Туркманистон пойтахти Ашхобод шаҳрида Ravon бренди билан хорижга экспорт қилинаётган ўзбек автомобиллари тақдимоти бўлиб ўтди.
Тақдимот «Ўзавтосаноат» акциядорлик жамияти ва «Туркманистон» давлат савдо маркази ҳамкорлигидаги «Туркман-ЎзАвто» хўжалик жамияти томонидан ташкил этилган бўлиб, маросимда енгил автомобиллар ишлаб чиқарувчи «GM Uzbekistan» АЖ, Isuzu юк машиналари ва автобуслари ишлаб чиқарувчи «СамАвто» МЧЖ, MAN бренди остида юк машиналари, махсус техникалар ва прицеплар ишлаб чиқарувчи ўзбек-немис қўшма корхонаси расмий вакиллари иштирок этишди.
Шунингдек, тадбирга автомобилсозлик соҳаси вакиллари, дипломатик миссиялар раҳбарлари ва автоишқибозлар ҳам таклиф этилди.Унда Ravon Gentra, Ravon Nexia R3 ва Ravon R4 моделлари намойиш этилди. Ишлаб чиқарувчи компания вакили автомобиллар жаҳон стандарти ва экологик талабларга жавоб бериши, кондиционер, рул гидрокучайтиргичи билан жиҳозлангани, тежамкорлиги ва бошқа хусусиятлари ҳақида тўлиқ маълумот берди.