Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугунги кунда аҳолининг кундалик ҳаёт тарзи, иқтисодиётнинг қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларининг узлуксиз фаолияти бевосита электр энергияси таъминоти билан боғлиқ. Электр энергияси таъминотидаги кенг кўламли узилишлар жамиятга ва иқтисодиётга жуда катта зарар келтиради. «Газета.uz» мақоласида блэкаутлар ва уларнинг иқтисодий зарарлари ҳақида сўз юритилади.
25 январь куни Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида электр энергияси таъминотида узилиш кузатилди. Энергетика вазирлиги вазиятга изоҳ бериб, Марказий Осиё ягона электр тармоғида йирик авария юз бериши натижасида дастлаб Қозоғистон ва Қирғизистоннинг вилоятларида электр таъминоти узилганлигини, натижада Ўзбекистон электр тармоғига Қозоғистондан келувчи линиядаги кучланиш ва частотанинг кескин ўзгариши сабаб Тошкент ИЭСи, Сирдарё ИЭСида авария ҳимоя воситалари ишлаб кетиб, бу иккала станцияни ҳам автоматик равишда ўчишига олиб келганлигини маълум қилди.
Вазирлик маълумотларига кўра, 26 январь соат 09:30 ҳолатига республикада электр энергияси таъминоти 70 фоиз тикланган эди. Соат 19:55 ҳолатига, мамлакатдаги мавжуд иссиқлик ва гидроэлектр станцияларининг фаолияти 80 фоизга тикланган.
«Юксалиш» умуммиллий ҳаракати маълумотларига кўра, мазкур ҳодиса уч мамлакатнинг 40 миллиондан зиёд аҳолисига таъсир кўрсатган. Стратегик объектлар, ижтимоий муассасалар ва аҳолига электр энергияси етказиб бериш ишлари ҳалигача босқичма-босқич амалга оширилаётганлиги айтилган.
Қайд этиш жоизки, электр энергияси таъминотидаги кенг кўламли узилишлар жамиятга жуда катта иқтисодий зарар келтиради. Зеро бугунги кун жамиятда аҳолининг кундалик ҳаёт тарзи билан бирга иқтисодиётнинг қатор ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тармоқларининг узлуксиз фаолияти бевосита электр энергияси таъминоти билан боғлиқ.
Мутахассисларга кўра, электр энергияси таъминотидаги узилишлар, энг аввало, элерктроэнергетика соҳаси ишлаб чиқариши ва электр энергияси фойдаланувчиларига бевосита таъсир кўрсатади. Электр узилишларининг бевосита иқтисодий таъсири қисқа вақт ичида намоён бўлади.
Элерктроэнергетика соҳаси нимадан жабр кўради?
Электроэнергетика корхоналарининг асосий вазифаси истеъмолчиларни мақбул нархлардаги ишончли ва сифатли электр энергияси билан таъминлашдан иборат.
Электр таъминотидаги узилишлар натижасида электроэнергетика корхоналарининг электр энергиясини етказиб беришдан оладиган тушумлари камаяди. Устига-устак, юзага келган носозликларни бартараф этиш харажатлари сабаб катта иқтисодий йўқотишлар юзага келади.
Электр энергияси таъминотидаги узилишларнинг истеъмолчиларга иқтисодий таъсири қандай?
Юқорида таъкидланганидек, бугунги кун жамиятида электр энергияси истеъмолчилари, шу жумладан, аҳоли, иқтисодиётнинг деярли барча ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳалари электр таъминоти узилишлари натижасида жиддий иқтисодий йўқотишларни бошдан кечириши мумкин.
Энг кўп ким зарар кўради?
