Iqtisodiy rivojlanish asoslari

Ravon yo‘llar – mamlakatimiz taraqqiyoti garovi!

2/2017

     Ўзбекистоннинг автомобиль йўллари тўғрисида сўз юри­тиш кишидан жу­да катта масъулият талаб қилади. Бу ҳол мазкур соҳада муам­молар етарлича экани ёки аксинча, бажарилган ишлар кўлами билан боғ­лиқ эмас, балки автомобиль йўллари мамлакатимиз учун нақадар му­ҳим стратегик аҳа­миятга эгалигидадир. Уни чуқур англамасдан соҳа­нинг муаммоларини ҳам, ютуғи­ни ҳам тўғ­ри тал­қин қилиб бўлмайди. Ҳа, ишонаверинг, айтилаётган ушбу фикр­лар баландпарвоз гаплар эмас.
     Биз, мустақиллик ҳақида гап кетганда, сўзимизни унинг миллатимиз учун нақадар катта тарихий ютуқ эканини эътироф этишдан бошлаймиз. Аммо, аксарият ғалабалар қато­ри бу ютуқни ҳам сақлаб қолиш осон кечмаганини кўп ҳам таъкидлайвермаймиз. Бугун эса, гап йўл сиёсати ҳа­қида кетар экан, бунга тўхталмас­дан иложимиз йўқ…
     Ҳа, мавжуд империя­дан ажралиб чиққан Ўзбекистон тўғ­ридан-тўғри денгизга чиқиш имкониятига эга бўлмаган давлатлар қато­рига киради. Ден­гиздан узилган давлатлар эса дун­ёда саноқлигина бўлиб, уларнинг қар­шисида бошқа мамлакатлар билан иқтисодий ва маданий алоқа­ларни боғлаш учун автомобиль йўллари имкониятидан максимал даражада самарали фойдаланиш масаласи кўндаланг туради. Зеро, асли­да шусиз ҳам ҳар қандай давлатнинг иқтисо­дий ва маданий ривожланишида автомобиль йўллари муҳим ўрин тутади. Йўллари қандайлигига қа­раб, шу юртнинг иқтисодий ва маданий-маънавий аҳволини англаш мум­кин. Бу ривожланган мамлакатлар тажрибасидан ҳам маълум. Мисол учун, АҚШ, Германия ва Хитойда 1930 йиллардан бошлаб автомобиль йўллари тармоғини ташкил этишга кат­та эътибор берила бошланган ва бу масала ҳануз кун тартибидан тушгани йўқ. Ўзбекистон учун эса нафа­қат иқтисодиётнинг томири бўла оладиган, балки, юқори­да таъкидлагани­миздек, денгизга чи­қиш йўлига ула­ниш им­конини берадиган ва бошқа давлатлар учун транзит коридори вази­фасини ҳам ўтайдиган йўлларни қу­риш стратегик аҳа­миятга эга эди! Қо­ла­верса, Фарғо­на водийсини рес­пуб­ликанинг бошқа ҳудудлари билан боғ­ловчи ички йўл мавжуд эмасди…
     Ана шу эҳтиёжлар туфайли энг ав­вало йўлларни қуриш ва сақлаш­нинг меъёрий асослари яратиб олинди – 1992 йил 3 июлда «Автомобиль йўллари тўғрисида»ги қонун қабул қи­линди. Автомобиль йўлларини ло­йиҳа­лаш, қуриш, қайта қуриш ҳамда улардан фойдаланиш соҳасидаги иж­тимоий муносабатларни, шунинг­дек, йўл идоралари, Ички ишлар вазирлиги, Давлат автомобиль инспекция­си ва йўллардан фойдаланувчилар ўртасидаги муносабатларни тар­тибга солиш, давлат, жамият, аҳоли манфа­атларини кўзлаган ҳолда йўлларни ҳуқуқий жиҳатдан муҳофа­за қилиш мазкур қонуннинг асосий вазифаси қилиб белгиланган эди.
     Навбатдаги муҳим қадам сифатида республиканинг шимоли-ғар­бий ҳудудини шарқий ҳудуд билан, жа­нубий ҳудудини шимолий ҳудуд билан боғловчи, айни пайтда халқаро йўл вазифасини бажара оладиган Ўзбек миллий автомагистралини қу­риш лойиҳаси илгари сурилди. Унда халқаро андозалар талабларига жа­воб бера оладиган, замонавий це­мент-бетон ва асфальт-бетон қопла­мали тўрт тасмали йўллар қуриш ва реконструкция қилишни кенгайтириш, Қамчиқ довонидан ўтадиган автомобиль йўлини реконструкция қи­лиш назарда тутилган эди. Ушбу ўта муҳим лойиҳанинг ижроси замо­навий транспорт инфратузилмасини яратишда тарихий қадам бўлди.
