Извините, этот техт доступен только в “O´zbek”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ҳар қандай хўжалик юритувчи субъектни ташкил этишда мулкдорлари унинг фаолият йўналишларини қисқа муддатли эмас, балки стратегик, узоқ муддатли мақсадлардан келиб чиқиб белгилайди. Бундай ҳолларда энг оптимал қарор қабул қилиш ва хулоса чиқариш учун мулкдорлар ҳамда тадбиркорларга объектив маълумотларни тақдим этадиган восита стратегик бошқарув ҳисобидир. Шу боис ҳозирги пайтда асосий эътибор мамлакатимиз амалиётида нисбатан яқинда пайдо бўлган, айрим илғор давлатларда эса аллақачон кенг йўналишда шаклланган стратегик бошқарув ҳисобига қаратилади.
Умуман олганда, ривожланган бозор иқтисодиётига эга мамлакатларда стратегик бошқарув ҳисоби – стратегик бошқарув қарорларини қабул қилиш мақсадида ахборот таъминоти шаклланадиган бошқарув ҳисобининг бир йўналиши сифатида эътироф этилади. Унинг доирасида хўжалик юритувчи субъектнинг барча фаолият йўналишлари бўйича батафсил таҳлил амалга оширилади.
Стратегик бошқарув ҳисоби тизими ўз моҳиятини фақатгина ҳисоб жараёни сифатида эмас, балки қуйидаги учта элемент кетма-кетлигида тўлиқ намоён этади (расм):
● стратегик таҳлил;
● стратегик режалаштириш;
● стратегик назорат.
Бу элементларнинг ҳар бири алоҳида мустақил жараён бўлса-да, амалиётда уларни бир-биридан ажратиш жуда қийин.
Стратегик таҳлил хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг муайян вақтдаги ҳолатини баҳолайди. Шунингдек, ушбу таҳлилни амалга ошириш жараёнида хўжалик юритувчи субъект белгилаётган стратегик мақсаднинг равшанлигига ва унинг талаб қилинаётган миқдордаги ресурслар билан таъминланганлик даражасига баҳо бериш имкониятига ҳам эга бўлади.
Одатда, хўжалик юритувчи субъект фаолиятининг стратегик ривожланиши ташқи шароитлар билан узвий боғлиқликда бўлади. Шунга кўра, стратегик таҳлил давомида фақатгина иқтисодий бошқарув таҳлилининг анъанавий вазифаларига алоҳида эътибор қаратмай, аввало, ташқи шароитлар хўжалик юритувчи субъектнинг узоқ муддатли (стратегик) мақсадларига таъсир кўрсатувчи омиллар сифатида тадқиқ этилиши керак.
Стратегик бошқарув ҳисобининг иккинчи муҳим элементи стратегик режалаштиришдир. Хўжалик юритувчи субъект уни амалга ошириш орқали ўзининг узоқ муддатли стратегик мақсадларига эришишини таъминлашга мўлжалланган режаларини ишлаб чиқади. Халқаро амалиётда ва талай илмий манбаларда «стратегик режалаштириш» корпоратив режалаштириш ёки узоқ муддатли режалаштириш сифатида ҳам талқин қилинади.
Хўжалик юритувчи субъектларда стратегик режалаштиришнинг натижаси фаолият йўналишлари бўйича узоқ муддатли (5 йил ёки ундан ортиқ муддатга) стратегик ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш ҳисобланади. У қуйидаги таркибий қисмлардан ташкил топади:
● суб-стратегиялар (ишлаб чиқариш, маркетинг, молиявий, ходимлар бўйича);
● алоҳида йўналишлар стратегияси (хўжалик юритувчи субъектнинг турли бозорларда рақобат қилиши ва хилма-хил маҳсулотлар ишлаб чиқариши мумкин бўлган ҳар бир бўлими учун).
Стратегик бошқарув ҳисобининг учинчи муҳим элнменти стратегик назоратдир. Унинг вазифаси белгиланган стратегик мақсадларга эришишни кузатиш ва назорат қилишдан, четланишлар вужудга кела бошлаган тақдирда тезкор бошқарув қарорлари қабул қилиш орқали вазиятни дастлабки ҳолатига қайтаришни таъминлашдан иборат. Бу тегишли қарорларга ўзгартиришлар киритиш ва мақсадларга эришиш учун белгиланган йўлга қайтиш ёки зарурият туғилганда, мақсадларни ўзгартириш учун керак.
Стратегик бошқарув ҳисобининг юқорида тилга олинган элементлари бир-бири билан чамбарчас боғланган бўлиб, хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимларини бошқаришда муҳим аҳамиятга эгадир.
