон бозори учун рақобатбардош маҳсулотлар тайёрлаш имконига эга бўлаяпмиз.
Ҳа, албатта, корхонамиз ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилган энг сўнгги русумдаги технологиялар билан жиҳозлангани ипларни йигириш, ўраш, тўқиш, гул босиш жараёнларини босқичма-босқич талаблар даражасида амалга ошириб, маҳсулотнинг сифат кўрсаткичлари юқори бўлишига эришмоқда. Шу билан бирга, ички истеъмол бозорини рақобатбардош маҳсулотлар билан тўлдиришда ҳам уларнинг қулайлиги ва унумдорлиги муҳим аҳамият касб этмоқда.
Бугунги кунда хусусий тадбиркорларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирлар Ғ. Бобохонов сингари мулкдорларнинг истиқболли лойиҳаларини татбиқ этиш имкониятини оширмоқда. Айни пайтда жадаллашиб бораётган тараққиёт даврида ҳар бир тадбиркор узоқни кўра билиши ва рақобатга бардош берадиган бизнес лойиҳаларини илмий-амалий жиҳатдан асослашга ҳаракат қилиши лозим. Бу эса, ўз навбатида, мулк эгасининг узоқ вақт давомида мунтазам фаолият кўрсатиши ва бизнеси бардавом бўлиши учун хизмат қилади. Шу билан бирга, ишчи-хизматчиларнинг турмуш даражасини юксалтириш, қишлоққа саноатни олиб кириш ҳамда муқим иш жойлари яратиш масалаларида ҳам фаоллик кўрсатиши талаб қилинади. Мақоламиз қаҳрамони қайд этилган вазифалар бўйича ўзига хос тарзда тажриба тўплаган. Дарҳақиқат, корхонада самарали меҳнат қилаётган ходимлар учун барча шарт-шароитлар яратиб берилишига, ҳар томонлама қўллаб-қувватланишига алоҳида эътибор берилмоқда. Шу боис, ўз меҳнат натижасидан баҳраманд бўлаётган ишчи-ходимлар ҳам ишлаб чиқариш жараёнига ўзига хос маълум бир янгилик киритишга интилмоқда.
Ғиёсиддин Бобохонов дастлабки даврдаёқ, аниқ мўлжал олиб ҳаракат қилди, мазкур йўналишда фаолият кўрсатаётган дунё миқёсидаги корхоналарнинг иш жараёнларини имкон қадар атрофлича ўрганиб чиқди. Сўнгра, ишлаб чиқариш суръатларига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатувчи барча омилларни эътибордан четда қолдирмай, самарали хизмат қилиш имконини берадиган барча жиҳатларни таҳлил қилиб чиқди. Бунинг натижасида, дизайнда ҳам хорижникидан қолишмайдиган «Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган» ёрлиғи остидаги маҳсулотларни тайёрлашга муваффақ бўлди.
Қолаверса, тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши нафақат ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини оширади, балки ишсизликни ҳам камайтиради. Мисол учун, корхонада 2014 йилда амалга оширилган модернизация ишлари натижасида 62 та янги иш ўрни яратилган эди. Бугунги кунда корхонада ишчилар сони 221 нафарга етиб, уларнинг 62 нафари касб-ҳунар коллежини битирган ёшлардир.
Шу ўринда таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда хусусий секторни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган чора-тадбирлар натижасида ҳудудларимиз миқёсида ҳам жуда катта ижобий ўзгаришларга эришилмоқда. Бу борада мазкур корхонада ҳам барча параметрлар бўйича доимий равишда ўсиш кўрсаткичлари кузатилмоқда. Бунинг учун эса, тадбиркорлардан қулай шарт-шароитлар, яратиб берилаётган имкониятлардан ўз вақтида самарали фойдаланиш, капиталнинг асосий қисмини ишлаб чиқариш ҳажмини оширишга жалб этиш талаб этилади, холос.
Бугун Наманганнинг қайси ҳудудига борманг, мустақиллик неъматларидан баҳраманд бўлиб, жўшқин ва кўтаринки кайфиятда меҳнат қилаётган кишиларга кўзингиз тушади. Уларнинг юз ифодасида буюк келажакка ишонч руҳи, ҳар бир қадамида қатъиятлилик акс этиб турганлигига гувоҳ бўласиз.
Истиқлол шарофати туфайли бозор иқтисодиёти муносабатларига босқичма-босқич ўтиш, ишлаб чиқаришни талаблар даражасида ривожлантириш ҳамда диверсификациялаш иқтисодиётимиз рақобатбардошлигини оширишга, жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллаш имконини яратади.
Анвар ШЕРОЗИ,
«O‘zIA» мухбири