Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Фаол инвестиция сиёсати юритилиши иқтисодиётни таркибий ўзгартиришнинг энг самарали воситаси ҳисобланади. Сўнгги йилларда қулай инвестиция шарт-шароитларини юзага келтиришга қаратилган давлат сиёсати туфайли, хорижий инвестициялар, биринчи навбатда, тўғридан-тўғри жалб этилаётган инвестициялар оқими мунтазам ўсиб борувчи тенденция шаклига кирганлиги ҳамда иқтисодиётнинг деярли барча соҳаларига бирдек тақсимланиши уларни параллель ривожланишини таъминламоқда.
Мамлакатимизда инвестиция муносабатларини ривожлантиришга қаратилган қулай муҳит сабабли, 2015 йилда 2014 йилга нисбатан 9,5 фоизга кўп, яъни 15,8 млрд долларга тенг миқдордаги инвестициялар ўзлаштирилди. Жами инвестицияларнинг 67,1 фоизи янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга йўналтирилди. Бу эса, 2015 йилда умумий қиймати 7,4 млрд доллар бўлган 158 та йирик ишлаб чиқариш объектлари қурилишини якунлаш ва фойдаланишга топшириш имконини берди.
Мамлакатимизда инвестиция муносабатларини такомиллаштириш борасидаги энг долзарб масалалардан бири – инвестиция фондлари фаолиятини ривожлантиришдир. Айни пайтда ҳукуматимиз томонидан бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда, яъни, инвестиция фаолиятини тартибга солувчи қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинмоқда. Хусусан, инвестиция фондларини ривожлантириш борасида 2015 йил 25 августдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг ЎРҚ-392-сонли қарори билан «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.
Ушбу қонундаги асосий қоидаларни ҳамда инвестиция ва пай фондлари фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга оид хусусиятларни кўриб чиқамиз. Бунда ўз моҳиятига кўра, инвестиция фонди юридик шахс – акциядорлик жамияти ҳисобланади. Бу каби фондлар жаҳон амалиётида кенг тарқалган.
Улар инвесторларнинг пул маблағларини жалб этиш ва инвестиция активларига қўйиш мақсадида акциялар чиқаради. Бунда инвестиция активлари сифатида инвестиция портфелини ташкил этувчи қимматли қоғозлар, улушлар, пул маблағлари (шу жумладан, валюталар), омонатлар ва кўчмас мулк бўлиши мумкин. Инвестиция фонди таъсисчилари (акциядорлари) юридик ва жисмоний шахслар бўлиши мумкин.
Инвестиция фонди икки турда ташкил этилиши мумкин: ўзи чиқарган акцияларни қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга ва қайтариб сотиб олиш мажбуриятига эга бўлмаган. Инвестиция фондининг тури фонднинг таъсис ҳужжатларида кўрсатилади.
Инвестиция фонди ўз фаолиятини фақат лицензия асосида амалга оширади.
Инвестиция фондининг бошқарув органлари акциядорларнинг умумий йиғилиши, кузатув кенгаши ва ижроия органи ҳисобланади. Ижроия орган ваколатларини ишончли бошқарувчи амалга оширади.
Ишончли бошқарувчи – бу, инвестиция фондларини ишончли бошқариш шартномаси асосида фаолиятни амалга оширувчи юридик шахс, қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчисидир.
Ишончли бошқарувчи ва инвестиция фонди ўртасида тузиладиган ишончли бошқариш шартномаси, бошқариш чоғидаги чекловларни, ҳақ тўлаш ва харажатларнинг ўрнини қоплаш тартибини, шартноманинг амал қилишини тугатиш асослари ва шартларини, тарафларнинг жавобгарлигини ҳамда қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа қоидаларни назарда тутади. Ишончли бошқариш шартномасида унинг ажралмас қисми бўлган ва инвестиция активларининг таркибига нисбатан талаблар қўядиган инвестиция декларацияси бўлиши керак.
Ўз моҳиятига кўра, инвестиция декларацияси ИФ мақсади тўғрисида батафсил акс эттирилган қоидаларни назарда тутади. Ушбу ҳужжат инвесторларга мавжуд ИФ орасидан афзал кўрганини танлаш, ўз маблағларини жойлаштиришга имкон беради. Инвестиция декларацияси қоидалари инвесторга у танлаган фонд ва ишончли бошқарувчи томонидан таклиф этилаётган инвестиция объектини ўзгартириб юбормаслик учун қўшимча кафолат беради.