Ҳар бир хўжалик юритувчи субъект доирасида унинг молиявий оқимлари стратегик бошқарув ҳисобининг мустақил концепциясини ишлаб чиқиш зарурияти (ишлаб чиқаришни замонавийлаштириш, ходимларни қайта ўқитиш ёки янги маҳсулот турини ишлаб чиқиш ва ҳоказолар) деярли ҳар қандай бошқарув қарори тегишли маблағлар билан таъминланган ҳолдагина амалга ошиши мумкинлиги билан белгиланади. Шу сабабли таклиф қилинаётган бошқарув қарорларининг у ёки бу вариантини танлашда унинг молиявий жиҳати ҳал қилувчи ўрин эгаллайди. Бундан ташқари, молиявий менежментнинг аҳамияти, унинг хўжалик юритувчи субъект бошқаруви жараёнининг қуйи тизими сифатидаги роли хўжалик фаолиятидаги молиявий жараёнларни мувофиқлаштирувчи эканлиги билан белгиланади.
Амалиётда эса хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий менежери охир-оқибатда унинг молиявий оқимлари бошқарувчиси сифатида эътироф этилади. Шундай қилиб, хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимлари деганда, нафақат унинг пул оқимларини, балки хўжалик юритувчи субъектнинг бошқа активлари, маблағлари (мажбуриятлари) манбалари оқимларини, шунингдек, фаолиятнинг молиявий натижалари ва уларнинг ўзгаришига таъсир кўрсатувчи омиллар (даромад, харажатлар, солиқ тўловлари)ни аниқлашни тушуниш лозим.
Иқтисодий ривожланишнинг ҳозирги босқичида қатор давлатлардаги йирик компаниялар молиявий-иқтисодий инқирозга учраётгани замонавий шароитда ҳар қандай хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимларини оптимал бошқаришни таъминлаш муҳим аҳамиятга эга эканлигини исботламоқда. Мазкур вазифани эса самарали ташкил этилган молиявий оқимларнинг бошқарув ҳисобини оператив-тактик, шу билан бирга, стратегик даражада ташкил қилмасдан амалга ошириб бўлмайди.
Самарали ташкиллаштирилган молиявий оқимларнинг стратегик бошқарув ҳисоби хўжалик юритувчи субъектларнинг молиявий оқимларини бошқариш бўйича тўғри молиявий қарорлар қабул қилиш асосларини яратади – мулкдорлар белгилаган мақсадларига эришишлари учун энг оптимал бошқарув қарорлари қабул қилишларини таъминлайди.
Агар хўжалик юритувчи субъект молиявий қийинчиликларни бошидан кечираётган бўлса, молиявий оқимларнинг стратегик бошқарув ҳисоби уни молиявий жиҳатдан соғломлаштириш мақсадида тузилаётган дастур кўрсаткичларини асослаб берувчи энг асосий ва муҳим воситага айланади. Бошқача айтганда, молиявий оқимларнинг стратегик бошқарув ҳисоби – бу хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий стратегиясини асослаб берувчи воситадир.
Молиявий оқимларнинг стратегик бошқарув ҳисоби доирасида молиявий оқимларга, пировардида хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатига таъсир кўрсатувчи нафақат ички, балки ташқи омилларнинг батафсил таҳлили амалга оширилиши даркор.
Хўжалик юритувчи субъект молиявий оқимларининг стратегик бошқаруви ҳисоби моҳиятини унинг қуйидаги воситалари орқали баҳолаш мумкин:
● хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини баҳоловчи нисбий кўрсаткичлари (коэффициентлари) тизими;
● хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимлари классификацияси;
● хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимлари математик модели.
Хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини баҳоловчи нисбий кўрсаткичлар (коэффициентлар) тизими хўжалик юритувчи субъект молиявий стратегиясини унинг жорий молиявий-хўжалик фаолияти билан боғлаб турувчи молиявий оқимлар стратегик бошқарув ҳисоби воситасидир. Яъни, бу тизим хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий стратегиясини муайян мақсад ва кўрсаткичларга айлантириш имконини беради. Мазкур кўрсаткичлар тизими орқали унинг барча йўналишларини – мулкий аҳволини, молиявий барқарорлиги даражасини, тўлов қобилияти ва ликвидлилик даражасини, иш фаоллиги ва шу каби кўрсаткичларни қамраб олиши лозим. Бундан кўзланган мақсад хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини объектив баҳолаш ва молиявий-хўжалик фаолияти самарадорлигини оширишни таъминлашдир.
Хўжалик юритувчи субъектнинг мулкий аҳволини баҳолаш кўрсаткичлари унинг активлари таркиби, тузилиши ва динамикасини ифодалайди.
Молиявий барқарорликни баҳолаш кўрсаткичлари хўжалик юритувчи субъект активлари ва пассивларининг таркиби, уларнинг таркибий тузилиши ва динамикасини акс эттиради ҳамда унинг қарз маблағлари орқали молиялаштириш манбаларидан мустақиллигини англатади.
