(O´zbek) Yurt taraqqiyoti yo‘lida birlashaylik

5-6/2017

Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.

     2017 йил мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётида улкан ўзгариш ва янгиланишлар, мисли кўрилмаган ислоҳотлар йили сифатида тарих саҳифаларига ёзилди. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган янгиланиш ва ислоҳотларнинг барчаси инсон манфаатларини таъминлашга қаратилаётгани нафақат мамлакатимиз миқёсида, балки халқаро даражада ҳам эътироф этилмоқда.
     Бугун Ўзбекистон Президенти раҳ­барлигида республикамизда жадал ва барқарор ривожланишга қа­ратилган сиёсат олиб борилмоқда. Ҳар бир идора ва ташкилот, у давлат ташкилоти ёки жамоат ташкилоти бўладими, ўз фаолиятини чуқур таҳ­лил этган ҳолда, асосий эътиборни инсон манфаатларини таъминлашга муносиб ҳисса қўшишга қаратмоқда. Ўзбекис­тон ка­саба уюшмалари Федерацияси ҳам ўз фаолиятининг ус­тувор йўналишини Ҳаракатлар стратегияси асосида тизимли равишда ташкил эт­моқда.
     Бевосита корхона, ташкилот ва муассасалар ходимлари ва оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини кучайтириш мақсадида ижтимоий шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда. Яъни, Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида 2017–2019 йиллар учун иж­тимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувни алоҳида таъкидлаш зарур. Бугунги кунда Қорақалпоғис­тон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида 14 та ҳудудий келишув, республика миқёсида 100 та тармоқ келишуви, бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда эса 158 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда.
     Энг муҳими, давр талабига ҳамо­ҳанг тарзда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимлар банд­лигини таъминлаш, янги иш ўринлари яратиш, кадрларни тайёрлаш, қай­та тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари ҳал этилмоқда. Шунингдек, уларнинг меҳнатига ҳақ тў­лашни ташкил этиш, устамалар, қў­шим­ча тўловлар ва компенсацияларни ўрнатиш тартибига оид аниқ ва батафсил меъёрлар киритилмоқда.
     Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда Ягона тариф сеткасига нисбатан оширилган тариф коэффициентларини ўз ичига олган тармоқ ва локал тариф сеткаларини жорий этиш йўли билан меҳнат ҳақи миқдорларини жамоа-шартномавий тарзда ўрнатиш масаласига ҳам алоҳида эътибор бе­рилмоқда. Натижада, турли соҳалар­да меҳнат қилаётган касаба уюшма аъзолари иш ҳақини босқичма-бос­қич оширилган тариф коэффициенти бўйича ҳисоблаб тўлаш тизими амалиётга тўла жорий этилмоқда.
     Жамоа шартномаси ва келишувлари қатор янги меъёрлар билан бо­йитиб борилмоқда. Яъни, ходимлар ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш, белгиланган имтиёз ва кафолатлар бўйича салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Ҳисобот даврида жамоа шартномалари орқа­ли 209133 нафар фуқаро ва 55266 оилага 92 млрд сўмдан зиёд ижтимоий кўмак кўрсатилди. Жумладан, кам таъминланган, боқувчисини йў­қот­ган оилаларнинг 78870 нафар фар­занди учун карийб 9,8 млрд сўмлик ўқув қуроллари, дарсликлар харид қилиш харажатлари қисман қоп­ланди. 8464 нафар ишчи-ходимнинг фарзандларига чет тилларни ўрганиш учун 609 млн сўмлик моддий кў­мак берилди. 3223 та нодавлат мулки шаклидаги корхона ва ташкилотда ишлаётган 5581 нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақлан­ган ҳол­да иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ош­майдиган қилиб белгиланди. 17022 нафар пенсия ёшидаги ходимларга пенсияга чиқишидан олдин бир йўла моддий ёрдам кўрсатилиб, сов­ғалар билан тақдирланди. 17179 нафар ходим эса, юбилей саналари муносабати билан муносиб рағбатлантирил­ди, 60762 нафар ишламайдиган пенсионерларга 15,7 млрд сўм­дан зиёд моддий ёрдам кўрсатилди. Икки ёш­дан уч ёшгача бўл­ган бола парвариши билан боғлиқ таътилдаги 14596 нафар ёш оналарга 2,4 млрд сўмдан ортиқ моддий ёрдам берилди.
     Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркин­ликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш йўналишида 2017 йил бошида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг интернет тармоғидаги kasaba.uz расмий веб-порталида Касаба уюшмалари Феде­рацияси раисининг виртуал қабулхо­наси ишга туширилди. Федерация раисининг виртуал қабулхонаси ор­қали келиб тушган мурожаатлар кў­риб чиқилиб, уларга амалий ёрдам кўрсатилди. Барча бўғиндаги касаба уюшмаларига тушган 8233 та мурожаатнинг 1265 таси интернет, 1793 таси «Ишонч телефонлари» орқали олинди. Ходимларнинг меҳнат ҳуқуқ­лари бузилганлиги аниқланган ҳолат­лар бўйича иш берувчиларга тақдим­номалар, судларга даъво аризалари киритилиб, уларнинг аксарияти ходимлар фойдасига ҳал қилинди.
     Аҳолининг ҳуқуқий билимлари даражасини ошириш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг илмий грант ва стипендиялари учун танлов ўтказилиб, икки нафар иштирокчи илмий грант ҳамда беш нафар талаба илмий стипендиялар билан тақдирланди. Шунингдек, ўрта махсус, касб-ҳунар таъ­лими муассасалари ўқувчилари ўртасида ўтказилган «Меҳнат ҳуқуқи билимдони» онлайн танлови ғолиб­лари ҳам муносиб рағбатлантирилди.
     2017 йил 19–21 январь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган амалий семинар якунида Ўзбекистон ка­саба уюшмалари Федерацияси ва бир қатор ҳамкор ташкилотлар ўртасида халқ билан мулоқотлар орқали оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳит, турмуш даражаси, иқтисодий аҳволни холис ўрганиш ва ечимини кутаётган масалаларни аниқлаш бў­йича меморандум имзоланди. Шундан сўнг, амалий ишларга киришилиб ҳам­корликда Қорақалпоғистон Рес­публикаси, Бухоро, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Сирдарё ва Хоразм вилоятларидаги 2 млн 160 мингдан ор­тиқ хонадонда бўлиб, уларнинг оилавий шароити, ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Очиқ мулоқот ва суҳбатлар даво­мида оилаларда 650 мингга яқин муаммо мавжудлиги аниқланди, улар­нинг қарийб 556,5 мингтасининг ечими бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва бугунги кунгача 400 минг­дан ортиғи ҳал этилди.
     Ҳудудларда кам таъминланган, эҳтиёжманд оилалар фарзандларининг никоҳ ва суннат тўйларини ташкил этиш бўйича мурувват тадбирлари доирасида 2017 йил апрель-май ойларида 3280 нафар боланинг суннат, 616 нафар келин-куёв жуфтлик­ларининг никоҳ тўйлари ўтказиб бе­рилди. Ҳар бир келин-куёвга Президент совғалари тантанали равишда топширилди. Шунингдек, уларга ни­коҳ узуклари ҳадя этилди, суннат тўйи болаларига эса «Халқ банки» ҳисобрақамига 1000000 сўмдан маб­лағ қўйилди, «Китоблар жамланмаси» совға қилинди.
     2017 йил 16 июнь куни «Юрт та­раққиёти йўлида бирлашайлик!» шиори остидаги форум ўтказилди. Форумда Бош вазир Абдулла Арипов, Ўзбекистон Президентининг Давлат маслаҳатчиси Рустам Камилов, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, сенаторлар, Тараққиёт стратегияси маркази, ижтимоий ҳамкор вазирлик, идора ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, ишлаб чиқариш, таълим, фан, маданият ва спорт со­ҳаларининг таниқли вакиллари, иқти­содиётнинг барча соҳаларида меҳнат қилаётган касаба уюшма фаоллари иштирок этди.
