Извините, этот техт доступен только в “Узбекский”. For the sake of viewer convenience, the content is shown below in the alternative language. You may click the link to switch the active language.
«Navoiyazot» акциядорлик жамияти «Ўзкимёсаноат» акциядорлик жамиятининг муҳим ва энг йирик бўлими ҳисобланади. Бугунги кунда у нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг етакчи кимё саноати корхоналаридан биридир.
Ишлаб чиқариш қувватлари
Ҳозирда корхонада 7 та комплекс фаолият юритмоқда, ҳар бирида мингга яқин ходим ишлайди. Энг йирик комплекслардан бири – поливинилхлорид, метанол ва каустик сода ишлаб чиқариш цехи бўлиб, унда мингдан ортиқ киши меҳнат қилади.
Заводнинг қуввати йилига 100 минг тонна поливинилхлорид (ПВХ), 300 минг тонна метанол ва 75 минг тонна каустик сода ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Ҳар йили унинг қуввати ошириб борилмоқда, янги ишлаб чиқариш майдончалари ва цехлар яратилмоқда, илғор технологиялар ва энергия тежамкор ускуналар ўрнатилмоқда. Бу маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг ошишига ҳамда унинг ассортименти кенгайишига имкон беради.
Ўғитлардан полимерларгача
Завод маҳсулотлари орасида минерал ўғитлар (аммиак селитраси, карбамид, комплексли азот-фосфор-калий ўғитлари), саноат кимёвий реактивлари ва маҳсулотлари, жумладан кончилик саноати учун маҳсулотлар, шунингдек, турли хил техник суюқ газлар, смолалар ва полимерлар (аргон, кислород, азот, ПВХ, метанол, формалин, натрий хлорати ва бошқалар) бор.
Барча маҳсулотлар халқаро стандартларга мувофиқдир. Улар деярли барча иқтисодиёт тармоқларида – қишлоқ хўжалиги, кончилик комплекси, энергетика, турли хил саноатларда (мебель, электрон ва электротехника, озиқ-овқат ва енгил, нефть ва газ, автомобиль ва самолётсозлик, қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, маиший сфера ва бошқалар) қўлланилади. Кимёвий маҳсулотлар қўлланилмайдиган соҳани тасаввур қилиш қийин, замонавий ҳаётни уларсиз тасаввур қилиб бўлмайди.
Ўсиш кўрсаткичлари ва ютуқлар
Юқорида санаб ўтилган фаолият йўналишлари, маркетинг ва сотиш соҳасида сўнгги йилларда амалга оширилган ишлар натижасида «Navoiyazot» АЖнинг ҳам, кимё саноати тармоғининг ҳам умумий кўрсаткичлари сезиларли даражада яхшиланди.
Бугунги кунда «Navoiyazot» АЖ кучли логистика инфратузилмасига эга. Бу эса маҳсулотларни ҳам ички, ҳам ташқи бозорларга самарали ташишни ташкил этишга имкон беради. Мижозларнинг қулайлиги учун ўзини-ўзи олиб чиқиш, шунингдек, вагонли темир йўл таркибларида етказиб бериш шароитлари таклиф этилади. 2018 йилдан бошлаб маҳсулотлар Ўзбекистон Республикаси Товар-хомашё биржасининг савдо майдончаларида биржа савдолари орқали сотилади. Бу эса барча истеъмолчилар учун унинг мавжудлигини таъминлайди.
Ишлаб чиқариш ҳажми доимий равишда ўсиб бораётганини иқтисодий кўрсаткичлар ҳам тасдиқлайди: 2023 йилда «Navoiyazot» АЖ 5,5 трлн. сўмлик тайёр маҳсулот, шу жумладан, локализация дастури бўйича деярли 1,8 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарди. Шунингдек, корхонанинг инвестиция дастури доирасида 7 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 132,1 миллион доллар капитал ўзлаштирилди, шулардан 129 млн. доллари тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.
Ўтган йили «Navoiyazot» АЖ томонидан барча маҳсулотлар ичида энг кўп ҳажмда аммиак селитраси (744 883 тонна), карбамид (491 511 тонна) ва поливинилхлорид (46 984 тонна) ишлаб чиқарилган. 2024 йил учун режага мувофиқ, 80 минг тонна поливинилхлорид ишлаб чиқарилган, шулардан 20 минг тоннаси экспорт қилинган. Бундан ташқари 2024 йилда инвестиция дастурига мувофиқ, 9 та лойиҳа доирасида 61,6 млн. доллар инвестиция жалб қилинган, шу жумладан 46 млн. доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва банк кредитлари. Бу кўрсаткичлар корхонанинг миқёси, техник ва технологик захирасини намоён этади.
Ҳамкорлик ва локализация
«Navoiyazot» АЖ фақат маҳаллий шериклар билангина эмас, балки халқаро миқёсда ҳам ҳамкорликни фаоллаштириш ва мустаҳкамлашга эътибор қаратмоқда. Маҳаллий шериклар орасида «Навоий кон-металлургия комбинати» АЖ, Навоий машинасозлик заводи ДП, «Қўнғирот сода заводи» МЧЖ, «Maxam-Chirchiq» АЖ, «Қизилқум фосфорит комплекси» МЧЖ, «JV Continaz» МЧЖ ва бошқа йирик саноат корхоналари мавжуд.
«SDK Group And» МЧЖ, «Gidro Stanko Servis» МЧЖ, «Ўзбекистонкимёмаш» заводи АЖ, «Navpromlitmash» МЧЖ каби корхоналар билан ҳамкорлик, ўз навбатида, маҳаллийлаштириш ва импортни алмаштириш дастурини амалга оширишга хизмат қилади. Бу йилги 9 ойда маҳаллийлаштирилган маҳсулотларни ишлаб чиқариш 2,9 млн. доллар миқдорида амалга оширилди.
«Ўзкимёсаноат» АЖ фаолиятининг турли жиҳатларини тартибга солишда маркетинг бўлимининг муҳим ролини алоҳида қайд этиш лозим. Бу бўлим бозор конъюнктураси ва истеъмолчи эҳтиёжини ўрганишдан тортиб, халқаро савдо операцияларида иштирок этиш ва ҳамкорлик қилишгача бўлган масалаларни ҳал қилади.
Бахтиёр ЖЎРАҚУЛОВ, бошқарув раисининг маркетинг, сотиш ва харидлар бўйича ўринбосари