(O´zbek) Bugungi niyat – ertangi haqiqat

5-6/2017

Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Якунланган йил бухороликлар учун ҳам қут-ба­ракали келди. Вилоят аҳли ижтимоий-иқтисо­дий ислоҳотларни янги босқичга кўтариш, барча соҳаларни замонавийлаштириш борасида салмоқли ютуқларга эришди. Яъни, 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид давлат ва ҳудудий дастурлар иж­росини таъминлашга жиддий эъти­бор қаратилди. Чунки, мазкур ҳуж­жатларда айни даврда вилоят ҳаётига бевосита боғлиқ энг устувор йўналишлар бўйича жами 2,5 трлн сўмдан зиёд ва 164,9 млн доллар миқдоридаги маблағни молиялаштириш режалаш­тирилган.
     «Бугунги ният – эртанги ҳақиқат» деганларидек, белгиланган барча саъй-ҳаракатлар зое кетмади. Масалан, 70 млн доллар миқдоридаги им­тиёзли кредитлар шарофати ўлароқ, қишлоқ хўжалигига тааллуқли 121 та лойиҳа молиялаштирилди. Иқтисо­диёт юқори даражада ўсишига, миллий валюта ва нархлар барқарорли­гига эришиш бўйича интилишлар ҳам самарали бўлди. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 2,6 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 5,2 фоиз, капитал қўйил­малар 25,1 фоиз, пудрат ишлари 3,8 фоиз, чакана савдо 4,8 фоиз ортиғи билан бажарилди, жами хизматлар 5,1 трлн сўмни ташкил этди.
     Бултур таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, етакчи тармоқларни модернизациялаш ва диверсификациялаш ҳисобига миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини ошириш мақ­садида яна бир хайрли ишга қўл урилди. Аниқроғи, 2017–2018 йилларда Бухоро вилоятини комплекс ривожлантириш дастури ишлаб чи­қилди. Ишончимиз комилки, у ҳудуд ижтимоий-иқтисодий ҳаётини юксалтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бундай дейишимизнинг боиси, бу ҳужжатда икки йил ичида вилоят бў­йича 7276 та лойиҳадан амалда фойдаланиш, беш трлн сўм ва 183 млн доллардан ортиқ маблағларни ўзлаштириш ва 42087 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Жумладан, саноатни тараққий эттириш бўйича 907 та, сервис ва хизмат кўрсатишда 1609 та, қишлоқ хўжалигида 1759 та лойиҳа амалга оширилади. Ирригация-мелиорация тизимларидаги 63 та, йўл-транспорт инфратузилмасидаги 100 та, сув таъминоти ва канализация тизимидаги 52 та, электр таъминотидаги 111 та, газ таъминотидаги олтита объектда кенг кўламли ишлар бажарилади. Шунингдек, алоқа тармоғи ва телекоммуникация тизими, намунали уй-жойлар, таълим ва касб-ҳунар масканлари, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт иншоотлари, бозорлар, янги майдон ва хиёбонлар қурилишига оид бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилади.
     Дастурга асосан, ўтган йили ишлаб чиқариш қувватларини фойдаланишга топширишга тааллуқли жами қиймати 1024,5 млрд сўмлик 408 та лойиҳа ҳаётга татбиқ этилиши ло­зим эди. Амалда тўқимачилик ва тикувчилик, чарм-пойабзал, фармацев­тика, озиқ-овқат ҳамда қурилиш ма­териаллари ишлаб чиқаришда умумий қиймати 343,3 млрд сўм ва 500 минг долларга тенг 470 та лойиҳа амалга оширилиб, 7852 та янги иш ўрни ташкил этилди.
     Ёки бошқа мисол. Қарор асосида ишлаб чиқаришга йўналтирилаётган лойиҳаларнинг чорак қисми маҳсу­лотларни экспорт қилишга дахлдорлиги билан ажралиб туради. Вилоятда мавжуд саноат корхоналаридан 470 таси ўз маблағлари ва кредитлар ҳисобидан 343,3 млрд сўмлик илғор асбоб-ускуналар билан таъминланди, 160 дан ортиғининг электр воситалари янги ва тежамкорларига алмаштирилди. Бу ўзгаришлар меҳнат унумдорлиги ошишига, маҳсулотлар сифати яхшиланиб, таннархи паса­йишига хизмат қила бошлади.
