Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Инсон манфаатлари қадрланаётган юртимизда аҳолининг барча қатламларига юксак эътибор бериш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш масаласига давлатимиз сиёсатининг муҳим устувор йўналиши сифатида аҳамият қаратилиб, кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Бу борада Юртбошимиз белгилаб берган тараққиётнинг беш тамойили алоҳида ўрин тутади. Мамлакатимизда ислоҳотлар жараёнида миллий иқтисодиётимизни янада ривожлантириш механизмлари йил сайин такомиллаштирилиши натижасида юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳатто, энг чекка ҳудудларида ҳам катта ўзгаришлар рўй бермоқда.
Жумладан, Қашқадарё вилоятида ҳам юксак даражадаги таҳсинга лойиқ ишлар амалга оширилаётганини эътироф этиш мақсадга мувофиқ. Вилоят аҳли ҳар бир соҳадаги ижобий ўзгаришларни ҳудудий дастурлар ижроси билан боғлиқ эканлигини чуқур ҳис қилиб, янада самарали фаолият кўрсатишга интилмоқда. 2016 йилни «Соғлом она ва бола йили» деб эълон қилиниши ва давлат дастури қабул қилиниши фуқароларимизни эзгу ғоя, эзгу интилишлар сари бирлаштириб, халқ фаровонлиги, юрт равнақи йўлидаги саъй-ҳаракатлар натижаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилганини алоҳида қайд этиш лозим. Мазкур дастур асосида вилоятнинг ҳудудий дастури ишлаб чиқилиб, уни муваффақиятли амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи комиссия доимий тарзда фаолият олиб борганини, бунда мониторинг гуруҳи маълумотларидан фойдаланиш яхши самара берганини таъкидлаб ўтиш ўринли.
Дарҳақиқат, шуни ҳам алоҳида таъкидлаш жоизки, дастурда бажарилиши кўзда тутилган барча бандларнинг ижроси тўла таъминланди. Хусусан, ҳудудий дастурда кўзда тутилган тадбирларни амалга ошириш учун 808,7 млрд сўм ва 17 млн доллар (республика дастурининг 11 %) харажат қилиниши назарда тутилган бўлиб, 814,3 млрд сўм ҳамда 16,9 млн доллар миқдоридаги ишлар амалга оширилди. Ушбу сарфланган маблағларнинг 39,3 фоизи бюджет ва бюджетдан ташқари фондлар, 16,5 фоизи ҳомийлар ва ижрочилар, 44,2 фоизи банк кредитлари ҳиссасига тўғри келди. Олис ва чекка қишлоқ туманларида яшаётган аҳоли, айниқса, аёллар учун зарур ижтимоий, маиший ва тиббий шарт-шароитлар яратиш, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосидаги замонавий уй-жойлар қуриш, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви, табиий газ билан таъминлаш, хизмат кўрсатиш ва сервис даражасини юксалтириш борасидаги ишлар изчил давом эттирилди.
Тадбиркорларга имтиёзли кредит маблағлари, ер майдонлари ажратилаётгани уларнинг сафи ортиб боришида муҳим омил бўлмоқда. Натижада, шаҳарлар, аҳоли пунктлари, маҳалла гузарларида «Гўзаллик салони», модалар ательеси, электр-маиший техникалар ва пойабзал таъмирлаш устахоналари ташкил этилди. Жумладан, Деҳқонобод, Косон, Нишон, Шаҳрисабз туманларида биттадан, Муборак туманида олтита объект қурилиб фойдаланишга топширилди, яна 13 та объектда қурилиш ишлари якунланиш арафасида.
Қишлоқ жойларидаги 38 та массивда намунавий лойиҳалар бўйича бунёд этилган 1526 та якка тартибдаги уй-жойлар фойдаланишга топширилди, ушбу массивлар 38,4 км электр, 23,9 км газ ҳамда 75,9 км сув таъминоти тармоқлари билан таъминланди.
Тиббиёт муассасалари, жумладан, перинатал ва скрининг марказларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва кадрлар салоҳиятини ўстириш, оилавий поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари иш самарадорлигини ошириш, патронаж тиббиёт ҳамширалари сонини кўпайтиришни таъминлаш, акушер-гинеколог ва болалар шифокорлари малакасини ошириш йўналишида ҳам бир қатор ишлар амалга оширилди. Хусусан, туғруққа ёрдам берувчи ва болалар тиббиёт муассасалари моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш бўйича олтита (Косон, Миришкор, Касби, Нишон, Шаҳрисабз ва Қарши) туман тиббиёт муассасаларининг болалар бўлими ва туғруқхона мажмуаларини ҳамда Шаҳрисабз 3-оилавий поликлиникасида реконструкция, мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Қарши болалар мурувват уйининг моддий-техника базасини янада мустаҳкамлаш, мебель ва асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш мақсадида 500 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами кўрсатилди.
