Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Озиқ-овқат саноати мамлакатимизда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Шу боис сўнгги йилларда юртимизда мазкур соҳани ривожлантиришга доимо жиддий эътибор қаратиб келинмоқда. Табиийки, айни йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар барча вилоятларимизда ижобий самарасини бермоқда.
БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра ҳозир дунёда 840 миллиондан ортиқ киши, яъни деярли ҳар саккиз одамнинг бири тўйиб овқатланмаяпти. Жами аҳолининг 30 фоизидан зиёди тўлақонли овқатланмаётгани туфайли энг асосий микроэлементлар ва витаминлар етишмаслиги муаммосини бошидан кечираяпти, 160 миллиондан ортиқ бола бўй ўсишига, жисмоний ва интеллектуал ривожланишга боғлиқ нуқсонлардан азият чекаяпти. Бу демак, озиқ-овқат саноатида тадбиркорликни ривожлантириш орқали аҳолини сифатли маҳсулотлар билан таъминлаш давримизнинг энг муҳим вазифаси ҳисобланади.
Ана шунинг учун ҳам Ўзбекистон озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жадал ривожлантириш эвазига ғалла мустақиллигига эришди ва озиқ-овқатнинг барча асосий турлари ўзимизда ишлаб чиқарила бошланди. Озиқ-овқат хавфсизлигини барқарор таъминлаш мақсадида алоҳида компания таркибига гўшт ва сут маҳсулотлари, ёғ-мой корхоналари, қандолат, салқин ичимликлар ишлаб чиқарадиган ва мева-сабзавотларни қайта ишлайдиган қатор корхоналар киритилди. Жойларда ҳокимият органларига озиқ-овқат корхоналари билан биргаликда мева-сабзавот ва узум, гўшт ва сутни қайта ишлайдиган янги корхоналарни қуриш, мавжудларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича мақсадли ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.
Республикамизда ушбу соҳа бўйича белгиланган вазифалар ва яратилаётган имкониятлар доирасида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Масалан, 2015 йили озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳудудий дастурларига асосан умумий қиймати 555 миллиард 832 миллион сўмлик 1529 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, 17327 та янги иш ўрни яратилди. Чунончи, Тошкент шаҳрида жами қиймати 95055 миллион сўмлик 156 та, Самарқанд вилоятида 93025 миллион сўмлик 123 та, Хоразм вилоятида 74995 миллион сўмлик 116 та инвестицион лойиҳа амалиётга татбиқ этилди. Гўшт, сут, мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш ҳамда мавжудларини модернизация ва реконструкция қилиш бўйича мақсадли дастурга мувофиқ 48,07 миллион АҚШ доллари эквивалентида инвестициялар йўналтирилиб, 333 та лойиҳа рўёбга чиқарилди. Уларнинг 158 таси асосида янги корхоналар ташкил этилди, 175 тасига мувофиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари модернизация ва реконструкция қилинди.
Соҳадаги вазифалар миқёси 2016 йилда янада кенгайиб, режага кўра давлат инвестиция дастурлари асосида қиймати 117,6 млн. долларлик 136 та лойиҳа амалга оширилиши ва лойиҳа қуввати 143929 тоннани ташкил этиши режалаштирилди. Ҳудудий манзилли дастурлар натижасида эса 154,4 млн. долларлик 1042 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, қуввати 94270 тоннага етказилиши белгиланган эди. Олиб борилган амалий ишлар натижасида 11849 та янги иш ўрни очиш мўлжалланди.
Юртимизда 2016–2020 йилларда мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш, сақлаш ва ташиш бўйича 17 та логистика маркази очиш, соҳага доир инвестиция лойиҳаларини амалиётга жорий этиш натижасида 2020 йили мева-сабзавот маҳсулотларини қайта ишлаш улушини 22,2 фоизга, гўштни қайта ишлашни 18 фоизга, сутни қайта ишлашни 18,3 фоизга етказиш режалаштирилган.
Биз озиқ-овқат саноати тадбиркорлиги фаолиятини демографик жиҳатдан аҳолиси зич, суғориладиган ер майдонлари бўйича имкониятлари чекланган ҳудуд бўлмиш Андижон вилояти мисолида таҳлил қилдик.
Сирасини айтганда озиқ-овқат саноати корхоналарини ташкил этиш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш барча замонларда ва турли жамиятларда доимо долзарб масала бўлиб келган ва бугунги кунда ҳам актуаллигини йўқотмаган. Сабаби ўз-ўзидан аён: бу cоҳани ривожлантириш негизида фуқароларимиз соғлиғини асраб-авайлаш, аҳоли турмуш тарзини ҳар қачонгидан-да фаровонлаштириш, дастурхонини тўкин-сочин қилиш, эл-юртни гуллатиб-яшнатишдек эзгу ва хайрли мақсадлар мужассамлашган.