BloomEnergy`га кўра, электр энергияси таъминотидаги узилишлардан бешта соҳа энг кўп зарар кўради:
- Маълумот марказлари. Электр энергиясидаги узилишлар натижасида кўплаб компаниялар маълумотларини сақлаш ва бошқариш вазифасини бажарувчи маълумот марказлари фаолияти издан чиқиши мумкин;
- Ишлаб чиқариш. Бизнес вакиллари узилиш вақтида ишлаб чиқаришнинг тўхташи билан бир қаторда асбоб-ускуналарнинг зарарланиши хавфидан ҳам азият чекишади. Олдинроқ «Газета.uz» электр таъминотидаги узилишлар бизнес соҳаси вакилларига қандай таъсир қилиши ҳақида ёзган эди;
- Савдо соҳаси. Маҳсулотларни (белгиланган ҳароратда) сақлаш билан боғлиқ муаммолар ҳамда харидорлар оқимининг камайиши савдо соҳаси вакилларига қимматга тушиши мумкин;
- Соғлиқни сақлаш. Соғлиқни сақлаш тизимида беморлар ҳаёти электр таъминоти узлуксизлиги билан чамбарчас боғлиқ. Фавқулодда ҳолатларда шифохоналар захирадаги дизел-генераторларидан фойдаланишлари ҳам мумкин, бироқ улар ишончли эмас. Бундан ташқари, дизел-генераторларида 40 дан ортиқ заҳарли моддалар аниқланган бўлиб, ҳавони ифлослантириши ва одамлар ҳаётига хавф туғдириши мумкин;
- Таълим. АКТ хизматлари, компьютер хоналари ва лаборатория асбоб-ускуналари билан жиҳозланган хоналардан фойдаланиш имконияти чекланади. Маълумот учун, Ўзбекистондаги мактаб, лицей, коллеж ва ОТМлар 24 январдан 1 ойга онлайн таълим тизимига ўтган эди.
Қуйида келтирилган сўнгги 20 йилдаги айрим йирик блэкаутлар мисолида уларнинг электроэнергетика соҳаси ва истеъмолчиларга келтириши мумкин бўлган иқтисодий зарарлари тўғрисида тасаввурга эга бўлишингиз мумкин.
Тарихдаги йирик блэкаутлар
2003 йил 14 августда АҚШ тарихидаги энг йирик электр таъминоти узилиши — блэкаут кузатилган. Натижада АҚШнинг бир қанча штатлари ҳамда Канаданинг Онтарио провинцияси электр энергиясидан узилиб қолган. Электр энергияси таъминоти АҚШда 2−4 кун оралиғида, Канадада эса 22 августга келиб (8 кундан кейин) тўлиқ тикланган.
Блэкаут вақтида қарийб 50 миллион аҳоли электр таъминотисиз қолган. Расмий маълумотларга кўра, АҚШ томонидан кўрилган иқтисодий зарар миқдори камида 4−10 млрд доллар атрофида баҳоланган. Шунингдек, август ойида Канада ЯИМ ҳажми 0,7 фоизга қисқарганлиги қайд этилган.
2003 йил Британия Миллий электр тармоғи корпорацияси электр узатиш тизимида носозлик юз бериб, электр таъминотида узилишларга олиб келган. Натижада корпорация умумий йўқотиши Лондонга етказиб бериладиган қувватнинг тахминан 20 фоизини ташкил этган. 410 минг хонадонлар ва бизнес объектлари электр таъминотидан узилиб қолган. Блэкаут шаҳар метрополитенининг 60 фоиз қисмига таъсир кўрсатган.
Маълумотларга кўра, 2006 йил Ғарбий Европанинг кўплаб мамлакатларида юзага келган узилишлар қарийб 10 миллион аҳоли кундалик турмушига ўз таъсирини ўтказган. Германиядаги Кёлн саноат шаҳарчаси эса бир деганда фалаж ҳолга келиб қолган.
2011 йил Бразилия шимолий-шарқи электр тармоғидаги кенг кўламли электр узилишлари ҳудуддаги 8 та штатни қамраб олган. Мазкур узилишлар натижасидаги йўқотишлар ҳудудга етказиб бериладиган умумий қувватнинг 90,1 фоизига тенг бўлган ва 60 млн доллар иқтисодий йўқотишга олиб келган.
2012 йил 30−31 июль кунлари Ҳиндистонда юз берган энергия таъминотидаги жиддий носозликлар йўллардаги тартибсизликлар, сайёҳларнинг туриб қолиши, молиявий операциялардаги узилишларга олиб келган. Ҳиндистон компаниялари миллиардлаб доллар зарар кўрган. Мамлакатнинг 21 та штатида 650 миллионга яқин аҳоли қарийб 8−10 соат давомида тармоқдан узилиб қолган.
