Ҳозирги пайтда ҳудудларни самарали бошқариш бўйича икки хил қараш мавжуд, биринчиси, ҳудудлар самарали бошқарилаётганлигига иқтисодий фаолиятнинг миқдорий кўрсаткичларини қиёслаш орқали баҳо бериш бўлса, иккинчиси, бошқарув аппаратини сақлаш учун сарфланган маблағлар миқдорида бошқарув қарори, қонун ёки қарорларнинг «ишлаб чиқариш» харажатларида билвосита акс этиши ва унинг нисбатига қараб баҳо беришдир.
Самарали бошқариш бўйича баҳо бериш усулларида битта объектнинг талқини бутун ҳудуднинг барча жиҳатларини қамраб ололмайди ва бошқарув самарадорлигини ҳам тўлиқ очиб беролмайди. Шуни инобатга олиб, бизнингча, ҳудудлар ижтимоий-иқтисодий ривожланишини бошқариш самарадорлигини аниқлаш учун янгича усулни татбиқ этиш лозим. Бу борада «ҳудуд – тизим» усулини қўллаш ва унинг барча узвий боғлиқ бўлган алоқаларини аниқлаш ҳамда тизимнинг хатти-ҳаракатига таъсир этишини намоён этадиган схемани яратиш масаланинг туб моҳиятини очиб беришга хизмат қилади.
Ҳудудларни самарали бошқариш муаммосини ҳал этишда тизимли ёндашувнинг бир қанча функцияларини келтириб ўтиш жоиз, яъни:
● бошқарувчи тизим;
● бошқариладиган тизим – жамиятнинг барча унсурларига объект сифатида қараш;
● ўзаро боғлиқ тизим – турли институтлар алоқалари: тўғридан тўғри ёки билвосита; вертикал ёки горизонтал.
Бу ерда бошқарувчи субъектдан бошқариладиган ахборот чиқади ва бошқариладиган объектдан қайта алоқа сифатида ахборотнинг узатилиши содир бўлади. Шунинг учун ҳам, ҳудудлар ривожланишини бошқариш тизими жамиятда мавжуд бўлган барча ресурслар самарали сарфланишига шарт-шароит яратиб берилишини таъминлаши керак. Жумладан, моддий, интеллектуал, молиявий, ахборот, демографик ресурслар ва ҳоказолар.
Мамлакат иқтисодиёти ёки алоҳида ҳудуд ривожланишини тизимли бошқаришда уларга ягона тизим сифатида қараш, бир неча функционал боғлиқ иерархик бўғинлардан таркиб топганини ва ягона мақсад сари ҳаракатланишини қайд этиш лозим. Ҳудуднинг иерархик тузилиши тизимда мавжуд унсурларнинг ўзаро вертикал ҳамда горизонтал боғланишини юзага келтиради. Ҳудуднинг бошқариш тизими ўзига хос мураккаб бўлиб, у мавжуд гуруҳлар (хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ўз-ўзини бошқариш органлари, турли институтлар)ни ягона мақсад сари бирлаштириш билан бир қаторда, уларнинг манфаатларини инобатга олиш зарур. Демак, бу ерда турли манфаатларни мувофиқлаштириш, тузилмаларнинг ҳар бирини бозор қоидаларидан келиб чиқиб, индивидуал ривожланишига шарт-шароит яратиш, керак пайтда назорат қилиш ва мониторингини мунтазам олиб боришни йўлга қўйиш муҳим жиҳатлардан ҳисобланади.
Фикримизча, ҳудудлар ривожланишини тизимли бошқаришни лойиҳалаштиришда ривожланиш жараёни моделининг таркибини аниқлаб олиш лозим. Бу жараённи прогноз қилиш иложсиз бўлганлиги учун ҳам моделни турли вазиятларга тез мослаша оладиган таркиб ва параметрлар билан лойиҳалаштириш мақсадга мувофиқдир. Бошқача айтганда, моделда иштирок этадиган таркиб ва параметрлар жараённинг ўзгаришига қараб тез мослашувчан, зарур пайтларда уларнинг ўзи ҳам ўзгара оладиган бўлиши лозим. Бунинг учун ҳудудлар ривожланишининг ҳар бир даврида танланган моделнинг параметрлари ўзгарувчиларнинг кириш ва чиқиши билан баҳоланиши зарур.