     Анжуманда иштирокчиларнинг юрт тараққиёти йўлида бирлашишга даъват этувчи «Ўзбекистон касаба уюшмалари аъзоларига мурожаатномаси» ва Федерациянинг «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишга кў­маклашиш дастури» қабул қилинди. Кўмаклашиш дастурида бошланғич ташкилотлардан тортиб касаба уюшмалари Федерациясигача ҳар бир поғонадаги касаба уюшма ташкилотлари олдида турган аниқ вазифалар белгилаб берилди.
     Ҳозирги кунда меҳнат жамоаларида соғлом муҳит барқарорлигини таъминлаш, бу орқали ишлаб чиқа­риш самарадорлигини ошириш, хал­қимизда шу кунларга шукроналик ҳиссини кучайтириш йўлида тизимли ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, Ҳаракатлар стратегиясининг мазмун-моҳиятини, қабул қилинаётган ҳуж­жатлар ва давлат дастурлари аҳа­миятини аҳолига атрофлича тушунтириш мақсадида ҳар ойда 36 минг­га яқин меҳнат жамоаларида «Маънавият соатлари» ташкил этилиб, уларда қарийб 4,2 млн нафар ходим иштирок этмоқда.
     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қат­ламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғриси­да»ги қарорига мувофиқ, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси то­монидан республикамизнинг барча ҳудудларида айнан кам таъминланган хонадонлар, боқувчисини йўқот­ган оилалар ўрганилди ҳамда тиббий хизматга муҳтож оилалар аниқланди. Президентимиз ташаббуслари билан амалга оширилаётган тизимли тадбирлар натижасида 22200 хонадон кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жи­ҳозлари билан таъминланди. Кам таъ­минланган оилаларда истиқомат қи­лаётган 1200 нафар беморга соғли­ғини тиклаш учун, 2000 оилага уй-жойини таъмирлаш учун моддий ёрдам берилди.
     Жойларда касаба уюшмалари кексаларни моддий қўллаб-қувват­лаш, рағбатлантириш, уларнинг маданий ҳордиқ чиқариши, зиёратгоҳ­ларга саёҳатларини уюштириш ва тизимдаги санаторийларда соғлом­лаш­тириш, «Саховат» ва «Мурувват» уйларида яшовчилар ҳолидан хабар олиш борасидаги ишлар мунтазамлилик касб этмоқда. Хусусан, 2017 йилда 3073 нафар меҳнат фахрийси ва нуронийлар республикамиз тарихий шаҳарларига ва ўз ҳудудлари­даги зиёратгоҳларга юборилди. Хотира ва Қадрлаш куни ҳамда Нав­рўз, Мус­тақиллик байрамлари арафасида 592 нафар ёлғиз кекса ва ногиронларнинг 68,4 млн сўмлик коммунал тўловлари қоплаб берилди. Бир қа­тор уруш ва меҳнат фахрийларининг уй-жойи таъмирланиб, 50 нафари 29,6 млн сўмлик реабилитация воситаси билан таъминланди. «Мурувват», «Саховат» уйларида яшовчиларга 136,4 млн сўмлик маиший жи­ҳозлар, ки­йим-кечаклар, гигиеник воситалар топ­ширилди.
     1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларидан 2366 нафари давлат бюджети ҳисобидан бепул, корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган пенсионерлар, касаба уюшмаси аъзоларининг пенсионер ота-оналаридан 7385 нафари санаторийларда соғломлаштирилди. 344 нафар ишловчи пенсионер, кам таъминланган, кўп болали, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи 429 нафар аёл, 407 нафар тиббиёт ва таълим муассасалари ходими, фарзанд кўрмаган ёш оилаларнинг 201 та нафар аъзосига касаба уюшмалари томонидан бепул йўлланмалар берилди.