     Аммо, бу йўлларни қуриш ҳали денгизга чиқиш дегани эмасди. Яъни, асл мақсадга эришиш учун дунё мамлакатлари ва манфаатдор ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистоннинг қулай транзит имкониятларига дунё ҳамжамиятининг эътиборини қаратиш керак эди. Шу боис, 1992 йилнинг 14 июлида Хельсинкида бўлиб ўтган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кенгашида Ўзбекистоннинг Биринчи Пре­зиденти Ислом Каримов Буюк ипак йўлини тиклаш масаласига алоҳида ур­ғу бериб, бу борада Ўзбекистон ўзи­нинг барча имкониятларини ишга со­лаётганини таъкидлайди. Жумладан, Ўзбекистоннинг Хитой ва Покис­тонга олиб борадиган Андижон-Ўш-Эргаш­том-Қашқар ҳамда Бухоро-Сарахс-Машҳад-Карачи автомобиль йўлларини қуриш ва қайта қуришга ҳисса қўшишдан манфаатдор эканини эътироф этади. Зеро, бу халқаро автомобиль йўллари Ҳинд океанига чиқиш имконини беради. Энг муҳими, у Иқ­тисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) мамлакатларига олиб борадиган йўлни уч баробар қисқартиради. Шуларни инобатга олган ҳолда 1991 йил 13 сентябрда Тежен-Сарахс йўлини ҳам­кор­ликда қуриш юзасидан битим им­золанган эди.
     1992 йил май ойида эса, Шарқнинг етти мамлакати раҳбарлари Ашхободда Тежен-Сарахс-Машҳад (Транс­осиё) йўлини ва Истамбул-Теҳрон-Исломобод-Ашхобод-Тошкент-Бишкек-Олмаота халқаро автомобиль йў­лини барпо этиш ҳақида битим тузди. Европа йўналишидаги ягона транс­порт коридори бўлмиш Транс­кавказ йўли борасида эса Туркманис­тон, Озар­байжон ва Грузия раҳбар­лари билан битимлар имзоланди.
     1993 йил май ойида Брюссель шаҳрида Европа комиссияси, Марказий Осиё ҳамда Кавказ мамлакатлари вакилларининг учрашуви бўлди. Унда транспорт ва коммуникация ти­зимини ривожлантириш масаласи кў­риб чиқилиб, Европа ва Осиёни бир-бирига боғлайдиган Европа-Кавказ-Осиё транспорт йўлаги – ТРАСЕКАни ташкил этиш бўйича декларация қабул қилинди.
     Ўзбекистон йўл борасидаги хал­қаро ташкилотларга ҳам аъзо бўлди. Жумладан, 1995 йил 29 августда Брюс­селда жойлашган Халқаро йўл конгрессига Марказий Осиёдан биринчи бўлиб қўшилган Ўзбекистон Хал­қаро йўл федерацияси, Жаҳон йўл ас­социацияси, Ҳукуматлараро йўл кенгашига аъзо бўлди.
     Аммо, халқаро дастурлар Ўзбекистон манфаатларига тўла мос эмасди. Жумладан, БМТнинг иккита расмий комиссияси – ЭСКАТО (Осиё) ва ЕЭК (Европа) томонидан тайёрланган Марказий Осиё харитасидаги магис­трал йўллар схемасида асосан иккита йўналиш: Ўш-Тошкент-Самар­қанд-Бухоро-Нукус-Бейнау ва Бухоро- Ғу­зор-Термиз-Душанбе йўналиши кўрсатилган эди, холос. Европа Иттифо­қининг ТАСИС программаси бўйича тайёрланган ТРАСЕКА транспорт ко­ридорида ҳам ушбу иккита магистрал акс этган бўлиб, фақат бу ерда Ўш-Тошкент-Самарқанд-Бухо­ро-Нукус-Бейнау магистралининг йў­налиши Бухоро-Мари-Тежен томонга ўзгартирилди.
     Хуллас, ушбу иккала расмий ҳуж­жатда ҳам Ўзбекистоннинг Марказий Осиёдаги геосиёсий ўрни, иқтисодий ва ижтимоий манфаатлари ҳисобга олинмаган эди. Мана шунинг учун ҳам 1999 йил 18 августда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси­нинг «Автотранспорт воситаларининг катта тезликдаги ҳаракатини таъ­минловчи Андижон-Тошкент-Ну­кус-Қўнғирот автомагистрали қурилиши­ни лойиҳалаштириш тўғриси­да»ги қа­рори қабул қилинди. Уш­бу қа­рорда кўзда тутилган лойиҳанинг амалга оши­рилиши мамлакатимиз транс­порт тармоғини ҳақли ра­вишда Марказий Осиё транспорт тармоғи­нинг узвий, ажралмас бир қис­мига айлан­тирар эди.
