Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати –Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Тошкент вилояти кенгаши томонидан Зангиота туманида «Аёллар – инновацион ривожланиш тарафдори» лойиҳаси доирасида «Инновацион технологияларни ривожлантиришда таълим, фан ва бизнес тизимлари ўзаро алоқаларига оид долзарб масалалар» мавзуида семинар ўтказилди. Бугунги кунда вилоятда 1 минг 670 дан ортиқ тадбиркор, 620 га яқин фермер хотин-қиз самарали фаолият кўрсатмоқда. Улар сафида янги ишланмалар, кашфиётлар устида изланаётган илмий даражага эга олима аёллар ҳам талайгина. Семинардан кўзланган мақсад ана шундай ташаббускор, янгиликка интилувчан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, улар яратаётган инновацион ишланмаларни ҳаётга татбиқ этиш. Дастлаб, тадбиркор ва фермер хотин-қизлар томонидан инновацион технологиялар асосида ишлаб чиқарилган экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, жумладан сабзининг «Авако», олхўрининг “Супер йор” навлари кўчатларини парваришлаш агротехникаси ҳақида маълумот берилди.Гўдаклар ҳам, катталар ҳам истеъмол қилса бўладиган – “Гуруч ёрмаси”га қизиқиш билдирганлар кўп бўлди бу маҳсулотнинг афзаллиги шундаки, у хориждан келтириладиган турдош маҳсулотлардан экологик тозалиги, юртимизга импорт қилинган гуруч ёрмаларидан 7-8 баробар арзонлиги билан алоҳида ажралиб туради. Семинар давомида намойиш этилган инновацион ишланмалар иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Манба: «ЎзА»