Жаҳоннинг етакчи давлатлари тараққиётида саноат ривожланишидан кейинги босқичда иқтисодий ўсиш омилларининг роли ва ўрни ўзгараётгани кузатилмоқда. Анъанавий ҳисобланган уч омилга: яъни, меҳнат, ер ва капиталга фан-техника омили ҳам қўшилди. Ахборот ва билимлар эса, энг муҳим ресурслар сифатида қайд этилмоқда. Айни пайтда инновацион иқтисодиёт бевосита ана шу асосларда шаклланиб, ушбу жараёнда инсон ва унинг салоҳияти ҳал қилувчи роль ўйнамоқда.
Билимларга асосланган иқтисодиётнинг ривожланиш ҳолатини аниқлаш ва баҳолаш учун ижтимоий ишлаб чиқариш соҳа ва тармоқларини таснифлашдан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Дастлаб бундай таснифлашни америкалик иқтисодчи олим К.Кларк амалга оширган бўлса, кейинчалик бу йўналиш машҳур социолог ва иқтисодчи Д.Белл томонидан ривожлантирилди. Ушбу таснифлашга кўра, ижтимоий ишлаб чиқаришни бирламчи, иккиламчи ва учламчи соҳаларга ажратиш мумкин. Бирламчи соҳага асосан табиий ресурслар билан боғлиқ бўлган фаолият турлари (қишлоқ хўжалиги, фойдали қазилмалар, балиқчилик ва ўрмон хўжалиги)ни киритиш мумкин. Иккиламчи соҳа – бу, ресурсларни кенг маънода қайта ишлаш билан боғлиқ фаолият турлари бўлиб, яъни, машинасозлик ва металлни қайта ишлаш, кимё ва нефть кимёси, енгил ва озиқ-овқат саноати, энергетика, қурилиш, металлургия ва бошқалар. Учламчи соҳани илм-фан, маданият ва санъат, телекоммуникация, программа таъминотини ишлаб чиқариш, мудофаа, савдо, тиббиёт хизматлари, таълим, бошқарув ва хизматларнинг бошқа турлари ташкил этади.
Мазкур ёндашувга асосланиб, бутун жамият тарихини уч даврга – саноатлашишгача, саноатлашган ва постиндустриал ёки юқори саноатлашган даврларга ажратиш мумкин. Саноатлашишгача бўлган даврда қишлоқ хўжалиги ва табиий ресурслар билан боғлиқ фаолият турлари устуворлик қилганини ҳисобга олиб, жамиятда иш билан бандларнинг катта улуши айнан ушбу соҳа улушига тўғри келганини таъкидлаш мумкин. Ўша пайтда меҳнат унумдорлиги пастлиги сабабли, иш билан бандларни бошқа соҳаларга ўтишининг имкони мавжуд бўлмаган. Бу даврда илм-фан яхши ривожланмаган, техник салоҳиятдан фойдаланиш паст даражада бўлган. Бу даврни дастлабки ўрта аср Европа давлатлари ёки ҳозирда ўтиш иқтисодиётига асосланган мамлакатлар мисолида кўриш мумкин.
Қишлоқ хўжалигида меҳнат унумдорлиги ўсиши натижасида бандлар сони камайиб, бутун жамиятни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ҳажми ортиб борди. Бу эса, иккиламчи соҳанинг кенгайишига, саноатнинг ривожланишига олиб келди. Ўз навбатида, техник воситалар ва қурилмалар татбиқ этилиши натижасида иккиламчи соҳада ишлаб чиқариш қувватлари ўса бошлади. Иккиламчи соҳага хос бўлган яна бир хусусият, ишлаб чиқаришни автоматлаштириш ва конвейер усулидан фойдаланиш. Ушбу даврда учламчи соҳа молия ва давлат бошқаруви соҳалари яхши ривожлана бошлади.
