Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
“IFODA” компанияси оддий суғориш орқали минерал ўғит ҳамда препаратлар исроф бўлишининг олдини олиш мақсадида фермер ва деҳқонларга “IFODA DRIP” томчилатиб суғориш тизими орқали ҳам хизмат кўрсатишни йўлга қўйди. Компания оз вақт ичида томчилатиб суғориш тизимини қўллаш орқали ҳам ўз мижозларига эга бўлди. Биз “IFODA DRIP” бренди яралишига нималар туртки бўлгани, томчилатиб суғориш тизими қандай ишлаши, бу борадаги мавжуд муаммоларни ўрганиш мақсадида “Ифода Агро Кимё Ҳимоя” МЧЖ директори ўринбосари, “IFODA DRIP” директори Фазлиддин ИБРАГИМОВни суҳбатга тортдик.
– Фазлиддин ака, “IFODA” компанияси Ўзбекистондаги энг йирик ўғит ҳамда қишлоқ хўжалик препаратлари таъминотчиси ҳисобланади. Унинг томчилатиб суғориш тизимига ихтисослашган компаниялар қаторига қўшилишига нима сабаб бўлди?
– Деҳқончиликда томчилатиб суғориш тизимини қўллаш нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда энг долзарб масала ҳисобланади. Бунга сабаб сув танқислиги туфайли экин майдонларига оби ҳаёт етишмаслигидир. Шунингдек, Исроил, Хитой, Туркия қишлоқ хўжалигини олиб қарайдиган бўлсак, томчилатиб суғориш тизими қўлланилган экин майдонларида анъанавий суғорилган ерларга қараганда бир неча баробар кўп ҳосилдорликка эришиляпти.
Бундан ташқари Ўзбекистонда шахсан Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан бу масала илгари сурилмоқда. Уларнинг топшириғига асосан мамлакатимизнинг йирик экин майдонларида томчилатиб, ёмғирлатиб ёки бошқа шу каби сув тежовчи усуллардан фойдаланиб, суғориш тизимини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг тегишли қарори ҳам қабул қилинган. Мана шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда “IFODA” компанияси таъсисчилари ҳамда раҳбарияти мазкур тизимга жиддий ёндашишга қарор қилди. Томчилатиб суғориш тизимини ўрганиш ва уни амалда жорий қилиш учун Туркиядан ўзимизга ишончли ҳамкор топдик ва улар бизни туркиялик мутахассислар билан таъминламоқда.
“IFODA” компаниясининг бу тизимга алоҳида қизиқиш билдиришига яна бир сабаб, биз бир неча йилдан буён кимёвий воситалар ҳамда ўғит таъминоти билан шуғулланиб келмоқдамиз. Маҳаллий ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйдик. Лекин ҳам томчилатиб суғориш тизими билан таъминлаб, ҳам ўғит етказиб берадиган мутахассислар юртимизда етарли эмас. Бу эса мазкур йўналишга алоҳида эътибор қаратишимизга туртки берди.
Эндиликда биз “IFODA DRIP” томчилатиб суғориш тизимимизни ўрнатган деҳқон ва фермер хўжаликларида ўз ўғитларимизни тавсия қилиш ҳамда уларни экин етиштиришда қўллаб, қайси пайтда берилганда энг юқори натижага эришиш мумкинлигини текшириб кўриш имкониятига эга бўлдик. Яқин бир-икки йил ичида профессионал тавсиянома ишлаб чиқиб, барча деҳқонларга тарқатиш ниятидамиз.
– “IFODA DRIP” томчилатиб суғориш тизими орқали мижозларга қандай хизматлар кўрсатилади?
– “IFODA” компанияси юқорида айтиб ўтганимдек, туркиялик ҳамкорлар билан биргаликда томчилатиб суғориш борасида барча ташкилий ишларни олиб боради. Айтайлик, бирор кластер раҳбари, деҳқон ёки фермер, хуллас, мижоз бизга мурожаат қилди. Биз дарҳол мутахассисимизни унинг экин майдонига жўнатамиз. Экин майдони кўздан кечирилиб, ўсимлик тури ҳамда ер ўрганилгач, шунга қараб тавсияларимизни берамиз. Томчилатиб, ёмғирлатиб ёки бошқа услубда суғориш керакми, шуни аниқлаб, ўз тавсияларимизни тақдим қиламиз. У тавсиямизни қабул қилгач, шартнома тузилади. Шартнома бўйича қилинадиган ишлар лойиҳаси тузилади. Лойиҳадан унинг сметаси, яъни нархи келиб чиқади. Мижоз билан шартнома мана шу тарзда тузилади. Мижоз шартнома нархини қисман тўлаганидан кейин биз техникаларимизни у ерга олиб бориб, ишни бошлаймиз. Ҳаммаси жорий қилиниб, ишлатиб, кўрсатиб берганимиздан кейин мижоз қолган тўловни амалга оширади. Шундан сўнг томчилатиб суғориш тизими ўрнатилган жой йилнинг охиригача агрономик назоратда бўлади. Агроном томчилатиб суғориш тизими тўғри ишлашини назорат қилиш билан бир қаторда ўша майдонга керакли вақтда керакли ўғитни сепиш борасида ҳам ўз тавсияларини бериб боради.
