(O´zbek) “IFODA DRIP” – “IFODA” компаниясининг энг истиқболли лойиҳаларидан бири

2/2021

Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     “IFODA” компанияси оддий су­ғориш орқали минерал ўғит ҳамда препаратлар исроф бўлишининг олдини олиш мақсадида фермер ва деҳқонларга “IFODA DRIP” томчилатиб суғориш тизими орқали ҳам хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Компания оз вақт ичида томчилатиб суғориш тизимини қўллаш орқали ҳам ўз мижозларига эга бўлди. Биз “IFODA DRIP” бренди яра­лишига нималар туртки бўлгани, томчилатиб суғориш тизими қан­дай ишлаши, бу борадаги мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида “Ифода Агро Кимё Ҳимоя” МЧЖ директори ўринбосари, “IFODA DRIP” директори Фазлиддин ИБРАГИМОВни суҳбатга тортдик.
 
     – Фазлиддин ака, “IFODA” компанияси Ўзбекистондаги энг йирик ўғит ҳамда қишлоқ хўжалик препаратлари таъминотчиси ҳисоб­ланади. Унинг томчилатиб суғо­риш тизимига ихтисослашган компаниялар қаторига қўшили­шига нима сабаб бўлди?
     – Деҳқончиликда томчилатиб суғориш тизимини қўллаш нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда энг долзарб масала ҳисобланади. Бунга сабаб сув танқислиги туфайли экин майдонларига оби ҳаёт етишмаслигидир. Шунингдек, Исроил, Хитой, Туркия қишлоқ хўжалигини олиб қарайдиган бўлсак, томчилатиб суғориш тизими қўлланилган экин майдонларида анъанавий суғорилган ерларга қараганда бир неча баробар кўп ҳосилдорликка эришиляпти.
     Бундан ташқари Ўзбекистонда шахсан Президентимиз Шавкат ­Мирзиёев томонидан бу масала илгари сурилмоқда. Уларнинг топшири­ғига асосан мамлакатимизнинг йирик экин майдонларида томчилатиб, ём­ғирлатиб ёки бошқа шу каби сув тежовчи усуллардан фойдаланиб, суғо­риш тизимини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг те­гиш­ли қарори ҳам қабул қилинган. Мана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда “IFODA” компанияси таъсисчилари ҳамда раҳбарияти мазкур тизимга жиддий ёндашишга қарор қил­ди. Томчилатиб суғориш тизимини ўрганиш ва уни амалда жорий қилиш учун Туркиядан ўзимизга ишончли ҳамкор топдик ва улар бизни туркия­лик мутахассислар билан таъмин­ламоқда.
     “IFODA” компаниясининг бу тизимга алоҳида қизиқиш билдиришига яна бир сабаб, биз бир неча йилдан буён кимёвий воситалар ҳамда ўғит таъминоти билан шуғулланиб келмоқдамиз. Маҳаллий ишлаб чи­қаришни ҳам йўлга қўйдик. Лекин ҳам томчилатиб суғориш тизими билан таъминлаб, ҳам ўғит етказиб берадиган мутахассислар юртимизда етарли эмас. Бу эса мазкур йўналишга алоҳида эътибор қаратишимизга туртки берди.
     Эндиликда биз “IFODA DRIP” том­чилатиб суғориш тизимимизни ўрнатган деҳқон ва фермер хўжаликларида ўз ўғитларимизни тавсия қилиш ҳамда уларни экин етиштиришда қўллаб, қайси пайтда берилганда энг юқори натижага эришиш мумкинлигини текшириб кўриш имкониятига эга бўлдик. Яқин бир-икки йил ичида профессионал тавсиянома ишлаб чиқиб, барча деҳқонларга тарқатиш ниятидамиз.
     – “IFODA DRIP” томчилатиб су­ғориш тизими орқали мижозларга қандай хизматлар кўрсати­лади?
     – “IFODA” компанияси юқорида айтиб ўтганимдек, туркиялик ҳамкор­лар билан биргаликда томчилатиб суғориш борасида барча ташкилий ишларни олиб боради. Айтайлик, бирор кластер раҳбари, деҳқон ёки фермер, хуллас, мижоз бизга мурожаат қилди. Биз дарҳол мутахассисимизни унинг экин майдонига жўнатамиз. Экин майдони кўздан кечирилиб, ўсимлик тури ҳамда ер ўрганилгач, шунга қараб тавсияларимизни берамиз. Томчилатиб, ём­ғирлатиб ёки бошқа услубда суғориш керакми, шуни аниқлаб, ўз тавсияларимизни тақдим қиламиз. У тавсиямизни қабул қилгач, шартнома тузилади. Шартнома бўйича қили­надиган ишлар лойиҳаси тузилади. Лойиҳадан унинг сметаси, яъни нар­хи келиб чиқади. Мижоз билан шартнома мана шу тарзда тузилади. Мижоз шартнома нархини қисман тўлаганидан кейин биз техникаларимизни у ерга олиб бориб, ишни бошлаймиз. Ҳаммаси жорий қилиниб, ишлатиб, кўрсатиб берганимиздан ке­йин мижоз қолган тўловни амалга оширади. Шундан сўнг томчилатиб суғориш тизими ўрнатилган жой йилнинг охиригача агрономик назоратда бўлади. Агроном томчилатиб су­ғориш тизими тўғри ишлашини назорат қилиш билан бир қаторда ўша майдонга керакли вақтда керакли ўғитни сепиш борасида ҳам ўз тавсияларини бериб боради.
