Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Бугунги кунда аҳоли саломатлигини сақлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, атмосферани ифлослантирувчи зарарли чиқиндилар ва кимёвий таркибий қисмларни камайтириш, чиқиндиларни йўқ қилиш, табиатга ва аҳоли пунктларига зарарни минималлаштириш бўйича чора-тадбирлар барча жабҳаларда олиб борилаётгани каби «Navoiyazot» корхонасида ҳам бу борада долзарб вазифалар амалга оширилмоқда. Қуйида «Navoiyazot» корхонасида соҳада олиб борилаётган амалий ишлар ҳақида атрофлича тўхталиб ўтамиз.
Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ва қонунчилик органи – Олий Мажлис томонидан атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланишга катта эътибор қаратилгани ҳолда, атроф-муҳит мусаффолигини таъминлашга доир янги қатъий талаблар, йўл хариталари ва ҳаракат дастурлари мунтазам ишлаб чиқилмоқда. «Navoiyazot» корхонасининг «Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш» бўлимида ушбу йўналишда қабул қилинган қарорлар ва уларнинг бажарилишини назорат қилиш бўйича ишлар ҳажми кенгайган.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 8 октябрдаги 286-сонли қарорига мувофиқ, ишлаб чиқариш экологик назоратини амалга оширишнинг янги тартиби белгиланди, экология хизматининг янги вазифа ва функциялари, шунингдек, экологик аудит бўйича алоҳида вазифалар ишлаб чиқилди.
Эндиликда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўлимининг ўзига хос хусусиятларига кўра, ҳар бир иш соҳаси учун алоҳида муҳандислик лавозими талаб қилинади:
● атмосферага ташламалар ва атмосфера ҳавосини ҳимоя қилиш;
● корхонанинг ишлаб чиқариш цехлари оқова сувлари ҳажми, таркиби, биокимёвий тозалаш иншоотига келиб тушиши, иншоотда тозаланиб, Касаба-Дурман каналига ташланиши назоратини олиб бориш;
● ишлаб чиқариш чиқиндиларининг ҳосил бўлиши ва улардан фойдаланиш ёки утилизация қилиш йўналиши;
● тегишли экологик нормативларни ишлаб чиқиш: ифлослантирувчи моддалар ташламаларини атмосферага ташланишининг йўл қўйиладиган чекланган экологик нормативи (ПДВ), сув ҳавзалари сатҳида ва ер рельефида ифлослантирувчи моддаларнинг йўл қўйиладиган чекланган ташламаларининг экологик нормативлари (ПДС), чиқиндиларнинг ҳосил бўлиши ва жойлаштирилишининг экологик нормативлари (ПДО) лойиҳалари, сувдан махсус фойдаланиш учун рухсатномалар (РСВ) ва уларга риоя қилиш, демеркуризация қурилмаси учун рухсатномалар;
● атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича чора-тадбирлар ва дастурлар режаларини ишлаб чиқиш ва назорат қилиш шулар жумласидандир.
Айтиш жоизки, бугунги кунда корхонада юқорида қайд этилган барча йўналишлар бўйича аниқ режа асосида муайян ишлар олиб борилмоқда ва ўз ўрнида атроф-муҳит, экологияни яхшилашга эришилмоқда. Меъёрий ҳужжатлар ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш текширувчи ва назорат қилувчи ташкилотларда (маҳаллий ва республика давлат Экология, санитария назорати органлари) келишиш ва тасдиқлаш билан бирга олиб борилмоқда. Буларга қўшимча равишда қуйидаги йўналишларда ишлар амалга оширилмоқда:
● хавфли ва озонни бузувчи моддаларни олиб кириш ва олиб чиқиш учун рухсатномаларни амалга ошириш;
● Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига мувофиқликни таъминлаш ва экологик хавфсизликни ўрнатиш мақсадида технологик жараёнлар (техник метанол ишлаб чиқариши, хлорид кислотаси ишлаб чиқариши, сианистий натрий ишлаб чиқариши), маҳсулотлар ва чиқиндиларни экологик сертификатлаш, «Давлат экологик сертификатлаштириш ва стандартлаштириш маркази» МCҲЖ Навоий вилояти филиали билан биргаликда технологик жараёнларни инспекцион текшириш ишларини амалга ошириш;
● 56-био-кимёвий тозалаш цехи (БКТ), 480-ишлаб чиқариш оқова сувларини кимёвий тозалаш цехи ва санитария лабораториясининг ишини назорат қилиш.
Шунингдек, ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ишлатилган симобли ёритгичларни демеркуризация (утилизация) қилиш, маиший ва кимёвий ифлосланган ишлаб чиқариш оқова сувларни тозалашга қабул қилиш, қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш, Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази билан гидрометеорологик кузатувлар, ихтисослаштирилган гидрометеорологик иш (хизмат)ларни бажариш учун шартномалар тузиш ишлари олиб борилмоқда.
AММҚ бўлимининг ваколатига текширувчи ташкилотлар – Навоий вилояти экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси «Атроф-муҳит мониторинги, иқлим ўзгариши ва чўлланишга қарши курашиш» бўлими, Навоий шаҳар санитария эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бўлими билан ишлаш, аҳолининг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини таъминлаш учун оқова сувларнинг ҳолати ва ҳаво муҳити мониторинги ва бошқалар киради.
Қурилаётган, янги фойдаланишга топширилган ва реконструкция қилинаётган объектлар ва ишлаб чиқаришлар учун Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги тегишли қарорига асосан «Aтроф-муҳитга кўрсатадиган таъсир тўғрисида ариза» лойиҳаси ишлаб чиқиш учун ваколатли ташкилотларга тижорат таклифи бериш, техник топшириқ ишлаб чиқиш, комиссия томонидан ғолиб деб топилган ишлаб чиқарувчи ташкилот билан шартнома расмийлаштириш, ташкилот томонидан ишлаб чиқилган лойиҳани Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги қошидаги «Давлат экологик экспертиза маркази» ДКга атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш тартибини ўтказиш ва Давлат экологик экспертизаси хулосасини олиш учун eko-service.uz орқали буюртма бериш, лойиҳани экспертизадан ўтказиш учун шартнома расмийлаштириш ишлари амалга оширилади.
Нодиржон МУРОДОВ, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўлими бошлиғи