– Томчилатиб суғориш тизимига ўтишни ўзи хоҳлаб, мурожаат қилаётган фермерлар кўпми?
– Албатта. Бугунги кунда бундай таклифлар жудаям кўп. Фермерларнинг ўзлари бунга жуда катта қизиқиш билдирмоқда. Сабаби бу ерда энг катта манфаатдор ер эгасининг ўзи эканлигини ҳамма тушуниб етди. Ўтган йили “IFODA” компанияси тест режимида 2-3 та ҳудудда бу тизимни жорий қилиб, ижобий натижаларни қўлга киритди. Бир мисол келтираман. Наманган вилоятининг Уйчи туманидаги “Тола” фермер хўжалигининг 19 гектардан ошиқ пахта майдонида томчилатиб суғориш тизимини жорий қилдик. Ўтган йилларда бу фермер хўжалиги экинлари етарли миқдорда сув ичмаслигидан жуда оз, яъни гектарига 30-31 центнердан ҳосил олинган. Ўтган йили томчилатиб суғориш тизимини жорий қилганимиздан кейин мазкур фермер хўжалиги биринчи теримдан 42 центнердан ҳосил кўтарди. Яъни ҳосилдорлик 12 центнерга ошди. Бу натижани кўргач, хўжалик раҳбари 50 гектар ерига томчилатиб суғориш тизимини жорий этиш бўйича биз билан шартнома имзолади. Бошқа фермерларнинг ҳам тизимга қизиқиши жуда юқори. Сабаби унинг афзалликлари, иқтисодий тежамкорлиги юқори. Ортиқча ёқилғи, ўғит, ишчи кучи сарфидан қутулишади. Харажатлар камаяди. Ва энг асосийси, берилган ўғитлар ўз вақтида, жойига етиб боргани, суғориш даланинг ҳамма жойида бир хил амалга оширилгани учун ҳосилдорлик ортади. Мана шу омил фермерларни ҳозир кўпроқ қизиқтирмоқда.
– Ҳозирги кунда томчилатиб суғориш тизими билан боғлиқ қандай муаммолар юзага келмоқда?
– Бу тизим билан боғлиқ бирор катта муаммони кўрмаяпман. Лекин баъзан иш бошлаш учун халақит берадиган ташқи омиллар мавжуд. Очиқ айтадиган бўлсам, ҳозирда жуда кўп фермерлар мазкур тизимни ўз маблағи ҳисобига эмас, кредит эвазига жорий этишни истайдилар. Банкдан кредит маблағларини ўз вақтида ололмаганликлари учун шартнома муддатлари ҳам кечикиб кетмоқда. Яъни бу тизимни иложи борича март-апрель ойларида ўрнатиб улгуришимиз керак. Чунки ғўза униб чиққанидан кейин бу ишларни қила олмаймиз. Банк маблағ ажратмагач, фермерлар ниятларини амалга оширолмай қолишмоқда. Яъни биринчи муаммо – банклардан кредит масаласини ҳал қилиш бўлиб қоляпти. Яна бир муаммо, биз жорий қилмоқчи бўлган тизим электр талаб қилади. Ер майдонидан электр энергияси ўтказилган бўлиши керак. Шусиз иложи йўқ. Аксарият пахта майдонлари аҳоли турар жойидан узоқда жойлашгани боис у ерларга электр энергияси етиб бормаган. Электр энергиясини километрлаб масофага ўтказиш харажати фермер учун оғирлик қилади. Электр масаласи ҳал қилинмагач, истаклар истаклигича қолиб кетмоқда. Ҳозирча мен шу икки масалани муаммо сифатида кўряпман.
– Ўз ерида томчилатиб суғориш тизимини жорий этишни истаган фермерларга қандай маслаҳатлар берган бўлардингиз?
– Томчилатиб суғориш тизимини йўлга қўймоқчи бўлган фермерлар ёки аллақачон жорий этиб бўлганларга менинг биринчи маслаҳатим, кўзлаган мақсадларига эришиш учун, аввало, мутахассисга мурожаат қилсинлар. Томчилатиб суғориш тизимини жорий этиб қўйдим, энди ҳосилим ўз-ўзидан ортиб кетади, деган хаёлга бормасликлари керак. Бу ўз-ўзидан содир бўладиган жараён эмас. Шу соҳада фаолият юритадиган “IFODA” компаниясининг мутахассислари бор. Уларга мурожаат қилишса, томчилатиб суғориш тизимини қандай қилиб ишлатиш, қайси ўғитни қай пайтда қўллаш борасида оғринмай ўз тавсияларини беришади. Айни шу тизимда ишланса, пировард кўзланган мақсад – юқори ҳосилдорликка тўла-тўкис эришиш муқаррар.