Айни пайтда банкларда бизнес жараёнларини тўғри ташкил этишнинг қуйидаги жиҳатларига эътибор қаратиш лозим:
● банк фаолияти очиқлиги, бошқариш ва назорат қилиш даражасининг ортиши;
● вақт сарфи ва харажат қисқариши, бизнес жараёни сифати ва самарадорлиги ошиши;
● банк бизнесини оқилона йўлга қўйиш учун қўшимча бўлим ва офислар очилиши;
● комплекс ривожланиш учун муҳим ҳисобланган (бунда янги бизнес жараёнларини лойиҳалаштириш, ташкилий тузилмани оптималлаштириш, ISO 9000 стандартлари бўйича сифат менежментини ташкил этиш, банк тизимини такомиллаштириш);
● муайян ходимга боғлиқлик камайиши, персонални тўғри танлаш, иш самарадорлиги ошиши;
● мижозларнинг банк хизматидан қониқиш даражаси ва банк мавқеининг ортиши;
● молиявий натижалар яхшиланиши.
Шулардан келиб чиққан ҳолда, банкнинг стратегик мақсадларини таъминловчи бизнес жараёнларини шакллантириш учун унинг ташкилий тузилмасини оптималлаштиришга жиддий эътибор талаб этилади.
Ташкилий тузилма банк муассасаларида бошқарув қарорларини қабул қилишда асосий вазифани бажаради, самарали фаолият кўрсатиш, мотивация, режалаштириш ва назорат механизмларини шакллантиради, шунингдек, стратегик режа ва вазифаларни тўғрилаш ва мослаштириш учун шарт-шароит яратади.
Бироқ, шуни ҳам унутмаслик керакки, самарали тузилмани шакллантириш билан банк муассасасининг муваффақияти етарлича кафолатланмайди. Таркибий бўлинмани ташкил этишдан ташқари, стратегик мақсадга етакловчи тизимни ишлаб чиқиш ва уларни муайян боғлиқликдаги таркибий бўлинма кесимида тўғри тақсимлаш муҳим аҳамият касб этади. Ташкилий тузилма ваколати ва мажбуриятларининг мувофиқ тақсимланишига асосланган функционал ҳамда бошқарув алоқаларини ҳам тақозо этади.
Бундан ташқари, коммуникация, ахборотлар оқими ва ҳужжатлар айланиши ҳам банк ташкилий тузилмасининг муҳим элементлари саналади. Ушбу тузилмани модернизация қилиш мураккаб жиҳатларга эга жараён эканлиги ва тузилмани лойиҳалашда ташқи шароитларга мослашувчанлигини таъминлаш зарурлиги аён бўлади.
Банк ташкилий тузилмасини лойиҳалашнинг амалиётда синалган ва илмий асосланган қатор усуллари мавжуд. Банкларнинг фаолият хусусиятларидан келиб чиқиб, бошқарув тузилмасини лойиҳалашда қуйидаги усуллардан фойдаланиш мумкин:
● ўхшатиш, айнан бир тузилмага мослаш усули;
● эксперт-таҳлилий усул;
● мақсадларни таркиблаштириш усули;
● ташкилий моделлаш усули.
Ўхшатиш усули муайян намунавий тузилма асосида бошқарувнинг ташкилий шакл ва механизмларини қўллаш ҳамда бу жараёнда банкнинг ўзига хосликларини эътиборга олиб тегишли ўзгартириш киритиш кўзда тутилади. Бироқ, ушбу усулда лойиҳалаштирилган ташкилий тузилма стандарт вазиятлардан чекиниш ҳолатларида етарлича эгилувчан, яъни намунадан фарқ қилувчи механизмларни жорий этиш имкониятига эга бўлиши даркор.
Эксперт-таҳлилий усулга мувофиқ, банкнинг ўзига хос фарқли томони, бошқарув аппаратидаги муаммолар, шунингдек, ташкилий тузилмани шакллантириш ёки қайта қуриш бўйича рационал қарорларни қабул қилиш учун юқори малакали мутахассислар томонидан банк фаолияти ва ишни ташкил этиш жараёни батафсил ўрганиб чиқилади.
