Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
«Қишлоқ тараққиёти ва фаровонлиги йили»дан бошлаб доимий анъанага айланган намунавий лойиҳалар асосида тураржойлар қурилиши вилоятимизнинг барча туманларида татбиқ этилмоқда. Хусусан, 2015 йили Чортоқ туманининг Мучум аҳоли пунктида намунавий лойиҳалар бўйича 70 та замонавий тураржой бинолари бунёд этилди. Шарт-шароити шаҳарникидан асло қолишмайдиган, барча қулайликларга эга бу каби шинам уйларни қуриш келгусида ҳам давом эттирилади.
Чортоқ қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам катта салоҳиятга эга туман бўлганлиги учун бу ерда мазкур соҳага алоҳида эътибор берилмоқда. Яъни, фермер ва деҳқон хўжаликлари тўлиқ ҳажмда фаолият юритишлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Турдош ташкилотлар, минерал ўғит ва транспорт хизмати кўрсатиш, қолаверса, банк-молия муассасалари билан яқиндан ҳамкорлик ўрнатган хўжаликлар юқори ҳосил олиш ва моддий шароитларини яхшилашга, ишлаб чиқаришни кенгайтириш орқали бандликни оширишга муваффақ бўлишмоқда.
Бугунги кунда туманда аҳолини, айниқса, ёшларни иш билан таъминлаш масаласига катта эътибор берилмоқда. Биргина ўтган йили «Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури»га мувофиқ 4852 та янги иш ўрни яратилди. Иш билан таъминланганларнинг асосий қисмини ёшлар ташкил этди. Бандликни ошириш бўйича прогноз параметри режаси 100,6 фоизга бажарилиб, хизмат кўрсатишга оид 66 та лойиҳа ижроси таъминланди. Лойиҳалар ижроси мазкур йўналишда 224 та янги иш ўрни ташкил этишга хизмат қилди.
Жорий йилда бу ишларнинг янада салмоқли даражада амалга оширилиши режалаштирилган. Жумладан, саноат салоҳиятини ошириш дастури бўйича 103 та, хизмат кўрсатишда 299 та, қишлоқ хўжалигида 701 та, қурилишда 301 та, ижтимоий инфратузилма йўналишида 122 та, корхоналар фаолиятини қайта тиклаш ҳисобига 188 та, банк кредитлари ҳисобидан 1606 та, якка тартибдаги тадбиркорликни ривожлантириш эвазига 936 та, касаначилик бўйича 451 та, деҳқон ва фермер хўжаликлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш ҳисобига 708 та, жами 5415 та янги иш ўрни ташкил этилади.
Шунингдек, 2015–2016 ўқув йилида касб-ҳунар коллежларини муваффақиятли тамомлаган 2844 нафар ўғил-қизларимизни иш билан таъминлаш учун туманимиздаги барча ташкилотлар, корхона ва муассаса, шунингдек, кичик ҳамда хусусий тадбиркорлик субъектлари имкониятлари даражасидан келиб чиқиб, кенг кўламли чора-тадбирларни ишга солмоқда.
Республикамизнинг барча вилоятларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг йўл очиб берилаётгани боис, соҳанинг мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши тобора ортиб бормоқда. 2015 йил якунларига кўра, бу кўрсаткич республикамиз бўйича 56,7 фоизга етди. Ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш, бизнес юритишни соддалаштириш, айниқса, хусусий тадбиркорликни ташкилий, ҳуқуқий ва молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ислоҳотлар олиб борилаётгани сабабли, мазкур соҳанинг жадал суръатларда ривожланиши таъминланмоқда. Ана шундай имтиёзлардан руҳланаётган туманимиз тадбиркорлари ҳам ишлаб чиқаришни кенгайтириш билангина чекланиб қолмай, балки маҳаллий хомашёлар ҳисобига янги тур маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ҳам ўзлаштирмоқда. Бунинг натижасида нафақат ички, балки жаҳон бозорига ҳам чиқишга муваффақ бўлишмоқда. Айниқса, Республика Савдо-саноат палатаси билан ўрнатилган ҳамкорлик туман тадбиркорлари фаолияти ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Масалан, ўтган йили туманда 231 та юридик мақомга, 756 та якка тартибдаги, жами 987 та кичик ва ўрта бизнес субъектлари ўз фаолиятини бошлади. Мос равишда туманда савдо, озиқ-овқат, маиший хизмат, ишлаб чиқариш, пулли хизмат кўрсатиш соҳалари ҳам жадал ривожланмоқда. Мазкур соҳа иқтисодиётимизни ривожлантирувчи асосий кучлардан бири эканлигини теран тушуниб етган тадбиркорларимиз ватанимиз равнақи йўлида бор куч ва салоҳиятларини сарфлаб меҳнат қилмоқдалар.
Туманимизда тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш бўйича режали тадбирлар ишга солинмоқда. Масалан, ўтган йили 689,8 минг долларлик маҳсулот экспорт қилиниб, режа 102 фоизга бажарилган эди. Бу йилдан ҳам умидимиз катта, чунки, туманимиз меҳнат аҳли мустақиллик берган улуғ неъматлар: тинчлик-тотувлик, мақсадли давлат дастурлари, устувор ислоҳот, қолаверса, мавжуд шарт-шароитлардан унумли фойдаланмоқда. Энг муҳими, юртимиз Мустақиллигининг 25 йиллиги туманда мана шундай ўзгаришлар, ривожланишлар билан кутиб олинди.
Бир сўз билан айтганда, чортоқликлар Наманган вилояти ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини ошириш, аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўлида самарали меҳнат қилаётганликлари уларнинг ҳар бир хатти-ҳаракатида кўриниб турибди. Излаган имкон топади деганларидек, бугун чортоқликлар ўз меҳнатлари, саъй-ҳаракатларига уйғун ҳолда муносиб турмуш тарзини кечиришмоқда. Ҳамманинг ҳавасини келтирадиган иморатлар қуриш, тўй-у томошалар қилиш, чор-атрофни гулзорга буркашга астойдил бел боғлашган. Худди мана шу ижтимоий омиллар ҳам, албатта, Ўзбекистон – Она юртимиз мустақиллигини мустаҳкамлашга ўзига хос тарзда ҳисса қўшади.
Ойбек ҲАЙДАРОВ,
туман ҳокими