Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Мамлакатимизда бирон бир соҳани ёки тармоқни ривожлантириш, авваламбор, молиявий ресурслар ёки инвестицияларни кенг кўламда жалб қилиш билан боғлиқ. Шу боис, Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш мақсадлари унинг инвестиция сиёсатида тўлиқ акс эттирилишини тақозо этмоқда.
Жаҳон тажрибаси мамлакат иқтисодиётида хорижий инвестицияларнинг тутган ўрни, унинг салмоғи мазкур давлатдаги инвестиция муҳитининг қанчалик даражада қулай яратилганлигини англатади. Бу муҳит кўп жиҳатдан хорижий инвестицияларга нисбатан татбиқ этилаётган сиёсатни ва ташқи иқтисодий фаолиятнинг давлат томонидан тартибга солишнинг хусусиятлари билан баҳоланади.
Ўзбекистонда инвестиция жараёни йилдан-йилга ривожланиб бормоқда. Масалан, 2016 йилда иқтисодиётга 16,6 млрд АҚШ доллари миқдорида ёки 2015 йилга нисбатан 9,6 фоиз кўп инвестиция йўналтирилди. Натижада, ўзлаштирилган хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳажми 11,3 фоизга ўсди ва 3,7 млрд доллардан ошиб кетди. Умумий қиймати 5,2 млрд долларга тенг бўлган 164 та йирик инвестициявий лойиҳани амалга ошириш якунига етказилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда инвестицияларнинг ЯИМдаги улуши ўртача 22–25 фоизни ташкил этмоқда. Шу жумладан, амалга оширилаётган ишлар ҳамда режалаштирилаётган инвестиция салоҳиятидан самарали фойдаланишда ўзига хос ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳам мавжуд. Бунинг учун мамлакатимизда мавжуд инвестиция муҳитини таҳлил қилиш тақозо этилади.
Бу борада, энг аввало, республикада қулай сармоявий муҳит яратилганлигига қуйидаги омиллар ижобий таъсир этаётганлигига эътибор қаратиш лозим:
Биринчидан, меъёрий-ҳуқуқий базанинг мавжудлиги;
Иккинчидан, тадбиркорлик билан шуғулланиш қоидалари либераллашуви;
Учинчидан, бизнесга солиқ ва божхона преференциялари татбиқ этилиши;
Тўртинчидан, саноат ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга устуворлик берилиши;
Бешинчидан, эркин иқтисодий зоналарнинг ташкил этилиши.
Бугун Ўзбекистон йирик хорижий инвестицияларни қабул қилувчи мамлакатлар қаторига кириши учун барча иқтисодий, сиёсий ва ҳуқуқий асослар яратилган. Айниқса, мамлакатимиз ҳудудларидаги табиий минерал хомашё ресурслари, малакали ишчи кучи, соғлом атроф-муҳит, сиёсий, ижтимоий-иқтисодий барқарорлик муҳим роль ўйнаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Лекин, бу жиҳат Ўзбекистонда хорижий инвесторларни жалб қилиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратиб бўлинди, дегани эмас. Эндиги вазифамиз мазкур асосларга таяниб, инвестициялар жалб этишнинг механизмларини такомиллаштириш масалаларини объектив тарзда ўрганишга жиддий эътибор қаратишимизни тақозо этади.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг устувор йўналишлари орасида қуйидагиларни алоҳида қайд этиш мумкин:
● инвестициялар жалб қилишни самарали йўлга қўйиш учун халқаро меъёрлар ва конвенцияларга мос бўлган, саноати ривожланган мамлакатлар инвесторлари томонидан тан олинган ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга интилиш;
● республикага замонавий технологияларни етказиб берадиган ва иқтисодиётнинг етакчи тузилмаларини вужудга келтириш имконини яратадиган инвесторлар учун очиқ эшиклар сиёсатини изчиллик билан татбиқ этиш;
● ишлаб чиқариш билан боғлиқ инвестицияларни киритишга кўмаклашиш;
● мамлакатнинг кредит қобилиятини қўллаб-қувватлаш;
● айрим минтақаларимиздаги ижтимоий ва экологик муаммоларни ҳал қилишга қаратилган инвестицияларга устуворлик бериш.
