Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     Ўзбекистон саноатидаги ислоҳот­лар 90-йилларда ностратегик соҳа­лар­даги (енгил саноат, мебель ишлаб чиқариш, озиқ-овқат, қурилиш материаллари саноати, фармацевтика, электротехника саноати, машинасозлик) корхоналарни хусусийлаштиришдан бошланди. Айнан сермашақ­қат соҳаларни ривожлантириш саноатни тараққий эттиришнинг юқори динамикасини таъминлаб, бандликка катта миқдорда меҳнат ресурслари жалб этилишига ёрдам берди.
     Шундай оғир шароитда ҳам мамлакатимиз на ўзимизнинг субъект­ларга, на хорижий инвесторларга ўзи­нинг стратегик (айниқса, қазиб чи­қарувчи саноати) корхоналарини сотиш йўлидан бормади. Хомашё ре­сурсларини қазиб олиш монопол рентаси бутун халққа тегишли бўлиши керак – ушбу тамойилга биз, четдан берилган «тавсия»ларга қарамай қатъий риоя қилдик. Нефть ва газ секторига замонавий технологиялар Маҳ­сулотларни тақсимлаш битимлари (МТБ)ни, шу жумладан, «Газпром», «Лукойл» Россия компаниялари билан битимлар тузиш механизми ҳам­да стратегик хорижий ҳамкорлар би­лан қўшма корхоналар тузиш ор­қали жалб қилинди.
     Энг аввало, диверсификациялаш ва қўшимча қий­матни ошириш мақ­садида асосий инвестициялар иқти­содиётнинг қайта ишлаш секторларига, жумладан, стратегик, етакчи хо­рижий инвесторлар билан технологик шерикчилик асосида амалга оши­рилишига эътибор қаратилди.
     1996 йилнинг ўзидаёқ, аксарият собиқ республикалар ишлаб чиқа­ришни ҳали технологик модернизация қилишни ўйлаб кўрмаган бир пайтда, 1997 йилда Асакада автомобиль заводини, 2002 йилда эса йили­га 125 минг тоннадан зиёд полиэтилен ишлаб чиқарувчи ўта қимматбаҳо ҳисобланган Шўртан газ-кимё маж­муасини қуриш лойиҳаларини амал­га оширдик.
     Кейинги йилларда эса, Навоий вилоятида тоғ-кон металлургия заводлари, Қўнғирот сода заводи, Деҳ­қоно­бод калий ўғитлари заводи, енгил автомобиллар, «МАN» юк ташувчи автомобиллар, «Исузу» автобус ва юк ташувчи машиналар учун кучли агрегатлар ишлаб чиқа­рувчи юқо­ри технологияли йирик корхоналар барпо этилди. Ўтган йил охирида дун­ёнинг энг замонавий юқори технологияли ишлаб чиқаришлари­дан би­ри ҳисобланган – йилига 80 минг тонна полипропилен, 400 минг тонна полиэтилен ишлаб чиқариш қув­ватига эга Сургил кони негизида Уст­юрт газ-кимё мажмуаси ишга туширилди.
     Қайд этиш керак, ҳозир Ўзбекис­тон иқтисодиётининг асосий кучи, ўсиш локомотиви саноат соҳаси ҳисобланади. Бу мустақиллик даврида эришилган энг катта ютуқларимиздан бири бўлди десак, асло муболаға бўл­майди, нега деганда, унинг тузилмадаги улуши 35 фоизгача ўсиб, қишлоқ хўжалигининг улуши 18 фоизга қадар босқичма-босқич паса­йиб бормоқда.
     Бу ҳолат қуйидаги саноат тармоқ­ларида кузатилади. Масалан, респуб­лика учун мутлақо янги саноат тар­моқ­ларининг, яъни автомобилсозлик (жумладан, двигателлар ва асосий бутловчи деталларни ишлаб чиқа­риш), нефть ва газ-кимё, нефть-газ автомобилсозлиги, замонавий қиш­лоқ хўжалиги автомобилсозлиги, та­лаблар бўйича қурилиш материаллари саноати, темир йўл автомобилсозлиги, маиший электротехника жи­ҳозлари ишлаб чиқариш, фармацевтика саноатини ривожлантириш ва микробиология соҳасини ташкил этиш билан боғлиқ бўлди.