Ўтган вақт давомида 925336 нафар бола вирусли ва бошқариладиган инфекцияларга қарши, бир ёшгача бўлган болаларнинг 104175 нафари ротавирус ва 109410 нафари пневмококкли инфекцияга қарши эмланди. Жорий йилнинг март ойида Германиянинг «Фриеденздорф-Интернейшнл» халқаро хайрия ташкилоти томонидан имконияти чекланган 127 нафар бола тиббий кўрикдан ўтказилди. 43 нафар онкогематологик бемор болаларга полиохимиятерапия препарати, жумладан, «Цитазар», «Доксорубицин», «Мето-трексат» дориси, 24 нафар талассемия касаллиги билан оғриган беморларга «Эксиджад», 55 нафар гемофилия билан касалланган бемор болалар «Октанат» дори препарати билан бепул таъминланди.
Туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш мақсадида 3192 нафар ҳомиладор аёллар перинатал скрининг текширувидан ўтказилиб, 130 нафарида туғма нуқсон ва 98 нафарида акушерлик паталогияси аниқланиб, барчаси сунъий равишда тўхтатилди. 14640 нафар чақалоқ неонал скрининг текширувидан ўтказилди. 15305 нафар ҳомиладор аёллар перинатал ультратовуш скрининг текширувидан ўтказилиб, 103 нафаридаги туғма нуқсон ва 484 нафаридаги акушерлик патологияси касаллигининг олди олинди. Шунингдек, 33125 нафар қишлоқда яшовчи ҳомиладор аёлларга амалий тиббий ёрдам кўрсатилди.
Вилоятда ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш, ёшларни, айниқса, қишлоқ жойларда қизларни спорт билан мунтазам шуғулланишга жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунинг учун янги спорт объектларини қуриш, мавжудларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни замонавий спорт ускуналари ва анжомлари билан жиҳозлаш, юқори малакали мураббий кадрлар билан таъминлаш бўйича ишлар изчил давом эттирилмоқда. Шунингдек, йил давомида 38 та мактаб спорт залларининг қурилиш-таъмирлаш ишлари учун қарийб 25,8 млрд сўм маблағ йўналтирилди. Ҳар бир туманда биттадан замон талабига мос жиҳозланган болалар-ўсмирлар спорт мактаблари (жами 16 та) ташкил этилди.
Шунингдек, иккита сузиш ҳавзасини қуриш ҳисобига уларнинг сонини 17 тага етказиш кўзда тутилган бўлиб, Косон, Касби туманларидаги болалар ва ўсмирлар спорт мактаблари учун сузиш ҳавзалари қуриш бўйича пудрат савдолари ўтказилди. Айни пайтда, мазкур объектларда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Вилоятимизда икки минг ўқувчи ўрнига эга бўлган саккизта янги умумтаълим мактаби қурилиб, 25 та мактаб реконструкция қилинди ва ўнта мактаб таъмирланиб, янги ўқув мебеллари, ўқув-лаборатория жиҳозлари ва бошқа инвентарлар билан таъминланди. Масалан, Китоб туманида 22-болалар мусиқа ва санъат мактаби қурилди ҳамда Миришкор туманидаги 21-болалар мусиқа ва санъат мактабида капитал реконструкция ишлари амалга оширилди. Халқ таълими тизимидаги барча таълим муассасаларида ҳар ойнинг охирги ҳафтасининг чоршанба куни «Қиз болалар спорти куни» деб эълон қилиниб, улар ўртасида спорт мусобақалари мунтазам равишда ташкил этилмоқда. Зеро, қизларни жисмонан соғлом ва интеллектуал ривожланган тарзда вояга етказиш, уларнинг академик лицей ва касб-ҳунар коллежларида таълим олишини, замонавий билимлар ва касб-ҳунарларга эга бўлишларини таъминлаш, ҳаётда муносиб ўрин эгаллашларида, келажакда соғлом ва мустаҳкам оила қуришларида асосий шарт ҳисобланган мустаҳкам ҳаётий нуқтаи назарни ва мустақил фикрлашни шакллантириш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳсинга сазовор.