     Европани Осиё қитъасининг океан сарҳадларигача боғлайдиган, яъни Грузиянинг Поти портидан Озарбайжон, Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон орқали Хитойнинг шар­қий портларига чиқадиган, бошқа қатор муқобил йўналишлардан аф­заллиги тан олинган бу йўналишнинг аҳамияти ниҳоятда катта бўлиб, аввало Биринчи Президентимиз Ислом Каримов таъкидлаганидек, у фақат­гина иқтисодий тараққиётга хизмат қилиб қолмасдан, минтақада тинч­лик, барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга ҳам ҳисса қўшади.
     Қиймати 5 млрд АҚШ долларига тенг мазкур лойиҳа 2294 км автомагистрални ўз ичига олиб, унинг 1492 км қисми соатига 150 км тезликка мўлжалланган бўлиб, қолган 802 км қисми шаҳарлар билан боғловчи шохобча (коллектор) йўллардан ташкил топади. Бутун автомагистрал бўйлаб 18 та йирик ҳамда 60 дан ортиқ ўртача ва кичик кўприклар, шунингдек, 300 дан зиёд йўлўтказгич барпо этилиши режалаштирилган.
     Мазкур автомагистралнинг ишга туширилиши Ўзбекистон вилоятлари ва шаҳарлари ўртасида замонавий қулайликлар яратади. Йўл атрофидаги кам ўзлаштирилган жойларда янги саноат марказлари барпо этиш, мавжуд табиий бойликлардан тўла­роқ фойдаланиш, ривожланган ва ри­вожланаётган ҳудудларимиз орасидаги фарқни камайтириш, аҳоли­нинг иқтисодий ва маданий савияси­ни оши­риш учун замин яратади. Шу­нингдек, иш билан таъминлаш, ян­ги қурилиш­лар ҳисобига экинзорлар камайишининг олдини олиш, ай­рим вилоятлардаги аҳоли зичлигини камайтириш каби муаммоларни ҳал қи­лишда кат­та аҳамият касб этади. Си­фатли йўллар автомобилларнинг қатнаш муддати ва имкониятини ошириб, ёнилғи сарфини камайтиради. Чет эл инвес­торлари ва сайёҳлари­нинг қизиқиши ошишига, инвестиция тизимининг ри­вожланишига, давлатнинг экспорт, им­порт ва транзит юк та­шиш сало­ҳияти яхшиланишига хиз­мат қилади.
     Ўзбекистоннинг саъй-ҳаракатла­ри билан Буюк ипак йўлини тиклаш ва ривожлантириш масаласи ҳам ни­ҳоят дунё ҳамжамияти эътиборига ҳавола этилди. 1999 йил 5 апрелда Тошкент шаҳрида ушбу мавзуда кон­фе­ренция ўтказилиб, кўп мамлакатлардан вакиллар қатнашган бўлса, шу йил 20–22 сентябрь кунлари Хал­қаро йўл федерациясининг Буюк ипак йўлини тиклаш бўйича Тошкент анжумани бўлиб ўтди ва Ўзбекистон та­шаббуси қизғин маъқулланди. Зеро, бу йўл иштирокчи давлатларнинг иқ­тисодий ҳамкорлигини кучайтиришга ижобий таъсир кўрсатиши тан олинди.
     Ўз навбатида, мамлакатимизда йўл­созликни ривожлантиришга ҳам эътибор қаратилиб, Германия, Италия, Швеция, Россия сингари давлатлардан кўплаб техника ва жиҳозлар харид қилинди, хориж тажрибаси ўз­лаштирилди. Бу эса барпо этилаётган йўлларнинг сифатини ошириб, қури­лиш муддатларини қисқарти­ришга ҳамда йўлларнинг яроқлилик мудда­тини узайтиришга хизмат қил­моқ­да. Биргина Тошкент-Ўш йўлининг Қам­чиқ довонида қурилган туннеллар муқобили йўқ иншоот бўлиб, бу йўлдан бир кунда 20–22 минг автомобиль ва 150 минг йўловчи ўтмоқда.