     Алоҳида таъкидлаш зарурки, давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан Термиз шаҳрида «Амударё» болалар соғломлаштириш оромгоҳи барпо этилиб, фойдаланишга топширилди. Олти гек­тардан зиёд майдонда амалга оширилган бунёд­корлик ишлари учун қарийб 34 ­млрд сўм маблағ йўналтирилганлиги рес­публикамизда ёш авлод вакилларини ҳар томонлама баркамол қилиб тарбиялаш масаласи давлатимиз си­ёсатининг устувор йўналишларидан бири даражасига кўтарилганининг ёрқин далилидир.
     Айтиш жоизки, жамоа шартномалари ва келишувлари орқали кекса авлод вакилларини, хотин-қизлар ҳамда ёш­ларни маънавий ва моддий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий муҳо­фа­за­сини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йил давомида 22900 та корхонадаги 61076 нафар кам таъминланган ёш оила вакилларига, шунингдек, 1619 та корхонада олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 2613 нафар иқти­дорли, кам таъминланган ва чин етим талабага тўлов-шартнома тўловларида моддий ёрдам кўрсатилди. 913 та корхонада 2375 нафар ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарил­ган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қи­лиш учун фоизсиз ссудалар берилди. 1063 та корхонанинг 4486 нафар ходимига сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хиз­матга чақи­рилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар ажратилди. Ушбу мақсадларга касаба уюшмалари ва иш берувчилар маблағларидан қа­рийб 50,7 млрд сўм маблағ йўналтирилди.
     «2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 устувор йўналиши бўйича Ҳа­ракатлар стратегиясини «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йи­ли»да амалга оширишга оид Давлат дастури» доирасида республикамизнинг турли ҳудудларида яшовчи икки минг нафар эҳтиёжманд оила аёл­лари электр маиший техника жиҳоз­лари билан таъминланди. Олий таълим муассасаларининг бакалавр йў­налишида тўлов-шартнома асосида таҳсил ола­ётган 294 нафар боқув­чисини йўқот­ган, кам таъминланган иқтидорли талабаларга касаба уюшмаси стипендияси топширилди.
     Болаларни дам олдириш ва соғ­ломлаштириш учун ёз мавсумида 1316 та стационар ва кундузги ором­гоҳда 326273 нафар бола дам олдирилди. Шу жумладан, давлатимизнинг ғамхўрлиги остида 4748 нафар Оролбўйи ҳудуди болалари, жамоа шартномалари орқали эхтиёжманд оилаларнинг 61 минг нафардан ортиқ фарзандлари бепул соғломлаштирил­ди. Шунингдек, 500 нафар иқтидорли 242 нафар ногирон ўқувчи, 2795 нафар «Меҳрибонлик уйи» тарбияланувчиси касаба уюшмалари томонидан, 1607 нафар ўқувчи «Маҳалла» фонди маблағидан бепул соғломлаш­тирилди.
     Хулоса қилиб айтганда, ҳозирги кунда мамлакат касаба уюшмалари олдида турган вазифалар кўлами ниҳоятда кенг. Чунки, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлиги учун барчамиз бирдек масъулмиз. Буни чуқур ҳис этган Ўзбекистон касаба уюшмалари бундан буён ҳам, мамлакатимиз­да давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан амалга оширилаётган ис­лоҳотларга ўзига хос ҳиссасини қў­шишда давом этаверади.
 
 
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси
матбуот хизмати раҳбари

DO'STLARINGIZGA TAVSIYA ETING

  • Make an Order

    Make an Order
  • AFFICHE

  • Advertising

  • JURNAL SONLARI ARXIVI

  • Contacts

    32, Matbuotchilar Street, Tashkent 100000 Uzbekistan

  • Subscribe To News

    (Русский) Чтобы подписаться на наши новости, впишите свой e-mail
  • Any reproduction or use of excerpts from publications can be made only with the written consent of the publisher; when reprinting materials, a link to the source is required.