Юқори саноатлашган жамиятда иш билан бандларнинг таркибий тузилмаси сифат жиҳатидан ўзгарди. Бунда иқтисодий фаол аҳолининг кам сонли қисми бирламчи соҳада банд бўлиб, бу кўрсаткич ўртача 5–10 фоизни ташкил этди. Иккиламчи соҳада иш билан бандларнинг улуши 20–30 фоизгача пасайди. Натижада, аҳолининг катта қисми учламчи секторда, яъни ижтимоий ишлаб чиқариш тизимининг номоддий соҳа ва тармоқларида фаолият юрита бошлади. Бирламчи ва иккиламчи соҳаларда ишлаб чиқаришнинг тўлиқ автоматлаштирилиши ҳисобига иш билан бандлар салмоғи пасая бошлади. Улар асосан жадал йириклашиб бораётган учламчи соҳалар улушига тўғри келади. Ҳозирги кунда бу ривожланиш даражаси юксак тараққий этган давлатларга хос хусусият.
Постиндустриал жамият Ғарб ва Осиёнинг баъзи юқори даражада ривожланган давлатларида ҳам шаклланиш жараёнини бошдан кечирмоқда. Хусусан, АҚШда жами иш билан бандларнинг 2/3 қисми хизматлар соҳаси улушига тўғри келса, саноат ва қурилиш соҳалари ҳиссасига жами бандларнинг 20 фоизи тўғри келади. Сўнгги йигирма йил ичида янги иш ўринлари кенгайиши асосан банк соҳаси, суғурта хизмати, меҳмонхона хўжалиги, чакана савдо хизматлари ҳисобига амалга оширилган. Саноат тармоқларида иш ўринлари сони деярли ўзгаришсиз қолмоқда.
Бизнинг фикримизча, учламчи соҳанинг керагидан ортиқ даражада йириклашиб бориши ушбу соҳадан тўртламчи ва бешламчи соҳаларнинг ажралиб чиқишини тақозо этади. Тўртламчи соҳа таркибий қисмига молия хизматлари, ҳуқуқий хизматлар, ахборот ва бизнесга хизмат кўрсатувчилар киритилади. Иқтисодиётнинг бешламчи соҳасига эса, ниҳоятда юқори малакали мутахассислар хизмат турлари (таълим, тиббиёт, бошқарув хизматлари ва б.)ни киритиш мумкин.
Учламчи соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги ва иш билан банд аҳоли сонидаги улуши ортишини тор маънода, яъни маиший хизматлар ва аҳолига шахсий хизматлар кўрсатишнинг улуши ортиши билан боғлиқ ҳолат, деб тушуниш нотўғри бўлади. Хизмат кўрсатиш соҳаси салмоғи ортиб боришини ушбу соҳанинг ўзидаги таркибий ўзгаришлар натижасида юзага келмоқда, деб қараш тўғри бўлади. Хусусан, жами хизматлар таркибида бизнесга хизмат кўрсатиш (банк, суғурта, ҳуқуқий, бухгалтерия ва бошқа тадбиркорликка оид хизматлар) салмоғи ортиб бормоқда. Ижтимоий хизматлар (тиббиёт, таълим, давлат бошқаруви) улуши ҳам кўпаймоқда. Шу билан бирга, тақсимот хизматлари сифатида қараладиган транспорт, алоқа, улгуржи ва чакана савдо, маиший хизматларда банд аҳоли салмоғида сезиларли ўзгаришлар содир бўлмаяпти. Масалан, АҚШда тақсимот хизматлари ва маиший хизмат соҳаларида иш билан банд аҳолининг сони сўнгги 60 йил давомида деярли ўзгаргани йўқ. Айни пайтда, сўнгги 10 йил давомида бизнесга хизмат кўрсатиш соҳаларида иш билан банд бўлганларнинг сони беш фоиздан 14 фоизгача етган. Ижтимоий хизматлар соҳасида банд бўлганларнинг салмоғи ҳам ўн фоиздан 25 фоизгача ортган.
Мустақиллик даврида миллий иқтисодиётимиз таркибий тузилмаларининг соҳа ва тармоқларида иш билан банд аҳоли сонида катта ўзгаришлар содир бўлди. Жумладан, бугунги кунда жами иш билан банд аҳолининг ярмидан зиёди хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият кўрсатмоқда.