Мақсадларни таркиблаштириш усулини қўллашда одатда қуйидаги босқичларда амаллар бажарилади:
1-босқич – барча турдаги бошқарув учун функционал асос вазифасини бажарувчи мақсадлар тизимини ишлаб чиқиш;
2-босқич – ўрнатилган мақсадлар тизими, функционал ихтисослашув ва вертикал ҳамда горизонтал алоқалар тизимига мос келувчи ташкилий тузилманинг намунавий вариантларини топиш;
3-босқич – таклиф қилинган ташкилий тузилмаларни ҳар бир мақсадга эришишни ташкилий жиҳатдан таъминлаш, таркибий бўлинмаларни функционал йўналтирилганлиги, раҳбар ва ходимлар, бўлинмалар ўзаро муносабатини аниқлаш нуқтаи-назаридан эксперт таҳлилини ўтказиш;
4-босқич – аввалдан аниқланган стратегик мақсадлардан келиб чиқиб, банкнинг муҳим ва асосий фаолиятини бирлаштирувчи алоҳида бўлинмалар, шунингдек, бошқарув-вертикал тузилмаси бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятларни тузиш ва тақсимлаш.
Ташкилий моделлаштириш банкдаги ваколатлар ва мажбуриятларни тақсимлашни математик, график, схема, жадвал кўринишида ифодалашни кўзда тутиб, танланган мезон мажмуи бўйича якуний банк тузилмасини асослаш учун ташкилий тузилмаларнинг турли вариантларини тузиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш учун муҳим база вазифасини бажаради. Ўз навбатида, ушбу усул бошқа усулларга қараганда каттароқ харажатларни талаб этиши боис, уни йирик, кўп функцияли банк ташкилий тузилмаларини шакллантиришда қўллаш мақсадга мувофиқ саналади.
Банкни бошқаришнинг ташкилий тузилмасини шакллантириш жараёни анъанавий равишда қуйидаги босқичларни қамраб олади:
● ташкилий тузилма турини таҳлил қилиш ва асосланган равишда танлаш;
● келгуси тузилманинг асосий вертикал ва горизонтал ўқларини тузиш;
● барча асосий ташкилий бўлинмаларни лойиҳалаштириш;
● улар фаолиятининг умумий функционал мазмунини аниқлаш;
● ҳар бир ташкилий бўлинманинг мақсад ва вазифаларини шакллантириш;
● бўлинмалар таркиби ва уларнинг дастлабки сони ва банк умумий тузилмасидаги ўрнини аниқлаш;
● бўлинмаларни барча зарурий ресурслар билан таъминлашни режалаштириш;
● банкнинг бошқарув тизимидаги функциялар, алоқа ва жараёнларни мустаҳкамловчи, тартибга солувчи, бўлинмалар ваколатлари даражалари ҳамда миқдорий кўрсаткичларини ўрнатувчи низомлар, қоидалар ва бошқа тартибга солувчи ҳужжатларни ишлаб чиқиш.
Банк амалиётида бошқарувнинг турли ташкилий тузилмаларидан фойдаланилади. Моҳиятан мутлақ бир хил тузилмага эга бўлган иккита банкни учратиш қийин. Чунки, уларнинг ҳар бири бошқарув тузилмасида ўзига хос фарқли жиҳатларга эга. Муайян бошқарув тузилмасининг параметрлари банкнинг катталиги, унинг операциялари кўлами, филиалларининг мавжудлиги, фаолиятининг функционал йўналишлари доираси, раҳбар, ходимлари таркиби ва малакаси, тегишли банк хизматлари бозори сектори хусусиятлари, муайян операциялар устуворлиги, турли йўналишдаги ички сиёсатлари хусусиятлари ва бошқа омилларга боғлиқ. Бу, ҳар бир банкнинг ташкилий тузилмаси бетакрор бўлишидан далолат беради. Бироқ, банкларда бошқарув тузилмасини шакллантириш борасидаги узоқ кузатувлар ва тажрибалар таҳлили асосида муайян умумийликни аниқлаш ва улар асосида банк бошқаруви ташкилий тузилмасининг қатор моделларини ажратиб кўрсатиш мумкин. Банкнинг бошқаруви тузилмаси моделларини икки гуруҳга ажратиш мақсадга мувофиқ:
а) банк бошқаруви ташкилий тузилмасининг анъанавий моделлари;
б) бошқарув ташкилий тузилмасининг маркетинга йўналтирилган моделлари.