     Озиқ-овқат, текстиль, чарм-по­йабзал, мебель саноатида нафақат хом­ашёни дастлабки қайта ишлаш билан, балки кўп босқичли ишлаб чи­қа­ришдан то юқори сифатли тайёр маҳсулотларни тайёрлашгача бўлган жараённи ўзлаштиришга эришилди. Мамлакатимизда ишлаб чиқарила­ётган саноат маҳсулотларининг 60 фоиздан кўпроқ қисми ўтган йиллар мобайнида нолдан барпо этилган юқори технологияли тармоқларда тайёрланаётган маҳсулотлар эканлиги бизга катта мамнуният етказиши табиий ҳолдир.
     Саноат тузилмасини диверсификациялаш натижасида экспорт тузилмаси ҳам сезиларли даражада ўзгарди. Агар 90-йиллар бошида экспорт тузилмасида 60 фоизни пахта хомашё­си ташкил этган бўлса, ҳозирги кун­да экспортнинг 70 фоизини қайта иш­ланган маҳсу­лотлар ташкил этмоқ­да. Бундай маҳсулотлар қаторига автомобиллар, қишлоқ хўжалиги техникалари, автомобилларнинг эҳтиёт қисм­лари, замонавий қурилиш ва пардоз­лаш материаллари, тайёр тўқи­мачи­лик ва чарм маҳсулотлари, замонавий кабель-ўтказгич маҳсу­лот­лари ва б. киради.
     Ўзбекистоннинг ўзига хос географик жойлашуви уни денгиз порт­ларига чиқишини сезиларли даражада қийинлаштиришига қарамай, бугунги кунда ўзбек ишлаб чиқарув­чилари маҳсулотлари дунёнинг 160 дан зиёд мамлакатига экспорт қилин­моқда.
     Саноат ишлаб чиқаришни маҳал­лийлаштириш Ўзбекистон индустриал ривожланишининг асосий таркибий қисми ҳисобланади. Даставвал ушбу дастур 2000 йилда қабул қи­линган бўлиб, ҳозирги кунгача унинг доирасида 5,5 млрд АҚШ доллари қийматидаги 2600 та лойиҳа амалга оширилди. Маҳаллийлаштириш корхоналарида етти млрд доллар ҳаж­мидаги йиллик импорт­нинг ўрнини босувчи саноат маҳсулотларининг 5000 дан зиёд турини ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Бундай маҳсулотларга нефть-газ саноати ускуналари, автомобиль двигателлари, самосвал ва кранлар, технологик мосламалар, саноат ишлаб чиқариши учун мўлжалланган мини асбоб-ускуналар, электродвигателлар, юқори технологияли кабель ўтказгичлар, изоляция материаллари, спорт анжомлари, электро-маиший жиҳозлар, электр қувватини тежовчи ёруғлик асбоблари, қурилиш ва пардозлаш материаллари, тўқимачилик ва чарм-пойабзал маҳсулотлари, яримфабрикатлар ва саноатнинг бошқа тармоқ­ларида қўлланувчи бутловчи қисмлар киради. Охирги икки йил давомида ишлаб чиқаришни маҳаллийлашти­риш эвазига 97 тур товар гуруҳлари (кон вагончалари, вакуум насослари, қадоқ­лаш воситалари, миноравий кранлар, пайвандлаш электродлари, ўтга чидамли ва кислотабардош ашё­лар, девор қурилишига ишлатиладиган материаллар, сэндвич-панеллар, ковролан, синтетик сунъий газон, автомобиллар учун аудиотизимлар, шиша банкалари, бутилкалар, крахмал, хамиртуруш ва б.) бўйича импорт бутунлай тўхтатилди.