Ушбу масаланинг яна бир эътиборга лойиқ жиҳати шундаки, хизмат кўрсатишда бандлар улуши ортиб бориши иқтисодиётнинг турли соҳа ва тармоқларидаги бандликнинг қиёсий аҳамияти тўғрисидаги анъанавий тасаввурларни ўзгартириб юбормоқда. Масалан, АҚШ иқтисодиётида тоғ-кон саноатида иш билан бандлар улуши жами иш билан банд аҳолига нисбатан 0,6 фоизни, сартарошхона ва косметика хизмати кўрсаткичи эса 0,7 фоизни ташкил этади. Шу билан бирга, биргина тадбиркорлик хизматларида иш билан бандларнинг умумий салмоғи 14 фоизни ташкил этаётгани қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат, текстиль, кимё, металллургия ва машинасозлик саноатларида жами иш билан бандларнинг (11,7 %) барчаси биргаликда олингандан ҳам ортиқроқни ташкил этади.
Бу жиҳат нафақат АҚШда балки дунёнинг барча ривожланган давлатларида иш билан бандликнинг таркибий тузилмаси қуйидагича ўзгараётганини англатмоқда:
● қишлоқ хўжалигидаги иш ўринлари қисқариб бормоқда;
● саноатда иш билан бандлар сони қисқариши малакали ходимлардан иборат ўзак мутахассислар қолгунга қадар давом этади. Қисқарган иш ўринлари саноат ишлаб чиқаришидан хизмат кўрсатиш соҳасига ўтади;
● тадбиркорликка хизмат кўрсатиш ҳамда соғлиқни сақлаш ва таълим соҳалари иш билан бандликнинг энг тез ўсаётган соҳаларига айланиб боради;
● бошқарув соҳаси ва юқори малакали мутахассислар учун иш ўринлари сони ошиб боради;
● чакана савдо соҳасида иш билан бандликнинг улуши нисбатан барқарорлашади;
● ўзини-ўзи банд қилиш ва тўлиқсиз бандларнинг (АҚШ иқтисодиётидаги умумий улуши 30 %га етади) муайян миқдорида ўзгаришлар рўй беради. Яъни, тўлиқ иш куни ва аниқ белгиланган меҳнат қилиш тартиб-қоидалари ва чегараларига асосланган иш билан бандликнинг асосий моделида ёки бошқача айтганда, меҳнат қилиш жараёнининг асосий моделида емирилиш ҳолатлари кузатила бошлайди.
Кўплаб мамлакатларнинг иқтисодий ривожланиши ижтимоий ишлаб чиқаришнинг таркибий тузилмасидаги ўзгаришлар билан бевосита боғлиқ бўлмоқда. Истеъмол жараёни индивидуаллашиб бормоқда, кўплаб турдаги ишлаб чиқариш қисқариб бораяпти, бошқача айтганда, ишлаб чиқариш оммавийлашувига тескари жараён содир бўлмоқда. Бунда ишлаб чиқариш жараёнининг интеллектуаллашуви чуқурлашмоқда, яъни унинг асосий омилига ахборот ресурслари сезиларли даражада таъсир қилмоқда. Шу билан бирга, меҳнатнинг янги қирралари очилмоқда, ушбу жараёнга ижодий ёндашув борган сари ортиб бормоқда, яъни, намунали ва ижодкор ишчи-ходимларга талаб кучаймоқда. Ўз касбу корига садоқат билан ёндашаётган, иш жараёнига янги элементларни олиб кираётган ходимлар хизмати юқори даражада қадрланмоқда. Паст ва юқори технологик тармоқлар ўртасидаги тафовут йўқолиб бормоқда: яъни, бошқарув, молия ва тижорат инновациялари оқимини ўзига қамраб олаётган соҳа ва тармоқларнинг фан сиғими ўсиб бормоқда.
