Investitsiya, innovatsiya

Investitsion bank faoliyatini tashkil etish modellari va biznes jarayonlarini boshqarish xususiyatlari

4/2017

     Жаҳон амалиёти кўрсатишича, корпоратив сектор самарадорлигини ошириш ва уни ривожлантириш бозор иқтисодиёти шароитида йирик инвестицияларни киритиш орқали таъминланади. Бозор тамо­йиллари асосида ривожланаётган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида капитал жойлашишини таъминловчи юқори технологияларга асос­ланган молия тизими амалда бўлиши ҳам мақсадга мувофиқ. Яъни, замонавий молия бозори, хусусан, қимматли қоғозлар эмиссияси корпорацияларни ташқи молиявий ресурслар ҳисобидан самарали молиялаштириш имконини беради. Бу, ўз навбатида, инвестициялар ва талаб қилинган капитал ўртасидаги мувозанатни сақлайди. Жумладан, ривожланган давлатларда молия бозори реал секторни ташқи инвестицион ресурслар билан таъминлашда асосий роль ўйнайди. Айни пайтда иқтисодиётнинг реал секторини қим­матли қоғозлар воситалари орқали молиялаштиришнинг асосий воситачиси, инвестордан корпорацияга капитал оқиб ўтишини таъминловчи сифатида инвестицион банк­лар намоён бўлмоқда.
     Молия бозори таъсир доираси ку­чайиши, қарз мажбуриятлари секь­юритизацияси кенгайиши ва молиявий институтлар бирлашув жараёнларининг ортиши оддий воситачи бўл­ган инвестицион банкларнинг қим­­матли қоғозларни чиқариш орқа­ли инвестицияларни корпорациялар фао­лиятига жалб этишга кўмаклашувчи глобал универсал инс­титутлар сифатида шаклланишига олиб келди. Бугунги кунда мамлакатимизда қим­матли қоғозлар бозори реал ишлаб чиқаришни молиялаштириши, уни халқаро бозорга интеграциясини кучайтириши, ишлаб чиқа­риш рақобат­бардошлигини ошириши, банклар бар­қарорлигини таъминлаши ва хал­қаро рейтинг таш­килотларининг банк тизими ҳамда ало­ҳида банкларга берадиган баҳо­лари мунтазам янгиланиб, яхшиланиб бориши учун респуб­ликамиз молия-банк тизимидаги асосий устувор вазифалар сифатида белгиланган.
     Рақобатчилик шароитида молия­вий хиз­матлар бозорида муайян ёки турли сегментларни эгаллаш учун банк­ларнинг молиявий воситачилик операцияларига ихтисослашуви баланс ҳисоботи таркибини ҳам мос равишда ўзгаришига олиб келади. Шу билан бирга, банклар ўзларининг куч­ли томонларига таянган ҳолда, бизнес юритиш моделини танлашлари ҳам муҳим аҳамият касб этади.
     Айни пайтда, банкларнинг бизнес юритиш моделларини таснифлаш бў­йича ягона ёндашув мавжуд эмас­лигини таъкидлаш ўринли. Шунга қарамай, банк моделларини бир-биридан фарқлашга асос бўлувчи мезонлар турли эксперт-мутахассислар томонидан илгари сурилади. Умумий мезонлар сифатида балансга оид кўрсаткичларни келтириш мумкин. Чунки, у банкнинг стратегик бош­қарув бўйича танловини аниқлаш учун ёрдам беради. Бунда кўрсаткичларни баланснинг актив ва пассив қисми бўйича ажратиш талаб этилади. Уларнинг ҳар бири соф умумий активларга нисбатан ҳисобланади.
     Банк баланси активларига қуйи­даги кўрсаткичлар киради, яъни:
     ● кредитларнинг умумий ҳажми;
     ● қимматли қоғозларга инвестициялар;
     ● олди-сотди учун мўлжалланган қимматли қоғозлар;
     ● банклараро кредитлар.
