Тўрақўрғон ИЭС: янги корхона, янгича ёндошув

     2019 йил август ойида Ўзбекистон иқтисодиёти учун тарихий воқеа – замонавий технологиялар асосида қурилган Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси ишга туширилди. Август ойининг 8-куни мазкур иссиқлик электр станциясида дастлабки киловатт электр энергияси ишлаб чиқарила бошланди ва истеъмолчиларга етказиб берилиши йўлга қўйилди. Бугунги кунда Фарғона водийсида электр таъминоти бўйича асосий манба ҳисобланган, иккита замонавий ва самарали буғ-газ қурилмаларига эга бўлган Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси ҳар суткада қарийб 20 млн. кВт/с электр энергияси ишлаб чиқармоқда. Электр станцияси қувватларидан фойдаланиш даражаси тизимли равишда ошириб борилиши натижасида электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳам мутаносиб ўсиб бормоқда. Агар станция фойдаланишга топширилган 2019 йил давомида 479,5 млн. кВт/с электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2020 йилда эса, карантин чекловлари жорий қилинган бўлишига қарамай, 5573,8 млн. кВт/с  ёки ҳар ойда ўртача 464,4 млн. кВт/с электр энергияси ишлаб чиқарилди. Станция ишга туширилган вақтдан бошлаб бугунги кунга қадар жами 10 млрд. кВт/с ортиқ маҳсулот ишлаб чиқарилди.
     Муҳим сана арафасида мухбиримиз Наманган вилоятидаги энг салоҳиятли ва нуфузли саноат объектидан бирининг қурилиши ва ишга туширилишида бевосита иштирок этган “Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси” унитар корхонаси қурилиш ва инвестициялар бўйича директори Файзиев Акмал Исмоилович билан суҳбат уюштириб, унга фуқароларимизни қизиқтириши табиий бўлган бир неча саволлар билан мурожаат қилди. Қуйида мазкур интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
 
