(O´zbek) Ўзбекистон кимё саноатининг таянчи

2/2024

Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.


«Navoiyazot» акциядорлик жамияти нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёда мураккаб технология ва жараёнларга эга, ташқи ва ички бозор географияси, ишлаб чиқариш ҳажми жиҳатидан кимё саноатининг йирик қувватларидан бири ҳисобланади.
Бир вақтлар, Навоий шаҳри эндигина вужудга келаётган даврда, яъни 1964 йилда каттагина майдондаги чўлнинг жанубий қисмида қад ростлаган «Navoiyazot»да 1965 йилда 110 минг тонна қувватли аммиак ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. 1970 йилда ацетилен ва ацетальдегид ишлаб чиқариш бошланди. 1988 йилда тиомочевина ва хлорид кислота каби маҳсулотлар ишлаб чиқарилишига старт берилди.
Корхона дастлаб, ўз фаолиятини мамлакатимиз халқ хўжалиги учун зарур аммиакли селитра, сўнгра бошқа кимёвий маҳсулотлар ишлаб чиқаришдан бошлаган бўлса, ҳозирга келиб, ишлаб чиқариш объектлари ва қурилмаларининг кўпайиши натижасида маҳсулотлар ассортиментини кенгайтириш имкони ҳам пайдо бўлди.
Президентимиз 2019 йили бевосита «Navoiyazot»га ташрифлари чоғида бундай ишлаб чиқариш қувватлари мамлакатимиз иқтисодиёти учун муҳимлигини, юқори самарадорлиги билан кўплаб тармоқларга, халқимизга катта манфаат келтиришини таъкидлаган эди.
Сўнгги йилларда бевосита давлатимиз раҳбари ташаббуси ва иштирокида «Navoiyazot»да амалга оширил­ган 2 миллиард доллардан зиёд 3 та йирик лойиҳа на­фақат корхона фаолиятида, балки кимё саноати тарихида кузатилмаган воқеа ҳисобланади. 2019 йилда ПВХ, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси, 2021 йилда бирйўла иккита завод – азот кислотаси ҳамда аммиак ва карбамид ишлаб чиқариш комплексларининг ишга туширилиши билан корхона тарихида янги давр бошланди. Шу тариқа ярим аср илгари қу­рилган, ҳар томонлама эскирган цехлар фойдаланишдан чиқарилиб, янгиланган «Navoiyazot» том маънода мамлакат кимё саноатининг локомотив корхонасига айлантирилди.
«Ўзбекистон – 2030» стратегиясида Қорақалпоғистон Республикаси, Бухоро, Навоий, Тошкент ва Фарғона вилоятларида йирик кимё-полимер кластерларини ташкил этиш ва юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш корхоналарини ишга тушириш белгиланган. Ушбу вазифалар ижроси доирасида «Navoiyazot» АЖда 2030 йилга қадар 31 та – жами 2,8 млрд. долларлик инвестицион лойиҳани амалга ошириш режалашти­рилган.
Айни пайтда 9 минг нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилаётган «Navoiyazot»да кимё саноати маҳсу­лотларининг 30 фоиздан ортиғи ишлаб чиқарилмоқда. «Navoiyazot» АЖ ўз маҳсулотлари билан тоғ-кон саноати, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, ёқилғи-энергетика комплекси, текстиль саноати, шунингдек, хизмат кўрсатиш, фан, маданият, таълим соҳаларининг деярли барча тармоқларини қамраб олган ва барча йўналишларнинг узоқ муддатли барқарор ривожланишига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда.
Тармоқда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 80 га яқин тури, кимё маҳсулотларининг 41 фоизи айнан мазкур корхона ҳиссасига тўғри келади. Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида минерал ўғитлар ишлаб чиқариш бўйича «Navoiyazot» АЖга тенг келадиган турдош корхона мавжуд эмас.
