Сайлов жараёнларини кузатиш учун мамлакатимизга келган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги кузатувчилари миссияси штаби бошлиғи ўринбосари Олег Кулеба Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 1-Қорақалпоғистон округ сайлов комиссиясида бўлди.
Округ сайлов комиссияси раиси К.Каримов меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи округ комиссияси фаолияти ва унинг ваколатлари, Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган сайлов участкаларидаги тайёргарлик ишлари ҳақида сўзлаб берди.
Қорақалпоғистон Республикасида ташкил этилган 589 сайлов участкасининг барчаси сайлов қонунчилигида белгиланган тартибда зарур жиҳозлар, техник воситалар ва адабиётлар билан таъминланган.
Кузатувчи сайловолди ташвиқотининг бориши, Президентликка номзодлар учун оммавий ахборот воситаларидан фойдаланиш бўйича яратилган шароит ва имкониятлар билан ҳам танишди.
А.ОРТИҚБОЕВ,
ЎзА мухбири