Сўнгги йилларда мамлакатимизда ер қаърини комплекс геологик ўрганиш, узоқ истиқболга мўлжалланган минерал-хомашё базасини ривожлантириш ва қайта тўлдириш дастурларининг самарали бажарилишини таъминлаш, ер ости бойликларидан оқилона фойдаланиш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Соҳага оид муносабатларни тартибга солувчи ҳуқуқий база яратилди. Бу борадаги саъй-ҳаракатлардан мақсад – тоғ-кон саноати ва геология соҳасини ривожлантириш, хомашё базасини кўпайтириш ва ер ости бойликларидан самарали фойдаланишдан иборат.
Ер ости бойликларимиздан мақсадли ва унумли фойдаланишда йирик саноат корхоналаримизнинг ўрни беқиёс. Хусусан, «Навоийуран» давлат корхонаси республикамизнинг энг йирик саноат корхоналаридан бири сифатида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш ва ижтимоий барқарорлигини таъминлашга улкан ҳисса қўшиб келмоқда.
Корхона Навоий кон-металлургия комбинатини ислоҳ қилиш натижасида 2022 йилда янги тузилма сифатида ташкил этилган бўлса-да, ўтган қисқа вақт мобайнида халқаро майдонда ҳам юксак эътироф ва эътиборга сазовор бўлди. Шу давр мобайнида корхонада 20 дан ортиқ инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, ушбу мақсадлар йўлида 136 млн. доллардан зиёд маблағлар ўзлаштирилди. Биргина 2024 йилнинг биринчи ярим йиллигида 7 та инвестицион лойиҳа доирасида 41,62 млн. долларлик ишлар бажарилгани амалга оширилаётган ишларнинг нақадар кенглиги ва истиқболли эканлигини кўрсатиб турибди. Корхона томонидан уран қазиб олиш ва қайта ишлашни кўпайтириш мақсадида бу кўрсаткич 2030 йилгача 500 млн. долларга етказилиши кўзда тутилган.
Корхона геологларининг тинимсиз изланишлари натижасида Жиззах вилояти Арнасой туманида 1 та уран кони аниқланди. Шунингдек, «SRK Consalting Group» консалтинг компанияси билан қидирув натижалари, минерал ресурслар ва маъдан захиралари ҳисоботлари танланган 17 та кон бўйича Австралиянинг JORC кодекси (JORC Code) стандартларига мувофиқ баҳоланди.
Бу ишларга давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 14 июлдаги «2022-2030 йилларда «Навоийуран» давлат корхонасида уранни қазиб олиш, қайта ишлаш ҳажмларини ошириш ҳамда уни трансформация қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори пойдевор ва дастуруламал бўлиб хизмат қилмоқда. Ушбу тарихий ҳужжат билан «Навоийуран» давлат корхонаси фаолиятини янада ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди.
Хусусан, минерал ресурслар уран базасини 100 минг тоннагача етказиш, уран ишлаб чиқаришни уч бараварга ошириш ва корхонанинг ташкилий-молиявий тузилмасини замонавий уран қазиб олувчи «Orano Mining», «Uranium One», «Казатомпром» ва бошқа халқаро компаниялар даражасига етказиш вазифалари қўйилди.
Ўтган қисқа даврда минг-минглаб ишчи ва мутахассисларнинг фидокорона меҳнати туфайли Қизилқум кенгликларида ривожланган ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмасини ўзида мужассам этган, нафақат юртимиз, балки чет элларда ҳам машҳур бўлган замонавий саноат мажмуалари қад ростламоқда. Етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланаётгани табиий уран маҳсулоти ишлаб чиқариш имкониятларини янада кенгайтириб, бутун тармоқнинг барқарор фаолиятини таъминламоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар ва туб ўзгаришлар даврида ушбу корхонанинг меҳнат жамоаси ҳам четда қолаётгани йўқ. Корхонанинг кўп минг кишилик ва аҳил жамоаси соҳа ривожи йўлида туну кун меҳнат қилиб, юртимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигига хизмат қилишмоқда, ўзларининг бор куч ва шижоатларини, билим ва тажрибаларини юқори ишлаб чиқариш кўрсаткичларини бажариш ва ҳудудлар инфратузилмасини яхшилаш йўлида сафарбар этишмоқда.
Тарихан 65 йиллик ўтмишга эга, бироқ ҳамиша навқирон ушбу корхона ҳақиқий касбининг фидойиси бўлган минглаб геолог, геотехнолог, геофизик, бурғиловчи, маркшейдер каби бир мақсад йўлида дадил одимлаётган юртдошларимизни ўз сафларида бирлаштирган. Бугун жамоанинг таркиби ёшариб, янада кенгайиб бормоқда, янгидан янги иш ўринлари яратилмоқда. Ушбу жамоа меҳнаткашлари зиммаларига юклатилган масъулиятли ва шарафли вазифаларини ортиғи билан уддалаб келишмоқда.
Яқин йилларда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда геология қидирув ишларини жадаллаштириш, Ўзбекистон ҳудудидаги қора сланецли конларни ўзлаштириш, шунингдек, халқаро миқёсда ҳам чет эллик компаниялар билан ҳамкорликда уран ишлаб чиқариш лойиҳаларида иштирок этиш борасида амалий ишлар бошлаб юборилган.
Бундан ташқари корхонанинг энг йирик бўлинмаси жойлашган Зафаробод қўрғонида қатор янги юқори технологик ишлаб чиқаришларни йўлга қўйиш, рақобатбардош саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, ҳудуднинг улкан табиий, ишлаб чиқариш, меҳнат ва интеллектуал салоҳиятини янада тўлиқ рўёбга чиқариш ҳамда қўрғон аҳолиси учун муносиб яшаш шароитлари яратиш, ҳудуд инфратузилмасини янада яхшилаш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинган. Ўйлайманки, корхонанинг юксак профессионал, малакали, аҳил ва истеъдодли жамоаси ҳамда бой тажрибага, юксак маҳоратга эга мутахассислари ана шундай кенг миқёсли вазифаларни муваффақиятли адо этадилар.
Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда стратегик ислоҳотларнинг янги босқичи бошланган бугунги кунда «Навоийуран» давлат корхонаси олдида ҳам ғоят муҳим вазифалар турибди. Бу вазифаларни бажариш асносида корхона мамлакатимиз иқтисодиёти ривожидаги ўрни ва мавқеини янада мустаҳкамлайди, халқимиз фаровонлигини таъминлашга ҳисса қўшади.
Бобир ИСЛАМОВ, Ўзбекистон Республикаси Тоғ-кон саноати ва геология вазири
Fikr bildirish