     Банк баланси пассивларига қуйи­даги кўрсаткичлар киради, яъни:
     ● мижозларнинг депозитлари;
     ● қисқа ва узоқ муддатли қарз мажбуриятлари;
     ● барқарор молиялаш манбалари (депозитлар ва узоқ муддатли қарзларнинг умумий суммаси);
     ● банклардан олинган кредитлар.
     Бунда умумий кредитлар ҳажми­нинг ялпи соф активларга нисбатининг юқори бўлиши ва барқарор мо­лиялаш манбаларига таянишнинг кучли эканлиги тижорат банкини чакана ресурс таъминотли (retail-fun­ded) биз­нес моделига эга эканлигини англатади. Амалиётда бу гуруҳга таал­луқли банкларнинг умумий мажбуриятлари таркибида мижозларнинг депозитлари салмоғи сезиларли даражада юқори (қарийб 2/3) бў­лади.
     Юқоридаги кўрсаткичлар таҳлили асосида чакана ресурс таъминотли банк моделига ўхшаш, бироқ ресурс манбалари таркиби билан фарқла­нувчи моделни улгуржи ресурс таъминотли (wholesale-funded) модель сифатида ажратиш мумкин. Бунда асосий фарқли жиҳат ресурс манбаларининг турли-туманлиги ва унда мижоз депозитлари салмоғининг нис­батан пастлиги ҳисобланади. Айни пайтда, банклардан олинган кредитлар ва бошқа қарз мажбуриятларининг улуши юқори ҳисобланади.
     Учинчи турдаги банк бизнес модели капитал бозорига йўналтирил­ган (capital markets-oriented) модель ҳисобланиб, ушбу категорияга таал­луқли банкларда олди-сотди учун мўлжалланган қимматли қоғозлар умумий соф активларнинг ярмидан кўпини, шунингдек, ресурс манбала­ри асосий қисмини депозитлар эмас, бошқа манбалар ташкил этади. Чунки, одатда қимматли қоғозлар билан рискли ва спекулятив операциялар учун мижозлар депозитларидан манба сифатида фойдаланиш тартибга солувчи органлар то­монидан маъ­қул­ланмайди. Ушбу хусусиятдан келиб чиқиб, инвестицион банкларнинг бизнес юритиш модели айнан мазкур категорияга тегишли эканлигини анг­лаш мушкул эмас.
     Тадқиқотдаги навбатдаги маса­ла – юқорида эътироф этилган банк бизнес моделлари асосида фаолият юритувчи банкларда самарадорликнинг қандай бўлишини баҳолашдан иборат. Бунда самарадорлик кўрсаткичлари сифатида капитал рентабеллиги (бир акцияга тўғри келадиган даромад) (return-on-equity, RoE), банк даромади таркиби (фоизли даромадларнинг умумий даромад таркибидаги улуши), харажатларнинг даромадларга нисбати (the cost-to-income ratio) кабилардан фойдаланиш мумкин.
     Банк назорати бўйича Базель қў­митаси томонидан ўтказилган эмпирик тадқиқотлар натижалари кўрсатишича, 2009 йилга келиб, инқироз­нинг айни палласида барча моделлар асосига ўз фаолиятини қурган тижорат банкларида капитал рентабеллиги кескин тушиб кетган. Шунга қа­рамай, 2009 йилдан сўнг чакана таъминотли бизнес моделлари асосида иш­ловчи банкларда ушбу кўрсаткич бир оз барқарорлашган. Улгуржи таъ­минотли ва капитал бозорига йўналтирилган бизнес моделлари асосида фаолият кўрсатувчи банк­ларда капитал рентабеллиги кўрсаткичининг беқарорлиги сақланиб қол­ган. Худди шу ҳолат активлар рен­табеллиги кўрсаткичида (return-on-assets, RoA) ҳам қайд этилган.
