Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимиз тараққиётининг замонавий босқичида миллий статистика соҳасини ислоҳ қилиш, халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибаларни амалиётга кенг жорий этиш, асосийси, статистик маълумотларнинг ишончлилиги, шаффофлиги ва очиқлигини таъминлашга устувор эътибор қаратилмоқда. Бунинг амалий натижалари эса кенг жамоатчилик, шу жумладан, халқаро статистика ҳамжамияти ҳамда халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилаётгани айни ҳақиқатдир.
Ҳар қандай тизимнинг фаолият самарадорлиги бевосита унинг меъёрий-ҳуқуқий асослари қай даражада мукаммаллигига боғлиқ бўлади. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат статистикаси тўғрисида»ги қонуни салкам 19 йил аввал, 2002 йилда қабул қилинган бўлиб, таҳлиллар унинг бугунги кун талабига ва халқаро тавсияларга тўлиқ мос келмаслигини кўрсатмоқда. Шунга кўра Ўзбекистон Республикасининг «Расмий статистика тўғрисида»ги қонуни ишлаб чиқилиб, яқинда Олий Мажлис Сенати томонидан маъқуллангани соҳа ривожида янги даврни бошлаши, шубҳасиз.
Соҳа қонунчилигида Ўзбекистон Республикасининг 2020 йил 16 мартда қабул қилинган «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонуни ҳам муҳим аҳамият касб этади ва мустақил Ўзбекистон тарихида илк бор аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш ва унинг тизимли амалга оширилишини таъминлашнинг муҳим ҳуқуқий пойдеворини яратади.
Ушбу мамлакат ҳаётидаги муҳим тадбирни юқори сифатда ўтказиш юзасидан барча зарур тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Мунтазам равишда республика миқёсида аҳоли ўртасида кенг тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда. Тадбирга доир видеороликлар, мақолалар ва учрашувлар аҳолининг кенг қатламида бу борадаги саводхонлигини оширишга хизмат қилмоқда.
Асосий табдир 2023 йилга белгиланган, шу билан бирга 2021 йилда Андижон вилоятининг Хўжаобод тумани, Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ тумани, Хоразм вилоятининг Хива шаҳри ва Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида синов тариқасида ялпи аҳолини рўйхатга олиш ўтказилиши режалаштирилган.
Умуман олганда мазкур тадбирни ўтказиш якунида мамлакатимизда аҳоли ва унинг турмуш тарзига доир муҳим социал кўрсаткичларни аниқлаб олиш имкониятига эга бўлинади.
Яна бир муҳим ҳужжат бу – «2020-2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси статистикасини ривожлантиришнинг миллий стратегияси» бўлиб, Стратегия доирасида ташкилий-ҳуқуқий ва статистик инфратузилмани такомиллаштириш, фойдаланувчилар ва етказиб берувчилар ўртасида самарали мулоқот ўрнатиш, ахборот-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, алоҳида статистик йўналишлар, тармоқ ва ҳудудлар статистикасини такомиллаштириш ҳамда тизимда кадрларни тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари муҳим йўналишлар сифатида белгиланган. Уларни ҳаётга татбиқ этиш бўйича 86 банддан иборат «Йўл харитаси» тасдиқланган.
Соҳани ислоҳ қилишда статистик методологияни халқаро андозаларга мослаштириш масаласига ҳам жиддий ёндашилмоқда. Хусусан, бугунги кунда умумий ҳисобда 200 дан зиёд статистик услубиётлар мавжуд бўлиб, шулардан 111 таси сўнгги тўрт йилда, шу жумладан, 8 таси 2021 йилнинг ўтган даврида янгидан қабул қилиниб, амалиётга жорий этилди. Бундан ташқари сўнгги тўрт йилда 26 та, 2021 йилнинг ўтган даврида эса 4 та статистик услубиёт такомиллаштирилди.
Инфляция даражасини ҳисоблаш ва мониторингини юритиш борасидаги ишларни халқаро андозаларга мослаштириш мақсадида янги методика ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилди. 2018 йилдан бошлаб инфляцияни баҳолаш ишлари БМТ Статистика бўлими ва Халқаро валюта жамғармаси тавсиялари асосида ўзгармас вазнларда амалга оширилиши йўлга қўйилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан тавсия этилган «Миллий ҳисоблар тизими-2008» талабларини амалиётга тўлиқ жорий этиш, шунингдек, мамлакат ялпи ички маҳсулоти кўрсаткичларида яширин иқтисодиёт ҳажмларини қамраб олиш юзасидан «Йўл харитаси» ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич тегишли тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Очиқлик ва шаффофлик тамойилларига риоя этиш – бу йўналишда ҳам айниқса, сўнгги тўрт йил туб бурилиш даври сифатида таърифланади. Жумладан, одатий жадвал кўринишида тақдим этиладиган статистик маълумотлардан ташқари пресс-релизлар кўринишида таҳлилий-статистик маълумотларни тайёрлаш ва тарқатиш амалиёти жорий этилди. Халқаро андозалар ва илғор хорижий тажрибаларни чуқур ўрганган ҳолда чоп этиладиган статистик нашрлар сифат ва ҳажм жиҳатидан буткул янгиланди.
Баходир БЕГАЛОВ,
Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси Раиси, и.ф.д., профессор