Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Қарийб 26 йилдан буён Ўзбекистон молия бозорида муваффақиятли фаолият юритиб келаётган «Hamkorbank» акциядорлик тижорат банки ўзига хос ўрни, банклар орасида нуфузи, мижозлар орасида ишончга сазоворлиги билан ажралиб туради. Кейинги йилларда банк мижозларга молиявий хизматлар кўрсатиш, пластик карталари орқали қулай тўловлар, аҳолига янгидан-янги омонат турларини таклиф этиш, ижтимоий ва маиший кредитлар ажратишдан ташқари юртимиз тадбиркорларига қулай шарт-шароит яратиш борасида ҳам диққатга молик ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, банк ташаббуси ва маблағи эвазига 2011 йили Андижон шаҳрида ягона, беш қаватли, барча қулайликларга эга: «Hamkor» халқаро бизнес марказини қуриб, фойдаланишга топширди. Яхши ишнинг қаноти бор, деганларидек тез орада Самарқанд шаҳрида ҳам янги филиалнинг барпо этилиши баробарида вилоят ишбилармонлари учун жамики қулайликларни ўзида мужассам этган Бизнес маркази ҳам туҳфа этилиб, рўйи замин сайқали ҳисобланган шаҳар кўркига янада кўрк қўшди.
Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясидаги устувор йўналишлардан келиб чиққан ҳолда, банк раҳбарияти мижозларга замонавий хизмат турларини кўрсатиш, қўшимча қулайликлар яратиш, ишчанлик муҳитини шакллантириш мақсадида қатор режали тадбирларни амалга оширмоқда. Хусусан, жорий йилда мамлакатимизнинг шимолий ҳудуди бўлмиш Хоразм вилояти маркази – Урганч шаҳрида ҳам миллий ва замонавийликни ўзида акс эттирган муҳташам бино – Урганч Бизнес маркази қуриб битказилгани айни муддао бўлди.
Замонавий меъморчилик ва қурилишнинг миллатимизгагина хос бўлган андозалари асосида бунёд этилган мазкур Бизнес маркази беш қаватдан иборат бўлиб, биринчи ва иккинчи қаватларда «Hamkorbank»нинг янги – Хоразм минтақавий филиали жой олган. Эндиликда бизнес марказида қизғин иш фаолияти кузатилмоқда, айниқса банкнинг мижозлари, шунингдек «Урганч бахмал» МЧЖ, «Урганч газмаш» МЧЖ, «Хонqa Billur Salt» ХК кабилар халқаро бизнес марказида яратилган барча қулайликлардан мамнунлар.
Учинчи ва тўртинчи қаватлар ўрта ва кичик бизнес субъектлари учун офисларга мўлжалланган. Шунингдек, марказда анжуманлар зали, ўқув зали ҳамда музокаралар хонаси мавжуд бўлиб, улар энг сўнгги русумдаги, замонавий мультимедия жиҳозлари билан таъминланган.
Марказнинг бешинчи қаватида қишки ва ёзги ресторанлар фаолият юритади. Маҳаллий ишбилармонлар ва чет эллик сайёҳлар бу баланд бино томидаги сайлгоҳдан шаҳарнинг кўркам ва латофатли қиёфасини мириқиб томоша қилишлари мумкин.
Бинодаги барча қулайликлар шу билан ниҳояланмайди. Овозсиз ишлайдиган ойнаванд лифт, бетакрор саҳн ландшафти, мафтункор чироқлар, жозибадор турфа рангда товланувчи мусиқали фавворалар хоразмликлар ва меҳмонлар учун муносиб совға бўлди, десак муболаға қилмаган бўламиз. Чиндан ҳам шундай. Бино ичидаги ноанъанавий дизайн асосида безатилган кенг холл, муҳташам музокаралар зали, сокинликка бурканган дам олиш хонаси, замонавий бизнес кишиси учун мўлжалланган мебель жиҳозлари, узлуксиз электр таъминоти ҳар қандай тадбиркорнинг қалбида яхши ишлаш ва яшашга нисбатан иштиёқ уйғотади.
Бизнес маркази бунёдкорлари сифатида қурилишнинг бош пудратчиси «Хива обод йўл қурилиш» МЧЖ, бош лойиҳачи «Лойиҳа қурилиш люкс» хусусий корхонасини, дизайнерлик ишларини бажарган «Фасад рено десор», лифт ўрнатувчи: “ELEVATOR SERVICE”, кондиционер ва вентиляция: «Арктика мастер-класс», кўкаламзорлаштириш ишлари: «Фарғона холис савдо» фирмаси, декоратив меъморчилик ечимлари (фаввора, ҳайкалтарошлик): якка тартибдаги тадбиркор Қутбиддин Турдиевнинг ишга маҳорат билан ёндашиши, хуллас, иншоот қурилишидаги ҳар бир иш ўз усталари томонидан моҳирона амалга оширилганлигини қайд этиш жоиз.
«Haмkorbank» АТБ тадбиркорлик ва бизнесни ривожлантиришга кўмаклашиш, уларга қулай шароитлар тақдим этишни ўзининг муҳим вазифаларидан бири деб билади. Ишонамизки, Урганч бизнес маркази яқин келажакда хорижий меҳмонлар, тадбиркору ишбилармонларнинг ўзаро учрашиб, манфаатли шартномалар имзолайдиган файзли масканга айланади.
Муқаддас ЮСУПОВА,
«O‘zIA» мухбири