     Харажатларнинг даромадларга нис­бати таҳлили кўрсатишича, инқи­роз даврида капитал бозорига йўналтирилган бизнес моделини танла­ган банкларда юқори харажатлар қайд этилган. Бу ҳолат менежмент учун тўланадиган мукофотлар миқдо­ри туфайли ҳам бўлиши мумкин. Зеро, инвестицион банкларда менеж­мент учун бонуслар миқдори сезиларли даражада юқори ҳисобланади.
     Банкларнинг бизнес моделлари ҳам, ўз навбатида, турли омиллар сабаб ўзгариб туради. Бундай омиллар сирасига банк фаолиятини тартибга солиш тизимидаги ўзгаришлар, банк операциялари технологияларидаги ўзгаришлар, мижозлар эҳтиёж­ларининг ўзгариши, иқтисодий му­ҳит­нинг ўзгариши кабиларни киритиш мумкин.
     Кейинги пайтларда универсал банклар томонидан самарадорликни оширишга қаратилган айнан бир хил стратегия қўлланилишини кузатиш мумкин (расмга қаранг).
     Айрим тижорат банкларида бош­қа­рувга жараёнли ёндашув жорий қилинган бўлса-да, амалда банк фао­лияти комплекс регламентлаш билан чекланади. Бироқ жараёнли ёндашув нафақат фаолиятни комплекс регламентлаш, балки бизнес жараёнларини бошқаришнинг етарли миқдордаги дастаклари ҳамда уларни самарали амал­га оширилишини ҳам таъминлаши зарур. Ўз навбатида, банкнинг бизнес-жараёнини бошқариш бўйи­ча ўзаро боғлиқликдаги техник, технологик, ахборот-услубий, ташкилий воситалар мажмуи бизнес жараёнларини бошқариш тизимини ташкил этади.
     Ушбу заруратни қуйидаги муаммолар юзага келиши эҳтимоли билан изоҳлаш мумкин:
     ● банк бўлимлари ва ходимлар ўртасидаги мажбуриятлар аниқ тақ­симланмаслиги;
     ● бизнес жараёнлари мантиқан реал талабга номувофиқлиги;
     ● бизнес жараёнлари етарлича автоматлаштирилмаганлиги ва банк инфратузилмасига мос келмаслиги;
     ● ходимнинг жараёнли бошқарув тизимидан бехабарлиги.
     Ушбу муаммолар малакали ходимлар ишдан бўшаши билан боғлиқ ҳолатлар, бизнес жараёнини амалга оширишда вақт ва харажатлар сарфининг ортиб кетиши, мижозларнинг банк хизматидан қониқиш даражаси пасайиши, иш фаолиятидаги хатолик­ларнинг ортиши, кўрсатилаётган хиз­матлар сифати пасайиши, ходимларни ишдан қониқмаслиги кабиларга олиб келиши мумкин.

06_Igamberdiev-1_Uz

     Айни пайтда банкларда бизнес жараёнларини тўғри ташкил этишнинг қуйидаги жиҳатларига эътибор қаратиш лозим:
     ● банк фаолияти очиқлиги, бош­қариш ва назорат қилиш даражасининг ортиши;
     ● вақт сарфи ва харажат қисқа­риши, бизнес жараёни сифати ва са­марадорлиги ошиши;
     ● банк бизнесини оқилона йўлга қўйиш учун қўшимча бўлим ва офислар очилиши;
     ● комплекс ривожланиш учун муҳим ҳисобланган (бунда янги бизнес жараёнларини лойиҳалаштириш, ташкилий тузилмани оптималлаштириш, ISO 9000 стандартлари бўйича сифат менежментини ташкил этиш, банк тизимини такомиллаштириш);
     ● муайян ходимга боғлиқлик камайиши, персонални тўғри танлаш, иш самарадорлиги ошиши;
     ● мижозларнинг банк хизматидан қониқиш даражаси ва банк мав­қеининг ортиши;
     ● молиявий натижалар яхшиланиши.
