Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Жорий йилнинг 25 август куни Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзаков Бирлашган Араб Амирликлари иқтисодиёт вазири Абдуллоҳ бин Тук ал-Марри билан учрашди.
Учрашув чоғида инвестициявий, савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтиришнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.
Ўтган икки йил мобайнида қўшма инвестиция лойиҳалари портфелини кенгайтиришда салмоқли натижаларга эришилгани таъкидланди – айни пайтда БААлик ҳамкорлар билан умумий қиймати 5 миллиард долларга яқин 15 лойиҳа амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, тўқимачилик ва заргарлик саноати каби қатор тармоқларда ва бошқа соҳаларда ишга солинмаган улкан инвестициявий салоҳият мавжудлиги алоҳида таъкидланди. Шунингдек, Ўзбекистонда амалга оширилаётган давлат хусусийлаштириш дастурида иштирок этиш учун БАА инвесторларини жалб этиш имкониятлари кўриб чиқилди.
БАА Озиқ-овқат ва сув хавфсизлиги вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ўртасида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатида қўшма дастур ва лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганиш бўйича тўғридан-тўғри ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан келишувга эришилди.
Абу-Даби ривожланиш жамғармаси кўмагида ташкил этилган Ўзбекистон – БАА инвестиция компаниясининг муваффақиятли фаолияти қайд этилди. Ўз фаолиятини бошлаганидан буён компания Ўзбекистонда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга 100 миллион долларга яқин маблағни жалб этди. Бирлашган Араб Амирликлари томони Ўзбекистон – БАА инвестиция компанияси ресурслари ҳисобига биргаликда молиялаштириладиган истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш мақсадида БАА салоҳиятли инвесторлари орасидан янги ҳамкорларни жалб этишда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги савдо айланмасини ошириш механизмлари алоҳида муҳокама қилинди. Форс кўрфази мамлакатлари бозорларига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни етказиб бериш географиясини кенгайтириш шарт-шароитлари ҳам қайд этилди.
Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни давом эттириш ва мавжуд масалаларни тезкор муҳокама қилиш ва ҳал этиш учун яқин муносабатларни давом эттиришга келишиб олдилар.