Маълумки, ҳудудий тизим бир қанча унсурлардан таркиб топган ҳолда, улар ўртасидаги боғлиқлик даражаси ҳам юқори ҳисобланиб, унсурлар ўртасида нофункционал боғлиқлик мавжуд. Таассуфки, айнан ушбу алоқалар уларни бир бутун тарзда ривожланишига тўсқинлик қилади. Шу боис, «Ҳудудлар ривожланишини стратегик бошқариш концепцияси»ни ишлаб чиқиш лозим. Чунки ҳудудни яхлит бозор, ижтимоий субъект ва иерархик алоқалар тизими сифатида таҳлил қилиш ўринлидир.
Ҳудуднинг ишлаб чиқариш салоҳиятини баҳолаш назарий ва амалий жиҳатдан ниҳоятда муҳим бўлиб, бу ерда жойлашган ишлаб чиқариш корхоналари салоҳиятини аниқлаш, уларни жамлаш мамлакат иқтисодий салоҳиятини белгилашда зарурий шарт ҳисобланади. Чунки, бу корхоналарни ишлаб чиқариш салоҳиятини ҳисоблаш, сарфланган ресурсларни, шу билан бирга, уларни келажакда қайта тақсимлаш ва оқилона инвестиция сиёсатини амалга ошириш учун зарур. Ишлаб чиқариш харажатларини ҳисоблаш корхонанинг иқтисодий салоҳиятини баҳолашда бозор шароитида олаётган фойдасини ҳисоблашда қанчалик муҳим бўлса, ҳудуд учун ҳам унинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини баҳолаш шунчалик аҳамиятлидир.
Бугунги кунда ҳудуд салоҳиятини баҳолашда аҳоли сони билан биргаликда, уларнинг даромадлари, жамғармалари ва орттирган мулклари ҳамда аҳолининг интеллектуал салоҳияти ҳам ҳисобга олинади. Ушбу кўрсаткичлар ҳамда ҳудудда мавжуд бўлган ишлаб чиқариш ресурслари аниқланиб, ишлаб чиқариш кучлари жойлаштирилади ва ҳудуднинг инвестицион дастури ишлаб чиқилади.
Замонавий глобал рақобат шароитида ижроия ҳокимиятининг асосий эътибори иқтисодиётни жадал ва барқарор ривожлантиришнинг инновацион ривожланишига, илмий салоҳият мавжуд бўлган соҳаларда инновацион фаолликни кучайтиришга қаратилиши лозим.
Инновацион ривожланиш манбасини тадқиқ қилиш ҳудуднинг шаклланган инновацион салоҳиятини таҳлил ва синтез қилишни талаб қилувчи комплекс муаммо ҳисобланади, бу эса, ўз навбатида, ушбу ривожланиш имкониятларини акс эттиради.
Инновацион салоҳиятни ўлчашда Халқаро иқтисодий форум (ХИФ) глобал рақобатбардошлик ҳисоботларини тайёрлашда фойдаланиладиган «Глобал рақобатбардошлик индексининг инновацион салоҳият субиндекси («Growth Competitive Index» – GCI) кенг қўлланилади. Иқтисодиёт ривожланишининг жорий даражасини акс эттирувчи ушбу кўрсаткич, қисқа муддатли ривожланишда миллий иқтисодиётнинг барқарор иқтисодий ўсишга эришиш қобилиятини аниқлашга қаратилган. «GCI» мамлакатларнинг қисқа муддатли ҳамда узоқ муддатли ривожланишида иқтисодий ўсишга таъсир қилувчи технологиялар, давлат институтлари ва макроиқтисодий ҳолат категорияларига асосланади.