     Ўзбекистон Президентининг 2009 йил 22 апрелдаги «2009–2014 йилларда Ўзбекистон миллий автомагистралини реконструкция қи­лиш ва ривож­лантириш чора-тадбирлари тўғри­си­да»ги қарори билан тасдиқланган 5 йил­лик дастур ва унга қўшимча ра­вишда 2010 йил 21 декабрдаги «2011–2015 йилларда инфратузилмани, транс­порт ва коммуникация қурилишини ривожлантиришни жадаллаштириш тўғри­си­да»ги қаро­ри билан тасдиқ­ланган дастур асосида йўл қуриш борасида жуда катта кўламли ишлар бажарилди.
     Айни пайтда бу йўналишдаги ишлар Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 6 мартдаги «2015–2019 йиллар учун муҳандислик-коммуникацион ва йўл-транспорт инфратузилмасини ри­вожлантириш ва замонавийлаш­тириш дастури тўғрисида»ги қа­рори асосида давом эттирилмоқда.
     Натижада, Ўзбекистон собиқ ит­ти­фоқ давлатлари орасида умумфойдаланувдаги йўл тармоғи зичлиги бў­йича юқори поғоналарни эгаллаб, 1000 кишига тўғри келадиган йўл узун­лиги бўйича 5-ўринга, 1000 км2 га тўғ­ри келадиган йўл узунлиги бўйича 9-ўринга чиқиб олди.
     Дарҳақиқат, мустақил­лик йилларида йўл-транс­порт инфратузилмасини ривожлантириш бўйича жуда катта миқёсдаги ишлар амалга оширилди. Аммо, шунга қарамас­дан, вақт ўтиши билан йўл қурилиши соҳасида айрим муаммолар ҳам пай­до бўла бош­лади. Жумла­дан, йўл сиёсатини юритиш, қурилиш режаларини шакл­лантириш, уни маб­лағ билан таъминлаш, сифатни назо­рат қилиш ҳамда йўл­лардан самарали фойдаланиш ти­зимлари айрим ҳолат­ларда янги замон талабларига муво­фиқ келмай қол­ди. Бу эса, соҳа мутахассислари ва кенг жамоатчилик ора­сида ўринли эътирозларга ҳам са­баб бўлаётган эди. Юзага келган бундай ҳолат эса йўл хўжалигининг барча йўналиш­ларига доир аниқ ва самар­али чора-тадбирлар ишлаб чи­қиш­ни, айниқ­са, автомобиль йўлларини бош­қаришга ҳамда йўл тармоғи ҳолатини иқтисо­диёт ва аҳоли эҳти­ёжларига мувофиқ тарзда сифат жи­ҳатидан ўз­гартиришга қаратилган қў­шимча чоралар қабул қи­лишни тақо­зо этди.
     Шундай бир пайтда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 февралдаги «Йўл хўжалигини бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғриси­да»ги фармони қабул қилинди.
     Мазкур фармон автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойи­ҳа­лаштириш, қуриш ва улардан фойдаланиш ишларига комплекс ёндашиш асосида йўл хўжалигини бош­қа­ришнинг самарали тизимини шакл­лантиришга, уларни молиялаштириш тизимини такомиллаштиришга, бу бо­рада лойиҳалаштириш ва йўл-қу­рилиш ишлари сифатини оширишга масъул бўлган тўлақонли буюртмачи хизмати яратилди. Яъни, 2003 йилда ташкил этилган Автомобиль йўллари қуриш ва фойдаланиш дав­лат-акция­дорлик компанияси («Ўзавтойўл» ДАК) тугатилиб, унинг негизида Автомобиль йўллари соҳасида махсус ваколатли давлат органи Ўзбекистон Рес­публикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ташкил этилиши назар­да тутилди. Шунингдек, қўмита­нинг ўз ваколатлари доирасида қабул қил­ган қарорлари давлат ва хўжалик бош­қаруви органлари, маҳаллий дав­лат ҳокимияти органлари, шунингдек, хў­жалик юритувчи субъектлар ва фуқа­ролар томонидан бажарилиши маж­бурий эканлиги белгилаб қў­йилди.
     Фармонда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкама­си ҳузурида Йўл-қурилиш ишларининг сифати устидан назорат олиб бо­радиган Давлат инспекциясини таш­кил этиш ҳам белгиланди.