     – Томчилатиб суғориш тизимига ўтишни ўзи хоҳлаб, мурожаат қилаётган фермерлар кўпми?
     – Албатта. Бугунги кунда бундай таклифлар жудаям кўп. Фермерларнинг ўзлари бунга жуда катта қизи­қиш билдирмоқда. Сабаби бу ерда энг катта манфаатдор ер эгасининг ўзи эканлигини ҳамма тушуниб етди. Ўтган йили “IFODA” компанияси тест режимида 2-3 та ҳудудда бу тизимни жорий қилиб, ижобий натижаларни қўлга киритди. Бир мисол келтираман. Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги “Тола” фермер хўжалигининг 19 гектардан ошиқ пахта майдонида томчилатиб суғориш тизимини жорий қилдик. Ўтган йилларда бу фермер хўжалиги экинлари етарли миқдорда сув ичмаслигидан жуда оз, яъни гектарига 30-31 центнердан ҳосил олинган. Ўтган йили том­чилатиб суғориш тизимини жорий қилганимиздан кейин мазкур фермер хўжалиги биринчи теримдан 42 центнердан ҳосил кўтарди. Яъни ҳосил­дорлик 12 центнерга ошди. Бу натижани кўргач, хўжалик раҳбари 50 гектар ерига томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича биз билан шартнома имзолади. Бошқа фермерларнинг ҳам тизимга қизи­қиши жуда юқори. Сабаби унинг аф­залликлари, иқтисодий тежамкорлиги юқори. Ортиқча ёқилғи, ўғит, ишчи кучи сарфидан қутулишади. Харажатлар камаяди. Ва энг асосийси, берилган ўғитлар ўз вақтида, жойига етиб боргани, суғориш даланинг ҳамма жойида бир хил амалга оширилгани учун ҳосилдорлик ортади. Мана шу омил фермерларни ҳозир кўпроқ қизиқтирмоқда.
     – Ҳозирги кунда томчилатиб суғориш тизими билан боғлиқ қан­дай муаммолар юзага келмоқда?
     – Бу тизим билан боғлиқ бирор катта муаммони кўрмаяпман. Лекин баъзан иш бошлаш учун халақит берадиган ташқи омиллар мавжуд. Очиқ айтадиган бўлсам, ҳозирда жуда кўп фермерлар мазкур тизимни ўз маблағи ҳисобига эмас, кредит эвазига жорий этишни истайдилар. Банкдан кредит маблағларини ўз вақтида ололмаганликлари учун шартнома муддатлари ҳам кечикиб кетмоқда. Яъни бу тизимни иложи борича март-апрель ойларида ўрнатиб улгуришимиз керак. Чунки ғўза униб чиққанидан кейин бу ишларни қила олмаймиз. Банк маблағ ажратмагач, фермерлар ниятларини амалга оширолмай қолишмоқда. Яъни биринчи муаммо – банклардан кредит масаласини ҳал қилиш бўлиб қоляпти. Яна бир муаммо, биз жорий қилмоқчи бўлган тизим электр талаб қилади. Ер майдонидан электр энергияси ўтказилган бўлиши керак. Шусиз иложи йўқ. Аксарият пахта майдонлари аҳо­ли турар жойидан узоқда жойлашгани боис у ерларга электр энергия­си етиб бормаган. Электр энергиясини километрлаб масофага ўтказиш харажати фермер учун оғирлик қилади. Электр масаласи ҳал қилин­магач, истаклар истаклигича қолиб кетмоқда. Ҳозирча мен шу икки масалани муаммо сифатида кўряпман.
     – Ўз ерида томчилатиб су­ғориш тизимини жорий этишни истаган фермерларга қандай мас­лаҳатлар берган бўлардингиз?
     – Томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўймоқчи бўлган фермерлар ёки аллақачон жорий этиб бўлганларга менинг биринчи маслаҳатим, кўзлаган мақсадларига эришиш учун, аввало, мутахассисга мурожаат қил­синлар. Томчилатиб суғориш тизимини жорий этиб қўйдим, энди ҳо­силим ўз-ўзидан ортиб кетади, деган хаёлга бормасликлари керак. Бу ўз-ўзидан содир бўладиган жараён эмас. Шу соҳада фаолият юритадиган “IFODA” компаниясининг мутахассислари бор. Уларга мурожаат қилишса, томчилатиб суғориш тизимини қан­дай қилиб ишлатиш, қайси ўғитни қай пайтда қўллаш борасида оғринмай ўз тавсияларини беришади. Айни шу тизимда ишланса, пировард кўзланган мақсад – юқори ҳосилдорликка тўла-тўкис эришиш муқаррар.

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.