«GCI» 90 дан зиёд ўзгарувчанларни жамлайди ва тўққизта индексга асосланади. Улардан бири инновацион фаолиятдир. Рақобатбардошликнинг глобал индекси ЯИМни аҳоли жон бошига тўғри келадиган даражасидан келиб чиққан ҳолда барча мамлакатлар ривожланишини учта асосий ва иккита ўтиш даври бўйича тақсимлайди: ресурсларга таянган ривожланиш босқичи (аҳоли жон бошига ЯИМ < 2000 АҚШ доллари), самарадорликнинг ўсиш босқичи (аҳоли жон бошига 3000–9000 АҚШ доллари) ва инновацион ривожланиш босқичи (аҳоли жон бошига ЯИМ > 17000 АҚШ доллари).
ХИФ экспертларининг услубиятига мувофиқ, қисқа ва узоқ муддатли ривожланишда барқарор иқтисодий ўсишга эришиш имкониятлари тенг даражада бўлган учта ўзгарувчан категорияларга боғлиқ бўлиб, яъни, улар макроиқтисодий муҳит, давлат институтлари ва технологиялардан иборатдир.
Ҳудудлар кесимида инновацион салоҳиятни баҳолаш алгоритми уч босқичда амалга оширилади. Бу борада олимлар мавжуд кўрсаткичларни икки гуруҳга – умумлашма ва хусусий кўрсаткичларга ажратиш лозимлигини таъкидлайдилар. Улардан биринчиси – базавий таснифлагич сифатида юзага чиқади ва чегаравий аниқлашни талаб қилади, иккинчиси – ёрдамчи вазифани бажаради ва асосан ҳудудий инновацион ривожланишда ушбу ҳолатларни тушунтиришга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, ҳудудларнинг инновацион ривожланиши ва унга баҳо беришда инсон капиталининг ҳолати, ҳудуддаги мавжуд техник-технологик ишланмалар, ихтиролар сони, уларнинг аҳоли сонига нисбати бўйича кўрсаткичларни таҳлил қилиш долзарб масалалардан ҳисобланади. Бу борада ҳудудларнинг ривожланганлик даражасига баҳо бериш бўйича хорижий давлатларнинг илғор илмий-услубий тажрибаларини Ўзбекистон шароитига мослаштириш ва амалий тавсияларни ишлаб чиқиш соҳа тадқиқотчиларининг асосий вазифаларидан биридир.
Ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятига баҳо беришда иқтисодий ресурслар, интеллектуал салоҳият ва ушбу салоҳиятдан амалда нечоғлиқ фойдаланилаётганлиги, унинг ресурс салоҳиятидан техник ва технологик жиҳатдан фойдаланиш имкониятлари ва уларнинг кўламидан келиб чиқиб, бошқа омилларнинг инобатга олиниши ва турли ҳудудий дастурлар ишлаб чиқилиши зарурий шартлардан ҳисобланади.
Зеро, умумэътироф этилган ва амалиётда ўз тасдиғини топган ишланмаларни ўрганиш ва татбиқ этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаб етган ҳолда амалга ошириш ҳудудларнинг комплекс равишда ривожлантирилиши учун ишлаб чиқилаётган ҳудудий дастурлар ва концепцияларнинг самарали натижа беришини таъминлайди.
Ҳудуднинг бошқариш тизими ўзига хос мураккаб жараён бўлиб, у мавжуд гуруҳлар (хўжалик юритувчи субъектлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, ўз-ўзини бошқариш органлари, турли институтлар)ни ягона мақсад сари бирлаштириш билан бир қаторда, уларнинг манфаатларини ҳам инобатга олиши талаб этилади.
Шерзод МУСТАФАҚУЛОВ,
иқтисод фанлари номзоди;
Баҳодир АҲМЕДОВ,
Банк-молия академияси тингловчиси