Инвестиция фонди фаолияти бўйича бир қатор чекловлар қўйилган. ИФ фаолияти йўналишларига қатъий чеклов Ўзбекистон Республикасининг «Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонунининг 25-моддасида ҳам кўрсатиб ўтилган: «Инвестиция фондининг фаолияти бошқа турдаги фаолият билан бирга қўшиб олиб борилиши мумкин эмас». Ушбу чеклов кўп жиҳатдан ИФ акцияларини сотиб олувчи инвесторлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга йўналтирилган.
ИФ ташкил этишда унинг акциялари қийматини тўлаш пул маблағлари, қимматли қоғозлар, улушлар, шунингдек, кўчмас мулк ва бошқа мол-мулк, мулкий ҳуқуқлар билан амалга оширилади. Бунда унинг устав капиталининг камида 75 фоизи пул шаклида тўланиши керак. ИФ акцияларини жойлаштириш фонд биржасида амалга оширилади.
«Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида»ги қонуннинг 3-моддасига асосан, акция – ўз эгасининг акциядорлик жамияти фойдасининг бир қисмини дивидендлар тарзида олишга, акциядорлик жамиятини бошқаришда иштирок этишга ва у тугатилганидан кейин қоладиган мол-мулкнинг бир қисмига эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқловчи, амал қилиш муддати белгиланмаган, эмиссиявий қимматли қоғоздир. У акция эгасининг номи ёзилган қимматли қоғоз ҳисобланади.
Инвестиция фондлари чиқарган ва уларга тегишли қимматли қоғозларга бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш, шунингдек, уларни сақлаш Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан амалга оширилади.
Ишончли бошқарувчи инвестиция фонди активларининг алоҳида ҳисобини юритади, улар яхлитлигини ва бут сақланишини таъминлайди, шунингдек, инвестиция фондининг молия, солиқ ҳисоботлари ҳамда бошқа ҳисоботларининг тўғрилиги ва ишончлилиги учун жавобгар бўлади.
Пай инвестиция фонди республикамиздаги инвестиция фаолияти соҳасидаги янги ҳодиса ҳисобланади. «Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида»ги қонуннинг ушбу турдаги фондларга доир қоидаларини 2017 йил 1 июлдан эътиборан амалга киритиш белгиланган.
Кўриб чиқилаётган қонунга асосан, пай фонди (ПФ) Ўзбекистон Республикасида инвестиция фаолиятини шундай ташкил этиш шаклики, унинг доирасида инвесторлар пул маблағларини инвестициялаш мақсадида профессионал менежерларнинг ишончли бошқарувига топширади. Пай фонди юридик шахс бўлмайди.
Ишончли бошқарувчи – қимматли қоғозлар бозорининг профессионал иштирокчиси – пай фондини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилади, инвестор ишончли бошқарувчи билан тузиладиган шартнома асосида пай фондига пул маблағларини киритади, ишончли бошқарувчи инвесторларнинг пул маблағларини умумий улушли мулк ҳуқуқи асосида пай фондига бирлаштиради ва ўзининг алоҳида банк ҳисоб-варағига инвесторлар пул маблағларини киритганидан кейин икки иш куни ичида уларга инвестиция пайларини беради.
Пай фондини ишончли бошқариш шартномаси қўшилиш шартномасидир, ишончли бошқарувчининг раҳбари томонидан шартномани имзолаш ва унга қўшилиш тартиби пай фондининг инвесторлари билан тузилади.
Ишончли бошқариш шартномасида инвестиция фондига оид шартнома ёки инвестиция декларацияси бўлиши керак.
Инвестиция фондидагидек, пай фондини ташкил этиш, инвестиция декларациясида уларнинг мақсади тўғрисидаги қоидалар бўлиши керак. Пай фондини ишончли бошқариш шартномаси қўшилиш шартномаси бўлса-да, унинг инвестиция декларацияси, пай фонди инвесторлари (инвестиция пай эгалари)нинг қарори билан тасдиқланади. Ушбу қоида айрим хорижий мамлакатлардаги, масалан, Россиядаги пай фондларидан фарқли ўлароқ, инвесторлар – пай эгаларига инвестиция қарорларини қабул қилишда иштирок этишга имкон беради.
