Sorry, this entry is only available in Uzbek. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
Ўзбекистон Президентининг жорий йил 7 февралда «Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида»ги фармони эълон қилинди. Мазкур ҳаракатлар стратегияси жорий қилиниши халқимиз ҳаётида ўзига хос муҳим роль ўйнайди. Бунда, ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) муҳим ўрин тутади. Чунки, у давлат идоралари ва аҳолига қулайлик яратиш, тадбиркорлик субъектларининг иш жараёнини енгиллаштиришда асосий мезон вазифасини бажаради. Қолаверса, 2017 йилнинг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили», деб эълон қилингани ЯИДХПни такомиллаштириш бўйича ишларнинг аҳамиятини янада оширади.
2016 йил 3 июнда Вазирлар Маҳкамасининг «Электрон ҳукумат тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунини амалга оширишни давом эттириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарорига мувофиқ, давлат органларининг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш йўли билан давлат хизматларини кўрсатишга доир фаолиятни, шунингдек идоралараро электрон ҳамкорлик қилишни таъминлашга қаратилган ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар ва техник воситалар тизими қисқача электрон ҳукумат деб аталади. Бу орқали давлат органлари жисмоний ва юридик шахсларга ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида электрон шаклдаги давлат хизматлари кўрсатади.
Шунингдек, давлат органлари ўртасида ўзаро маълумотлар алмашиш бўйича чора-тадбирлар мажмуаси киритилган ҳамда техник воситалар тизими йўлга қўйилган. Ушбу тизимнинг асосий мақсад ва вазифалари давлат органлари фаолиятининг самарадорлиги, тезкорлиги ва шаффофлигини таъминлаш, уларнинг масъулиятини ва ижро интизомини кучайтириш, аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ахборот алмашишни таъминлашнинг қўшимча механизмларини яратишдир. Қолаверса, у аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда электрон ҳужжат айланиши, давлат органларининг ҳамкорлиги ва маълумотлар базалари ўртасида ахборот алмашинувини шакллантириш ҳисобига давлат бошқаруви тизимидаги «ягона дарча»дан самарали фойдаланишни кўзда тутади.
Зеро, давлат хизматларидан масофадан фойдаланишни таъминлаш орқали аҳолини ва тадбиркорлик субъектларининг вақтларини ҳамда харажатларини қисқартириш ҳукуматимизнинг инсон манфаатларини кўзлаб амалга ошираётган тадбирларидан бири.
Яъни, давлат бошқарувини такомиллаштиришда давлат хизматларини ислоҳ қилиш, иқтисодиётда давлат бошқарувини камайтириш, давлат ва хусусий секторнинг ўзаро фойдали ҳамкорлигини йўлга қўйиш, унинг замонавий шаклларини яратиш лозим бўлади. Бунда эса, шубҳасиз «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилган.
ЯИДХПнинг асосий ҳамда функционал вазифалари қуйидагилардан иборат:
● давлат органларига мурожаат қилиш имкониятларини кенгайтириш;
● ахборот-коммуникация технологиялари лойиҳалари ва фойдаланувчининг интеграция жараёнлари йўлга қўйилишини таъминлаш;
● фойдаланувчиларнинг давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлиги самарадорлигини ошириш;
● бюрократик тўсиқларни бартараф этиш ҳамда давлат ҳокимияти ва аҳоли ўртасидаги тўсиқларни йўқотиш;
● «Электрон ҳукумат» ва давлат бошқарувида замонавий ахборот технологиялари жорий этилишининг ривожланишига кўмаклашиш.
2017 йил январь ҳолатига кўра, ягона порталда 308 та хизматлар жорий қилинган бўлиб, улардан 34 таси автоматик, 197 таси интерактив, 58 таси ахборот-маълумот, 19 таси ҳаволали хизматларни ташкил этди.
Иқтисодиёт соҳаларини электрон ҳукумат ахборот тизимларини жорий этиш орқали ривожлантиришда ягона порталнинг аҳамияти жуда муҳим. Чунки, у орқали ўтган йили 50 та янги хизмат жорий этилди, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига 942 мингдан зиёд электрон шаклда давлат хизматлари кўрсатилди, уларнинг 404 мингдан зиёди (43 %) жисмоний шахсларга ва 537 мингдан зиёди (57 %) тадбиркорлар улушига тўғри келди.
2016 йил май ойида ижрочи «LG CNS Uzbekistan» билан ягона порталнинг янги версиясини яратиш ва жорий этиш юзасидан шартнома имзоланган эди. Ушбу лойиҳани ишга тушириш муддати 2017 йилнинг биринчи чорагига белгиланиб, янги портал бир нечта ахборот тизимлари ва ресурслари ёрдамида транзакцион хизматларни жорий этиш имкониятини беради. Тадбиркорлик фаолиятига таъсир этиш учун ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини муҳокама қилиш бўйича махсус портал (regulation.gov.uz)да 30 декабрь ҳолатига 1000 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат бўйича 1981 тадан зиёд таклиф ва мулоҳазалар билдирилган.