 
     – Акмал Исмоилович, мазкур иссиқлик электр станциясининг Наманган вилоятида барпо қилинишига қандай омиллар туртки бўлиб хизмат қилган эди?
     – Фарғона водийси нафақат мамлакатимизда, балки бутун Марказий Осиё минтақасида аҳоли энг зич яшайдиган ҳудуд ҳисобланиб, мамлакат бўйича истеъмол қилинадиган жами электр энергиясининг бешдан бир қисми ёки 20 фоизи мазкур минтақада истеъмол қилинади, холбуки бу ерда Фарғона иссиқлик электр марказидан ташқари электр энергияси ишлаб чиқариш манбалари мавжуд эмас эди. Минтақа томонидан истеъмол қилинадиган электр энергиясининг салмоқли қисми  Тошкент вилоятидан ҳамда қўшни Қирғизистондан етказиб бериларди.
     Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида электр энергиясини етказиб бериш бўйича ишончли ва барқарор таъминот тизимининг мавжуд эмаслиги   минтақанинг йирик ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасига жиддий таъсир кўрсатмай қолмади, бундан ташқари Фарғона водийсининг уч вилояти кўп сонли аҳолисини аёзли куз-қиш ойларида электр энергиясининг етишмаслиги ташвишга солар эди.   
     Шундай иқтисодий-ижтимоий шароитда минтақа аҳолиси ҳамда иқтисодиёти эҳтиёжини электр энергияси заҳиралари билан барқарор ва узлуксиз таъминлаш асосий муаммолардан бири бўлиб қолган эдики, уни устивор равишда ҳал қилиш эса долзарб масалага айланиб қолишга улгуриб бўлганди.      
     – Фарғона водийсидаги “энергетика марвариди” деб таърифланаётган Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси қурилиши хусусида кенгроқ маълумот берсангиз.
     – Маълумки, минтақамиздаги электр энергияси ишлаб чиқариш қувватлари етишмаслигини қоплаш учун дастлаб Янги Ангрен иссиқлик электр станцияси – Наманган йўналишида юқори вольтли электр узатиш линияларини қуриш ва фойдаланиш режалаштирилган эди. Мазкур лойиҳани географик ҳамда табиий-иқлимий шароитларда амалга оширишнинг мураккаблиги боис, шу ҳудуднинг ўзида электр энергияси ишлаб чиқариш манбаси – Наманган вилоятида Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясини барпо қилиш бўйича муқобил лойиҳа ишлаб чиқилган.
Минтақада жаҳон стандартларига жавоб берадиган, янги, замонавий энергетика иншоотининг қурилиши тарихи Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 28 мартдаги “Наманган вилоятида 900 МВт қувватга эга бўлган иссиқлик электр станциясини қуриш тўғрисида”ги махсус қарори қабул қилинган даврдан бошланади. 
     Лекин лойиҳа қиймати 1,19 млрд. АҚШ долларига тенг бўлган ўзига хос энергетика иншоотининг қурилиши Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрдаги “Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг қурилиши” инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ жадаллашиб кетганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.    
     Ўзига хос ва мураккаб иссиқлик электр станциясининг қурилишида бош пудратчи – “Mitsubishi Corporation” и “Mitsubishi Hitachi Power Systems” япон компаниялари консорциуми билан бир қаторда, “Трактабелда” хинд компанияси лойиҳани ишлаб чиқишда, “Calik Enerji Sanayi ve Ticaret AS” турк компанияси субпудратчи сифатида иштирок этди. Ушбу умумхалқ корхонасининг қурилишида эса 2200 дан ортиқ киши қатнашди.
     – Айтингчи, мазкур иссиқлик электр станциясининг барпо қилиниши, мамлакатимиз учун, хусусан Фарғона водийси аҳолиси учун қандай манфаат келтирди?
     – Ҳақиқатдан ҳам, мазкур янги замонавий иншоотнинг қурилиши ва фойдаланишга топширилиши натижасида қандай ижобий кўрсаткичлар ва натижаларга эришилганлиги кўпчиликни, айниқса аҳолимизни қизиқтириши табиийдир, чунки электр энергияси таъминотидаги етишмовчилик ва мунтазам узилишлар шароитида яшаган барча истеъмолчиларнинг орзу-умидлари улкан эди. Хўш, иссиқлик электр станциясининг ишга туширилиши билан нималарга эришилди?
     Биринчидан, Тўрақўрғон  иссиқлик электр станцияси қувватлари Фарғона водийси минтақасида жами энергетика қувватлари миқдорининг 4 карра ошишига, яъни 313 МВт дан 1212 МВт га ошишига имкон берди.
Иккинчидан, Ўзбекистон электр энергетикаси хавфсизлиги сезиларли даражада мустаҳкамланди ҳамда Ўзбекистон ягона электр энергетика тизимининг хавфсиз ва ишончли ишлаши таъминланди.
     Учинчидан, минтақамиздаги электр энергияси истеъмолчилари эҳтиёжининг барқарор ва узлуксиз таъминланишига эришилди.
     Тўртинчидан, электр энергиясига бўлган эҳтиёжнинг қондирилиши  натижасида минтақада, ва умуман мамлакат миқёсида иқтисодий ўсишга, ижтимоий ривожланиш ва прогрессга кўмаклашиши кузатилмоқда.
Бешинчидан, мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш бўйича замонавий ва самарали технологияларнинг босқичма-босқич жорий қилиниши жадаллаштирилди.
     Олтинчидан, мавжуд ёқилғи-энергетика заҳираларидан самарали ва рационал фойдаланишга кенг имкониятлар очилди.        
     – Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг бошқа станцияларга нисбатан ўзига хослиги, унинг афзалликлари тўғрисида кўп гапирилади, шулар тўғрисида кенгроқ маълумот берсангиз.
     – Тўрақўрғон иссиқлик электростанциясининг республиканинг ўхшаш станциялари олдидаги афзалликлари унинг замонавий автоматлаштириш стандартларига мувофиқлигида яққол кўринади. Бугунги кунда станцияда қўриқлаш ва видеокузатувнинг илғор ва ишончли тизими, киберхавфсизликнинг замонавий тизими жорий қилинган. “Рақамли Ўзбекистон 2030” рақамли трансформацияни ривожлантириш бўйича тасдиқланган йўл харитасига мувофиқ корхона ресурсларини режалаштириш тизими (ERP), ишлаб чиқаришни бошқариш тизими (MMS), диспетчерлик назорати ва  маълумотларни тўплаш тизими (SCADA), халқаро молиявий ҳисоботлар стандартини жорий қилиш ишлари бошланган.    