Ишончли бошқарувчи пай фонди Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсида ҳисобга қўйилганидан кейин инвесторларнинг пул маблағларини тасарруф этади, уларни ишончли бошқарувчининг раҳбари ва Қимматли қоғозлар марказий депозитарийсининг ваколатли мансабдор шахси томонидан имзоланадиган тўлов ҳужжати асосида сарфлайди.
Инвестиция активлари бўйича олинган даромадлар пай фондининг инвестиция пайлари эгалари ўртасида йилда бир марта тақсимланади ёхуд инвестиция пайларининг барча эгалари розилигига кўра қайта инвестиция қилинади.
Инвестиция пайи – бу, ўз эгаларининг пай фондидаги улушини тасдиқловчи ҳужжатсиз қимматли қоғоздир. Инвестиция пайига бўлган ҳуқуқлар Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси томонидан инвестиция пайлари эгасининг депо ҳисоб-варағидан бериладиган кўчирма билан тасдиқланади.
Инвестиция пайининг муомаласи унинг фонд биржасидаги олди-сотдиси ва инвестиция пайининг эгаси алмашишига олиб келадиган бошқа ҳаракатларни бажариш орқали амалга оширилади.
Инвестиция фондидагидек, ПФ инвестиция активлари сифатида инвестиция портфелини ташкил этувчи қимматли қоғозлар, улушлар, пул маблағлари (шу жумладан, чет эл валюталари), омонатлар ва кўчмас мулк бўлиши мумкин.
ПФ инвестиция активларини тасарруф этишда ҳам бир қатор чекловлар қўйилган.
Мазкур қонунда ИФ ва ПФ фаолияти тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш борасида асосий қоидалар берилган. Хусусан, ахборотни ошкор этиш ишончли бошқарувчи томонидан инвестиция фондларининг, пай фондлари ишончли бошқарувчисининг, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг, шунингдек, фонд биржасининг расмий веб-сайтларида қонун ҳужжатларига мувофиқ эълон қилиш ҳамда ахборотни белгиланган тартибда сўровга кўра тақдим этиш орқали амалга оширилади.
Ушбу қоидалар батафсил кўринишда Ўзбекистон Республикаси хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази бош директорининг 2012 йил 24 июлдаги 2012–13-сонли буйруғи билан тасдиқланган «Қимматли қоғозлар бозорида ахборот тақдим этиш ва эълон қилиш қоидалари» номли ҳужжатда берилган.
Умуман олганда, қонунчилик ишончли бошқарувчини ИФ ва ПФ тўғрисидаги кенг кўламли ахборотларни ошкор этиб боришни талаб этади.
Шундай қилиб, бугунги кундаги мавжуд инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солиш тизими шуни таъкидлашга имкон берадики, ушбу фондлар инвестиция фондлари мол-мулки ва пай фондлари инвестиция пайларини ташкил этувчи акцияларнинг максимал даражада ишончлилигига ва юқори ликвидлилигига нисбатан қаттиқ талабларга устунлик берадиган жиддий, пухта ишланган қонуний базага эга. Бу, бизнинг фикримизча, республикамизда инвестиция ва пай фондлари оммалашишига маълум даражада ҳисса қўшади.
Ўзбекистонда инвестиция фондлари қарийб 20 йилдан буён фаолият юритмоқда. Инвестиция фондлари иқтисодиётга инвестиция киритиш мақсадида жисмоний шахслар маблағларини жалб қилиш учун ташкил этилган асосий молия институти ҳисобланишига қарамай, улар кичик инвестор – жисмоний шахслар фаолиятида ҳозиргача оммавий кўринишга эга бўлмаган.
Хусусий инвесторларни паст фаоллик даражасининг асосий муаммолари сифатида ахборот етишмаслиги, аҳолининг паст даражада молиявий саводхонлиги ва инвестиция фондлари моҳиятини тушуниши кабиларни қайд этиш мумкин. Шунинг учун инвестиция фондлари турлари ва фаолиятининг мақсадлари тўғрисидаги ахборотни тартибга солиш, уларни таснифлаш, таққослаб таҳлил қилиш ва тавсифлаш, бизнинг фикримизча, хусусий инвесторларнинг ушбу жамоавий инвестициялаш институтларига ва умуман, қимматли қоғозларга қизиқишини кескин кўтариш мумкин.
