Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармонида мамлакатимиз тараққиётини янада жадаллаштиришга доир устувор вазифалар белгилаб берилди. Мазкур стратегияда аҳоли фаровонлигини таъминлаш, бандлик, саломатликни муҳофаза қилиш, уй-жой масалалари қаторидан таълим-тарбия тизимини ривожлантириш масаласига ҳам кенг ўрин берилган.
Фармонга асосан, илм-фан ва таълим соҳаларини янада ривожлантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Халқ таълими тизимидаги ислоҳотларни амалга ошириш орқали таълим-тарбия сифатини тубдан яхшилаш, янги мактаб биноларини барпо этиш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш, уларни замонавий ўқув-лаборатория ускуналари, ахборот-коммуникация технологиялари ва ўқув-методик қўлланмалари билан тўлиқ таъминлаш каби қатор масалалар амалга оширилиши кўзда тутилган.
Халқ таълими вазирлиги соғлом, руҳий ҳамда интеллектуал ривожланган, теран фикрлайдиган ҳамда қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга, Ватанга содиқ ёш авлод вакилларини тарбиялашга, жамиятда уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш учун қуйидаги чора-тадбирларга жиддий эътибор қаратмоқда.
Биринчидан, мавжуд меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблар даражасида мукаммал тарзда такомиллаштирилади. Яъни, таълим тизими олдига қўйилаётган талаблардан келиб чиқиб, умумий ўрта таълимни ташкил этиш тўғрисидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қайта кўриб чиқилди ва «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низом» янги таҳрирда қабул қилинди.
Шу билан биргаликда, Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаларининг ташкилий тузилмаси ва таълим муассасаларига методик хизмат кўрсатиш тизими янада такомиллаштирилди.
Умумий ўрта таълим муассасалари фаолиятига оид амалдаги меъёрий ҳужжатлар таълим-тарбия сифати ҳамда самарадорлигини янада ошириш нуқтаи назаридан қайтадан кўриб чиқилиб, мазмунан бойитилди.
Иккинчидан, ўқувчи-ёшларни ватанпарвар, юрт тақдирига дахлдор ва қонунларни ҳурмат қилиш руҳида тарбиялаш ҳамда зарарли таъсирлар ва оқимларга қарши маънавий иммунитетини мустаҳкамлаш, қатъий ҳаётий позицияга эга шахс сифатида камол топиши ва шаклланишларини таъминлаш бўйича қатор устувор вазифалар амалга оширилмоқда.
Шу мақсадда ўқитувчи ва мураббийлар, ҳаётий тажрибага эга оқсоқоллар, маҳалла фаоллари кўмагида ўқувчилар ва ота-оналар ўртасида китобхонликни, мутолаанинг инсон камолотидаги беқиёс ўрни тарғиб қилинишига алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда таълим муассасаларида таниқли ёзувчи, шоирлар билан онлайн мулоқотлар, учрашувлар ташкил этилди. Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан ҳамкорликда бадиий адабиётларнинг электрон нусхалари кенг миқёсда порталларга жойлаштирилмоқда. Умумтаълим мактабларидаги кутубхона ва ахборот-ресурс марказларининг китоб фондлари янги бадиий ва энциклопедик адабиётлар билан бойитиб борилмоқда.
Болаларни жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш, турли нуфузли мусобақа ва беллашувларда, хусусан, «Умид ниҳоллари»да қатнашувчи спортчи-ўқувчилар сафини кенгайтириш, халқаро танловларда самарали иштирокини таъминлаш чоралари кўрилди.
Учинчидан, умумтаълим фанларни ўқитиш мазмуни бойитилиб, ўқув-методик таъминоти такомиллаштирилди. Жумладан, илғор хорижий тажрибаларга таянган ҳолда компетенциявий ёндашувга асосланган Давлат таълим стандартлари ишлаб чиқилди ва босқичма-босқич амалиётга жорий этилмоқда. 2017-2018 ўқув йилида бошланғич таълимнинг 1–4 синфлари, шунингдек, 6-, 7-, 10-синфларда компетенциявий ёндашувга асосланган Давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурлари асосида фанлар ўқитилмоқда.
2017–2018 ўқув йилининг 1-ярми бўйича таълим сифати мониторингини ўтказиш жараёнида халқаро баҳолаш дастури (PISA)га асосланган адаптатив тест топшириқлари ишлаб чиқилди ва жорий йилнинг декабрь ойида онлайн тест асосида синовдан ўтказилди.
Тизимдаги чет тили ўқитувчларининг билим даражаси, савияси, малакаси ва касб маҳоратини оширишга қаратилган Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 мартдаги 67-сонли қарори асосида 2015–2017 йиллар давомида 671 та таянч мактаблар базасида 969 нафар тренер ўқитувчилар томонидан 20 мингга яқин инглиз тили ўқитувчилари учун хафталик ўқув курслари ташкил этиб келинмоқда.
Мазкур қадам умумтаълим мактаби ўқувчилари саводхонлиги ва мантиқий фикрлашини халқаро дастурлар асосида баҳолаш тизимига босқичма-босқич ўтиш имконини беради.
Тасдиқланган янги мазмундаги ДТСга асосан, таълим умумтаълим фанларини ўзлаштиришнинг бошланғич даражаси – А1 дан то умумтаълим фанларини ўрганишнинг ихтисослаштирилган даражаси – B1+ гача бўлган босқичларида амалга оширилади.