Банк бошқаруви ташкилий тузилмасининг анъанавий моделлари банк таркибий бўлинмаларининг функционал ихтисослашуви умумий белгиси бўйича шакллантирилади. Бунда концептуал ёндашув бўлиб, банк ташкилий бўлинмаларининг аниқ ихтисослашуви, яъни тижорат бўлимлари ва департаментлари, шунингдек, ички, кўмаклашувчи ва бошқа таркибий бўлинмалар фаолиятининг функционал моҳияти бўйича ихтисослаштирилиши ҳисобланади.
Аниқ функционал йўналишга эга бўлган банклар бошқаруви ташкилий тузилмасининг анъанавий моделларига хос бўлган қуйидаги афзаллик ва ижобий жиҳатлари мавжуд:
● таркибий бўлинма функционал ихтисослашувида банк тақдим этаётган хизматлар сифати даражаси юқорилиги;
● банк маҳсулотлари ва хизматларини бошқаришнинг функционал характер касб этиши.
Айни пайтда, бошқарув тузилмасининг анъанавий моделлари қатор камчиликларга ҳам эга, хусусан:
● мижозларга комплекс хизмат кўрсатишнинг техник жиҳатдан мураккаблиги;
● банк маҳсулотларини сотиш жараёнини бошқаришнинг етарлича самарадорликка эга эмаслиги.
Банк хизматлари бозоридаги рақобатнинг кучайиши мижозларга хизмат кўрсатиш бўйича сифат жиҳатдан янги ва самарали технологияларга ўтишни талаб этади. Бу эса, банкни бошқариш тизими трансформациясини, банк маҳсулотини яратишдан кўра, уни сотишни банк фаолиятининг энг устувор йўналишига айланишини тақозо этади. Бошқа томондан қараганда, фан-техника тараққиёти ютуқларидан банк фаолиятида фойдаланиш банк технологиялари ва коммуникация тизимида принципиал ўзгаришларга олиб келди. Натижада, тижорат банкларини бошқариш тизими сифат жиҳатдан янги техник асосларга ўтди. Мазкур омиллар таъсирида бошқарув ташкилий тузилмасини янги шакллари юзага келди ва ривожланди, мижозлар талабларини қондиришга устуворлик берилди. Банк ташкилий тузилмасининг мазкур шакллари бошқарувнинг маркетинга йўналтирилган ташкилий тузилмаси номини олди.
Мижозлар манфаати ва талабларига йўналтирилганлик тамойили асосида ташкил қилинган ички инфратузилмага эга бўлган мазкур бошқарув ташкилий тузилмаси қуйидаги даража ва шаклларга эга:
● бошқарувнинг хизматлар тури бўйича ташкилий тузилмаси;
● бошқарувнинг мижозлар гуруҳи бўйича ташкилий тузилмаси;
● бошқарув ташкилий тузилмасининг матрица шакли;
● бошқарув ташкилий тузилмасининг дивизион шакли.
Бошқарувнинг маркетингга йўналтирилган ташкилий тузилмаси, ўз навбатида, қуйидаги афзалликларга эга:
● мижозларга хизмат кўрсатиш ва банк маҳсулотини реализация қилишнинг сифат жиҳатдан янги усуллари ҳисобига рақобатда устунликни таъминлаш;
● умумий ҳолда банкнинг бошқариш тизими юқори даражадаги мослашувчанлиги.
