(O´zbek) «АИ-80 бензини 4 минг сўмдан ҳам арзонлашига ишончим комил» — «Ўзбекнефтгаз» раиси ўринбосари

Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

Маълум бўлишича, «Ўзбекнефтгаз» апрель охири – май бошида брент маркали нефть нархи 22-25 доллар бўлган пайт 200 минг тоннадан ортиқ хомашё импорт қилган. Шунинг ҳисобига, Улуғбек Ашуровнинг сўзларига кўра, йил охиригача нефт нархи ошиб кетса ҳам, бензиннинг ҳозирги нархларини бир маромда сақлаб туришга ҳаракат қилинади.

Kun.uz онлайн интервьюларининг навбатдагисида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Улуғбек Ашуров сўнгги вақтларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган бир нечта масалага муносабат билдирди.

Интервьюда «Ўзбекнефтгаз»нинг АИ-80, АИ-91 ва АИ-92 маркали импорт бензинга акцизни 5 фоиздан 20 фоизга оширишни таклиф қилгани, бензин нархи ва сифати каби масалаларда сўз борди.

– Президент фармони билан яқинда АИ-80 маркали бензин ва дизель ёқилғиси чакана нархини давлат томонидан тартибга солиш бекор қилинган. Ҳозирча бу фақат АИ-80 маркали бензин ва дизель ёқилғисигагина тегишли бўлса ҳам, бу қадам жамоатчилик томонидан илиқ кутиб олинганди. Бироқ импорт қилинадиган нефть маҳсулотларига акциз солиғи ставкаларини ошириш орқали яна ортга қайтилмаяпти?

– Буни ортга қайтиш деб ўйламайман. Нега? АҚШни бозори энг ривожланган давлат деб ҳисоблаймиз. Хитой билан ўртасидаги иқтисодий уруш дейиладими, ўзларининг ишлаб чиқарувчиларини қўллаб-қувватлаш учун ҳар хил механизм, усулларни қабул қилишади. Қўшимча сертификациялар қилишади, қўшимча божлар киритилади.

Ҳозирги кунда бизда – «Ўзбекнефтгаз» корхонаси остидаги тармоқларга нисбатан «булар рақобатдан қўрқишади», деб айтишади. Бундай эмас, чунки бизнинг ўз ўрнимиз бор. Биз нархни сақлаб турибмиз. Бозорда нархни бир маромда сақлаб туриш учун биржага ҳам нефт маҳсулотларини етказиб турибмиз. «Ўзбекнефтгаз» 4 минг сўм нархни белгилаши ҳисобига бошқа маркадаги бензинларнинг нархи кескин тушди.

«92» бензин бошқа заправкаларда 7200 сўм эди. «85»нинг нархи 8 минг сўмдан ортиқроққа реализация қилинади, ёқилғиси ҳам 8 мингга яқин эди. Лекин биз ҳозир харажатларни қисқартириш, бошқарув самарадорлигини ошириш, логистика харажатларини камайтириш ҳисобига таннарх харажатларини 4 минг сўмгача етказдик.

Эртага 4 минг сўм нарх қотиб қолмайди, нархлар бундан ҳам пастга тушишига аминман. Нархнинг ўйнашини олдини олиш мақсадида хомашё коньюнктураси жуда ҳам яхши бўлди. Апрель охири – май бошида брентнинг нархи 22-25 доллар бўлган пайт «Ўзбекнефтгаз» томонидан 200 минг тоннадан ортиқ хомашё импорт қилинди. Ҳозирги кунда заводларимизда, нефт базаларимизда 300 минг тоннага яқин тайёр маҳсулот мавжуд. Бу тайёр маҳсулотларнинг таннархи нисбатан паст, чунки биз буни арзон хомашё ҳисобидан ишлаб чиқарганмиз.

Кейинчалик йилнинг охиригача нефтнинг нархи ошиб кетадими, коньюнктура ўзгарадими – бу нархни бир маромда сақлаб туришга ҳаракат қиламиз.

Яна бир нарсани айтиб ўтиш керакки, нефт-газ корхоналари, айрим нефтни қайта ишлаш заводлари йирик солиқ тўловчилар ҳисобланади. Ўртача 4 минг сўм нархда ўрта ҳисобда 1000 сўм солиқ ҳам қўшилган. Бу, ўз навбатида, бюджет тўловларига ҳам таъсир қилади.

– Нефт-газ саноати бўйича эркин бозор шароитига ўтиш босқичма-босқич амалга ошириляпти. Эркин бозор шароитида истеъмолчида танлов имконияти бўлиши, кимнинг маҳсулоти арзон, сифатли бўлса, ўзи танлаши керак эмасми? Ўзбекистонда ҳам ўзимизда ишлаб чиқарилаётган нефт маҳсулотлари, ҳам импорт қилинаётган бензин сотилса, ўзаро рақобат бўлса, бундан оддий одамлар ютмайдими? Ички бозор бундай сунъий ҳимоя қилинадиган бўлса, унинг яшовчанлиги қандай бўлади?