     Ҳозирги кунда SCADA кенг камровли ва юқори унумдорликка эга интеграциялашган платформа бўлиб, у ишлаб чиқаришга оид барча маълумотларни онлайн режимида тўплаш, қайта ишлаш, кузатиш ва таҳлил қилиш ишларини бажаради. Ушбу тизим очиқ платформа сифатида рақамли ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун жуда кўп иловаларни ўзида бирлаштириб, мавжуд маълумотларни, компонентларни ҳамда ташқи маълумотларни ўзгартириш ва қайтадан ишлаш имкониятини беради. У линияларни тезкор бошқаришга, юқори вольтли линиялардаги авария вазиятларини аниқлашга, ёнғинга ва бошқа шу каби аварияларга қарши чораларни ўз вақтида қўллашга ёрдам беради.
     Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси мамлакатимиздаги энг тежамкор электр ишлаб чиқариш иншоотларидан бири бўлиб, 900 МВт/с қувватни худди шундай эквивалентдаги қувватни ишлаб чиқарувчи бошқа иссиқлик станцияларига нисбатан йилига 730 миллион кубометр табиий газни тежаб сарфлайди. Станцияда 1 кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш учун 226 грамм шартли ёқилғи сарфланмоқда. Бир йил давомида 6,7 миллиард кВт/с электр энергияси ишлаб чиқариш учун 1,36 миллиард кубометр газ ёқилғиси сарфланади ва фойдали иш коэффициенти 57,46 фоизни ташкил этади.
     – Замонавий, автоматлаштирилган технологиялар асосида қурилган станцияда меҳнат қилиш учун ходимларга қандай малакавий талаблар қўйилади? Уларга яратилган меҳнат шароитлари, шунингдек ижтимоий шароитлар хусусида ҳам маълумот бериб ўтсангиз.  
     – Тўрақўрғон иссиқлик электр станциясининг фойдаланишга топширилган дастлабки кезларида замонавий, компьютерлаштирилган ускуна ва жиҳозларни ишлатиш тажрибаси ва кўникмаларига эга бўлган электр энергетикаси соҳаси бўйича малакали кадрларга эҳтиёж юқори бўлди. Станция ишга туширилган кезларда масъул лавозимларга мамлакатимизнинг бошқа электр станцияларидан мутахассислар жалб қилишга тўғри келди. Шунингдек, вилоятнинг турли чеккаларидан ташаббускор ва иқтидорли ёш кадрларни иссиқлик станциясига ишга таклиф қилинганлиги ҳам ҳозирги кунда ўз самарасини бера бошлади.
     Назарий билимга эга бўлган ёш ва салоҳиятли кадрларнинг ишдаги амалий тажрибасини ошириш орқалигина уларнинг самарали фаолиятини таъминлаш мумкинлигини эътиборга олиб, иссиқлик станцияси мутахассислари малакасини узлуксиз равишда ошириб бориш мақсадида “Устоз-шогирд” шаклида ўқитиш тизими жорий этилди. Станциянинг тажрибали мутахассислари ўзларига бириктирилган ёш кадрларга тўплаган тажриба ва билимларини бериш билан биргаликда, уларга маънавиятли-маърифатли бўлиш, доимо илмга интилиш фазилатларини ўргатмоқдалар. Ҳозирги кунда бир қатор ташаббускор ёш мутахассислар шаклланиб чиқдики, уларга станциянинг мураккаб участкаларини ишониб топшириш мумкин.
     Станциямиз янги бўлишига қарамай, ишлаб чиқариш фаолиятини янада такомиллаштириш, унинг самарадорлигини ошириш борасида тажрибали ҳамда ёш салоҳиятли кадрларимиз мунтазам равишда ўз таклифларини ишлаб чиқмоқдалар. Ушбу таклифлар амалиётга жорий қилиниб, катта миқдорларда иқтисодий ва технологик самара бермоқда.   
     Масалан, табиий ёқилғи газининг сифати станцияда ўрнатилган замонавий ускуналарнинг хизмат муддатига бевосита таъсир ўтказади. Шунга эътиборан, станциянинг комбинациялашган циклдаги буғ-газ қурилмасининг ишончли ва тўхтовсиз ишлашини таъминлаш мақсадида, 2020 йил октябрь ойида цехдаги компрессор қурилмалари ёнида монтаж қилинган асосий фильтр сепаратори ёрдамида газ ёқилғиси турли механик чиқиндилардан максимал даражада (99,97 фоизгача) тозаланмоқда.
     Буғ-газ қурилмалари цехи ҳавони комплекс тозалаш қурилмасида станция мутахассислари томонидан синов-тажриба ўтказилмоқда. Олиб борилаётган мазкур синов-тажриба жараёнида цехнинг ҳавони комплекс тозалаш қурилмасида микроиқлим шакллантирилиб, ташқаридан олинаётган иссиқ ҳаво (кислород) сунъий равишда совутилган ҳолда истеъмолга йўналтирилмоқда. Синов-тажрибаси пировардида станцияда ишлаб чиқарилаётган электр энергияси ҳажми сезиларли равишда ўсишига эришилиши кутилмоқда.    
     Кимё цехи мутахассисларининг сувни тозалаш бўйича фойдаланиладиган қуруқ ҳолдаги реагентларни концентратга айлантириш бўйича таклифлари асосида сувни тозалаш харажатларидан йилига 1 млрд.сўм маблағлар иқтисод қилинмоқда. Ушбу цех мутахассислари таклифлари асосида насос қурилмаларидан фойдаланишда 0,4 млрд. сўмлик электр энергияси тежалмоқда.
     Ҳозирги кунда лойиҳани тўлиқ якунлаш бўйича ишлар жадал олиб борилмоқда. Жумладан, иссиқлик электр станциясини асосий магистраль йўллар билан боғловчи замонавий автомобиль йўли, станция ходимлари учун зарурий ижтимоий инфратузилма объектлари барпо қилинмоқда.
 
 

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Buyurtma qilish

    Buyurtma qilish
  • АФИША

  • Реклама

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Bog’lanish

    O’zbekiston, 100000, Toshkent sh., Matbuotchilar ko’ch., 32

  • Obuna bo’lish

    Obuna bo'lish uchun o'z e-mailingizni kiriting
  • Любое воспроизведение или использование выдержек из публикаций может быть произведено только с письменного согласия редакции; при перепечатке материалов обязательна ссылка на источник.