Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Маълумки, дунё бўйича озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб муттасил равишда ҳам миқдоран ҳам сифат жиҳатидан ортиб бориши, аграр ресурслардан фойдаланишдаги тежамкорликка эътиборсизлик, аграр тармоқ фаолияти билан боғлиқ атроф муҳит, табиий ресурслар сифати бузилиб экологик муаммолар пайдо бўлиши, инсоннинг табиий ресурсларга нисбатан «бешафқатлиги» натижасида маданийлашган қишлоқ хўжалиги экинлари генофодини сақлаб қолиш масаласи ҳавф остида қола бошлади.
Бундай генофонд асосини одатда – маданийлаштирилган қишлоқ хўжалиги экинларининг ёввойи аждодлари ташкил этади. Республикамизда қишлоқ хўжалиги экинларининг ёввойи аждодлари асосан тоғли, тоғ олди ҳудудларнинг махсус муҳофаза қилинадиган қисмлари ва шунингдек, қўриқланадиган ҳамда қўриқланмайдиган ўрмон хўжаликлари ерларида ёввойи ҳолда ўсувчи экинлар сифатида намоён бўлади. Шунингдек, баъзи ёввойи турлар аҳоли яшаш манзиллари атрофларида, экин майдонлари четларида ҳам кам ҳолда учрайди.
Бундай ноёб ёввойи экинлар (кўп йиллик дарахтлар) қаторига республикамизнинг тоғли ҳудудлари ва тоғ олди майдонларида – ёввойи ҳолда ўсувчи грек ёнғоғи, ёввойи писта, ёввойи бодом, олманинг ёввойи турлари каби кўп йиллик дарахтларни, тоғ пиёзи (анзур), ёввойи арпа каби ўсимликларни киритиш мумкин.
Қишлоқ хўжалиги экинларининг ёввойи аждодлари юқори ҳосилдорликка эга бўлган, касаллик ва зараркунандалар, қурғоқчиликка, экстремал иқлим вазиятларига чидамли, озуқа хусусиятлари юқори бўлган янги навлар яратиш, мавжуд навларни такомиллаштиришда алмаштириб бўлмайдиган ноёб генетик фонд ҳисобланади. Чунки одатда инсон фаолияти натижасида яратилган маданийлаштирилган қишлоқ хўжалиги экинлари навлари экиб фойдаланиш даври мобайнида айниб боради ва навдорлик кўрсаткичларини йўқотиб бориш хусусиятларига эга бўлганлиги сабабли доимий равишда янгилаб боришни тақозо этади.
Маданийлашган қишлоқ хўжалиги экинларининг ёввойи аждодларини сақлаб қолиш заруратини уларнинг жамият учун бевосита иқтисодий аҳамияти жиҳатидан баҳолайдиган бўлсак: биринчидан, жамият аъзоларини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш; иккинчидан, саноат тармоқлари, хусусан фармацевтика саноатига (айрим экинлар учун) қайта ишлаш мақсадида хомашё етказиб бериш; учинчидан, қишлоқ жойларида истиқомат қиладиган аҳолини иш жойлари ва даромад билан таъминлаш борасидаги аҳамияти эътиборга олинади. Шунинг учун ҳам таъкидланган масала қуйидагича асосланиши мумкин:
– мавжуд экинлар навларини такомиллаштиришда, қишлоқ хўжалиги экинлари касалликлари ва зараркунандаларга ўта чидамлилик хусусиятларини намаён қилувчи генлар (масалан буғдойнинг зарарли каналари, картошканинг вирус касалликлари, ғалладошларнинг ўсиши ва ривожланишини пасайтирадиган вируслар кабилар) манбаи сифатида;
– мавжуд экинлар навларини такомиллаштиришда, табиатнинг экстремал вазиятларига ўта чидамлилик хусусиятларини намоён қиладиган генлар манбаси сифатида (ҳудуд учун хос бўлган қурғоқчилик, жазирама иссиқ ва ёзги гармсел шамоллар, тупроқнинг шўрланиши даражаси ва бошқалар);
– мавжуд экинлар навларини такомиллаштиришда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг бозордаги талабга таъсир этадиган сифатини белгиловчи фойдали хусусиятларини яхшилаш имконини берадиган генлар манбаси сифатида (масалан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таркибидаги витаминлар миқдори, ёғлилик даражаси, буғдойнинг таркибидаги оқсил ва келейковина моддаларини оширувчи генлар манбаси сифати);
– турли қишлоқ хўжалиги экинларининг серҳосил, бозор талаби доирасидаги сифатли маҳсулот берадиган, экинларнинг касаллик ва зараркунандаларига ҳамда табиатдаги экстремал вазиятларга чидамли янги навларини яратишда генетик база сифатида.
Бугунги кунда илмий фаразлар ва турли прогнозлар доирасидан ташқарига чиқиб реал хаётга айланиб бораётган глобал иқлим ўзгариши ҳодисаси, қишлоқ хўжалиги экинларининг иқлим ўзгаришлари салбий оқибатларига қарши тура оладиган ва тезликда мослаша оладиган навларини яратишни тақозо этади.
Агарда масалага қишлоқ хўжалигини барқарор ривожлантириш ва мамлакат озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ёндашадиган бўлсак, муаммонинг ечимлари кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалиги экинларининг ёввойи аждодларидан генетик ресурс сифатида фойдаланишга боғлиқ бўлади. Демак, қишлоқ хўжалиги экинларининг ёввойи аждодлари ўсадиган тоғ олди ва тоғли ҳудудларда экинларни маъмурий қўриқлаш ишлари билан бир қаторда ташкилий ва иқтисодий дастаклардан ҳам самарали фойдаланиш зарурати ортиб бормоқда. Лекин, маъмурий қўриқланувчи ҳудудларда қишлоқ хўжалиги экинларининг ёввойи аждодларини сақлаб қолиш ва самарали фойдаланиш нисбатан катта имкониятларга эга бўлиб қолмоқда.
Шерали ХОЛЛИЕВ,
Қарши давлат университети Иқтисодиёт факультети Иқтисодиёт кафедраси ўқитувчиси