Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Президент қарори билан Тошкент вилоятидан пойтахт туманларига ўтказилаётган суғориладиган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги экинлари плантация усулида жойлаштирилади. Интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, лизинг асосида 7 йил муддатга аҳолига берилади. Тошкент шаҳар қишлоқ хўжалиги бошқармаси ташкил этилади.
18 ноябрь куни президент Шавкат Мирзиёевнинг «Тошкент шаҳрида суғориладиган ерлардан самарали фойдаланишни ташкил этиш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда бошқарув тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Norma хабар бермоқда.
Ҳужжат билан Тошкент вилоятидан Тошкент шаҳри Бектемир, Сергели, Яшнобод, Мирзо Улуғбек ва Янгиҳаёт туманларига ўтказилаётган суғориладиган ер майдонлари, боғлар ва токзорларда қишлоқ хўжалиги экинлари яхлит майдонларга плантация усулида жойлаштирилади.
Шунингдек, аҳоли ишсизлигини камайтириш мақсадида ажратилаётган ҳудудлардаги 20 гектардан кам бўлмаган ерларда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан интенсив боғ ва токзорлар барпо этилиб, лизинг асосида 7 йил муддатга аҳолига берилиши кўзда тутилмоқда.
Қарорга мувофиқ, ўтказилаётган ер майдонларида ҳар бир ҳудуднинг ихтисослашуви, тупроқ-иқлим шароити, ерларнинг мелиоратив ҳолати, унумдорлиги, сув билан таъминланганлигини ҳисобга олиб ҳамда қайта ишловчи, тайёрловчи ва экспорт қилувчи ташкилотларнинг талабларидан келиб чиққан ҳолда қишлоқ хўжалиги экинлари тўлиқ экилади.
Қайта ишлаш ва экспорт ҳажмларини 3 бараварга ошириш учун қайта ишлаш ташкилотлари, музлаткичли омборхоналар ва логистика марказлари 2021−2022 йиллар давомида тўлиқ ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Ўтказилаётган ер майдонларида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасида қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилиши ва уларнинг ижроси устидан назорат қилиш вазифаси Бош прокуратуранинг Аграр ва озиқ-овқат соҳаларини ривожлантиришга оид қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармасига юклатилади.
Қарор билан Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимида Тошкент шаҳар қишлоқ хўжалиги бошқармаси ташкил этилади.
Ўтказилаётган ер майдонларида ерлардан фойдаланишни ташкил этиш ва муҳофаза қилиш соҳасида давлат назорати Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг Қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш бошқармаси томонидан амалга оширилади.