Тўлов қобилияти ва ликвидлилик даражаси кўрсаткичлари хўжалик юритувчи субъектнинг барча мажбуриятлари учун тўлаш қобилиятини ҳамда қисқа муддатли мажбуриятларни бажариш имкониятларини, шунингдек, кўзда тутилмаган харажатлар вужудга келган тақдирда, уларни қоплаш имкониятини билдиради.
Ишбилармонлик фаолиятини баҳолаш кўрсаткичлари хўжалик юритувчи субъект ресурсларидан фойдаланиш интенсивлиги (капиталнинг айланиш коэффициенти), фаолият самарадорлиги ва хўжалик юритувчи субъект ресурсларидан фойдаланиш (рентабеллик коэффициенти) ҳамда хўжалик юритувчи субъектнинг қимматли қоғозлар бозоридаги (бозор фаолияти коэффициенти) ҳолатини акс эттиради.
Бунда ҳар бир ажратиб кўрсатилган хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини барча йўналишлари бўйича комплекс баҳолаш, шунингдек, ҳар бир йўналишни унинг ташкилий қисми элементлари кесимида, мақсад ва вазифалари, айрим кўрсаткич ва ҳаракатларини кўриб чиқиш лозим.
Одатда, хўжалик юритувчи субъектлар молиявий аҳволининг барча йўналишлари ўзаро алоқада бўлади. Шунга мувофиқ, унинг бир йўналишини баҳолаш учун шакллантирилган кўрсаткичлардан бошқа йўналиши ҳолатини баҳолашда ҳам фойдаланиш мумкин. Ўз навбатида, эслатиш жоизки, бундай кўрсаткичлардан бирига эътиборни ҳаддан зиёд кучайтириб юбормаслик керак. Негаки, у бошқа йўналишлар орасидаги муносабатлар бузилишига олиб келиши эҳтимолдан холи эмас.
Хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий ҳолатини баҳолаш жараёни кенг кўламли бўлиши зарур. Аниқроғи, молиявий ҳолатни баҳолаш нисбий кўрсаткичлари (коэффициентлари)ни унинг комплекс баҳолашга қаратилган моделлари, масалан, рентабелликнинг энг муҳим кўрсаткичлари омилли моделлари ёки банкротлик хавфини олдиндан прогноз қилишнинг иқтисодий-статистик омиллари билан боғлаш мақсадга мувофиқдир.
Молиявий оқимлар стратегик бошқарув ҳисобининг иккинчи воситаси хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимлари ва унинг математик моделини шакллантириш асосида ётган классификациясидир. Учинчи воситаси эса, хўжалик юритувчи субъектнинг қиймат ифодасидаги молиявий ва моддий ресурслар ҳаракатини акс эттирувчи молиявий оқимларнинг математик моделидир.
Ушбу модел хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимлари ва уларнинг ўзаро боғлиқлигини тасвирлайдиган тенгламалар тизимини ўзида мужассамлаштириб, молиявий ва хўжалик фаолияти самарадорлигини ошириш ҳамда унинг молиявий оқимларини оптималлаштириш имкониятларини белгилайди.
Молиявий оқимларни мақсадли прогнозлаштириш асноси молиявий оқимлар стратегиясининг бир неча варианти ишлаб чиқилади. Сўнгра энг мақбули ҳар томонлама асослантирилган ҳолда хўжалик юритувчи субъект раҳбариятига тақдим этилади.
Молиявий оқимлар стратегик режалаштирилишини амалга ошириш учун танлаб олинган молиявий коэффициентлар хўжалик юритувчи субъект молиявий оқимларининг стратегик назоратини таъминлайдиган асосий восита саналади. Бу босқичда молиявий коэффициентларнинг ҳақиқий миқдори уларнинг режалаштирилган (прогноз) даражаси билан таққосланиши, ҳар бир кўрсаткич бўйича четланишларни аниқлаш, четланишларни келтириб чиқарган сабабларни ўрганиш, молиявий оқимларнинг узоқ муддатли режасини таҳлил қилиш орқали келиб чиққан четланишларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ва мос равишда хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий стратегиясига тегишли ўзгартиришлар киритиш каби муҳим жараёнларни амалга ошириш керак бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, хўжалик юритувчи субъектнинг молиявий оқимларини бошқаришда стратегик бошқарув ҳисобининг муҳим қисми бўлган молиявий оқимларнинг стратегик бошқарув ҳисоби бозор иқтисодиётининг замонавий шароитларига адекват ва энг оптимал бошқарув қарорларни қабул қилишга хизмат қилувчи самарали ва тезкор ахборот базасини шакллантириш имконини яратади.
Умиджон КОСТАЕВ,
иқтисод фанлари номзоди, доцент,
«Навоий КМК» ДК Режа-иқтисод бўлими бошлиғи