Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
“Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлиги Ўзбекистон Республикасининг суверен кредит рейтинги бўйича навбатдаги ҳисоботини чоп этди. Ҳисоботга кўра, мамлакатимиз суверен кредит рейтингининг баҳоси ўзгаришсиз ВВ- (барқарор кутилма) даражада сақлаб қолинди.
Бу ҳақда Молия вазирлиги хабар берди.
Маълумот учун: Жорий йилнинг 25-26 март ва 29-31 март кунлари “Fitch Ratings” халқаро рейтинг агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Марказий банк, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги мутасадди раҳбарлари ҳамда халқаро молия институтлари ва хорижий ташкилотлар билан телеконференциялари бўлиб ўтди.
Агентлик Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтингини йилда икки марта қайта баҳолайди ва баҳолаш жараёнида республикамиздаги сўнгги иқтисодий янгиликлар билан танишади.
Пандемия туфайли юзага келган инқироз сабаб 2020 йилнинг март ойидан бери агентлик баҳолаган мамлакатларнинг 48 фоизининг (бунда суверен кредит рейтинг кутилмаси салбийдан қайта барқарорлашган мамлакатлар киритилмаган) суверен кредит рейтинги пасайтирилган ёки кутилмаси салбий томонга ўзгартирилган.
Мамлакатимизнинг мустаҳкам ташқи ва фискал захиралари, мўътадил давлат қарзи даражаси ва ўсиш суръатлари республикамиз суверен кредит рейтингини қўллаб-қувватловчи омиллар сифатида санаб ўтилган. Шу ўринда, мамлакатнинг хом-ашё товарларига боғлиқлиги, институционал ва бошқарув сифати даражаларининг сустлиги, юқори инфляция даражаси, ва аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотининг (ЯИМ) пастлиги республика кредит рейтингини чекловчи омиллар сифатида келтирилган.
Ҳисоботга кўра, Ўзбекистоннинг фискал, монетар ва валюта сиёсатларини яхшилашга ва унинг иқтисодиётдаги муҳим тармоқларга аралашувини камайтиришга қаратилган ислоҳотлардаги ютуқлари ва халқаро молия институтларининг молиявий ва техник кўмаги мамлакатнинг COVID-19 пандемиясига қарши чидамли бўлганини намоён этди.
Агентлик 2020 йилда “BB” рейтингига эга давлатларнинг иқтисодиёти ўртача 4,4 фоизга қисқарганини, Ўзбекистон эса 1,6 фоиз ўсишга эришиб, иқтисодий барқарорликни олтин қазиб олиш саноати билан боғлиқ ишлаб чиқариш, қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳалари орқали таъминлаганини айтиб ўтган.
“Fitch Ratings” ўз ҳисоботида мамлакатимиз иқтисодиётининг келгуси ривожига тўхталар экан, фискал чоралар орқали иқтисодиётда истеъмол ва инвестицияларни қўллаб-қувватлашни давом эттириш ва асосий савдо шерикларимиз иқтисодиётининг тикланиши эвазига 2021-2022 йилларда республикада иқтисодий ўсиш 5-5,5 фоизни ташкил этишини прогноз қилмоқда. Бироқ, прогнозлар пандемия билан боғлиқ вазиятнинг ўзгариши ва вакцинациянинг кечиктирилиши сабаб салбий томонга ўзгариши мумкинлиги таъкидланган.
Ҳисоботда агентлик Ўзбекистон Республикаси давлат қарзи пандемиядан аввал ҳам юқори суръатларда ўсганига қарамай, давлат қарзини бошқаришдаги кутилаётган чоралар ва мақроиқтисодий кўрсаткичлар асосида ўрта муддатда давлат қарзининг “BB” рейтингига эга давлатлар медианасидан паст даражада ўсишини прогноз қилмоқда.
Шунингдек, 2021 йил учун “Давлат бюджет тўғрисида”ги қонунда белгиланган давлат қарзининг ЯИМга нисбатан 60 фоизлик чегарасини ҳукумат томонидан “Давлат қарзи тўғрисида”ги қонун лойиҳасига киритиш режаси ва 2020 йилдан бери янги жалб қилинадиган давлат қарзига ўрнатилиб келинаётган йиллик лимитлар агентлик томонидан алоҳида эътироф этилди.
Агентликнинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги (шу жумладан рейтинг кутилмаси) қуйидаги ҳолларда оширилиши мумкин:
– макроиқтисодий барқарорликни таъминлаган ҳолда юқори иқтисодий ўсишга эришилганда;
– “қонун устуворлиги”, “аҳоли фикрини инобатга олиш ва ҳисобдорлик”, “тартибга солиш сифати” ва “коррупцияни назорат қилиш” каби бошқарув стандартлари сезиларли яхшиланганда;
– фискал ва ташқи захиралар сезиларли ошганда.
Ўзбекистоннинг суверен кредит рейтинги қуйидаги ҳолларда пасайтирилиши мумкин:
– паст иқтисодий ўсиш натижасида бюджет харажатларининг ошиши, давлат қарзининг ЯИМга нисбатининг ёмонлашуви, суверен фискал буферларнинг (ЎТТЖ) камайиши;
– банк кредитлари ҳажмининг тез суръатлар билан ошиши ортидан жорий операциялар ҳисоби манфий сальдосининг катталашуви, халқаро захираларнинг сезиларли даражада камайиши ёки ташқи мажбуриятларнинг тез ортиши.