XX асрнинг иккинчи ярми XXI асрнинг бошларида иқтисодий тизимда бир-биридан муҳим ҳодисалар рўй берди, жумладан, тараққий этган ва тараққий этаётган давлатларда хизмат кўрсатиш соҳасининг ривожланиши ҳамда бандлар сони кенгайиши кузатилди. Ҳозирги пайтда ривожланган мамлакатларнинг хизмат кўрсатиш соҳасидаги бандлар салмоғи 70 фоиздан зиёдни ва ялпи ички маҳсулотдаги ҳиссаси 80 фоизни ташкил этмоқда.
Мамлакатимиз иқтисодиётини диверсификациялаш ва энг муҳим тармоқларни модернизациялашда хизмат кўрсатиш корхоналарини бозор муносабатлари шароитида барқарор иқтисодий ривожланишини таъминлаш учун уларнинг инновацион-инвестицион самарадорлигини ошириш механизмини такомиллаштириш талаб этилади. Чунки, хизмат кўрсатиш корхоналари инновацион-инвестицион самарадорлигини ошириш механизми интенсивлигини ошириш, ресурслардан фойдаланишда тежамкорликка эришиш, меҳнат қилиш самарадорлиги ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, истеъмолчилар талабини тўлиқ қондириш масалалари соҳанинг ўзига хос муаммоларидан бири ҳисобланади.
Хизмат кўрсатиш субъектларининг рационал инвестицион сиёсатни амалга ошириш ва ташкил этиш жараёнидаги мослашувчанлик тамойилларига мувофиқ равишда бошқарув таъсиридаги ҳолатини қайта кўриб чиқиш имкониятини олдиндан кўра билиш зарур. Мазкур хўжалик юритувчи субъектларнинг истиқболга мўлжалланган инвестицион сиёсатини муваффақиятли ташкил этиш учун узоқ муддатга мўлжалланган инвестицион чора-тадбирларни амалга оширувчи махсус ташкилий таркибни шакллантириш зарур. Мазкур ташкилий тузилманинг хизмат кўрсатиш соҳаси хўжалик юритувчи субъектнинг фаолият кўлами билан аниқланади. Кичик корхонада инвестицион фаолиятни бошқариш, инвестицион сиёсатни амалга ошириш ва шакллантиришни бевосита мазкур субъектнинг раҳбари амалга ошириши мумкин, зарурият туғилганда эса ихтисослашган ташкилотни жалб этади. Шу билан бирга, йирик корхоналарда инвестицияларни бошқариш бўйича махсус тузилмани шакллантириш зарур, чунки, улар масаланинг мураккаблиги ва турли хиллиги, кўп сонлилиги билан боғлиқ бўлиб, бу эса, мавжуд инвестицион ресурсларни оптимал тақсимлашга хизмат қилади.
Хизмат кўрсатиш соҳаси хўжалик субъектининг инвестицион самарадорлигини ва истиқболли йўналишларга мўлжалланган чора-тадбирлар мажмуасини амалга оширишга асосланган натижаларга эришиш меҳнат салоҳиятидан максимал фойдаланишни таъминлайди. Хусусан, инвестицион дастурлар самарадорлигини оширишга қуйидаги чора-тадбирлар асосида эришиш мумкин:
● инвестицион лойиҳаларни амалга оширишда қатъий харажатлар лимитини ўрнатиш;
● инвестицион чора-тадбирларни амалга ошириш учун керак бўладиган моддий ресурсларни етказиб берувчиларни танлашда ходимларнинг муайян мустақилликка эга бўлиши;
● кўрсатилаётган хизмат турлари ва сифати учун зарар етказмайдиган инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида хўжалик юритувчи субъектга сарфланадиган харажатларни камайтириш.
Умуман, хизмат кўрсатиш корхоналари рақобатбардошлигини таъминлаш учун тармоқларда асосий капитални тузилмавий-инновацион модернизация қилишга мақсадли йўналтириш, янги технологик база асосида миллий иқтисодиётни ривожлантиришнинг қудратли омили бўлган капитал қўйилмаларни самарали бошқариш талаб этилади.
Ислом ЭРГАШЕВ,
мустақил изланувчи