Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан ҳамкорликда Глобал экологик фонд (ГЭФ) кўмагида амалга оширилаётган «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида Поп ўрмон хўжалигида ўтинбоп дарахт плантациялари, тоғ террасалари ва уруғ ва ниҳол қаламчалари ўстириладиган нихолхоналар барпо этилди. Хусусан, ўрмон хўжалигида агро ўрмончилик асосида 20 гектар майдонда наъматак ва тез ўсадиган дарахтлар плантацияси, Маргузар участкасидаги 1 гектар майдонда 6,5 мингдан ортиқ терак, қайрағоч, шумтол, заранг, чинор ва ўтинбоп плантацияси учун тол дарахтлари экилган. Космос участкасидаги 1 гектар майдонда, тоғ террассалари яратиш учун 6000 дона ёнғоқ, қортанғи, арча ва наъматак кўчатлари экилди. Парда-Турсун участкасида эса, 1,5 гектар майдонда ярим тонна писта, ёнғоқ, бодом уруғи ва 5000 дона арча ва маҳаллий терак қаламчаларидан иборат кўчатхона ташкил этилди.
«Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси доирасида республикада ўрмон экотизимлари ва ўрмон биохилма-хиллигини барқарорлигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш бўйича комплекс ишлар олиб борилмоқда», – дейди лойиҳанинг техник координатори Олимжон Қаҳҳоров.
Шунингдек, Наманган вилоятида маҳаллий аҳолига шахсий томорқа майдонлари ва давлат ўрмон фонди ҳудудида кўкаламзорлаштириш ишлари олиб бориш учун 10 мингдан зиёд кўчат топшириш акцияси ўтказилди. Акция, ФАО мутахассислари ва Ўрмон қўмитаси билан ҳамкорликда ташкил этилган «Поп ўрмон хўжалигидаги лойиҳа майдонлари учун уруғлар, кўчатлар ва қаламчалар етказиб бериш» тренинг-семинари давомида бўлиб ўтди. Унда, 120 дан ортиқ лойиҳа иштирокчилари, шунингдек маҳаллий аҳоли, ижарачилар ва ўрмон хўжалиги мутахассислари ҳам иштирок этишди.
«Семинарда биз дарахт экишнинг агротехникаси, томорқа майдонларида ишлаш, ўрмон, яйловларни ўзлаштириш ва бошқа масалалар бўйича янги билим ва кўникмаларга эга бўлдик. Ушбу семинар, келажакда ўрмон хўжалиги тизимларини бошқаришда ёрдам беради»,- деди семинар иштирокчиси Моҳира Холбоева.
Шунингдек семинарда ўрмон маҳсулотларини қайта ишлашдан қўшимча даромад олиш, экотуризм, агро ўрмончиликни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишнинг долзарб масалалари ҳам муҳокама қилинди. Булардан ташқари, ёшлар ва аёлларнинг бандлигини таъминлаш, ўрмон ерларини узоқ муддатли ижарага бериш йўли билан маҳаллий аҳолининг ижтимоий-иқтисодий шароитларини яхшилаш ҳақида сўз юритдилар.
«Поп ўрмон хўжалиги, доривор ўсимликлар ва озиқ-овқат зираворларини етиштириш, уларни плантация усулида кўпайтиришга ихтисослаштирилган. ФАО бизга ўрмонларимизни кенгайтиришда катта ёрдам бермоқда. Бугунги тадбир доирасида ФАО ёрдамида, 20 гектар майдонда наъматак плантациясини яратдик. Ҳамкорлигимиз, ўрмон хўжалигида қулай ёндошув ва технологиялардан фойдаланиш, оқилона ресурс тежамкор услубларни жорий этиш, малакали мутахассислар тайёрлаш ва барқарор бошқаришни урганишга қаратилган», – дея таъкидлади Поп ўрмон хўжалиги бош ўрмончиси Акмалжон Мадазимов.
ФАО/ГEФнинг «Ўзбекистон тоғ ва водий ҳудудларида ўрмонларни барқарор бошқариш» лойиҳаси, Ўзбекистоннинг ҳар хил ўрмон экотизимларини ифодаловчи 4 та ҳудуд – Сирдарё, Деҳқонобод, Китоб ва Поп давлат ўрмон хўжаликларида амалга оширилмоқда. Ушбу ҳудудларда, ўрмонларни барқарор бошқариш, ўрмон ҳудудларининг ахборот тизимлари ва электрон хариталарини яратиш, маҳаллий аҳолини ўрмон хўжалигини бошқариш жараёнларига кенг жалб қилиш ишлари олиб борилмоқда.