     Шулардан келиб чиққан ҳолда, банк­нинг стратегик мақсадларини таъ­минловчи бизнес жараёнларини шакл­лантириш учун унинг ташкилий тузилмасини оптималлаштиришга жиддий эътибор талаб этилади.
     Ташкилий тузилма банк муассасаларида бошқарув қарорларини қабул қилишда асосий вазифани бажаради, самарали фаолият кўрсатиш, мотивация, режалаштириш ва назорат механизмларини шакллантиради, шунингдек, стратегик режа ва вазифаларни тўғрилаш ва мослаштириш учун шарт-шароит яратади.
     Бироқ, шуни ҳам унутмаслик керакки, самарали тузилмани шакллантириш билан банк муассасасининг муваффақияти етарлича кафолатланмайди. Таркибий бўлинмани ташкил этишдан ташқари, стратегик мақсадга етакловчи тизимни ишлаб чиқиш ва уларни муайян боғлиқ­ликдаги таркибий бўлинма кесимида тўғри тақсимлаш муҳим аҳамият касб этади. Ташкилий тузилма ваколати ва мажбуриятларининг мувофиқ тақсимланишига асосланган функционал ҳамда бошқарув алоқаларини ҳам тақозо этади.
     Бундан ташқари, коммуникация, ахборотлар оқими ва ҳужжатлар айланиши ҳам банк ташкилий тузилмасининг муҳим элементлари саналади. Ушбу тузилмани модернизация қилиш мураккаб жиҳатларга эга жараён эканлиги ва тузилмани лойиҳа­лашда ташқи шароитларга мослашув­чанлигини таъминлаш зарурлиги аён бўлади.
     Банк ташкилий тузилмасини ло­йи­ҳа­лашнинг амалиётда синалган ва илмий асосланган қатор усуллари мавжуд. Банкларнинг фаолият хусусиятларидан келиб чиқиб, бошқарув тузилмасини лойиҳалашда қуйидаги усуллардан фойдаланиш мумкин:
     ● ўхшатиш, айнан бир тузилмага мослаш усули;
     ● эксперт-таҳлилий усул;
     ● мақсадларни таркиблаштириш усули;
     ● ташкилий моделлаш усули.
     Ўхшатиш усули муайян намунавий тузилма асосида бошқарувнинг ташкилий шакл ва механизмларини қўллаш ҳамда бу жараёнда банкнинг ўзига хосликларини эътиборга олиб тегишли ўзгартириш киритиш кўзда тутилади. Бироқ, ушбу усулда лойиҳа­лаштирилган ташкилий тузилма стандарт вазиятлардан чекиниш ҳолат­ларида етарлича эгилувчан, яъни на­мунадан фарқ қилувчи механизм­ларни жорий этиш имкониятига эга бўлиши даркор.
     Эксперт-таҳлилий усулга муво­фиқ, банкнинг ўзига хос фарқли томони, бошқарув аппаратидаги муаммолар, шунингдек, ташкилий тузилмани шакллантириш ёки қайта қуриш бўйича рационал қарорларни қабул қилиш учун юқори малакали мутахассислар томонидан банк фаолияти ва ишни ташкил этиш жараёни батафсил ўрганиб чиқилади.
     Мақсадларни таркиблаштириш усулини қўллашда одатда қуйидаги босқичларда амаллар бажарилади:
     1-босқич – барча турдаги бошқа­рув учун функционал асос вазифасини бажарувчи мақсадлар тизимини ишлаб чиқиш;
     2-босқич – ўрнатилган мақсадлар тизими, функционал ихтисослашув ва вертикал ҳамда горизонтал ало­қалар тизимига мос келувчи ташкилий тузилманинг намунавий вариантларини топиш;
     3-босқич – таклиф қилинган ташкилий тузилмаларни ҳар бир мақсад­га эришишни ташкилий жиҳатдан таъминлаш, таркибий бўлинмаларни функционал йўналтирилганлиги, раҳ­бар ва ходимлар, бўлинмалар ўзаро муносабатини аниқлаш нуқтаи-на­заридан эксперт таҳлилини ўтказиш;
     4-босқич – аввалдан аниқланган стратегик мақсадлардан келиб чиқиб, банкнинг муҳим ва асосий фаолиятини бирлаштирувчи алоҳида бўлинмалар, шунингдек, бошқарув-вер­тикал тузилмаси бўйича ҳуқуқ ва маж­буриятларни тузиш ва тақсимлаш.