Мамлакатимиз инвестиция сиёсатидаги асосий ва муҳим вазифа – 2030 йилга қадар ялпи ички маҳсулот ҳажмини икки баробарга ошириш, иқтисодиётимиз таркибида саноат улушини 40 фоизга етказиш бўйича мақсадли дастурларни амалга оширишдан иборат.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан тасдиқланган 2017–2021 йилларда мамлакатимизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши, яъни Ҳаракатлар стратегияси – «Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш» йўналишидаги чора-тадбирларни амалга оширишда тадбиркорликни ривожлантириш, чет эл инвесторлари учун инвестициявий жозибадорликни, солиқ маъмурчилигини яхшилаш, банк фаолиятини тартибга солишнинг замонавий принциплари ва механизмларини жорий этиш, кўп тармоқли фермер хўжаликлари шаклланиши учун имтиёзлар бериш ва туризм индустриясини жадал ривожлантириш бўйича қуйидаги масалалар белгилаб берилди:
● банк тизими барқарорлигини таъминлаш, капиталлашув даражаси ва депозит базасини ошириш, молиявий барқарорлиги ва ишончлилигини мустаҳкамлаш, истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини кредитлашни янада кенгайтириш;
● суғурта, лизинг ва бошқа молиявий хизматлар ҳажмини уларнинг янги турларини жорий қилиш ва сифатини ошириш ҳисобига кенгайтириш, шунингдек, капитални жалб қилиш, корхона, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштириш бўйича муқобил манба сифатида фонд бозорини ривожлантириш;
● халқаро иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш, жумладан, етакчи халқаро ва хорижий молиявий институтлар билан алоқаларни кенгайтириш, пухта ўйланган ташқи қарзлар сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, жалб қилинган хорижий инвестиция ва кредитлардан самарали фойдаланиш.
● давлат мулкини хусусийлаштиришни янада кенгайтириш ва унинг тартиб-таомилларини соддалаштириш, хўжалик юритувчи субъектларнинг устав жамғармаларида давлат иштирокини камайтириш, давлат мулки хусусийлаштирилган объектлар базасида хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
● инвестиция муҳитини такомиллаштириш, мамлакат иқтисодий тармоқлари ҳамда ҳудудларга хорижий, энг аввало, тўғридан-тўғри инвестицияларни фаол жалб қилиш;
● ижтимоий-иқтисодий ривожланишни жадаллаштириш, аҳоли турмуш даражаси ва даромадларини ошириш учун ҳудудларнинг табиий минерал-хомашё, саноат, қишлоқ хўжалиги, туристик ва меҳнат салоҳиятидан комплекс фойдаланиш;
● ҳудудлар иқтисодиётини модернизация ва диверсификация қилиш кўламини кенгайтириш, ривожланиш даражаси нисбатан паст бўлган туман ва шаҳарларни саноат, экспорт салоҳиятини ошириш ҳисобига ижтимоий-иқтисодий фарқларини камайтириш;
● янги саноат корхоналари, сервис марказлари ҳамда кичик саноат зоналарини ташкил қилиш, йирик хўжалик бирлашмалари маблағларини, банкларнинг кредитларини ва хусусий хорижий инвестицияни жалб қилиш ҳисобига кичик шаҳарчаларни ривожлантириш;
● саноат ва хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш ҳисобига субвенцияга қарам туман ва шаҳарларни камайтириш, маҳаллий бюджетлар даромад базасини кенгайтириш.
Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг фарқли хусусияти шундаки, бунда устуворлик юқори технологик ишлаб чиқариш ва маҳаллий хомашё ресурсларини қайта ишловчи инвестиция лойиҳалари учун берилади.