Корхонада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, экспорт сало­ҳиятини ошириш юзасидан катта амалий чоралар кўрилди. Йирик инвестицион лойиҳалар, ишлаб чиқаришларни модернизация ва реконструкция қилиш дастури ижросини таъминлаш йўлидаги саъй-ҳаракатлар туфайли жаҳон стандарти талабларига жавоб бера оладиган экспортбоп маҳсулотлар, хусусан сифатли минерал ўғит­лар ишлаб чиқариш, истеъмолчи талабига мос, халқаро бозорда бемалол рақобатлаша оладиган маҳсулотлар тури ортиб бормоқда.
Натижада бугунги кунда экспорт географияси кенгайиб, 20 дан ортиқ МДҲ ва Европа давлатларига айнан «Navoiyazot» АЖ маҳсулотлари экспорт қилинмоқда.
Сўнгги йилларда амалга оширилаётган янги ва замонавий лойиҳалардан кўзланган асосий мақсад ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, янги иш ўринлари яратиш билан бир қаторда, кимё саноати соҳасининг инновацион тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшишдир. Бу жараёнда хорижий компания вакиллари билан ҳамкор­ликнинг самараларини алоҳида таъкидлаш ўринли, деб биламан.
Бугунги кунда Австрия, Германия, Польша, Россия, Хитой, Швейцария каби давлатларнинг соҳадаги етакчи компаниялари билан биргаликда амалга оширилаётган бир неча миллион долларлик ўнлаб лойиҳалар минглаб тонна янги турдаги маҳсулот ишлаб чиқариш, юзлаб янги иш ўринлари яратиш имконини берди.
Улар қаторига Air Products компанияси ёрдамида амалга оширилаётган «Техник газ (СО2) ишлаб чиқаришни ташкил қилиш», «Continental Construction and Supplies Trading GmbH» билан «JV CONTINAZ» қўшма корхонаси ташаббуси асосида ташкил этилган «Қуруқ натрий цианид тузини ишлаб чиқариш», «Alliance Capital KS Sp. z o.o.» билан гидроксипропилметилцеллюлоза (НРМС) ишлаб чиқариш, Linde компанияси билан ҳамкорликда «Ҳавони тақсимлаш ускунаси» ўрнатилиши каби лойи­ҳаларни мисол тариқасида келтириб ўтишимиз мумкин.
Яна бир муҳим жиҳатга тўхталиб ўтишни жоиз деб билдим. Гап шундаки, «Navoiyazot» акциядорлик жамияти нафақат тайёр маҳсулот, балки юртимиздаги кўплаб корхоналарни шу пайтгача катта валюта эвазига импорт қилиб келинган зарур хомашё билан ҳам таъминлаб, мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада юксалтиришга катта ҳисса қўшиб келмоқда.
Мақсад аниқ, имконият етарли. Мамлакатимиз кимё саноати ривожи ва ёрқин келажаги учун «Navoiyazot» АЖ фаолияти билан боғлиқ режалар ва гигант лойи­ҳаларнинг амалга оширилиши соҳанинг жўшқин ривожланишига асос бўлади.
Бир сўз билан айтганда, мана шундай катта-катта лойиҳаларни амалга оширишда бугун ўзининг қутлуғ 60 йиллигини нишонлаётган «Navoiyazot» акциядорлик жамияти салоҳиятли жамоаси ҳар бир ходимининг меҳ­натлари ҳар қанча таҳсин ва эътирофга сазовор.
Ишончим комилки, қўлга киритилаётган муваффа­қиятлар солномаси янада кенгайиб боради ва кимё саноатини юксалтириш ҳамда унинг тараққиётини таъминлашга хизмат қилаверади.
«Navoiyazot»нинг бутун жамоасига эзгу тилаклар билдирар эканман, янги ютуқ ва марралар ёр бўлишини тилаб қоламан!
Хонадонларингиздан доимо тинчлик-хотиржамлик, файзу барака аримасин!
Ҳамиша соғ-саломат бўлинг!
 

Тимур МУХАМЕДЖАНОВ,
«Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамияти бошқаруви раиси

РЕКОМЕНДОВАТЬ ДРУЗЬЯМ

  • сделать заказ

    сделать заказ
  • АФИША

  • Реклама

  • АРХИВ НОМЕРОВ ЖУРНАЛА

  • Контакты

    Узбекистан, 100000, г. Ташкент, ул. Матбуотчилар, 32

  • Подписка на новости

    Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.