     Ташкилий моделлаштириш банк­даги ваколатлар ва мажбуриятларни тақсимлашни математик, график, схема, жадвал кўринишида ифодалашни кўзда тутиб, танланган мезон мажмуи бўйича якуний банк тузилмасини асослаш учун ташкилий тузилмаларнинг турли вариантларини тузиш, таҳлил қилиш ва баҳолаш учун муҳим база вазифасини бажаради. Ўз навбатида, ушбу усул бошқа усулларга қараганда каттароқ харажатларни талаб этиши боис, уни йирик, кўп функцияли банк ташкилий тузилмаларини шакллантиришда қўллаш мақсадга мувофиқ саналади.
     Банкни бошқаришнинг ташкилий тузилмасини шакллантириш жараёни анъанавий равишда қуйидаги босқичларни қамраб олади:
     ● ташкилий тузилма турини таҳ­лил қилиш ва асосланган равишда танлаш;
     ● келгуси тузилманинг асосий вертикал ва горизонтал ўқларини тузиш;
     ● барча асосий ташкилий бўлинмаларни лойиҳалаштириш;
     ● улар фаолиятининг умумий функционал мазмунини аниқлаш;
     ● ҳар бир ташкилий бўлинманинг мақсад ва вазифаларини шакллантириш;
     ● бўлинмалар таркиби ва уларнинг дастлабки сони ва банк умумий тузилмасидаги ўрнини аниқлаш;
     ● бўлинмаларни барча зарурий ресурслар билан таъминлашни режалаштириш;
     ● банкнинг бошқарув тизимидаги функциялар, алоқа ва жараёнларни мустаҳкамловчи, тартибга солувчи, бўлинмалар ваколатлари даражалари ҳамда миқдорий кўрсаткичларини ўрнатувчи низомлар, қоида­лар ва бошқа тартибга солувчи ҳуж­жатларни ишлаб чиқиш.
     Банк амалиётида бошқарувнинг турли ташкилий тузилмаларидан фой­даланилади. Моҳиятан мутлақ бир хил тузилмага эга бўлган иккита банк­ни учратиш қийин. Чунки, уларнинг ҳар бири бошқарув тузилмаси­да ўзи­га хос фарқли жиҳатларга эга. Муайян бошқарув тузилмасининг параметрлари банкнинг катталиги, унинг операциялари кўлами, филиалларининг мавжудлиги, фаолиятининг функ­ционал йўналишлари доираси, раҳ­бар, ходимлари таркиби ва малакаси, тегишли банк хизматлари бозори сектори хусусиятлари, муайян операциялар устуворлиги, турли йўналишдаги ички сиёсатлари хусусиятлари ва бошқа омилларга боғ­лиқ. Бу, ҳар бир банкнинг ташкилий тузилмаси бетакрор бўлишидан далолат беради. Бироқ, банкларда бош­қарув тузилмасини шакллантириш бораси­даги узоқ кузатувлар ва таж­рибалар таҳлили асосида муайян умумийликни аниқлаш ва улар асосида банк бош­қаруви ташкилий тузилмасининг қа­тор моделларини аж­ратиб кўрсатиш мумкин. Банкнинг бошқаруви тузил­маси моделларини икки гуруҳга аж­ратиш мақсадга му­вофиқ:
     а) банк бошқаруви ташкилий тузилмасининг анъанавий моделлари;
     б) бошқарув ташкилий тузилма­сининг маркетинга йўналтирилган моделлари.
