Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Жаннатмонанд заминимиз гавҳарига қиёс қилгулик гўшаси – Фарғона водийсига йўлингиз тушса, уста-ҳунармандлар юрти – Риштонга бирров бўйламай кетишнинг иложи йўқ. Зеро, Риштон фусункор табиати, очиқ чеҳрали одамлари, анъанавий зироатчилиги билан бир қаторда ўзига хос ҳунармандчилик мактабига ҳам эгаки, унинг шуҳрати аллақачон етти иқлимга тарқалган. Айниқса, Риштон кулолчилиги асрлар оша, авлодлар оша бардавом ривожланиб келмоқда.
Айни кунларда бу ерга ташриф буюрсангиз, яна бир хайрли ишнинг устидан чиқасиз. Гап шундаки, Риштонда мамлакатимизда ҳозирча ягона бўлган йирик кулолчилик мажмуаси қад ростлаб, энг сўнгги пардозлаш ишлари якунига етмоқда. Уста кулоллар учун барча шарт-шароитга эга устахона ҳамда тураржойлардан иборат мажмуа келгусида юртимиз ва хорижлик сайёҳларни ҳам ўзига ошуфта этадиган муаззам масканга айланиши кутиляпти.
Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ушбу кулолчилик марказини барпо этиш ишларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзақов бошчилигида «Ўзсаноатқурилишбанк» қошидаги «SQB Capital» компанияси сафарбар қилинган.
1,1 гектар ер майдонни эгаллаган, миллий ва замонавий меъморчилик анъаналари уйғунлашган қўш қаватли Риштон кулолчилик мажмуаси 20 нафар ҳунарманд учун шинам хонадонларни, устахона ва савдо дўкони, музей-галерея ва банк хизматлари марказини ўз ичига олади.
Дарвоқе, мажмуа фаолият бошлаши билан 230 га яқин иш ўрни яратилади. Шу билан бирга моҳир қўллар соҳиблари яратган нодир кулолчилик маҳсулотларини хорижга экспорт қилиш ишлари ҳам қатъий изга тушади. Мажмуага ёндош Хўжа Рушноий тарихий ёдгорлиги ҳам «Ўзсаноатқурилишбанк» ҳомийлигида капитал таъмирланиб, ободонлаштирилаётгани янада қувонарлидир.
Банк Ахборот хизмати