     Дастурда икки йил мобайнида қишлоқ хўжалиги йўналишида 305,9 млрд сўмлик 1638 та лойиҳани ўзлаш­тириш лозимлиги алоҳида таъкидланган. Ҳисобот даврида эса чорвачиликда 30,7 млрд сўмлик 224 та, пар­рандачиликда 8,6 млрд сўмлик 27 та, балиқчиликда 3,1 млрд сўмлик 50 та, асаларичиликда 1,5 млрд сўмлик 20 та лойиҳа татбиқ этилди. Қо­лаверса, 186,1 млрд сўмлик 780 та ло­йиҳа негизида кўплаб иссиқхона ва совуткичли омборхоналар барпо этилиб, икки йиллик режа муддатидан олдин ортиғи билан уддаланди. Янги корхоналарда ишлашга 5152 киши жалб қилинди.
     Вилоятда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини равнақ топтириш масалалари ҳам доимий эътиборда. Йил мобайнида 136,3 млрд сўмлик 629 та лойиҳа фойдаланишга топширилди. Яъни, уларнинг 117 таси транс­порт, 484 таси савдо хизматлари кўрсатиш, 28 таси соғлиқни сақлаш со­ҳасида ташкил этилди. Пешку, Шофиркон ва Қоракўл туманларини комплекс ривожлантириш дастурларига мувофиқ, саноат, хизмат кўрсатиш ва сервис, қишлоқ хўжалиги со­ҳаларида 425 та лойиҳа амалга оширилди. Шунинг баробарида, 3324 киши муқим иш билан таъминланди.
     Яна бир гап. Ҳудудда кичик саноат зоналарини ташкил этиш, фаолият юритаётганлари самарадорлигини ошириш бўйича 2017–2019 йилларда Бухоро, Когон шаҳарлари ва Когон туманида 31 та лойиҳа учун 36 млрд сўм сарфлаш, 926 та янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. Бугунга қадар ушбу зоналар ҳудудида ялпи қиймати 4,6 млрд сўмлик инвестициялар ҳисобидан тўртта лойиҳа иш­га туширилди. «Сайфулло плюс Саи­да», «Когон Нур текс», «Элёр Шабнам текс» ва «Кумушкенттекс» МЧЖлари ўз сафларига 76 кишини бирлаштирган ҳолда, бўз ишлаб чиқара бошлади. Ҳозир вилоят бўйича 22 та майдонда бунёдкорлик юмушлари қиз­ғин давом эттирилаяпти. Муҳандис­лик-коммуникация тизимлари билан уланиш тизими ишга туширилиб, ин­вестицион лойиҳалар ижроси юзасидан доимий мониторинг олиб борилаяпти.
     Вилоятга инвестицияларни жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида шаҳар ва туманларни са­ноат-иқтисод кўрсаткичи ҳақидаги маълумотлар, табиий ва меҳнат ресурслари ва ҳудуднинг бошқа потенциал имкониятлари акс этган паспорт­лари ишлаб чиқилди. Тармоқ ва хў­жалик бирлашмалари томонидан эса, аввало, ишсизлик даражаси юқо­ри ҳудудларда татбиқ этилиши мўлжал­ланган лойиҳаларга эътибор қара­тилди. Ўтган йилги вилоятни ижти­моий-иқтисодий ривожлантириш дас­турига мувофиқ, енгил саноатда 90 та, чарм-пойабзал соҳасида 12 та, бинокорлик ашёлари бўйича 131 та, озиқ-овқат саноатида 58 та, фармацевтика соҳасида олтита, электротехника саноатида битта лойиҳа фойдаланишга топшириш белгиланган эди.