     Банк бошқаруви ташкилий тузилмасининг анъанавий моделлари банк таркибий бўлинмаларининг функцио­нал ихтисослашуви умумий белгиси бўйича шакллантирилади. Бунда концептуал ёндашув бўлиб, банк таш­килий бўлинмаларининг аниқ ихти­сослашуви, яъни тижорат бўлимлари ва департаментлари, шунингдек, ички, кўмаклашувчи ва бошқа таркибий бўлинмалар фаолиятининг функционал моҳияти бўйича ихтисослаштирилиши ҳисобланади.
     Аниқ функционал йўналишга эга бўлган банклар бошқаруви ташкилий тузилмасининг анъанавий моделларига хос бўлган қуйидаги афзаллик ва ижобий жиҳатлари мавжуд:
     ● таркибий бўлинма функционал ихтисослашувида банк тақдим этаётган хизматлар сифати даражаси юқо­рилиги;
     ● банк маҳсулотлари ва хизматларини бошқаришнинг функционал характер касб этиши.
     Айни пайтда, бошқарув тузилмасининг анъанавий моделлари қатор камчиликларга ҳам эга, хусусан:
     ● мижозларга комплекс хизмат кўрсатишнинг техник жиҳатдан мураккаблиги;
     ● банк маҳсулотларини сотиш жа­раёнини бошқаришнинг етарлича самарадорликка эга эмаслиги.
     Банк хизматлари бозоридаги ра­қобатнинг кучайиши мижозларга хиз­мат кўрсатиш бўйича сифат жи­ҳат­дан янги ва самарали технологияларга ўтишни талаб этади. Бу эса, банкни бош­қариш тизими трансформациясини, банк маҳсулотини яратишдан кў­ра, уни сотишни банк фао­лиятининг энг устувор йўналишига айланишини тақозо этади. Бошқа томондан қара­ганда, фан-техника тараққиёти ютуқ­ларидан банк фаолиятида фойдаланиш банк технологиялари ва коммуникация тизимида принципиал ўзга­ришларга олиб келди. Натижада, ти­жорат банкларини бошқариш ти­зими сифат жиҳатдан янги техник асосларга ўтди. Мазкур омиллар таъсирида бошқарув ташкилий тузилмасини янги шакллари юзага келди ва ривожланди, мижозлар талабларини қондиришга устуворлик берилди. Банк ташкилий тузилмасининг маз­кур шакллари бош­қарувнинг мар­кетинга йўналтирилган ташкилий тузилмаси номини олди.
     Мижозлар манфаати ва талабларига йўналтирилганлик тамойили асосида ташкил қилинган ички инфратузилмага эга бўлган мазкур бош­қарув ташкилий тузилмаси қуйидаги даража ва шаклларга эга:
     ● бошқарувнинг хизматлар тури бўйича ташкилий тузилмаси;
     ● бошқарувнинг мижозлар гуру­ҳи бўйича ташкилий тузилмаси;
     ● бошқарув ташкилий тузилмасининг матрица шакли;
     ● бошқарув ташкилий тузилмасининг дивизион шакли.
     Бошқарувнинг маркетингга йўналтирилган ташкилий тузилмаси, ўз навбатида, қуйидаги афзалликларга эга:
     ● мижозларга хизмат кўрсатиш ва банк маҳсулотини реализация қи­лишнинг сифат жиҳатдан янги усуллари ҳисобига рақобатда устунликни таъминлаш;
     ● умумий ҳолда банкнинг бош­қариш тизими юқори даражадаги мос­лашувчанлиги.
     Шу билан бирга, ушбу моделнинг қатор камчиликлари ҳам мавжуд бўлиб, уларга қуйидагилар тааллуқли:
     ● бошқарув тизимининг методик жиҳатдан мураккаблиги;
     ● тор функционал ихтисослашувдан воз кечилганда хизматлар сифатининг кескин пасайиши;
     ● ваколатлар даражаларининг ке­сишуви ва бошқарув функцияларининг бир-бирини такрорлаш ҳолати­нинг юзага келиши.