Таълим-тарбия жараёнида ўқувчида коммуникатив, ахборот билан ишлаш, ўзини-ўзи ривожлантириш, ижтимоий фаол фуқаролик, миллий ҳамда умуммаданий, математик жиҳатдан саводхон бўлиш, фан ва техника янгиликларидан фойдаланиш компетенциялари шакллантириб борилади.
Ўқитиш жараёнларига халқаро таълим талабларига мос шахсни шакллантиришга йўналтирилган таълим методологияси жорий этилади, фанлар йўналиши бўйича ўқитиш муаммоларига бағишланган форумлар мунтазам ўтказилади.
Тўртинчидан, етук, маҳоратли ўқитувчиларни тайёрлаш, малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш тизимини ислоҳ қилиш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш учун раҳбар ва педагоглар тайёрлаш сифатига қўйиладиган давлат талаблари такомиллаштирилди. Ўқув режалари ва дастурлари мазмунан қайта кўриб чиқилиб, замон талабларига мослаштирилди. Педагог кадрлар малакасини ошириш тизимидаги профессор-ўқитувчилар сифат таркиби ёш, илмий салоҳиятга эга кадрлар билан тўлдирилмоқда.
Бешинчидан, халқ таълими бошқаруви ва таълим муассасаларида ҳужжатлар билан ишлашни ташкил этиш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш бўйича виртуал қабулхоналар ишга туширилди, жойларда аҳоли билан очиқ мулоқотлар ўтказилди. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатига интерактив хизматлар кўрсатиш сифати яхшиланди.
Олтинчидан, кўплаб ота-оналар, ўқитувчи ва ўқувчилар ҳамда кенг жамоатчилик томонидан билдирилган таклифлар асосида юртимизда Президентимиз ташаббуси билан умумтаълим мактабларида 11 йиллик таълим қайта тикланди. Шунингдек, бу билан боғлиқ моддий техник-база, замонавий синфхона ва устахоналар ташкил этилди, дарслик ва қўлланмалар яратилди, педагог-кадрлар билан тўлиқ таъминланди. Айни вақтда республика бўйича барча умумтаълим мактабларида 300 минг нафарга яқин ўқувчилар 10-синфларда таълим олмоқда. 10–11-синф ўқувчиларига ҳафтанинг 5 кунида умумтаълим фанлари ўтилса, 1 кун 6 соатдан 2 йил давомида касбий таълим берилади ва ўқувчилар мактабни тугатганидан сўнг ўрта маълумот тўғрисида аттестат билан бирга касб малакаси бўйича давлат намунасидаги дипломга эга бўлади.
Бугунги тараққиёт шиддати олдимизга янги-янги вазифаларни қўймоқда. Бу борада Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори тизимда муҳим ўзгаришлар ва янгиланишларга асос бўлди.
Янги таҳрирдаги низомга 20 га яқин меъёрлар киритилди, амалдагилари эса мазмунан тўлдирилди. Ҳужжатда қайд этилганидек, бу низом «Ўзбекистон Республикасида умумий ўрта таълимни ташкил этиш ва умумий ўрта таълим муассасаларининг фаолиятини амалга ошириш тартибини белгилаб беради. Низом талаблари барча умумтаълим муассасаларига нисбатан татбиқ этилади». Боиси, Халқ таълими вазирлиги тизимидан ташқари бошқа вазирлик ва идоралар тасарруфида ҳам умумтаълим ҳамда нодавлат таълим муассасалари фаолият кўрсатмоқда. Низом ушбу муассасалардаги ўқув-тарбия жараёнини ҳам тартибга солади.
Белгиланган меъёрлар бўйича тегишли майдонга эга бўлган умумтаълим муассасаси синфларида ўқувчилар сони 35 нафардан ортиб кетмаслиги назоратга олинди.
«Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да таълим муассасалари билан ота-оналарнинг ўзаро ҳамкорлигини янада кучайтириш ҳамда фуқаролар мурожаатлари билан ишлашнинг янги самарали механизмлари ва усулларини жорий этиш, ота-оналар билан таълим тизимига оид муаммоларни ўз жойида ҳал этиш, бу борада аҳоли билан яқиндан доимий мулоқот қилиш мақсадида ҳисобот йилининг март ойидан бошлаб республикадаги барча умумтаълим мактабларида «Ота-оналар билан мулоқот хонаси» ташкил этилди.
Мулоқот хонасида ота-оналарни белгиланган жадвал асосида муассаса раҳбари, директорнинг ўқув-тарбия ёки маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари қабуллари йўлга қўйилди. Мулоқот жараёнига масаланинг мазмун-моҳиятидан келиб чиққан ҳолда, малакали ва тажрибали ўқитувчилар ёки синф раҳбарлари жалб қилинмоқда.
Шу билан бирга, ҳар ойда энг камида бир марта умумий ўрта таълим муассасалари ҳузуридаги «Оила-маҳалла-таълим муассасаси» ҳамкорлигида Жамоат кенгаши аъзолари иштирокида «Ота-оналар билан мулоқот» кунлари ташкил этилди. Улар истаган вақтда келиб, ўзларини қизиқтираётган масалалар юзасидан раҳбар-ходимлар билан мулоқот ўрнатмоқдалар. Бу эса, мавжуд муаммоларни жойида тезкорлик билан ҳал қилиш, оила-маҳалла-таълим муассасаси ҳамкорлигини кучайтириш имконини бермоқда.
Кадирбай БЕКТУРДИЕВ,
Халқ таълими вазири биринчи ўринбосари