Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 21 июлдаги «Cаноат кооперацияси асосида тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурини шакллантириш механизмини такомиллаштириш ва амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори айни йўналишдаги ишларни янада ривожлантириш мақсадида қабул қилинган. Ушбу дастурни шакллантириш тартиби лойиҳани унга киритиш тўғрисида таклиф билдириш учун асос вазифасини ўтайди. Албатта, унинг параметрлари муайян мезонларга мувофиқ бўлиши керак. Маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот ишлаб чиқаришини ташкил этиш учун қувватлар ва маҳаллий хомашё ресурслари мавжудлиги эса унинг асосий параметрлари ҳисобланади.
Бу дастурни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомда кўрсатилишича, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ҳисоблаш Мд = (1 – И/Т) ∙ 100 % формуласи асосида амалга оширилади. Бу ерда Мд – маҳсулотни маҳаллийлаштириш даражаси; И – импорт қилинадиган хомашё, материаллар ва бутловчи буюмларнинг валютадаги қиймати; Т – маҳсулот бирлигининг ишлаб чиқариш таннархи.
Маҳаллий хомашёлару ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда экспорт салоҳиятини янада юксалтириш мақсадида маҳаллийлаштириш дастурига янги лойиҳаларни киритиш бўйича ягона мезон ва талаблар белгиланган. Дастурга киритиш учун талаб этиладиган минимал маҳаллийлаштириш даражаси камида 36 фоиз ва ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг бир қисми экспортга йўналтирилган бўлиши лозим.
Маҳсулотни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларининг таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ асосий ишлаб чиқариш воситаларининг амортизацияси маҳсулот ишлаб чиқариш таннархининг таркибий қисми ҳисобланади.
Маҳаллийлаштириш даражаси ҳисоб-китоби чоғида импорт ускуна амортизацияси маҳсулот бирлигининг ишлаб чиқариш таннархи таркибига киритилади ва импорт қилинаётган хомашё, материаллар ва бутловчи буюмларнинг валюта қийматига асло таъсир кўрсатмайди. Яъни маҳаллийлаштириш даражаси маҳаллийлаштирилаётган маҳсулот қандай дастгоҳ ва асбоб-ускуналар ёрдамида ишлаб чиқарилаётганига боғлиқ бўлмайди.
Импортни қисқартириш, маҳаллийлаштириш дастурларини кенг миқёсда ишлаб чиқишни ташкиллаштириш мақсадида «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти ва тармоқ корхоналарида маҳаллийлаштириш бўлимлари ташкил қилинган.
Кейинги беш йил ичида корхоналарда 55 турдаги янги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилди. Уларнинг аксарияти импорт маҳсулотлар ўрнини босмоқда, бир қисми эса экспортга йўналтирилмоқда.
«Ўзкимёсаноат» АЖнинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш дастурига биноан 2018 йили тармоқ корхоналарида 25 турдаги 126,63 млрд. сўмлик маҳсулот тайёрланиши режалаштирилганди. Амалда 28 турдаги 136,01 млрд. сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқарилиб, режа 107,4 фоизга бажарилди. Бу хусусдаги умумлаштирилган маълумотлар 1-жадвалда келтирилган.
Маҳаллийлаштириш дастурига киритилган маҳсулотлардан 12 таси (олтингугурт-магний микроэлементлар сақловчи карбамид, бойитилган суперфосфат, NPK-CaMgFeS сақловчи комплекс ўғити, калий нитрати, сувда тўлиқ эрийдиган NPK ўғити, микроэлементлар сақловчи суюқ ҳолатдаги мураккаб ўғит, натрий нитрати, ичимлик содаси, темир хлориди тузи, натрий сульфиди, ЭлСМиК стимулятори, этилацетат, крахмал)нинг маҳаллийлаштириш даражаси 100 фоиз бўлди ва диёримизда мавжуд хомашёлардан ишлаб чиқарилди.
Бу йил тармоқ корхоналарида 27 турдаги 731,8 млрд. сўмлик маҳсулот тайёрланиши режалаштирилган. 2-жадвалда уларнинг лойиҳалари сони ва қиймати қайд этилган.
Лойиҳалар, ишлаб чиқариш ҳажми, миқдори ва маҳаллийлаштириш даражасига тааллуқли маълумотлар 3-жадвалдан ўрин олган.
Дастурга киритилган маҳсулотлардан 17 тасининг маҳаллийлаштириш даражаси 100 фоиз бўлиб, ўзимизда мавжуд хомашёлардан тайёрланади.