     Соҳага йўналтириладиган давлат молиявий ресурсларидан самарали фойдаланиш, шу билан бирга, йўл кор­хоналари тузилмасини такомиллаштириш ва фаолият самарадорлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014 йил 14 февралдаги «Ўзбекистон Рес­публикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси ва Ўзбекис­тон Респуб­ликаси Вазирлар Маҳкама­си ҳузури­даги Республика йўл жам­ғармаси фао­лиятини ташкил этиш тўғрисида»ги қа­рори қабул қилинди. Унда, жумладан, юқори малакали му­та­хассислар тайёрлаш мақсадида Тош­кент автомобиль йўлларини ло­йи­ҳа­лаштириш, қуриш ва фойдаланиш инс­титути ҳамда ихтисослашган касб-ҳунар коллежлари Ўзбекистон Рес­публикаси автомобиль йўллари давлат қўмитаси таркибига берилди.
     Бугунги кунда қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқ ва овуллар кўчаларининг си­фатини яхшилаш, уларни хавфсиз ҳа­ракатланиш талабларига жавоб бера­диган ҳолга келтириш масаласи кун тартибига қўйилди. Зеро, янги турар­жой мавзелари барпо этилиши, ша­ҳарлар кенгайтирилиши, транс­порт воситалари сонининг кўпайиши ҳам минтақавий автомобиль йўллари ҳо­латини тубдан яхшилаш юзаси­дан ама­лий чора-тадбирлар кўриш­ни талаб қилмоқда.
     Аммо, ҳар йили ажратилаётган маблағлар хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини, шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқлар ва овуллар кўчаларини зарур даражада сақлаш ва сифатли таъмирлаш ишлари учун етарли бўлмаяпти. Қолаверса, туман ва шаҳарларнинг йўл ташкилотлари ҳам йўл-таъмирлаш техникалари, мод­дий-хомашё ресурслари билан зарур даражада таъминланмаган.
     Шу муносабат билан минтақавий автомобиль йўлларининг йўл қопла­малари ҳолатини соз даражага кел­тириш ва уларни эксплуатация қи­лиш хусусиятларини ошириш орқали йўл-транспорт инфратузилмасини яна­да такомиллаштириш, аҳолининг ҳаёт фаолияти учун, айниқса, қишлоқ жой­ларда қулай шарт-шароитлар яра­тиш, шунингдек, мамлакатимиз иқти­со­диёт тармоқлари ва ҳудудларини истиқбол­ли ривожлантириш мақса­дида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017–2018 йилларда минта­қавий ав­томобиль йўлларини ривожлантириш дастурини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғриси­да»ги қаро­ри қа­бул қилинди. Дастурда, жумладан, қуйи­даги вазифалар назарда тутилган:
     ● 2017–2018 йилларда 5454 километр, жумладан, 2017 йилда – 2700 километр, 2018 йилда – 2754 километр хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, посёлка­лар, овуллар кўчаларини капитал ва жорий таъмирлаш;
     ● хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, посёлка­лар, овуллар кўчаларини жорий таъмирлаш ишларини бажариш учун мин­тақавий йўлларни таъмирлашга ихтисослаштирилган ташкилотларни 330 та техника билан таъминлаш;
     ● мавжуд республика хўжалик­лараро қишлоқ автомобиль йўллари, шаҳарлар, посёлкалар, қишлоқ ва овул­лар кўчаларини босқичма-босқич хат­ловдан ўтказиш ва уларни паспорт­лаштириш, бу борадаги ишлар натижалари бўйича электрон маълумотлар базасини яратиш.
     Шу билан бирга, Ўзбек миллий автомагистрали тўлиқ фойдаланишга топширилиши ҳисобига яъни:
     ● республика ичида автомобилларда юк ва йўловчи ташиш 60–70 фоизга кўпаяди;
     ● халқаро ва транзит автоташиш­лар ўртача 45–55 фоизга ошади;
     ● ривожланган йўл атрофи инф­ратузилмаси яратилади;
     ● йўл-транспорт ҳодисалари сони ва йўл-транспорт мажмуининг ат­роф-муҳитга салбий таъсири кес­кин камаяди;
     ● вақт ва ёқилғи тежалади.
     Қисқача айтганда, мазкур ўзгариш­лар ва амалга оширилиши мўлжалланаётган давлат дастурлари автомобиль йўллари қурилиши соҳа­сида янги давр бошланганидан дарак беради. Бу эса, жорий «Халқ билан му­лоқот ва инсон манфатлари йили»­нинг комплекс режаларини тўла-тўкис ифодалайди. Зеро, замонавий, ҳар жиҳатдан равон йўллар барпо этиш – бу, ижтимоий-иқтисодий та­рақ­қиётнинг қон томири, ижтимоий жамият равнақ топишининг асосини ташкил этувчи энг муҳим стратегик вазифадир!
 
 
 
Шуҳрат НАЗАРОВ,
Автомобиль йўллари давлат қўмитаси
раиси биринчи ўринбосари

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.