Шу билан бирга, ушбу моделнинг қатор камчиликлари ҳам мавжуд бўлиб, уларга қуйидагилар тааллуқли:
● бошқарув тизимининг методик жиҳатдан мураккаблиги;
● тор функционал ихтисослашувдан воз кечилганда хизматлар сифатининг кескин пасайиши;
● ваколатлар даражаларининг кесишуви ва бошқарув функцияларининг бир-бирини такрорлаш ҳолатининг юзага келиши.
Бу ўринда тижорат банклари томонидан бошқарувнинг ташкилий тузилмаси моделини танлашда турли омилларни ҳисобга олишни ҳам унутмаслик зарур. Хусусан, бундай омиллар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
● банкнинг катталиги ва географик кўлами;
● кенг филиаллар тармоғининг мавжудлиги;
● банкнинг ихтисослашув йўналишларига эга эканлиги;
● янги банк маҳсулотларини жорий этиш даражаси ва имконияти;
● тармоққа йўналтирилганлиги ва доимий мижозларнинг салмоғи;
● банкнинг умумий маданият даражаси, тарихи ҳамда бошқарувдаги анъаналари;
● бошқарув ва операцион ходимларнинг малакаси;
● умумий ва алоҳида бозор сегментларининг жорий ҳамда прогноз конъюнктураси.
Инвестицион банк фаолиятини ривожлантириш қимматли қоғозлар бозорининг тараққий этганлик даражасига боғлиқ бўлиб, асосий даромад қимматли қоғозлар олди-сотдисида агентлик хизматини кўрсатиш, корпоратив қайта тузиш жараёнларини амалга ошириш, қимматли қоғозлар бозорида брокерлик ва дилерлик операцияларини амалга ошириш, андеррайтер хизматларини кўрсатиш натижасида шаклланади.
Тадқиқот натижаларига асосланиб, банк бизнес моделларини уч турга, яъни чакана ресурс таъминотли, улгуржи ресурс таъминотли ва капитал бозорига йўналтирилган моделларга ажратиш мумкин.
Чакана ресурс таъминотли бизнес моделига эга банкларда умумий кредитлар ҳажми ялпи соф активларга нисбати юқори бўлиши ва барқарор молиялаш манбаларига таяниши кучли эканлиги кузатилади.
Улгуржи ресурс таъминотли моделга эга банклар эса ресурс манбаларининг турли- туманлиги ва мижоз депозитлари салмоғининг нисбатан пастлиги, банклардан олинган кредитлар ва бошқа қарз мажбуриятлари улуши юқорилиги билан ажралиб туради.
Капитал бозорига йўналтирилган моделга эга банкларда олди-сотди учун мўлжалланган қимматли қоғозлар умумий соф активларнинг ярмидан кўпини ташкил этади, шунингдек, ресурс манбалари асосий қисмини депозитлар эмас, бошқа манбалар ташкил этади.
Қайд этилганидек, самарали тузилмани шакллантириш билан банк муассасасининг муваффақиятли фаолияти кафолатланмайди, бироқ, қатор шарт-шароитларни яратади.
Республикамиз тижорат банклари инвестицион фаоллигини ошириш ва фаолият самарадорлигини таъминлаш учун қуйидаги амалий таклифларни жорий этиш мақсадга мувофиқ:
1. Инвестицион хизматлар бўйича операцион бўлинмаларни бирлаштириш ва фаолиятни марказлаштириш орқали ички синергия ва кўлам самарасини ошириш;
2. Қимматли қоғозлар бозоридаги операциялар кўламини ошириш орқали банк фаолиятидаги умумий ликвидлилик рискини камайтириш;
3. Инвестицион операциялар билан боғлиқ бозор рисклари ва операцион рискларни доимий мониторинг қилиш ва уларни қоплаш учун зарурий захираларни шакллантириш;
4. Тижорат банкларининг корпоратив назорат бозоридаги ролини ошириш орқали инвестицион хизматлардан келадиган даромадлар улушини кўпайтириш.