Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Туманимизда аҳоли бандлигини таъминлаш, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, экспорт салоҳиятини оширишда ҳукуматимиз яратиб бераётган имконият ва имтиёзлар хусусий тадбиркорликнинг кенг қулоч ёзишига ҳамда фаолияти ривожланишига сезиларли даражада ижобий таъсир этаётганини таъкидлаш лозим. Бу, ўз навбатида, аҳоли турмуш тарзи янада фаровонлашишига хизмат қилмоқда. Бу каби ўзгаришларни ҳар бир соҳада кузатиш мумкин. Жумладан, илмий-техникавий, демографик салоҳиятдан самарали фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш тизими бозор талаблари даражасида ривожланмоқда. Айниқса, ҳудудда саноат, қурилиш, транспорт, алоқа, қишлоқ хўжалиги, хизматлар соҳаси, савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар, тадбиркорлик, меҳнат бозори ҳамда ижтимоий соҳалар параллел равишда босқичма-босқич ривожланиши таъминланмоқда. Хусусан, ҳудуднинг континентал иқлим шароити ҳамда жуғрофий жойлашувидан келиб чиқиб, соҳаларнинг ривожланишига жиддий эътибор қаратилаётганини ҳам алоҳида таъкидлаш ўринли.
Маълумки, экологик жиҳатдан сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш саноатини ривожлантириш бўйича республикамизда катта ресурслар мавжуд. Бу борада иқтисодиёт тармоқларида етакчи соҳа бўлмиш кичик бизнеснинг улушини ошириш муҳим аҳамият касб этади. Ана шуларни ҳисобга олган ҳолда туманда саноат, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти, қурилиш ишлари, чакана савдо айланмаси, аҳолига хизмат кўрсатиш ва сервис, юк ташиш ва йўловчи ташиш бўйича кўрсаткичлар йил сайин ошиб бормоқда. Жумладан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 175,3 млрд сўмга тенг бўлиб, ўсиш 143,9 фоизни ташкил этди. Аҳоли истеъмол моллари ишлаб чиқариш 112,4 фоиз, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 127,3 фоиз, капитал қўйилмалар икки баравардан зиёд, қурилиш ишлари 125,8 фоиз, чакана савдо айланмаси 164,4 фоиз, пулли хизмат кўрсатиш 3,7 баравар ҳамда жами хизматлар ҳажми 124,9 фоизни ташкил этди. Ҳисобот йилида маҳаллий бюджет даромадлар режаси 31,6 млрд сўмни ёки 100,2 фоизни ташкил этди, харажатлар ижроси 88,6 млрд сўмга ёки 99,2 фоизга бажарилиши таъминланди. Тасдиқланган субвенция дастури бўйича 2015 йил давомида жами 230 та янги ташкил этилган объектлар ҳисобига 1,4 млрд сўм бюджетга қўшимча даромад туширишга эришилди. Натижада, йил якунига нисбатан харажатлардаги субвенция улушини 1,8 фоизга камайтириш таъминланди.
Ҳудудий режаларни тўлақонли амалга оширишда инвестициявий лойиҳалар, кредит қўйилмалари ҳажмини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозир туманда бешта тижорат банк филиаллари ва битта мини-банк фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан 2015 йил давомида жами 908 млн сўмлик кредит маблағлари ажратилди. Жумладан, саноатга 184 млн сўм, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасига 155 млн сўм, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга 75 млн сўм, ишламаётган корхоналар фаолиятини тиклашга 494 млн сўм маблағ ажратилди. Бундан ташқари, туманда кичик корхона, микрофирма, якка тартибдаги тадбиркорлик ҳамда уй меҳнатининг барча шаклларини ривожлантириш, оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва бошқа соҳалар фаолиятини самарали ташкил этишга қарийб 4,3 млрд сўм кредит маблағлари ажратилди. Бу эса, ўз навбатида, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, уни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатмоқда.
Белгиланган давлат дастурига кўра қурилиш ишларига ҳам катта эътибор қаратиляпти. Жумладан, бунёд этилаётган иншоотларнинг аксарияти аҳолининг ижтимоий шарт-шароитини яхшилаш учун хизмат қиладиган, яъни соғлиқни сақлаш ва таълим йўналиши ҳамда замонавий қишлоқ массивлари қурилишига имкон яратяпти. Намунавий лойиҳалар бўйича қурилаётган тураржойларнинг ўз вақтида фойдаланишга топширилишини таъминлаш юзасидан 2016 йилда битта массивда 11,5 млрд сўмга 67 та намунавий уй-жой қурилади. Бу массивда хусусий тадбиркорлар томонидан маиший хизмат шохобчалари ҳамда болалар майдончалари қурилиши ҳам режалаштирилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Давлат мулки объектларини кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларига сотиш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижроси бўйича ҳам бир қатор ишларни амалга ошириш режалаштирилмоқда. Яъни, танлов савдоси орқали «ноль» харид қийматида инвестиция мажбуриятлари эвазига янги иш ўринлари яратиш шарти билан сотилиши белгиланган фойдаланилмаётган еттита бино ва иншоот киритилган. Ушбу объектлар ўтган йилнинг 8–14 июль кунлари ўтказилган танлов натижасига кўра, 5,9 млрд сўм инвестиция киритиш ва қарийб 371 та иш ўрни яратиш шарти билан тадбиркорлик субъектларига сотилди.
Қувонарлиси, татбиқ этилаётган мана шундай кенг кўламли ислоҳотларни самарали амалга оширилаётгани ўз навбатида уйчиликларни сидқидилдан меҳнат қилиб, табиий, иқтисодий ва ижтимоий имкониятлардан оқилона фойдаланишлари учун йўл очиб бермоқда. Бунинг натижасида қишлоқ хўжалиги, қайта ишлаш саноати, савдо ҳамда маиший хизмат, фан ва таълим, тиббий хизмат ва бошқа тармоқлар жадал тараққий этишига, аҳоли турмуш тарзи ҳар тарафлама яхшиланишига муваффақ бўлинмоқда.
Мухтасар қилиб айтганда, қалбидан ватанпарварлик, шу юртнинг асл фарзанди бўлишдек улуғ фазилатлар мустаҳкам ўрин олган, бугунги замонга мос қадам ташлаётган, янгича фикр ва дунёқараш билан эртанги келажагини қураётган меҳнат аҳлининг юз-кўзидаги ғайрат-шижоат, бунёдкорлик ва яратувчанлик туйғуларимизни жунбушга келтиради. Бу эса, ҳеч шак-шубҳасиз, бизнинг Буюк келажак қуришга бўлган интилишимизга қувват бағишлайди!
Мухибилло ИСОМИДДИНОВ,
туман ҳокими