Qashqadaryogz.uz сайтида ёзишларича, бугунги кунда томорқачилик нафақат аҳоли турмуш фаровонлигини ошираяпти, балки у ички истеъмол бозорини сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдиришда ҳам муҳим аҳамият касб этаяпти. Томорқада қилинган меҳнат ортидан етиштирилаётган маҳсулотларнинг салмоғи кўпайиши аҳоли дастурхонининг тўкинлиги, бозорларда нарх-наво барқарорлигини таъминлаш имконини бераяпти.
Яккабоғ туманидаги Сандал ҚФЙга қарашли Янгиқўрғон қишлоғида яшовчи Гулноза Хуррамова томорқадан унумли фойдаланишга аҳд қилди. Жорий йилда хонадон бекаси уй шароитида паррандачилик билан жиддий шуғулланишни бошлади, – дейилади ушбу хабарда.
– 4 мингдан ошиқ жўжа сотиб олгандик, – дейди Гулноза Хуррамова. – Ўз маблағимиз ҳисобидан шунга мўлжаллаб товуқхона қурдик. Кўриб турганингиздек, ҳозир улар катта бўлиб, тухумга ҳам кирган. Аввалига парваришда бироз қийналдим. Аста-секин йўл-йўриғини ўргандим. Энди товуқларни қачон касалликка қарши эмлаш ва қай маҳал озуқасини беришни ҳам биламан. Шу кунларда товуқлардан 2500 донагача тухум олаяпман, – дейди мазкур мақола муаллифига.