Шу жиҳатдан республикамизда ИФ ва ПФ доирасида инвестиция фаолиятини рағбатлантиришда Европа Иттифоқи мамлакатлари ва АҚШ фонд бозорларини ҳуқуқий тартибга солиш тизимларида фундаментал ва фаол амалга оширилаётган тамойиллардан бири ҳисобланган ахборотни мунтазам равишда ошкор этиш тамойилини етарли даражада татбиқ қилиш муҳим аҳамият касб этади. Ахборотни ошкор этиш тамойилининг моҳияти шундан иборатки, инвесторда жамоавий инвестициялаш воситаси активларининг жорий ҳолати тўғрисидаги ахборотни ўз вақтида ва тўла-тўкис олиш имкони мавжуд бўлади.
Бу жиҳатдан республикамиз амалиёти мазкур камчиликлардан холи эмас. Масалан, 2016 йил август ҳолатига айрим инвестиция фондларининг веб-сайтлари йўқ. Мавжуд веб-сайтлардаги ахборотлар ўз вақтида янгиланиб борилмаслиги фойдаланувчилар учун ўз долзарблигини йўқотади. Мисол учун, «Daromad Plus» инвестиция фонди сайтининг «Ривожланиш стратегияси» бўлимида зарур ахборотлар тақдим этилмаган. «Бизнес-режа» бўлими ахбороти ўз вақтида янгилаб борилмайди: 2015 йилга мўлжалланган бизнес-режа берилган, аммо 2016 йилга тегишли ҳужжат тақдим этилмаган.
Ўзбекистон Республикасининг инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солувчи қонун ёрдамида аҳолининг кенг табақалари ҳамда тадбиркорларни профессионал бошқаришга жалб этиш, хавф-хатарни диверсификациялашга, харажатни камайтириш ва ишончли инвестиция киритишлари учун имкониятларга эга бўлишлари таъминланади. Ушбу қонуннинг ижобий жиҳатлари қуйидагилар:
● кичик инвесторларнинг инвестицияларни профессионал бошқаришга киришиши;
● инвесторларнинг хавф-хатарлари диверсификацияланиши;
● операцияларнинг кўлами ҳисобига харажатлар камайиши;
● якка тартибдагига қараганда, жамоавий инвестициялашнинг ишончлилиги.
Умуман, қонун ҳужжати қабул қилинганлиги қимматли қоғозлар бозори томонидан унинг асосий сафарбарлик вазифасини бажаришга яқиндан ёрдам беради.
Республикамизда инвестиция ва пай фондларини ўрта истиқболда барқарор ривожлантириш устувор йўналишлари сифатида қуйидагилар белгиланиши мақсадга мувофиқ:
● республика қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш, унинг капиталлашув даражасини ошириш ва инфратузилмасини такомиллаштириш чораларини кўриш;
● қимматли қоғозлардан олинадиган даромадларнинг йиллик инфляция даражасидан паст бўлмаслигини таъминлаш;
● инвестиция ва пай фондларининг инвестиция портфели таркибини диверсификациялаш, хусусан, инвестиция объектларини кўпайтириш;
● инвестиция ва пай фондлари ўртасидаги рақобат муҳитини яхшилаш чораларини кўриш;
● республикада инвестиция фаолиятини рағбатлантириш мақсадида инвестиция ва пай фондлари доирасида ахборотни ошкор этиш ва ўз вақтида янгилаб бориш тамойилини етарли даражада тўла амалга ошириш;
● инвестиция ва пай фондлари фаолиятини тартибга солишнинг ҳуқуқий базасини янада мустаҳкамлаш.
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда инвестиция ва пай фондларини жаҳон тажрибалари асосида ривожлантириш жамоавий инвестициялашни фаоллаштиришга, шунингдек, фонд бозорининг иқтисодиёт тармоқлари ўртасидаги капиталининг эркин оқимини таъминлашга, инвесторлар ва аҳолининг кенг табақаларига фонд бозорига кириш имконини бериш ва омонатларни шакллантириш, уларни иқтисодиётнинг реал секторига киритилган инвестицияларга айлантириш учун муқобил имкониятларни яратиш учун хизмат қилади.
Мунира СУЛТОНБОЕВА,
катта илмий ходим-изланувчи