Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Наманган шаҳри нафақат Фарғона водийсининг, балки юртимизнинг энг гўзал, энг сўлим масканларидан бири ҳисобланади. Тарихий манбаларга кўра, тахминан ўн еттинчи аср бошларида бунёд этилган бу азим шаҳар мустақиллик йилларида янада чирой очди. Бугун йўлингиз тушиб Наманганга келсангиз, кўз ўнгингизда мустақиллик берган неъматлардан баҳра олиб, янада навқиронлашаётган масканни, қалбида фақат бунёдкорлик, яратувчанлик каби эзгу мақсадлар жўш ураётган одамларни кўриб кўзингиз қувонади. Уларнинг чеҳрасидаги эртанги кунга қатъий ишонч, буюк келажак қуриш иштиёқи беихтиёр қалбингизни сурурга тўлдиради. Зеро, турли соҳаларда эришилган оламшумул натижалар, улкан ютуқлар замирида Юртбошимиз томонидан халқимиз бахт-саодати йўлида амалга оширилган буюк ишлар мужассам.
Наманган шаҳри Косонсой, Янгиқўрғон, Уйчи, Наманган ва Тўрақўрғон туманлари билан чегарадош бўлиб, умумий майдони 83 кв/км.ни ташкил этади. Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли барча шаҳару қишлоқларимиз каби Наманган шаҳри қиёфаси ҳам йилдан-йилга кўркамлашиб, аҳоли турмуш даражаси юксалиб бормоқда. Бу каби ижобий ўзгаришларни ҳар бир жабҳада кузатиш мумкин. Яъни, шаҳримиз илмий-техникавий ва меҳнат ресурслари салоҳиятидан самарали фойдаланган ҳолда бозор иқтисодиёти талабларига ҳамоҳанг даражада ривожланмоқда. Айниқса, бу ерда саноат, қурилиш, транспорт, алоқа, хизматлар соҳаси ҳамда савдо, ташқи иқтисодий алоқалар, тадбиркорлик, меҳнат бозори ва ижтимоий соҳалар параллел равишда ривожлантирилишига катта эътибор берилмоқда.
Ўтган ҳисобот йилида саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш, йирик ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, янгиларини ишга тушириш, қайта ишлашни кенгайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ишларини самарали тарзда йўлга қўйишга муваффақ бўлдик. Бунинг натижасида барча жабҳаларда сезиларли даражадаги иқтисодий ўсиш суръатлари кўзга ташланди.
Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми солиштирма нархларда 1 трлн 230,7 млрд сўмдан иборат бўлиб, аввалги йилга нисбатан 118,2 фоиз ўсиш қайд этилди. Шунингдек, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 125 фоиз, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштириш 106,1 фоиз, қурилиш ишлари 111,3 фоиз, чакана савдо айланмаси 123,8 фоиз, пулли хизмат кўрсатиш 119 фоиз ҳамда жами хизматлар ҳажми 114,3 фоизни ташкил этди.
Шаҳарда саккизта йирик ва 1490 та кичик саноат корхоналари фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмларида муттасил равишда ўсиш тенденцияси кузатилмоқда. Шунга қарамай, айрим йирик корхоналарда маҳсулот ишлаб чиқаришда олдинги йилга нисбатан ижобий ҳолат қайд этилмади. Жумладан, «Электрқурилмалари» корхонасида хомашё етарли бўлмаганлиги сабабли, режа 86,8 фоизга тенг бўлди, холос. Шунга ўхшаш бир қатор муаммолар ўз вақтида ҳал этилмаганлиги туфайли, «Наманганмаш» АЖда 89,5 фоиз, «Ўз Часис» МЧЖ ҚКда 75 фоиз, «Карбонам»да 35,4 фоиз ҳамда «Наманган тўқимачи» МЧЖда 94,4 фоизли кўрсаткичга эришилди.