     Хўш, уларнинг ижроси қандай бўлди? Саноат йўналишида умумий қиймати 281 млрд сўм ва 500 минг долларга тенг 428 та лойиҳа амалга оширилди. Хусусан, енгил саноатда 77 та, чарм-пойабзал соҳасида беш­та, қурилиш материаллари ишлаб чи­қариш бўйича 167 та, озиқ-овқат саноатида 98 та, фармацевтика соҳа­сида олтита лойиҳа ишга туширилиб, 5348 та янги иш ўрни яратилди.
     Дарвоқе, вилоятда аҳоли бандлигини таъминлаш ва реал даромадларини изчил оширишга устувор ва­зифа сифатида қаралди. Ҳудудлар­ни комплекс ривожлантириш дастурлари ва Олий Мажлис палаталари томонидан тасдиқланган Аҳоли бандлигини таъминлаш дастурини сўзсиз бажариш чоралари кўрилди. Бинобарин, 2017 йилнинг 19 декабригача умумий қиймати 3,65 трлн сўмлик ва 500 минг долларлик хорижий инвес­тиция маблағлари ҳисобидан саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш йўналишларида 2079 та лойиҳа амалга оширилиб, 18286 та иш ўрни яратилди. Шундан 3428 таси ишсизлик даражаси нисбатан юқори ва меҳнат бозорида вазият мураккаб ҳисоб­ланган Олот, Пешку, Ромитан туманларида ташкил этилди.
     Албатта, келгуси режалар янада улуғвор. Масалан, жорий йил охиригача вилоятда 362 та лойиҳага асосан қиймати салкам 1,3 трлн сўмга тенг ишлаб чиқариш қувватлари фойдаланишга топширилади. Жами иссиқ­хоналар майдони 434 гектарга, ток­зорлар 7656 гектарга, совутгичлар сиғими 36,8 минг тоннага, йирик шохли қорамоллар сони 65 минг бошга, паррандалар 218900 тага етказилади.Шахсий томорқалардан оқилона фой­даланиш, сархил ноз-неъматлар кў­пайиши, сифати яхшиланиши, қиш­лоқ аҳли бандлиги таъминланиши ва даромадлари ошишига хизмат қилиш асосий муддаомизга айланади.
     Комплекс дастур бекаму кўст иж­ро этилиши натижасида 2020 йилга бориб, йирик шохли қорамоллар бош сони 120,3 фоизга, майда шохлилари бош сони 125,6 фоизга, сут маҳсулотлари 127,5 фоизга ошади. Ветеринария хизмати такомиллашиб, ҳайвонлар орасидаги турли юқумли касалликлар тарқалишининг олди олинади. Истеъмолчиларнинг паррандачилик маҳсулотларига бўлган талабларини бир маромда қондириш, соҳанинг ем-озуқа таъминотини мус­таҳкамлаш борасида ҳам салмоқли чора-тадбирлар амалга оширилади. 2020 йилга бориб паррандалар сони 132 фоизга, гўшт етказиб бериш 118,4 фоизга, тухум етиштириш эса 143,1 фоизга ўсиши учун пухта замин ҳо­зирланади.
     2021 йилга бориб вилоятда бошқа соҳаларда ҳам туб ўзгаришлар рўй бериши кутилмоқда. Яъни, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 1,5 бараварга кўпайтирилади, ЯҲМдаги улуши 29 фоиздан 35 фоизга, қайта ишловчи тармоқларнинг саноатдаги улуши 80 фоиздан 85 фоизга етказилади. Жаҳон бозорида рақобатбар­дош саналган 17 турдаги янги маҳ­сулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаш­тириш вилоятнинг экспорт салоҳия­тини юксалтиришга катта ҳисса бўлиб қўшилади.
     Ҳудудларда хизмат кўрсатиш кў­лами кенгайтирилиб, сифати яхшиланади ҳамда аҳоли бандлиги ва даромадларини ошириш таъминланади. Икки мингдан зиёд инвестиция лойиҳаси ҳаётга татбиқ этилиб, 24200 тадан ортиқ иш ўрни яратилади.