2021 йил январда Покистонда содир бўлган электр энергияси таъминотидаги йирик узилиш мамлакатнинг йирик шаҳарлари, жумладан, пойтахт Исломободга ҳам таъсир кўрсатган. Бу мамлакатдаги энг йирик иссиқлик электр станцияларидан бири «Гудду»да юз берган авария билан изоҳланган. Мазкур блэкаут мамлакатнинг 200 миллиондан зиёд аҳолисини электрсиз қолдиргани айтилади.
Электр энергиясининг узилиши, энг камида, саноат ишлаб чиқаришдаги узилишларга ва умумий ишлаб чиқаришнинг қисқаришига олиб келади, бизнес фаолияти билан боғлиқ электрон операциялар якунланмай қолади, аҳоли электр таъминоти (шу билан бирга, бошқа маиший хизматлар) узилишидан азият чекади, узоқ ёки юқори частотали узилишлар аҳоли орасида ваҳима келтириб чиқариши мумкин, дея таъкидлайди тадқиқотчилар.
Электр таъминотидаги узилишлар натижасида келиб чиқадиган иқтисодий йўқотишларнинг кўламига нима таъсир кўрсатади?
Мутахассисларнинг қайд этишича, электр таъминотидаги узилишларнинг иқтисодий йўқотишлари кўламига асосан узилиш частотаси, узилиш давомийлиги, фойдаланувчиларнинг турлари, узилиш вақти, электр узилишлари ҳақида олдиндан хабар бериш ва бошқа шу каби омиллар таъсир қилади.
Узилишлар частотаси — электр таъминотидаги узилишларнинг қанчалик тез-тез такрорланиши истеъмолчилар фаолиятидаги шунчалик кўп тўхталишларга сабаб бўлади, электроэнергетика корхоналарининг носозликларни бартараф этишга сарф-харажатлари кўпаяди.
Электр энергия таъминотининг тақчиллиги — электр тармоғининг ишончлилик даражаси қанчалик юқори бўлса, узилишлар ва электр таъминоти тақчиллиги хавфи, шу билан бирга, электр узилишларининг иқтисодий зарари кўлами шунчалик кичик бўлади.
Узилиш давомийлиги — узилишнинг дастлабки босқичида йўқотишлар қиймати ошиб боради, бироқ узилиш давомийлиги маълум бир критик қийматдан ошгач, йўқотишлар қиймати аста-секин барқарорлашади. Яъни кутилмаган узилишлар айрим энергия истеъмолчилари фаолиятида кутилмаган шокларни келтириб чиқариши, вақт ўтиши билан эса улар захира энергия ресурсларига ўтишлари билан уларнинг фаолияти қисман тикланиши натижасида йўқотишлар камайиши мумкин.
Истеъмолчиларнинг турлари — истеъмолчилар турли хил истеъмол режимлари ва электр узилишларига толерантликнинг турли даражасига эга, шу нуқтаи назардан электр узилишидан кўриладиган иқтисодий йўқотишлар ҳам турлича.
Узилиш вақти — узилиш истеъмолчиларнинг электр энергияси билан боғлиқ фаолиятининг қайси босқичида юзага келганлигига (кундузи ёки тунда, ёзда ёки иситиш мавсумида ва ҳоказо) қараб йўқотишлар кўлами фарқ қилиши мумкин.
Электр таъминотидаги узилишлар ҳақида олдиндан огоҳлантириш — узилишлар эҳтимоли юзасидан билдиришномалар қанчалик эртароқ берилса, йўқотишлар даражаси шунчалик паст бўлади.
Юқорида сўз юритганимиз — блэкаутларнинг тўғридан-тўғри иқтисодий таъсири ва ҳисоблаб чиқиш мумкин бўлган зарарлари холос. Улар жамият ҳаётида ва иқтисодиётда билвосита, ўлчашнинг имкони бўлмаган катта йўқотишларга ҳам сабаб бўлиши мумкинлиги билан хатарлидир.