     Шунингдек, 306 позиция бўйича (телевизор, кондиционер, совуткич, музлаткич, чангютгич, маиший ёритувчи асбоблар, автомобиль фильтр­лари, радиаторлар, цельнометалли баллонлар, спираль ва тўғри чок­ли пўлат ҳамда мис қувурлари, кера­мик плитка, линолеум, синтетик тола­ли матолар, тиббий ампулалар, полиграфия бўёқлари, болалар ўйинчоқ­лари, спорт ускуналари ва б.нинг) импорти икки мартадан кўпроқ қис­қартирилди.
     Ички талабни рағбатлантириш, тармоқлар ичидаги ва тармоқлараро саноат кооперациясини ривожлантиришга, ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни сотиш ва сотиб олишни самарали ташкил этиш мақсадида ҳар йили ўтказиладиган Халқаро саноат ярмаркаси ва Кооперация биржаси доирасида буютмалар қабул қилиш ва шартномалар тузишда преференциал режимини амалга ошириш имкони яратилди.
     Жумладан, 2015 йилда бўлиб ўтган ярмаркада умумий миқдори 11,9 трлн сўмга тенг бўлган 13,3 мингдан зиёд шартнома имзоланди. Бу кўрсаткич аввалги йил­гидан 38 фоизга кўпроқдир. Улардан 2,1 ­трлн сўмдан зиёди – авваллари импорт қилинган маҳсулотларни сотиб олиш учун тузилган шартномалардир. Бу эса, ўз навбатида, 2016 йилда саноат тар­моқлари импортини 637,5 млн долларга қисқаришини таъминлайди.
     Ҳеч шак-шубҳасиз, бундай фаол саноат ва инвестициявий сиёсатни қўллаш мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш ва уни доимий тарзда такомиллаштириб боришга хизмат қилмоқда.
     Ҳозирги кунда республикада 90 дан зиёд мамлакатнинг хориж маб­лағлари иштирокидаги тўрт мингдан зиёд корхоналари фаолият юритмоқ­да. Ҳар йили жалб этилаётган инвес­тицияларнинг 20 фоизини хориж ин­вестициялари ва кредитлари ташкил этади. Мамлакатимизнинг инвести­цион лойиҳаларини амалга оширувчи асосий чет эл ҳамкорлари қато­рига «Дженерал моторс», «Боинг», «Хоневелл», «Эйрбас», «МАN», «­Клаас», «Кнауф», «Лемкен», «Нестле», «­Текнип», АББ, «Максам», «Исузу», «Иточу», «Мицубиси», «Хитачи», «Марубени», «Хьюндай», «Самсунг», «Эл-Джи», «Лотте кемикал», «Хуавей», ЗТЕ, «Си-Эн-Пи-Си», «СИТИК» ва бошқа кўп­лаб компаниялар киради.
     Жаҳон банкининг «Бизнесни юри­тиш» хулосасига кўра, Ўзбекистон 2014–2015 йилларда бизнесни юритиш учун энг қулай шарт-шароитларни яратган мамлакат-ислоҳотчилар­нинг биринчи ўнлигига киритилди. Жаҳон банки экспертлари хулосасига кўра эса, ҳозирда Ўзбекистонда бизнесни ташкил этиш учун нисбатан кам вақт сарф қилинади, масалан, Японияга қараганда – 1,5 марта, Германиядан – 1,6 марта, Греция ва Ис­роилга нисбатан – икки марта, Испа­ниядан – 2,2 марта, Хитойдан – 4,8 марта камроқ. Бундан ташқари, мамлакатимизда кичик биз­несга тушадиган солиқ юкининг даражаси бў­йича АҚШ, Канада, Германия, Авст­рия, Франция, Италия, Испания, Греция, Япония, Хитой, Ҳин­дистон, Беларус ва бошқа қатор давлатларга қара­ганда анча паст.
     Юқорида қайд этилган фикрларни умумлаштирган ҳолда, айтиш мумкинки, мустақиллик даврида Ўзбекис­тон иқтисодиёти деярли олти мартага, аҳолининг реал даромадлари эса тўққиз мартага яқин ўсди. Аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулот улуши 6,9 минг долларгача ортди, бу эса, Ўзбекистонга ўрта даражадаги даромадли давлатлар гуруҳига кириш им­конини берди.
 
 
Мақоланинг давоми

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.