2017–2021 йилларда умумий қиймати 40 млрд АҚШ доллари миқдоридаги 649 та инвестиция лойиҳаларини назарда тутувчи тармоқ дастурларини амалга ошириш режалаштирилмоқда. Натижада, кейинги беш йилда саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш 1,5 баравар, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизгача, қайта ишлаш тармоғи улуши 80 фоиздан 85 фоизгача ошиши кўзда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси иқтисодиётининг устувор тармоқларини ривожлантириш учун хорижий инвестицияларни кенг кўламда жалб қилиш сиёсати мавжуд маблағлардан, вақт ва имкониятдан самарали фойдаланишга, мавжуд шарт-шароитлардан келиб чиқиб, мазкур моддий бойликларни самарали жойлаштиришга ҳамда республика иқтисодиётини жаҳон иқтисодий тизимига қўшилишига рағбатлантириш йўли билан инвестицияларни устувор тармоқларга йўналтиришга ва самарали татбиқ этишга қаратилган.
Инвестиция мақсадлари даромад олиш билан бирга таваккалчиликни ҳам ҳисобга олиши зарур. Инвестиция жараёнининг мазкур босқичини асосий портфелга киритиш учун молиявий активларнинг муайян турларини танлаш.
Фикримизча, инвестицияларни жалб қилишда айрим муаммолар мавжуд, улар қуйидагилар:
● инвестиция лойиҳаси бўйича маркетинг тадқиқотлари чуқур ўрганилмаслиги ва бу жиҳат лойиҳанинг келгусидаги пул оқимлари ҳаракатининг барқарорлигига ҳамда кредитни қайтариш манбасининг ишончлилигига салбий таъсир этиши;
● инвестиция лойиҳа ташаббускорлари дуч келаётган асосий муаммолардан яна бири – молиялаштиришдаги нокредит усуллардан суст фойдаланиш (лизинг, франчайзинг ва ҳ.к.);
● тижорат банкларининг молия-кредит муассасаларига хос бўлмаган вазифаларни бажариши. Банклар кўп ҳолларда назорат қилувчи ва кузатувчи молия идораси сифатида ҳара_кат қилмоқда ва бу ҳол инвестиция лойиҳа ташаббускорларининг банк тизими билан муносабатига салбий таъсир кўрсатмоқда;
● айрим ҳолларда инвестиция лойиҳаларининг техник-иқтисодий асосномаси сифатсиз тайёрланиши.
Инвестициялардан фойдаланиш самарадорлигини оширишга қаратилган таклифлар қуйидагилар:
● тижорат тузилмаларининг кафолат талабини таъминлаш мақсадида кафолат-гаров жамғармалари тизимини ривожлантириш;
● аҳоли бўш пул маблағларини инвестиция жараёнларига жалб қилиш мақсадида қимматли қоғозлар бозорини янада ривожлантириш, турли қимматли қоғозларни муомалага чиқариш (уй-жой сертификатлари ва уй-жой облигациялари);
● ишлаб чиқаришни тузилмавий-технологик қайта қуришни жадаллаштириш мақсадида марказлашган кредит ресурсларининг бир қисмини тез қоплайдиган инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришга қаратиш, шу жумладан, кичик бизнес объектларига йўналтириш;
● инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришнинг нокредит усулларидан – лизинг, франчайзинг, факторинг каби турларидан фойдаланишни кенгайтириш;
● инвестиция лойиҳалари сифатини ва уларни капитал қўйилмалар самарадорлиги талабларига мос келишини таъминлаш мақсадида тижорат асосида доимий равишда фаолият юритадиган инвестиция лойиҳалари кўргазмасини ташкил қилиш.
Қисқача айтганда, Ўзбекистонда амалга оширилаётган инвестиция сиёсати – иқтисодий ўсиш барқарорлигини таъминлаш, тузилмавий ўзгаришларни амалга ошириш, диверсификация ва модернизация қилишни ривожлантириш, рақобатбардош ва сифатли товарлар ишлаб чиқариш, энг асосийси, республика аҳолисининг ҳаёт даражасини тубдан яхшилашга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этади.
Эркин НИГМАНОВ,
иқтисод фанлари номзоди