ЎзА сайтининг хабарига кўра, Ўзбекистон Савдо-саноат палатасида Ўзбекистон ва Эрон ишбилармонларининг учрашуви бўлиб ўтган. Мақолада айтилишича, учрашувда эронлик ишбилармонларга мамлакатимизнинг иқтисодий салоҳияти, акциядорлик жамиятларига хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун яратилаётган шароитлар, “Навоий”, “Жиззах” ва “Ангрен” индустриал зоналаридаги имкониятлар тўғрисида маълумот берилди.
Анжуманда савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, ўзаро манфаатли лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди. Ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш, қўшма корхоналар сонини ва маҳсулотлар турини кўпайтириш масалалари муҳокама қилинди. Мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик кўплаб соҳаларда ривожланиб бораётганини таъкидланди. Учрашувда икки мамлакатнинг ташқи иқтисодий алоқалар, савдо, сармоя, нефть-газ, кимё, озиқ-овқат саноати, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, автомобилсозлик, логистика каби соҳалар учун масъул вазирлик ва идоралари, фирма ва компаниялари раҳбарлари иштирок этди.