Қашқадарёда ҳар йили минглаб ўсмирлар коллеж ва лицейларни битириб, мустақил ҳаётга қадам қўяди. Ўсмирларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида кўмаклашиш давлатимиз сиёсатининг муҳим устувор йўналиши ҳисобланади. 2015/2016 ўқув йилида 47655 нафар ўқувчи 17,4 минг корхона ва ташкилотлар, шунингдек, таълим муассасалари маъмурияти ҳамда тегишли ҳудудлар ҳокимликлари ўртасида мажбурий тартибда ишлаб чиқариш амалиётини ўташ тўғрисида тўрт томонлама шартномалар тузилишига эришилди. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари ўқувчиларида тадбиркорлик фаолияти кўникмаларини шакллантириш мақсадида улар орасида муомала маданияти ва билим алмашиш учун коллежлар базасида «Бизнес-клублар» ташкил этилди. Қолаверса, коллежни битираётган 23111 нафар қизлардан тадбиркорлик қилиш истагини билдирган 778 нафарининг ҳар бирига тажрибали тадбиркор аёллар бириктириб қўйилди.
Бундан ташқари, оилавий бизнес ва ҳунармандчиликни қўллаб-қувватлаш бўйича 22 млрд сўм, ёш оилаларга уй-жой сотиб олиш, қуриш ва реконструкция қилиш учун 20,3 млрд сўм ипотека кредитлари ва узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар харид қилиш учун 3,6 млрд сўмдан зиёд истеъмол кредитлари ажратилди. 66 та корхона томонидан 712 та ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш ва уй-жой қуриш учун 18,4 млрд сўмлик фоизсиз cсудалар ажратилди ҳамда 1642 та корхона ва ташкилотлар томонидан 3243 нафар кам таъминланган ёш оилаларга 659,5 млн сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Чин етимлар ҳамда меҳрибонлик уйи битирувчиларини уй-жой билан таъминлаш мақсадида Қарши шаҳридаги «Гунгон» савдо мажмуаси реконструкция қилиниб, 25 та хонадон жойлаштирилди.
Ёш оилалар, тадбиркор аёллар, шу жумладан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш истагида бўлган коллеж битирувчилари – ёшлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Шу билан бирга, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан кам таъминланган қатламлари вакиллари, меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари, боқувчисини йўқотган оилаларнинг 246 нафар фарзандларининг суннат тўйлари ўтказилиб, ҳар бирларига банкда бир млн сўмдан омонат ҳисоб рақамлари очилди.
Болаларни тарбиялашда катта авлод вакилларининг билими ва тажрибасидан самарали фойдаланиш, ёшларга анъаналар ва миллий қадриятларни сингдириш мақсадида «Икки авлод учрашуви» тадбирлари ташкил этилмоқда. Шу мақсадда маҳаллада 30 йилдан зиёд яшаган, меҳнати билан жамиятда ўз обрўсига эга оилаларнинг турмуш тарзи ва ҳаётий тажрибасини оммалаштиришга йўналтирилган «Эъзоз», «Эҳтиром» тадбирлари, суҳбат ва учрашувлар ташкил этилмоқда. Унда кекса авлод вакилларининг олийжаноблик, инсонийлик ва Ватанга муҳаббат, халққа садоқат каби фазилатлари ёшларга намуна сифатида кўрсатилмоқда.
«Соғлом она ва бола йили» давлат дастурининг мақсад ва вазифалари ҳақида аҳолининг барча қатламлари ўртасида кенг тушунтириш ишлари олиб борилди. Оммавий ахборот воситаларида «2016 йил – Соғлом она ва бола йили», «Соғлом бола – соғлом оила меваси», «Болалар спорти», «Соғлом бола – келажагимиз», «Буюк аждодларимиз», «Соғлом оила», «Никоҳ ва оила», «Таълим ва ёшлар», «Маҳалла ҳар бир бола учун масъул», «Фарзандлари соғлом юрт» каби махсус рукнлар кенг кўламда ёритилди. «Соғлом она ва бола йили» давлат дастури доирасида фестиваль ва семинарлар, фотокўргазмалар ташкил этилди.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида ҳамиша инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинлиги ва қонуний манфаатлари туради. Зеро, халқимизнинг тарихий ютуғига айланган мустақиллик биз учун энг улуғ, энг азиз неъмат бўлиб, уни қадрлаш, доимо асраб-авайлаш юксак бурчимиз. «Соғлом она ва бола йили» давлат дастурида белгиланган эзгу ишлардан ҳар бир юртдошимиз, жумладан, қашқадарёликлар ҳам беҳад мамнун бўлганлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
Рустам АЗИМОВ,
ҳудудларни комплекс ривожлантириш
йиғма бошқармаси бошлиғи