     Бу ўринда тижорат банклари томонидан бошқарувнинг ташкилий тузилмаси моделини танлашда турли омилларни ҳисобга олишни ҳам унутмаслик зарур. Хусусан, бундай омиллар қаторига қуйидагиларни киритиш мумкин:
     ● банкнинг катталиги ва географик кўлами;
     ● кенг филиаллар тармоғининг мавжудлиги;
     ● банкнинг ихтисослашув йўналишларига эга эканлиги;
     ● янги банк маҳсулотларини жорий этиш даражаси ва имконияти;
     ● тармоққа йўналтирилганлиги ва доимий мижозларнинг салмоғи;
     ● банкнинг умумий маданият даражаси, тарихи ҳамда бошқарувдаги анъ­аналари;
     ● бошқарув ва операцион ходимларнинг малакаси;
     ● умумий ва алоҳида бозор сегментларининг жорий ҳамда прогноз конъюнктураси.
     Инвестицион банк фаолиятини ривожлантириш қимматли қоғозлар бозорининг тараққий этганлик даражасига боғлиқ бўлиб, асосий даромад қимматли қоғозлар олди-сотдисида агентлик хизматини кўрсатиш, корпоратив қайта тузиш жараёнларини амалга ошириш, қимматли қоғозлар бозорида брокерлик ва дилерлик операцияларини амалга ошириш, андеррайтер хизматларини кўрсатиш натижасида шаклланади.
     Тадқиқот натижаларига асосланиб, банк бизнес моделларини уч турга, яъни чакана ресурс таъминотли, улгуржи ресурс таъминотли ва капитал бозорига йўналтирилган мо­делларга ажратиш мумкин.
     Чакана ресурс таъминотли бизнес моделига эга банкларда умумий кредитлар ҳажми ялпи соф активларга нисбати юқори бўлиши ва бар­қарор молиялаш манбаларига таяниши кучли эканлиги кузатилади.
     Улгуржи ресурс таъминотли моделга эга банклар эса ресурс манбаларининг турли- туманлиги ва мижоз депозитлари салмоғининг нисбатан пастлиги, банклардан олинган кредитлар ва бошқа қарз мажбуриятлари улуши юқорилиги билан ажралиб туради.
     Капитал бозорига йўналтирилган моделга эга банкларда олди-сотди учун мўлжалланган қимматли қо­ғозлар умумий соф активларнинг яр­мидан кўпини ташкил этади, шунингдек, ресурс манбалари асосий қисмини депозитлар эмас, бошқа манбалар ташкил этади.
     Қайд этилганидек, самарали тузилмани шакллантириш билан банк муассасасининг муваффақиятли фаолияти кафолатланмайди, бироқ, қа­тор шарт-шароитларни яратади.
     Республикамиз тижорат банклари инвестицион фаоллигини ошириш ва фаолият самарадорлигини таъминлаш учун қуйидаги амалий так­лифларни жорий этиш мақсадга му­вофиқ:
     1. Инвестицион хизматлар бўйича операцион бўлинмаларни бирлаш­тириш ва фаолиятни марказлаштириш орқали ички синергия ва кўлам са­марасини ошириш;
     2. Қимматли қоғозлар бозоридаги операциялар кўламини ошириш орқали банк фаолиятидаги умумий ликвидлилик рискини камайтириш;
     3. Инвестицион операциялар билан боғлиқ бозор рисклари ва операцион рискларни доимий мониторинг қилиш ва уларни қоплаш учун зарурий захираларни шакллантириш;
     4. Тижорат банкларининг корпоратив назорат бозоридаги ролини ошириш орқали инвестицион хизматлардан келадиган даромадлар улушини кўпайтириш.

 
 
Султонмурод ИГАМБЕРДИЕВ,
илмий-тадқиқотчи

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.