Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Аҳоли саломатлигини асраш, ҳаётнинг давомийлигини узайтириш ва унинг сифатини яхшилашга интилиш соғлиқни сақлашни ривожлантиришнинг асосий шарти ҳисобланади. Замонавий, сифатли, самарали ва хавфсиз дори воситаларининг мавжудлиги ва аҳоли учун дори таъминотининг қулайлиги нафақат инсон касалликларининг олдини олиш ва уларни даволашнинг асоси, балки жамият ва давлат ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг муҳим кўрсаткичи ҳамдир.
Дори воситасини давлат рўйхатидан ўтказиш уни бозорга олиб чиқиш учун энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади, чунки унинг доирасида дори воситасининг сифати ҳамда уни қўллашдаги наф ва хавф-хатарнинг нисбати аниқланади.
Мамлакатимизда дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш Ўзбекистон Республикасининг «Дори воситалари ва фармацевтика фаолияти тўғрисида»ги қонунига мувофиқ амалга оширилади.
Дори воситаларини давлат рўйхатидан ўтказишдан мақсад Ўзбекистон Республикаси аҳолисини сифати, хавфсизлиги ва самарадорлиги кафолатланган дори воситалари билан таъминлашдан иборат.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг талабларига кўра «дори воситаларининг муомаласи бўйича миллий тартибга солувчи органлар (МТСО)нинг муҳим вазифаси барча фармацевтика маҳсулотларини бозорга кириб келишидан олдин баҳолашнинг мажбурий ўтказилишини (рўйхатга олиш олдидан баҳолаш), рўйхатга олинганлик тўғрисидаги гувоҳномаларининг берилишини ва ушбу маҳсулотларнинг талаб қилинадиган сифат, хавфсизлик ва самарадорлик стандартларига мувофиқлигини кафолатлаш мақсадида кейинги таҳлилни (рўйхатга олинганидан кейинги баҳолаш) таъминлайдиган тизимни яратишдан иборат («Дори воситаларининг муомаласи бўйича миллий тартибга солувчи органлар учун қўлланма» Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти, 2011 йил).
Европа Иттифоқи ва Европа Парламентининг 2001/83-сонли Директивасига мувофиқ:
(2) Дори воситаларини ишлаб чиқариш, тарқатиш ва улардан фойдаланишни тартибга солувчи ҳар қандай қоидаларнинг асосий мақсади аҳолининг саломатлигини муҳофаза қилишдан иборат бўлиши керак.
(35) Бундай препаратларни сақлаш, ташиш ва улар билан муомалада бўлишнинг зарур шарт-шароитларини кафолатлаш учун дори воситаларини ишлаб чиқариш ёки импорт қилишдан тортиб то уларни аҳолига етказиб беришгача бўлган жараённи қамраб олувчи дори воситаларини сотиш бутун занжирининг назоратини амалга ошириш лозим. Ушбу мақсадга эришиш учун зарур бўлган талабларнинг қабул қилиниши нуқсонли маҳсулотларнинг савдо тармоғидан олиб ташланишини сезиларли даражада енгиллаштиради ва сохта воситаларнинг тарқалишига қарши янада самарали чораларни кўриш имконини беради (Европа Парламенти ва Европа Иттифоқи кенгашининг 2001 йил 6 ноябрдаги, 2001/83/ЕИ-сонли «Ҳамжамиятнинг инсон учун дори воситаларига нисбатан қонунлари тўплами тўғрисида»ги Директиваси (2012 йил 25 октябрда ўзгартиришлар киритилган).
Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани рўйхатдан ўтказиш тартиботи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 23 мартдаги 213-сонли қарори билан тасдиқланган «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникани давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда рўйхатдан ўтказилганлик гувоҳномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом» билан тартибга солинади.
Ўзбекистон Республикасида дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш тартиби мамлакат қонунларида белгиланган талабларга, ривожланган мамлакатларда фармацевтика маҳсулотларини рўйхатдан ўтказиш тажрибасига, шунингдек, Ўзбекистоннинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг тавсияларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Худди шундай фаолият дунёнинг барча ривожланган мамлакатлари (АҚШ, ЕИ, Япония, Россия, Украина, Белоруссия, Қозоғистон ва бошқалар)да ҳам амалда қўлланилади ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига мос келади.
Мукаррам ЭРГАШЕВА,
ДВТБТТЭСДМ фармако-токсикологик тадқиқотлар лабораторияси мудири