Тадбиркорлик субъектлари фаолиятига доир норматив ҳужжатларга асосан, электрон давлат хизматлари паспорти, шакллари ва бланкалари тайёрланган ва ягона порталда қуйидаги электрон давлат хизматлари жорий қилинган:
● хорижий автомобилда юк ташувчи шахслар республика ҳудудида ҳаракатланиш йўналишини ўзгартиришга рухсатнома олиш учун электрон ариза тақдим этиш;
● реимпорт божхона режими остида товарларни жойлаштиришга рухсатнома олиш учун электрон ариза тақдим этиш;
● божхона чегарасидан товар ва транспорт воситаларини автомобилда олиб ўтиш учун Давлат божхона хизмати органларига олдиндан электрон маълумот тақдим этиш;
● давлат фойдасига воз кечиш божхона режими остида товарларни жойлаштиришга рухсатнома олиш учун электрон ариза тақдим этиш;
● божхона ҳудудида қайта ишлаш режими остида товарларни жойлаштириш ёки ташқарида қайта ишлаш ҳақида рухсатнома олиш учун электрон ариза тақдим этиш;
● товар белгисининг рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома олиш;
● йўқ қилиш божхона режими остида товарларни жойлаштиришга рухсатнома олиш учун электрон ариза тақдим этиш;
● ёнғинга қарши воситаларни, қўриқлаш сигнализацияларини, ёнғиндан дарак берувчи ва ёнғиндан сақловчи сигнализацияларни лойиҳалаштириш, монтаж қилиш, созлаш, таъмирлаш ва уларга техник хизмат кўрсатишни лицензиялаш;
● кўчма савдога рухсатнома олиш;
● алкоголли маҳсулотлар чакана савдосига рухсат берувчи гувоҳнома олиш;
● умумовқатланиш корхоналарида алкоголлар сотиш гувоҳномасини олиш;
● ташқи тижорат рекламаси учун рухсат берувчи ҳужжатларни олишга ариза юбориш.
Тадбиркорлик субъектларида давлат, ҳуқуқни ҳимоя қилиш ва назорат идораларининг ноқонуний текширувлар ўтказиши, тадбиркорлик фаолиятига тўсқинлик қилиши ва мулкдорлар ҳуқуқларини бузиш ҳолатлари юзасидан Бош прокуратуранинг «1007» қисқа рақамли доимий ишонч телефони, «Истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиши бўйича аризалар қабул қилиш» ва «Давлат ташкилотига мурожаат юбориш» хизматлари ҳам жорий қилинган.
Пенсия жамғармаси ягона электрон маълумотлар базасини янада такомиллаштириш мақсадида ягона порталда «Фуқароларни жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимини ҳисобга олиш» ва «Шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб-варағига бадаллар реестрини қабул қилиш ва қайта ишлаш» каби давлат хизматлари ишга туширилган.
Ушбу хизматлар жамғариб бориладиган пенсия таъминоти тизимини ҳисобга олиш бўйича анкетани интерактив расмийлаштириш билан электрон аризани йўллаш, шунингдек, ягона порталдаги «тадбиркорлик субъекти кабинети» орқали шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисоб-варағини очиш имконини беради.
2016 йилнинг июль ойидан бошлаб, электрон рақамли имзо (ЭРИ)ни электрон шаклда олиш бўйича ягона порталда тегишли хизмат ишга туширилди ҳамда бунга Давлат солиқ қўмитасининг ЭРИ калитларини рўйхатдан ўтказиш Ягона маркази масъул этиб тайинланди.
Ҳозирда ягона порталда Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри бўйича давлат қўмитаси томонидан кўрсатилувчи «Кўчмас мулк (ер участкалари, бино ва иншоотлар) ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказиш учун аризаларни расмийлаштириш», шунингдек, Давлат Архитектура ва қурилиш қўмитаси томонидан кўрсатилувчи «Қурилиш учун рухсатнома сўраб электрон ариза юбориш» электрон давлат хизматлари жорий қилинган.
«Бизнесни юритиш» кўрсаткичлари таҳлилини ўтказиш натижалари бўйича қуйидаги йўналишларга доир қисқа ва ўрта муддатли характердаги тавсиялар киритилган:
● тадбиркорлик субъектларини рўйхатдан ўтказиш;
● қурилиш учун рухсатномалар олиш;
● мулкчиликни рўйхатдан ўтказиш;
● кредитлар олиш;
● миноритар қизиқишларни ҳимоя қилиш;
● солиққа тортиш;
● халқаро савдо;
● шартномалар бажарилишини таъминлаш;
● тўлов қобилияти йўқлиги бўйича рухсатнома.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси иш режасига мувофиқ, тегишли идоралар билан биргаликда Жаҳон банкининг «Doing business» ҳисоботида Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳити ҳолатини яхшилаш ва рейтингини ошириш бўйича чора-тадбирлар комплексини бажариш юзасидан қуйидаги ишлар амалга оширилмоқда:
● «Нотурар бино ва иншоотлар шаклидаги кўчмас мулк билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш учун маълумотнома олиш» хизмати ягона порталда тўлиқ акс эттирилиши;
● «Кўп қаватли тураржой (квартира) ва якка тартибдаги тураржой шаклидаги кўчмас мулк билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш учун маълумотнома олишга электрон ариза тақдим этиш» хизмати;
● шикоятларни қабул қилиш бўйича интерактив хизмат йўлга қўйилган, шу жумладан, Давлат кадастр қўмитаси расмий веб-сайтида алоҳида бўлим очилган бўлиб, унда шикоятларни кўриб чиқиш регламенти жойлаштирилган;
● ягона портал орқали статистика, солиқ, молиявий ва бошқа ҳисоботларни топшириш тизимини жорий қилиш бўйича ишлар якунланган.
Ушбу хизматлар «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази томонидан жорий – «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да ишга туширилиши аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайлик яратилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Зеро, ягона порталнинг бош мақсади ҳам аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари учун янада қулай шарт-шароитлар яратишдан иборат.
Нигора УМАРОВА,
интерактив хизматларнинг ягона порталини
ривожлантириш бўлими етакчи мутахассиси