     Инвестиция дастури доирасида вилоятдаги умумфойдаланишдаги, ички хўжаликлараро автомобиль йўл­ларини бунёд этиш, қайта қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади. Йўл-транспорт инфратузилмаси ривожлантирилиб, аҳоли ва транс­порт қатнови учун қулайликлар му­ҳайё этилади. Йўл хўжалиги корхоналарининг моддий-техник базаси мустаҳ­камланиб, ишлаб чиқариш қув­ватлари кучайтирилади.
     Тиббиёт муассасалари моддий-техник базаси эса ишлаб турган саломатлик масканларини реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш, янгиларини барпо этиш эвазига мус­таҳкамланади. Аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизматлар сифатини ошириш учун қишлоқ врачлик пунктлари малакали кадрлар билан таъминланади. Ўз навбатида, республика ми­қёсидаги ихтисослашган тиббиёт марказлари хизматидан фойдаланувчилар учун қўшимча қулайликлар яратилади. Аҳолини, айниқса, кам таъ­минланган қатламини ижтимоий ҳи­моялаш учун вилоятнинг чекка ҳу­дудларида яшовчиларни соғломлаш­тириш ишлари изчил йўлга қўйилади. Маҳаллаларда соғлом турмуш тарзи тарғиб қилиниб, оилаларнинг тиббий маданияти оширилади.
     Дастурга мувофиқ, қишлоқ жойларда янги намунавий лойиҳалар асосида 1228 та арзон уй-жой қад рост­лайди. Қўшимча равишда, му­ҳан­дислик-коммуникация тармоқла­ри, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси комплексига эга 920 та уй-жой қурилади. Янги массивлар ичимлик сув, электр энергияси ва табиий газ билан таъминланади, барчаси текис-равон кўчаларга ва давр талабларига мос бозор инфратузилмасига эга бўлади. Бухоро шаҳрида эса бешта етти қаватли шинам уй барпо этилади. Уларга 210 та оила кўчиб киради. Янги хонадонлар соҳибларига узоқ муддатли имтиёзли ипотека кредитлари ажратилади.
     Вилоятда аҳолининг кенг қатлам­лари учун қулай ва муносиб ижтимо­ий-маиший шарт-шароитлар муҳайё этилади. Қишлоқларда ичимлик сув иншоотларини қуриш, реконструкция қилиш ва янги тармоқлар тортиш ишлари марказлашган капитал қў­йил­малар ҳисобидан амалга оширилади. Вилоят ҳудудидаги 82 та аҳоли пунктида ҳамда намунавий массивларда истиқомат қилувчи 50 мингдан ортиқ кишининг ичимлик сув таъминоти яхшиланади. Айни мақсадда тўққизта қудуқ, еттита сув минораси таъмирланади. Қўшимча равишда 24 та қудуқ қазилиб, 44 та сув насоси, 35 та сув минораси ўрнатилади, узунлиги 93 километрга тенг обиҳаёт тармоқлари тортилади.
     XXI аср интеллектуал бойлик ва ахборот-коммуникация технологиялари асрига айланди. Бу борада вилоятда мижозларнинг Интернет тар­моғига юқори тезликда уланиш, мультимедиа ва IP-TV хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади. 83,5 километрлик оптик толали алоқа линияси тортилиб, мобиль алоқа операторлари тармоғи қамровини кенгайтириш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш чоралари кўрилади.
     Хуллас, вилоятда илм-фан, маданият ва спортни ривожлантириш, табиат бойликларини, тарихий-маданий ёдгорликларни, муқаддас зиё­ратгоҳларни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, музейлар фондини бойитиш ва фаолиятини такомиллаштириш, сайёҳлик индустриясини жадал ривожлантириш ҳам анъанавий тарзда давом эттирилади. Чет элликлар билан ҳамкорликни, турли миллатларга мансуб юртдошларимиз ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ришталарини мустаҳкамлаш, катта-ю кичик онгида аҳил-иноқ яшаш туйғуларини шакллантириш борасида ҳам диққат­га молик ишлар амалга оширилади.
 
 
Идибой ЖЎРАЕВ,
вилоят иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс
ривожлантириш бош бошқармаси бошлиғи

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.