Қувонарлиси, маҳсулот экспорт қилувчи корхоналар сони ҳам йилдан-йилга кўпаймоқда. Хусусан, ўттиздан ортиқ ана шундай корхоналар томонидан ўтган йили жами 23 млн доллар миқдоридаги маҳсулотлар ва хизматлар экспорти амалга оширилди. Эътиборлиси, ҳудудий корхоналар амалга оширган экспортнинг 99,2 фоиздан зиёди тайёр маҳсулотлар улушига тўғри келмоқда.
Маҳсулотини хорижий бозорларга чиқараётган корхоналар томонидан 31 турдаги товар ва хизматлар экспорти йўлга қўйилиб, жорий йилнинг ўзида улар сафига яна еттита янги турдаги маҳсулотлар қўшилди. Агар экспорт географиясига эътибор қаратадиган бўлсак, бундай давлатлар сони ҳам тобора кенгайиб бораётганини кўриш мумкин. Масалан, бу рўйхат яқинда Жанубий Корея, Ҳиндистон, АҚШ, Арманистон каби давлатлар ҳисобига 33 тага етди. Мазкур давлатларга мева-сабзавот маҳсулотлари ва декоратив қушлар экспорт қилинди.
Маълумки, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш давлат дастурларини тўлиқ амалга ошириш, ҳудудларда инвестициявий лойиҳаларни, кредит қўйилмалари ҳажмини кўпайтиришга жиддий эътибор берилмоқда. Бу каби саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаш ишларидан Наманган шаҳри ҳам четда қолаётгани йўқ. Мисол учун, шаҳарда 17 та тижорат банк филиаллари ва йигирмадан зиёд мини-банклар фаолият кўрсатмоқда. Мазкур банклар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Масалан, ўтган йили ана шу мақсадда жами 289,2 млрд сўмлик кредит маблағлари ажратилган бўлиб, бу борадаги режа 104 фоизга бажарилди. Бу жараёнда айниқса, саноат соҳаси алоҳида эътиборда турибди. 2015 йилда мазкур соҳага 114,1 млрд сўм, яъни жами ажратилган маблағнинг 39 фоизи йўналтирилди. Шунингдек, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, хизмат кўрсатиш соҳалари ва бошқа тармоқларни ривожлантиришга ҳам етарлича кредит маблағлари ажратилди. Якка тартибдаги тадбиркор аёллар ва улар раҳбарлигидаги корхоналарни қўллаб-қувватлаш мақсадлари учун жами 18,4 млрд сўм ёки ўтган йилга нисбатан 126 фоиз кўп кредитлар ажратилди. Маълумки, мамлакатимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бунда айниқса, хотин-қизлар ва эндигина коллежни битириб мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари ҳамиша диққат-эътиборимизда бўлмоқда. Шу мақсадда, тадбиркорлик фаолиятини бошлаётган касб-ҳунар коллежи битирувчиларидан 72 нафарига жами 1,1 млрд сўм кредит маблағлари ажратилди, натижада ўнлаб янги иш ўринлари яратилди.
Қолаверса, 2015 йилда шаҳар бўйича 133 та лойиҳа амалга оширилди. Енгил саноат йўналишида 72 та, озиқ-овқат йўналишида 20 та, қурилиш материаллари саноатида 21 та, чарм-пойабзал тайёрлаш йўналишида еттита, кимё ва нефть-кимё соҳасида битта, машинасозлик ва металлни қайта ишлашда иккита, мебель ва қоғоз саноатида саккизта, фармацевтика йўналиши бўйича битта лойиҳа жорий қилинди. Ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилиши натижасида 3433 нафар маҳаллий аҳоли вакиллари муқим иш ўринларига эга бўлди. Эътиборлиси, мазкур дастур доирасида фойдаланишга топширилган лойиҳалар ҳисобига вилоятда авваллари умуман ишлаб чиқарилмаган маҳсулотларни тайёрлаш йўлга қўйилди.
Шунингдек, «2015–2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш» дастури доирасида ўтган йили бешта ҳудудий тасарруфдаги корхоналарда еттита истиқболли лойиҳа амалга оширилди ва 7,9 млрд сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди ҳамда 28 минг долларлик маҳсулот хорижий бозорга чиқарилди.