Sorry, this entry is only available in O´zbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Сир эмаски, бугунги кунда ички ва ташқи бозорда қишлоқ хўжалиги, айниқса, озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб тобора ошиб бормоқда. Айнан пандемия инсоният учун озиқ-овқат таъминоти ҳаёт-мамот масалаларидан бири эканини очиқ-ойдин исботлади. Демак, айнан мазкур соҳада бизнесни ривожлантириш ҳаётий заруратдир.
Эътибор берсак, охирги йилларда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга жиддий ёндашув асосида эътибор қаратилмоқда. Мамлакатимиз дунёнинг йирик экспортчилари қаторидан ўрин олишга интилар экан, мазкур масалада мутасадди вазирлик ва идоралар тўғри стратегия ҳамда сиёсат белгилаб олиши ва изчил амалга ошириши талаб этиляпти. Шу маънода дунёнинг етакчи илмий марказ ҳамда халқаро ташкилотлар илмий салоҳиятига, тажрибасига таянган ҳолда Ўзбекистонда 2030 йилгача қишлоқ хўжалигини ривожлантириш стратегияси қабул қилингани алоҳида эътирофга молик.
Стратегияда соҳанинг барча долзарб муаммолари ва мавжуд тўсиқларни бартараф этиш бўйича аниқ режалар белгилаб олинган.
Биринчидан, тадбиркорлик субъектлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш ва эркинликларини ҳимоя қилиш, зарур имкониятлар яратиш; иккинчидан, мазкур тизимга салоҳиятли кадрлар, янги инновацион ғоя ва илғор технологияларни кенг жалб этиш; учинчидан, соҳада истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш мақсадида хорижий инвестицияларни киритиш ва ниҳоят, экспортбоп маҳсулотларни етиштириш, уларни саноат услубида қайта ишлаш, халқаро стандартлар талабига мослаш ҳамда халқаро бозорларга олиб чиқиш агробизнес тараққиётининг муҳим негизи бўлиб хизмат қилади.
Агробизнес ҳақида сўз борар экан, юртимизда шу йўналишда салмоқли натижаларга эришаётган инвестициявий-консалтинг компания – “BMB Trade Group” ҳақида тўхталиб ўтмасликнинг иложи йўқ. Бинобарин, ташкил этилганига ҳали унча кўп бўлмаган ушбу компания бугун Ўзбекистон бозорида ўз ўрнига эга.
Компания Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамда мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари кўмагида Россия, АҚШ, Хитой ва Италия бизнес доиралари вакиллари билан ҳамкорлик ўрнатишга муваффақ бўлди. Бунинг самараси ўлароқ тўртта йирик қўшма инвестициявий лойиҳа устида иш олиб борилди, бир қатор хорижий ҳамкорларга агробизнес соҳасида тегишли консалтинг хизматлари кўрсатилди.
Қайд этиш жоизки, лойиҳаларнинг барчаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга қаратилган: соҳага инвестицияларни жалб қилиш, экспортбоп маҳсулотларни етиштириш ва саноат услубида қайта ишлаш, кластер шаклидаги корхоналарни барпо этиш, замонавий агротехнологияларни қўллаш, кафолатланган экспортни йўлга қўйиш шулар жумласидандир.
Табиийки, компаниянинг шўъба ва қўшма корхоналари томонидан етиштирилган маҳсулотлар ҳозирда нафақат ички, балки ташқи бозорга ҳам чиқарилмоқда. Уларнинг сифати юқорилиги боис ҳам Россия, Хитой, Туркманистон, Қозоғистон, Италия ва бошқа давлатлар бозорларида талаб тобора ортиб бораётир. Ва бу компаниянинг экспорт фаолияти учун энг холис баҳони кўрсатади.
Шунингдек, компания Жиззах вилояти Бахмал туманида илк бор италиялик ҳамкорлар билан биргаликда заъфарон кластерини ташкил этди. Олинган ҳосил Италиянинг “GESFARM” компанияси билан тузилган шартномага мувофиқ экспортга йўналтирилмоқда.
Шунинг баробарида юртимизда етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспортини янада ошириш мақсадида «Национальная резервная корпорация» (Россия) билан ҳамкорликда Жиззахнинг Шароф Рашидов туманида замонавий агрологистика комплексини барпо этиш бўйича қурилиш ишлари ҳам бошлаб юборилди. Мазкур ҳудудда экспортчилар учун барча қулай шароитлар яратилади: «ягона дарча» тамойили асосида божхона, фитосанитар, банк, солиқ ва бошқа тизимлар шохобчалари хизматларидан тортиб то маҳсулотни саралаш, қайта ишлаш, калибрлаш, қадоқлаш, замонавий услубда музлатиш ҳамда сақлаш жараёнлари шу ернинг ўзида ташкил қилинади.
Айтгандай, ушбу комплексда «Россельхознадзор» ташкилотининг лабораторияси жойлаштирилади. Бу ерда маҳсулотлар сифатига баҳо берилиб, тегишли сертификатларнинг расмийлаштирилиши эса уларнинг чегарадан ҳеч қандай тўсиқсиз ўтказилишини таъминлайди. Хуллас, Жиззах ва бошқа вилоятларда етиштирилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг экспорти сезиларли даражада ўсишига таъсир кўрсатади.
Бундан ташқари Хитойнинг “АЕЕХ” компанияси билан имзоланган меморандум доирасида икки давлат ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш мақсадида электрон савдо майдончаларни ташкил қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам ҳозирда жадал суръатга кирган.
Жаҳонда коронавирус пандемияси давом этаётган бир вақтда иқтисодий мувозанатни сақлаб туриш ҳар бир тадбиркорлик субъекти учун энг муҳим мақсад ва вазифалардан бирига айланди. Шундан келиб чиққан ҳолда “BMB Trade Group” компанияси ҳам 2021 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтириш ишларини тизимли давом эттиришни, хусусан, Афғонистон ва Индонезия бозорларига киришни, юқорида келтирилган агрологистика комплексини ишга туширишни ҳамда электрон савдо майдончаларини амалиётда қўллашни мўлжалламоқда.
Бекзод МАМАТКУЛОВ,
“BMB Trade Group” инвестиция ва консалтинг компанияси асосчиси