Қашқадарёлик соҳибкорлар жорий йилда 144 минг гектардан зиёд майдонда бошоқли дон экинларини парваришламоқда. Ғалла парваришида бегона ўтларга қарши курашиш мўл ҳосил гаровидир. Вилоятда амалга оширилаётган ушбу тадбирга «Ўзбекистон ҳаво йўллари» Миллий авиакомпаниясининг махсус авиация ишлари компанияси Қарши авиазвеносининг ҳаво кемалари жалб этилгани ишловни янада тез ва сифатли амалга ошириш имконини бермоқда. Ҳозирга қадар 20 минг гектар майдондаги ғаллазорга ишлов берилди. Яна 15 минг гектар майдон ишлови учун авиациядан фойдаланиш кўзда тутилган. Бу йил баҳорнинг серёғин келаётгани майсанинг тўлиқ ривожланиши билан бирга оқбош, перка, ёввойи сули каби бегона ўтларнинг ҳам ўсувчанлигига қулай шароит яратмоқда. Бу ўтлар озиқ моддаларни буғдойга нисбатан 20-30 марта кўп ўзлаштириб, майса ривожига халал беради. Шу боис уларга қарши ишловни кечиктирмай ўтказиш жуда муҳим. Мухтасар айтганда, ғаллазорда бегона ўтларнинг бўлмаслиги мўл ҳосил, тоза ва сифатли буғдой етиштириш имконини беради. Авиация кўмагидан фойдаланиш эса мазкур тадбирни тез ва экинларга зарар етказмасдан ўтказишни таъминлайди.