– Бозорда рақобат муҳити яратилишининг биринчи тарафдори бизмиз. Буни сунъий деб ҳам айтиб бўлмайди, чунки бошқа давлатлар томонидан импортларни тўхтатиш, экспортни қўллаб-қувватлаш масалалари кўтарилмаганда, ҳамма бир хил даражада ишлаганда ҳеч қандай муаммо бўлмасди. Лекин бошқа давлатларнинг ўз ишлаб чиқарувчисини қўллаб-қувватлаши ҳисобига рақобат шароити ўсди. Шуни тўғрилаш учун буни таклиф сифатида берганмиз.

Бу – таклиф, албатта. У кўриб чиқилади. Ҳар томонлама ҳисоб-китоб қилиб, қабул қилиш-қилмаслик масаласи кўриб чиқилади.

– Айтишларича, келгусида яна бир қатор маркали бензинларнинг арзонлашиши кутилаётган экан. Одамларга, истеъмолчиларга енгил бўладиган қандай янгиликлар амалга оширилиши кутиляпти?

– Истеъмолчиларга енгил бўлиши учун катта ишларни амалга оширяпмиз. Ҳозир ижтимоий тармоқларда 91 бензиннинг нархи юқори деб айтиляпти, мен бу нарса билан ўзим шахсан шуғулландим, нархни тушириш бўйича ишлар амалга оширяпмиз. Кейинги ҳафта 91 бензин нархини қайта кўриб чиқиш масаласи кун тартибида турибди.

Қайта кўриб чиқиш қандай бўлади? Биржа қўядиган нархни туширамиз. Худди шундай тарзда дизел ёқилғиси нархларини максимал даражада қайта кўриб чиқамиз.

Биринчи навбатда, нархнинг шаклланиши «Ўзбекнефтгаз» томонидан амалга оширилмайди. Биржада талаб ва таклифдан келиб чиққан ҳолда нарх шаклланади. Лекин «Ўзбекнефтгаз» катта ишлаб чиқарувчи бўлгани учун бу талаб ва таклифга ўз ҳиссасини, улушини қўшиши мумкин. Ва шунинг учун биринчи навбатда нефт маҳсулотларини арзон ва сифатли етказиш бўйича ҳаракатларни амалга оширамиз.

Кўпинча ижтимоий тармоқларда «Ўзбекнефтгаз» ишлаб чиқараётган бензин, дизел ёқилғисининг сифати паст дейилади. Сифати пастлиги бўйича фикр нотўғри деб ўйлайман. Чунки ҳар битта завод стандарт связкадан ўтказилган. Ҳар битта нефт базамизда бензин, дизел ёқилғиси замонавий лабораториялар томонидан текширилади.

— Ижтимоий тармоқларда: «Нархлар туширилаётгани йўқ, балки ҳозир АИ-80 маркали бензин нархи туширилди, дея АИ-76 маркали безин ёки АИ-91 бензиннинг нархи арзонлашди, деб АИ-80 бензин сотиляпти», деган гапларга кўзимиз тушяпти.

— «Ўзбекнефтгаз» раис ўринбосари сифатида айта оламанки, маҳсулот сифатига жавоб берамиз. Сифат бўйича асосли эътироз бўлса, «Ўзбекнефтгаз» корхоналари томонидан нафақат моддий, маънавий зарарни қоплашга ҳам тайёрмиз. Чунки заводларимиз нафақат ўзимизнинг стандартизация органлари томонидан сертификатлар қабул қилган, бундан ташқари, халқаро сертификатлари ҳам мавжуд. Мен сизга уларни алоҳида электрон кўринишда юбораман. [Суҳбатимизни] кўраётганларда «оғизда айтилади, лекин аслида улар йўқ», деган фикр бўлмаслиги учун сертификатларнинг нусхасини сизга тақдим этаман.

Сифат масаласига катта эътибор берамиз. Ҳар битта заводдан чиқадиган партияга назорат тизими ўрнатилган. Бундан ташқари, 70дан ортиқ «UNG PETRO» МЧЖга қарашли ёқилғи қуйиш шохобчалари мавжуд. Биз ҳам ҳозир харидор учун бозорда курашяпмиз, буни очиқ айтиш керак. «UNG PETRO» орқали чакана савдо кетади, сифатни сақлаб қолиш учун 4та махсус гуруҳ, махсус лабораториялар мавжуд.

Ҳар битта заправкада ҳар ҳафта сифат бўйича анализ қабул қилинади, мавжуд қолдиқлар текширилади, кунлик текшириш амалга оширилади.

«UNG PETRO» МЧЖга қарашли ёқилғи қуйиш шохобчаларида шундай ҳолатлар бўлса, буни жойига чиқиб, ўрганиш тарафдоримиз. Бошқа компаниялар билан рақобатлашиш ҳаракатини қиляпмиз.

– Дейлик, истеъмолчи бензин сифатидан шубҳаланди, бу бўйича қай тарзда сизларга тезда хабар бериши мумкин? Telegram-бот ёки ишонч телефонлари йўлга қўйилганми?

– Ишонч телефонлари ҳам (71 200-01-24), Telegram-бот ҳам мавжуд. Шубҳали ҳолат пайдо бўлганда, оператив тарзда лабораторияни жойига юбориб, керак бўлса, ўша истеъмолчи билан биргаликда масалани жойида ўрганиб чиқиб, жойида хулосасини чиқарамиз.
Манба: Kun.uz

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.